Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги ислоҳотлари ва халқаро ташкилотларга мамлакат эшикларини қайта очиши натижасида, Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг Тошкентда ваколатхонаси очилиши ва унинг вакиллари мамлакатга киритилиши ҳақида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши матбуот анжуманида маълум қилган эди.
Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси илк бор 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб, таҳлил қилиб борган.
2005 йил Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент бу ташкилот фаолиятига ўта тоқатсиз бўлди ва ташкилотнинг икки вакили Олег Воронцов ва Стив Свердловга акредитация бермади.
2010 йилнинг декабр ойида эса Адлия вазирлиги ваколатхонани ёпиш тўғрисидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилди. 2011 йилнинг 9 июлида Олий суд НRW ташкилотининг Тошкентдаги идорасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилганди.
Бир неча йил ўтиб Ўзбекистонга таклиф қилинган халқаро НRW ташкилоти ҳайъат аъзолари 2 сентябр куни Тошкентга келди. Бу ерда делегация 7 сентябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди.
Тошкент расмийлари билан ўтказилган учрашувлардан сўнг ташкилот ҳайъати Стив Свердлов бошчилигида дунёда энг узоқ вақт қамоқхонада қолган журналист Муҳаммад Бекжонни зиёрат қилиш учун Хоразмга ташриф буюрди.
Уларни Урганч аэропортида ака-ука Комил ва Муҳаммад Бекжонлар кутиб олишди. Меҳмонлар Бекжонлар оиласини зиёрат қилишдан аввал, бугун улар билан биргаликда Хива шаҳрини кезишди.
– Хивани кўрмаганимга 40 йил бўлган эди. Меҳмонлар баҳонасида биргаликда у ерни тамоша қилдик, дейди Муҳаммад Бекжон.
Ҳозирда 18,5 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган таниқли журналист Муҳаммад Бекжон тутқунликдаги ҳаётига бағишланган “Алвидо, “Жаслиқ!” номли китобни ёзмоқда.
ЎХҲ хабарлар бўлими