O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Human Rights Watch: Ўзбекистонда журналистлар ҳамон сиёсий таъқиб қилинмоқда

Human Rights Watch: Ўзбекистонда журналистлар ҳамон сиёсий таъқиб қилинмоқда
176 views
28 March 2018 - 15:39

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, бугун Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига бағишланган 37 бетдан иборат ҳисоботини эълон қилган. «Сиз уларни кўрмайсиз, лекин улар доим шу ерда: Ўзбекистонда цензура ва матбуот эркинлиги» деб номланган ушбу ҳисоботда Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябр ойида ҳокимиятга келгандан буён мамлакатда кузатилган журналистлар ва матбуот фаолияти ҳамда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятлар борасидаги хулосалар жам бўлган.

(Таҳририятдан: Бугун журналист Бобомурод Абдуллаев устидан маҳкама жараёни давом этган. Тошкент вақти билан кеч соат 9 да Facebook Жонли дастурини томоша қилинг)

HRW ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги икки йилга яқин вақт ичида сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ижобий томонга ўзгарган бўлсада, алоҳида журналистлар, ёзувчилар ва оддий фуқаролар танқидий қарашлари туфайли ҳукумат томонидан ҳамон сиёсий таъқибга учраётгани қайд этилади. «Бу ҳолат президент Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотларнинг ижобий натижасини савол остига қўяди,» дейилади ҳисоботда.

Хорижий ва, сўнгги вақтларда, маҳаллий матбуот томонидан кенг ёритилаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳамда унинг ишига алоқадор бошқа шахслар билан боғлиқ воқеаларга ҳисоботда алоҳида ўрин ажратилган.

«Ҳукумат фуқаролар сўз эркинлигини тан олиб, танқидий фикр жамият ва ҳукумат томонидан ҳимоя қилингандагина Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқийлиги ҳамда узоққа чўзилувчи ижобий натижалар бериши таъминланади. Буни амалга ошириш учун мамлакатда цензурага чек қўйиш ва эскидан қолган журналистларни таъқиб қилиш анъанасига барҳам бериш ҳамда мустақил матбуот ривожини қўллаб-қувватлаш лозим,» дейди Human Rights Watch’нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Ҳисоботда ўтган йилнинг ноябрь ойида Human Rights Watch 20 дан ошиқ ўзбекистонлик ёки Ўзбекистонга алоқадор фаолият билан шуғулланувчи журналистлар, матбуот ходимлари билан суҳбатлашгани ҳақида эслатиб ўтилади. Мазкур суҳбатда журналистлар ва журналистик фаолиятга алоқадор шахслар Ўзбекистондаги ҳозирги матбуот марҳум президент Ислом Каримов давридагидан кўра нисбатан эркинлашгани, маҳаллий ОАВ олдин тилга олиш мумкин бўлмаган мавзуларни ёрита бошлагани, шундай бўлсада, улар таъқиблар ва жазолар яна қайтадан бошланишидан доим хавотирда эканликлари ҳақида фикр билдирганликлари таъкидланади.

Ҳисоботда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг 27 нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилиши, жорий йилнинг февральида дунёдаги энг узоқ вақт қамоқда қолаётган журналист ҳисобланмиш Юсуф Рўзимуродовнинг 19 йиллик маҳкумликдан халос бўлиши, 23 йил давомида ўз кучишлатар тизими билан сўз эркинлигининг бўғилишига ҳисса қўшиб келган Рустам Иноятовнинг собиқ МХХ раислигидан кетказилиши ҳамда сиёсий маҳбусларни қатағон қилишда гумонланаётган юқори мартабали собиқ МХХ зобитларининг ҳибсга олиниши Ўзбек ҳукуматининг «Каримов меросидан воз кечиб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳитни яхшилаш томон ташлаган ижобий қадамлари» сифатида эътироф этилади.

«Бироқ журналистларнинг хавфсизлик хизматлари томонидан ялпи равишда тийиб туришга ҳаракат қилиш анъанасининг давом этаётганлиги ҳамон маҳаллий матбуотнинг ўз-ўзини цензура қилишига сабаб бўлмоқда,» таъкидланади ҳисоботда. Ҳисобот тайёрланиши давомида фаоллар билан суҳбатда бўлган баъзи журналистлар ҳукуматнинг сўз эркинлигига бўлган тоқати қай даражада эканлиги номаълум қолаётгани сабабли улар ҳамон танқидий мавзулар ҳақида очиқ гапиришдан чўчиб турганликларини маълум қилганлар. Шунингдек, фикрлари ҳисоботга киритилган ўзбекистонлик журналистлар ҳар бир маҳаллий матбуот хизматига камида биттадан хавфсизлик зобити «кузатувчи» сифатида бириктириб қўйилгани ҳақида айтганлар. «Сиз уларни кўрмайсиз ёки эшитмайсиз, лекин улар доим шу ерда эканлигини ҳис қиласиз,» деган улардан бири.

Facebook тармоғида Бош вазир Абдулла Ариповни танқид қилган наманганлик блогер Аббос Ассаднинг «юқори мартабали амалдорни ҳақорат қилиш» айби билан суд қилиниши, ўтган йил июль ойида Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабасининг уриб ўлдирилиши ортидан одамларни тинч намойишга чақирган икки фаолнинг ҳибсга олиниши ҳам ҳисоботда тилга олинади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбек ҳукумати сўз эркинлигига қўйилган барча чекловларни олиб ташлаши, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг таъқиб этилишига чек қўйиши, сиёсий важлар билан журналистларга нисбатан жиноий ишлар очишни тўхтатиши лозим. Бир вақтлар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган хорижий ОАВларнинг ортга қайтиши ва уларнинг журналистларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз аккредитациядан ўтишига замин яратиш Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилиниши зарур бўлган энг муҳим қадамлар сифатида алоҳида таъкидланади.

«Мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг хавфсизлик хизматлари томонидан тинимсиз босим остига олиниши Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ўзига хос вазиятни юзага келтирди. Президент Мирзиёев, эндиликда, ҳукуматнинг нафақат танқидий фикрни ҳазм қилишига йўл очиши, балки амалдорларнинг бундай фикрлайдиганларни ҳурмат қилишини ҳам таъминламоғи зарур,» дейди жаноб Свердлов.

ЎХҲ хабарлар бўлими