Кўзёш менинг жон-жигаримсан
қайноқ-қайноқ дурларинг билан
юмшатасан қароқларимни
шамолларда учиб кетган шодлигим
ортига қайтариб кела оласан
юрагимга қўл солаётган
танҳо ўзингдирсан дил этагида.
Кўзёш асли абадиятсан
нигоҳимда эриб оққан ҳайкалсан
қуёшга қараган одамнинг эмас
тутун ютаётган аёлнинг эмас
қалампир чайнаган оламнинг эмас
ҳайкалисан кўзёшларимнинг
ҳисларимнинг ёш битигисан.
Кўзёш аччиқ жимлигимсан сен
қорга томган кўз ёшлар ҳаққи
музлатгансан қадийм ҳароратларни
шудрингга монанддир балки ҳаётинг
эҳтимол, дарёнинг сирғасисан сен
ҳар мавжинг бир зумрад исирға
қаричлаб ўлчаган изтиробимни
дарднинг маликаси сенсан, эй кўзёш.
Кўзёш – кўзмаҳрамисан кўзимнинг
қўлимни, дилимни бетин сўраган
ернинг устига сиғмасдан
кўз расмини чизган кўзёш ичига
томчилар гирдига шеърларин ёзган
бир қуш каби парвоз этасан
кўзларимнинг кенгликларида
ва юлдуздай ботиб кетарсан
қароғимга
қоронғуликка…
Гўзал БЕГИМ
08.01.2022