O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Матназар Абдулҳакимнинг таваллуд кунига

Матназар Абдулҳакимнинг таваллуд кунига
33,870 views
21 February 2024 - 1:56

Тошкентга қилган сафарларидан бирида биз шогирдлар 6-7 километрлик масофа оралиғидаги манзилга яёв боришга аҳд қилдик. Ўша манзилга етгунимизга қадар Матназар ака тўхтамасдан ёддан шеър ўқиганлар. Булар ўзбек ва рус тилларида турли муаллифларнинг шеърлари эди.

Матназар ака юксак даражада илм эгаси бўлган ҳолда илмидан ҳеч қачон кибрланганини, моддий дунё ашёлари билан мақтанганини кўрган эмасман. Дўрмон Ёзувчилар меҳмонхонасида тез-тез келардилар. Дўрмонда яшайдиган халқ ёзувчиларидан бири Матназар акага ҳар гал келганида бир саволни берар экан: “Ҳа-а, Матназар, Хоразмда гўшт неча пул, картошка қанча, гуруч-чи?” Матназар ака эса самимий жавоб қайтаради: “…ака, мен гўштни нархини билмайдиган даражада бахтли одамман.”

Матназар ака, бу гапларни сўзининг безаги учун айтмагани аниқ. У чиндан ҳам бу дунёнинг ашқол-дашқоллари билан алоқани узган одам эди.

Биз ўзини ҳақиқий маънода Адабиётга бахш этган Шоирлар ҳақида гапирганда асосан Рауф Парфини эталон қилиб оламиз. Баъзида, шахсияти, адабий фаолияти намойишкорона ошкор бўлмаган шоирлар борлигини эслашга келганда фикрий танбалликка бериламиз. Хусусан, Матназар Абдулҳакимни ҳам Адабиётни жойнамоз ўлароқ яшаб ўтган, Адабиётдан ташқаридаги ҳаётни тан олмаган шоир, таржимон, олим сифатида ҳамма-ҳамма билишини истайман.

“Ундай қилма эмас, ундай бўлма”, дея беозор насиҳат қиларди Устоз доим. Мактуб ёзаркан, бадхатлигини Жомий ҳазратга менгзаганди. Шу боис, Алишер Навоийнинг “Ҳамсатул мутаҳаййирин” асарини топиб ўқишга ва Жомий билан Навоий ёзишмаларида тилга олинган хаттот воқеаси сабаб Жомий ҳазратнинг хати ҳунук бўлганлигини билишга эришганман.

Ҳар бир ҳолатга, ҳар бир воқеликка асарлар орқали мисоллар келтириш Матназар акага хос адабий тарбия приёми эди.
Сўзларни ушлаб кўрарди, тингларди, маъносига, оҳангига ошиқ бўларди. Ҳазрат Навоийнинг “Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънида сўз” сатрларини тез-тез такрорларди.

Матназар аканинг бадиий диди, у тилга оладиган адиблар, файласуфлар, эстетлар мен учун тайёр адабиётлар рўйхати эди. Устоз бизни имо тили билан, ишора тили билан тарбия қилди. Руҳимизнинг, туйғуларимизнинг яшовчанлик кучини оширди.
Дардтортарлик туйғусини бахш этди.

Матназар ака, шеърий идроки дунёнинг энг гўзал алфавитида ёзилган бадиий ҳукмга ўхшайди. Фикр, гўзаллик ва жозиба битта сўзда туташади. Сўз қайиғи дарёга тушади. Шоирнинг титроқлари бизга ҳам юқади.
Ҳар битта воқелик ичимизда ўз тарихини яратади. Дали туйғулар аро чақинлар чақади. Далилик ва донишмандлик орасида кўз илғамас ипларнинг маҳкам туташиб кетганини кўраман.

Матназар аканинг шеърияти ва шахсиятидаги биллур чизиқлар кўнгилнинг бойланган тугунларини ечиб юборади. Ва шеър билан кўнглимизни массаж қилишга киришади. Зотан бу – гул ифори димоғимизни қалқитганидек дилни орзиқтирувчи бир бадиий массаждир.

19.09.2022

PS: Устоз билан бирор марта суратга тушишга юрак бетламаган экан. Йиллар ўтиб сурати билан суратга тушиш насиб этди.

Гўзал БЕГИМ