O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов мафкураси тўқиган икки афсона

Каримов мафкураси тўқиган икки афсона
35,132 views
22 March 2024 - 4:54

Қўлимизда 1991 йил 16 ва 17 мартда чоп қилинган “Халқ сўзи” газетаси. Орадан шунча йил ўтиб газетанинг сарғайган саҳифаларини варақлар эканмиз, сўнгги йиллар мафкураси тўқиган ва Иқбол Мирзога ўхшаш тўтилар кўпиртирган икки афсонанинг йўққа чиққанлигини кўрамиз.

Булардан бири ўзбек номенклатураси ва унинг бошида турган Каримовнинг “мустақиллик учун курашгани” ҳақидаги афсона бўлса, яна бири мустақилликдан олдин “Наврўз тақиқлангани” ҳақидаги иддао.

Бундан 33 йил олдин чоп қилинган “Халқ сўзи” газетасида икки мавзу тилга олинади. Булардан бири “Буюк СССРни сақлаб қолиш” ва иккинчиси “Ўзбекистондаги Наврўз шукуҳи”.

«Халқ сўзи» газетасининг 16 март, шанба куни чоп қилинган 54-сонининг биринчи варағида “Буюк Иттифоқ давлатимизни сақлаб қолайлик” сарлавҳали бош мақолага кўзимиз тушади.

Газета манжетида эса “Эртага фуқаролик бурчимизни бажарамиз. Лотинчада referendum – ўзбекчада дил изҳори”, деган шиор ўрин олган.
Саҳифанинг ўнг тарафида “Ўзбекистон ССР билан Қирғизистон ССР ўртасида дўстлик ҳақида»ги шартнома матни берилган.
Саҳифанинг қолган ярми эса “Наврўз нафаси” ва “Андижоннинг вилоят бўлганига 50 йил тўлгани” ҳақидаги мақоладан иборат.
“Бир тану бир жон бўлиб…”

«Халқ сўзи», 1991 йил 17 март сони

Газетанинг 16 март кунги сони ўзбекларни «СССРни сақлаб қолиш референдумида “ҳа” деб овоз беришга” тарғиб қилади.

17 март кунги сони эса бу “тарғибот меваси” сифатида кўринади. Обуначига 3 тийин (уч қути гугурт нархи), дўкондан сотиб олиш учун эса 18 тийин дея нархланган “Халқ сўзи”нинг 17 март сони “Тақдир чегараси” ва “СССР президенти овоз беради” сарлавҳали мақолалар туркуми билан очилади.

Хушнуд сайловчилар суратлари илова қилинган бу мақолаларда ўзбекларнинг СССРни сақлаш учун “бир тану бир жон бўлиб овоз бергани мамнуният билан” қайд қилинади.
“Халқ сўзи” мухбири Ўзкомпартия мулозими Дилмурод Маҳмудовдан иқтибос келтириб, референдум арафасида республика раҳбарияти СССРни сақлаб қолиш учун улкан тарғибот ишлари олиб борганини таъкидлайди.

Мақолаларда оддий халқ вакилларининг “СССРни қандай севишлари” ҳақидаги “инсоний» ҳикояларга ҳам кенг ўрин берилади. “Бўлинганни бўри ер, айрилгани айиқ ер” каби шаклан миллий, мазмунан социалистик мақолу маталлар қўлланилади.

Мақолалардан бирида тўшакка михланиб касал ëтган ўзбек кампирнинг СССРни сақлаш учун овозини қай тарзда бергани ҳиссий ҳикоя қилинади.

Газетанинг охирги саҳифасида Ўзбекистон ССР округларидаги референдум натижалари эълон қилинган. Бу маълумотларга кўра, ўзбек сайловчиларнинг 93,7 фоизи “СССРни сақлаб қолиш учун» овоз берган.

Рассом Туз