Дунё матбуоти россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоқхонада вафот этгани ҳақидаги хабар фонида Путин танқидчиларининг тақдирини яна бир марта ёдга олмоқда.
Улардан бири Москвадаги ҳокимият коридорларидан тортиб, Чеченистоннинг қирғин майдонларигача узанган коррупция ва суиистеъмолликни фош қилишга қарор қилган муросасиз мухбир эди.
Иккинчиси эса президент Владимир Путинга, сайловлардаги фирибгарликка ва Россиянинг Украинадаги тажовузкорлигига қарши тинч норозилик намойишларида шиорлар қўтариб чиққан оташин сиёсатчи эди.
Камида уч нафари турли соҳалардан келган бўлиб, улардаги муштарак бир жиҳат: Борис Ельцин кетишидан аввал унча машҳур бўлмаган Путиннинг танилишига ёрдам берган, 1999 йилда Чеченистонда янги урушга сабаб бўлган кўп қаватли уйдаги портлашлар ҳақидаги шубҳалардир.
Шунга қарамай улар кўп жиҳатдан фарқ қилар эди. Баъзи ҳолларда, тафовутлар шунчалик катта – уларнинг ижтимоий шахсиятлари ва ахлоқий компаслари шунчалар қарама қаршики, уларнинг исмларини бир саҳифада кўриш ғалати туюлади.
Аммо Путин, Кремль ёки давлатга қарши гапирган, танқид қилган ёки унга қарши чиққанидан кейин ноаниқ шароитларда ўлдирилган ёки вафот этган нуфузли россияликларнинг рўйхати қисқа эмас.
Ва у янада узайиши мумкин.
5 май куни эълон қилинган видеода Евгений Пригожин ерда ётган кўплаб жасадлар олдида туриб, улар Вагнер жангчилари эканини айтади ва Кремлни етарлича ёрдам бермаётгани учун қоралайди.
Агар унинг 23 август куни авиаҳалокатда ўлгани тасдиқланса, рўйхатга сўнгги қўшилган Евгений Пригожин бўлади. У узоқ вақт омма назаридан панада бўлган, қандайдир махфий ташкилотлар – АҚШдаги сайловларга аралашганликда айбланган “трол фермаси”дан тортиб, Сурия ва Украинада жанг қилган, Бахмут учун узоқ ва қонли жанг марказида бўлган ва Африканинг бир қанча мамлакатларида ҳаракат қилган ёлланма жангарилар ширкати ортида турган шахсдир.
Путиннинг собиқ иттифоқчиси Пригожин ўлимидан икки ой олдин, июнь ойи охирида, ўзининг айтишича, Россия армиясини икки раҳбарига қарши якунланмаган исённи бошлади. Аммо исён мақсадига етмади, оқибатда Путиннинг назорати суст экани, халқнинг ишончли ҳимоячиси эмаслиги кўриниб қолди.
Булар 1999 йил августидан бери Россия президенти ёки бош вазир лавозимини эгаллаб келаётган Путин ҳокимиятга келганидан бери шавқатсизларча ёки шубҳали тарзда ўлдирилган таниқли шахслардир.
Собиқ ҳарбий разведка зобити Сергей Скрипал ва Кремлнинг қамоққа олинган душмани Алексей Навальний кабилар бу рўйхатга киритилмаган. Навальний ўлимдан аранг омон қолган бўлиб, Путин ва Федерал хавфсизлик хизматини заҳарлаб ўлдиришга уринишда айблайди.
Сергей Юшенков
2003 йил 17 апрель: Кремлга қарши Либерал Россия партияси етакчиси, фахрий сиёсатчи Сергей Юшенков Москвадаги уйи олдида отиб ўлдирилган.
Юшенков Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)нинг 1999 йилда кўп қаватли уйларда содир этилган бир қатор ҳалокатли портлашларга алоқадорлигини текшириш ҳаракатларига етакчилик қилган. 300 нафар одам ўлган бу портлашлар учун Москва чечен жангариларини айблаган ва бу иккинчи Чечен урушини бошлаш учун баҳона бўлган эди.
Анна Политковская
2006 йил 7 октябрь: Россиянинг таниқли журналистларидан бири ва Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирган Политковская ўз уйида отиб ўлдирилди.
2014 йилда икки киши уни ўлдиришда айбланиб умрбод қамоқ жазосига, яна уч киши узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо унинг қариндошлари, ҳамкасблари ва Ғарб ҳукуматлари Россия расмийлари унинг ўлими ортида турганларни ҳеч қачон аниқламайди ёки жазоламайдилар, деб ҳисоблайди, чунки пухта тергов қотиллик излари Путин ҳукумати ёки Кремль қўллаб-қувватлайдиган Чеченистон раҳбариятига олиб бориши мумкин.
Александр Литвиненко
2006 йил 23 ноябрь: Россиянинг собиқ хавфсизлик агенти радиоактив полоний-210 билан заҳарланиб, Лондонда вафот этди. Литвиненко 2000 йилда ФСБни олигарх Борис Березовскийга суиқасд уюштиришда айблагач, Буюк Британияга қочган эди. Кейинчалик у 1999 йилда квартиралардаги портлашларда ФСБ айбланган китобга ҳаммуаллифлик ҳам қилган.
Британия тергови Литвиненко ўлимидан бир неча ҳафта аввал Лондон меҳмонхонасида россияликлар – Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун билан бўлган учрашувда полоний аралаштирилган чой ичгани аниқланган. Москва уларни экстрадиция қилишдан бош тортди. 2017 йилда АҚШ Магнитский қонунига кўра иккаласини ҳам қора рўйхатга киритди.
Наталья Эстемирова
2009 йил 16 июль: Таниқли ҳуқуқ ҳимоячисининг жасади Чеченистон пойтахти Грознийдаги уйи ёнидан ўғирлаб кетилганидан бир неча соат ўтиб, Ингушетияда боши ва кўкрагидан ўқ жароҳатлари билан топилди.
Наталья Эстемирова Чеченистонда юзлаб инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, одам ўғирлаш ва қотилликларни текширган. У ишлаган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари гуруҳининг айтишича, дастлабки тергов маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қотилликка аралашгани эҳтимолини кўрсатган.
Кейинроқ «Мемориал» раҳбари Олег Орлов Кремль томонидан қўллаб-қувватланган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни Эстемирова ўлдирилишини уюштирганликда айблагани учун туҳмат қилганликда айбланиб судга тортилган, бироқ у охир-оқибат оқланган.
Сергей Магнитский
2009 йил 16 ноябрь: Россия расмийлари 230 миллион долларлик солиқ фирибгарлигида айбдорлигини кўрсатувчи маълумот чиқарган адвокатнинг ўзи солиқ фирибгарлигида айбланиб қамаганидан бир йил ўтиб ўлган. Сергей Магнитский панкреатитдан азият чеккан ва тергов ҳибсхонасида тиббий ёрдам кўрсатилмаган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бу қийноқлар билан баробардир. Кремль Инсон ҳуқуқлари кенгашига кўра, у ўлимидан олдин қаттиқ калтакланган.
2012 йилда Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқларини топтаган россияликларга қарши виза чеклови ва активларини музлатиш билан жазоловчи Магнитский қонунини қабул қилди, бошқа Ғарб давлатлари ҳам унга эргашди. 2013 йил июль ойида Россия суди ўлимдан кейин Магнитскийни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбдор деб топди.
Борис Немцов
2015 йил, 27 февраль: 1990-йилларда кўтарилган сиёсий юлдуз бўлган, лекин Путиннинг энг кучли рақибларидан бирига айланган ислоҳотчи собиқ губернатор ва бош вазир ўринбосари 55 ёшида Кремль яқинидаги кўприкда отиб ўлдирилди.
Путин президентлигининг бошида либерал депутат сифатида Немцов парламент сайловларидаги ғирромликлар ва Путиннинг 2012 йилда президентликка қайтишига қарши норозилик намойишларига етакчилик қилган. У 2014 йилда Россиянинг Украинага тажовузига кескин қаршилик кўрсатиб, уни «жирканч», «калтабин» ва “Россия учун зарарли” деб атаган.
Ўлдирилган вақтда у ҳамкасблари билан Москванинг қўшни давлат ишларига қанчалик аралашгани ҳақида батафсил ҳисобот тайёрлаш устида ишлаётган эди.
Манба: ozodlik.org