Мурод ЧОВУШ
(Ҳисларни тартибга солиш ҳақида)
Ҳисларни тартибга солмаганимга кўп бўлди, мувозанатни қачон йўқотгандим? Қачон тошқин дарёда оқиб кетдим? 2017 йил ёз ойидан бошланганди.
Оқибатда ярим ҳис, ярим фикр туғилади, сен эса уларда золим каби туғиласан. Мен саволларга жавоб топишни истамагандим, оғриқни азобидан деб ўзимга таскин берардим, натижада, масалан, ўзи етиштирган гулларини қўллари билан эзғилаб, оёғи билан устидан босиб пайҳон қилаётган боғбонга ўхшаб қолдим.
Ҳамма нарса сукунатда ҳал бўлади. Агар сукунатнинг ўзи ҳам тошқин дарё шовқинида йўқолса, шунчаки психологик шарпалар сени сувга бўктириб ташлайди.
Мен у саволдан қочаман, уни сўзсиз ҳал қилмоқчи бўламан. Ва яна мағлубиятга учрайман, савол жавобсиз қолганда жин, ажина туғилади. Қайта-қайта бу саволни ечишга ҳаракат қиламан.
Ҳисларни тартибга солишим керак. Мен қадам босган жойимни доим супуриб тозалашга ҳаракат қилардим, бу одатимга айланганди. Аммо буюк тошқиндан кейин юрган йўлимни, ёки бориб қолган маконимни супуришга имкон бўлмай қолди, мени эзғилаб ташлашарди, бу менинг бир хатоимдан деб билардим, мен у саволга жавоб топиб беришни кейинга , доим кейинга қўярдим. Баҳорда, майсалар кўкарганда, ёмғир ёққанда, майса бетига шаффоф ёмғир томчиси қўнади, мен болалагимда шу манзарага қарашни яхши кўрардим, нега у мени бунча ўзига қаратади, сокинлик беради, мен буни билишни яна қайтаришни истайман.
Мен узоққа кетиб қолганимни билардим, аммо бирдан-бир йўл ҳам ҳеч кимнинг оёғи етмаган жойга боориш деб ҳам ўйлардим, бу гўёки вазифам, … билан сўнгги кўришганимизда ҳам у шу вазифанг демаган бўлса-да, чунки унинг ўзи билмайди, бу нима, ҳеч ким билмайди.
Сенинг юзингга қаролмайман, шунинг учундир балки сукунатни дарё шовқинига айлантирдим, ўша ярим ҳислар, ярим фикрлар туғилиб дарё шовқинига айланади, мен гўё азоб чекишни тўхтатиб бир муддат бу шовқин қандай бўларкан деган қизиққонга айландим.
Ярим ҳис ёки ярим, чалажон фикр ёки ўлик фикрда ҳар кун туғилганлар золим дейилади. Тушда шу нарсани кўргандим, бир танишим билан қоронғу ўрмонда болачани кўмамиз, бу саволга жавоб топгандим, аммо яна қайтарилди, мен доим сукунатни тиклашга ҳаракат қилардим, супуриб-сидиришим шундан эди, чунки ҳамма нарса сукунатда ҳал бўлади, ҳеч нарса ҳал бўлмаса-да агар сукунатда, ҳал бўлгани шу.
Сенга савол берганимдан кейин, ва у саволга жавоб олганимдан кейин, йиқилдимми? Мен ўзимни йўқотдим, ёки қўрқув мени енгиб қўйдими, билмайман. Жангда ярадор бўлиб, ўлишни истаб қолган жангчига ўхшагандим, мен юришни тўхтатиб қўйдим, озроқ тин олай, ёки ўйлаб олай дейишим, қимматга тушди, ўзим-чун. Ҳаммаси тушда ҳал бўлади. Отнинг осмон қаватларидан йиқилишидан бошланганди, ярадор отнинг арава устида олиб кетилишини доим эслайман, унинг кўзлари- ҳорғин, кимнинг кўзларини эслатади, мен буни ботинимда билсам-да, уни юқорига чиқаришни истамасдим, ҳозир ҳам. Кейин тун қоронғусида каравотларда ён бошлаб чой ичиб ўтирган чолларни кўргандим. Бу жаннат эдими? Мен бу манзара ёнидан ўтдим, жим. Ва менда, олдинда бўладиган воқеалардан нохуш кайфият бор эди, лекин тушни қайтариб бўлмайди, уни ўз измингда, худди режиссёр саҳналаштирган филъмдай, хоҳлаганингча саҳна сюжетини ўз измингга сололмайсан. Қандай ҳаддинг сиғади. Йўқ, мен тартиб бермоқчиман, шу билан ёруғликка чиқишни истайман. Мувозанатни тиклашни истайман, қалқиш чарчатди. Тезоқар дарёда оқиш ҳолдан тойдиради. Кечир…