“Америка овози” ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги илк мурожаатида инсон ҳуқуқлари ва адолат ҳақида гапиргани олқишланмоқда. Амалий қадамлар кутилмоқда, дея баён қилади ҳуқуқ ҳимояси бўйича нуфузли “Human Rights Watch ” (HRW) ташкилоти.
HRWга кўра, Ислом Каримов президентлиги даврида Ўзбекистон дунёда ҳуқуқ ва эркинлик тамойиллари кенг ва систематик тарзда бузиладиган мамлакатга айланди. Бугунга келиб, янги раҳбар қўлида вазият ижобий томонга ўзгараётгандек. Мирзиёев Каримовнинг бош вазири эди. HRW бу жиҳатдан ўтмишдаги хато сиёсатда ҳозирги раҳбарни ҳам масъул деб ҳисоблайди.
Бироқ Мирзиёевнинг ҳукумат халққа хизмат қилади, қонун устувор бўлади деган гаплари HRW ва бошқа халқаро ташкилотларга улкан умид бағишламоқда.
“Инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилади”, – деди Мирзиёев БМТ минбаридан туриб. “Демокрфатик давлат ва адолатли жамият барпо этамиз”.
Жуда мазмунли гаплар, дейди HRW Ўзбекистон бўйича эксперти Стив Свердлов. Тузум ўзини асталик билан ислоҳ қила бошлаган. Ҳуқуққа ҳурматни ошириш йўлида янгиликлар сезилмоқда, дейди у, бироқ уларнинг давомийлигини таъминлаб, ислоҳотларни бўшаштирмаслик зарур.
Фуқаро ўз сиёсий эркинликларидан бемалол фойдалана олиши, танқидий фикр билдириши ва бунинг учун нишонга олинмаслиги керак, дея эслатади HRW.
Президент Мирзиёев БМТдаги нутқида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга чек қўйилган, деди. Демак, бу йилги пахта теримида одамлар зўрлаб ишлатилмаслиги лозим, дейди ҳуқуқ фаоллари. Республика расмийлари ҳеч ким мажбуран далага чиқмайди, дея қайд этмоқда.
Фуқаро чет элга чиқиш учун ҳукуматдан махсус рухсатнома олиши шарт бўлмайди, дейди президент. Лекин бу сиёсат 2019 йилга борибгина кучга кириши мумкин. HRW назарида бу янгилик ҳозирдан амалга ошгани маъқул.
Президент ошкоралик даври келди, халқаро ноҳукумат ташкиллотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, дейди. HRW делегацияси Тошкентда яқиндан кечган музокара ва учрашувлардан мамнун ва ҳукуматни бу соҳада олдинга қадам ташлашга ундамоқда.
Юқори лавозимли расмийлар, қонунчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва оддий фуқаролар билан мулоқот қилиб қайтган HRW мутахассислари Президент Мирзиёевга билдирилаётган ишонч ўзини оқлайди, конкрет прогресс бўлади деган умидда.
ЎХҲ хабарлар бўлими