O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МАЗМУН ЎЗИГА ХОСЛИГИГА ТАЯНИБ

МАЗМУН ЎЗИГА ХОСЛИГИГА ТАЯНИБ
13,766 views
18 July 2024 - 22:38

Каримберди Тўрамурод – ижодкор сифатида кишини ҳайрон қолдирадиган сифатлар эгаси. Жуда киришимли одам, ўндан ортиқ китоб, уч-тўрт филм, бир неча сериаллар муаллифи, интернет тармоқларида ҳам, жамиятнинг ижтимой ҳаётида ҳам ғоят фаол, ҳамиша қайноқ ҳаёт қучоғида бўлишга интиладиган, кўнглига келганини қилишга уринадиган таваккалчи-авантюрист, ишга кириши ҳам, кетиши ҳам осон ходим бўлгани ҳолда расмий адабий доираларга деярли танилмаган. Ўзига етгунча иззатталаб ижодкор адабий давраларга боришни эмас, давраларнинг уни излашларини, унга интилишларини истайди, чамаси. Мен адибнинг ўнлаб ҳикоялари, “Тоғай Муроддан қолган далалар”, “Триптих”, “Қора китоб” асарлари ҳамда “Сўнгги бек” қиссасини қизиқиш билан ўқиганман. Ўқиганларимдан келган тўхтамим – у олам ҳодисалари ва одам тутумларига ўзига хос кўз билан қарай оладиган ва жозибали тарзда тасвирлай биладиган ижодкор.

Каримбердини адабий стилизацияни қўллаш бўйича ўзбек адабиётида ўхшаши йўқ ёзувчи дейиш мумкин. У “Тоғай Муроддан қолган далалар” китобига кирган барча ҳикояларни худди Тоғай каби ёза билган. Лекин унинг бу битиклари тақлиддангина иборат эмас, Тоғай Муроднинг ифода йўсинига қурилган асарлардан Каримберди Тўрамуродга хос нафас уфуриб туради. Ёзувчи образлар тутумларидаги энг муҳим жиҳатларни кўрсата билиш маҳоратига эгалиги сабаб ўзганинг оҳангида ўз қўшиғини айта билади. Натижада унинг битганлари бетакрор бадиий жозиба касб этади. Бу ҳақда оқсоқол адабиёттанувчи Маҳкам Маҳмудов домла: “Каримбердининг битганлари …Тоғай Муроднинг баъзи ҳикоялари билан беллаша олади, бадиияти улардан асло кам эмас, зиёд бўлса бордир”,- деб ёзган. Тоғайнинг оҳанги келиб турган ҳикояларда тамомила ўзга тақдир, ўзга қисматлар ўзгача ракурсларда тасвир этилади.

Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих” китоби эса мавзу ва композицион қурилиши жиҳатидан миллий адабиётимизда ўхшаши йўқ ҳодисадир. Тўғри, улуғ адибимиз Усмон Азим ҳам ўзаро ички мантиқий давомийликка эга “Ишхонадаги кўргазма”, “Бир қучоқ қизил атиргул” ва “Ходимлар бўлими мудири” номли уч ҳикоясини триптих, деб атаган. Аммо у биргина учликдан иборат битик эди. Каримбердининг “Триптих” китоби эса ўн етти учликни ўз ичига олган уникал асардир. Унда ўзбек жамиятининг бувилар, оталар, оналар, укалар, сингиллар, ўғиллар, фарзандлар, қўшнилар, кўрлар, эскишаҳарлик аёллар, ҳожилар, ниятига етганлар, ўғрилар, артистлар, жаласойлик афандилар сингари ҳар бир қатлами уч ракурсда акс эттирилади. Шу тариқа жамиятнинг ижтимоий-руҳий манзараси гоҳ фожиавий, гоҳ юмористик йўсинда намоён этилади.

Бу китобнинг юзага келиши ҳақида муаллиф ўзига хос кинояли юмор билан: “Мен бир мавзуда ёзган ҳар учта ҳикоямни «триптих» деб эълон қила бошладим. Биров «Бу ишингни қўй» ҳам демади, «Бу ишинг хато» ҳам демади. Биров «Нимага бундай қиласан?» ҳам демади, «Ундай қилма-да, энди» ҳам демади. Мен ҳам учта-учта ҳикоямни жамлаб, «Триптих» деб эълон қилавердим. «Маъқул», деди, одамлар. «Шунақа ҳикоялардан яна ёзинг», ҳам деди. Мен ёзавердим”,- деб қайд этади. Ушбу китобга кирган ҳикояларда ўзбек миллатини юксакларга кўтарадиган энг ноёб ва муқаддас туйғу эгалари ҳам, улуснинг юзини ерга қаратиб, номусини букадиган иллатли кимсалар ҳам ўқирман диққатини тортадиган шаклда холисона тасвир этилади.

“Бувилар” триптихидаги “Туҳфа момо” ҳикояси қаҳрамони бўлмиш кампир – тили ўткир, ҳар қандай масаланинг моҳиятини тез англайдиган, орчил кайвони. Унинг ўктамлиги донишмандликка асослангани учун атрофидаги одамларга маъқул келади. Ўзбекка хос оқибатлилик, кексанинг оқилона йўриғига юриш эзгуликка хизмат қилиши ҳикояда жуда таъсирли ва ҳаққоний тасвирланган. Дилрабони севган, лекин унга эришолмагач, бувисининг аралашуви билан суюклисининг ўзига икки томчи сувдай ўхшайдиган синглисига уйланган Зокир ва атрофидагиларнинг ўзбекона тутуми ҳикоя сўнгида “Зокир хотини ва болаларини олиб, қайин опасиникига бормади, қайин опа ҳам уларникига бирор марта келмади. Зокир Дилрабо билан бир марта ҳам гаплашмади…” тарзида кўрсатилади. Шу тасвирларда ўзбекка хос руҳият, тутумлар тўкис намоён бўлган.

Негаки, ўзбек эркаги аёлининг бугунигагина эмас, ўтмишига ҳам уйланади. Ўзбекда олдинлари қандайдир муносабатда бўлиб, кейин тақдирлари айри тушган эркагу аёл қайта кезлашиши кечирилмас айб саналади.

“Оналар” триптихидаги “Самара” ҳикоясида ўз бахтидан маст келин ҳолати ғоят кўтаринки тасвир этилади: “Самара бахтдан сархуш эди. Дунёда ундан бахтлироқ одам йўқ эди гўё. Самара ерда эмас, осмонда юргандек. Юриш нима эмиш, учаётгандек. Ахир ҳазилми, Жаласойнинг бор бўй қизини кўйида оҳ урдирган Иброҳим, неча шоирсифат қизнинг ишқий мактубларини жавобсиз қолдирган Иброҳим, …бургут боқишлари манаман деган қизнинг ҳам тиззасига қалтироқ солган Иброҳим …Самарага оғиз солган эди-да! Ана шу Самара энди ерда юрсинми эди? Ана шу Самара энди пастроқ учсинми эди? Ҳечам-да!” Муаллифнинг усталиги шундаки, тасвирнинг таъсир кучини ошириш учун бахт осмонида учаётган одамнинг бахтсизлик жарига тушган ҳолатинида холис тасвирлай билади. Бахтдан учиб юрган Самара энди ўғил кўрай деганда эши Иброҳимдан айрилади. Ота ўлимидан кейин туғилиб, Ёдгор деб исм олган болани ёлғиз балоғатга етказганда уни афғон урушига оладилар ва у ердан йигитнинг тобути келади. Бахтдан қанчалар сарафроз бўлган Самара бахтсизликдан ўшанчалик қаттиқ куяди ва одамлар уни уч кундан сўнг ўғли қабрини қучоқлаб жон берган ҳолда топадилар.

“Укалар” учлигидан жой олган “Саид” ҳикоясида ўғли афғон урушида ҳалок бўлган чўрткесар, дангалчи Нурмат оқсоқол ва унинг аёли Сулув момога қишлоқ аҳлининг эҳтиромли муносабати қуйидагича акс эттирилади: “Жаласой Нурмат оқсоқолнинг юзига қаради. Жаласой Сулув момонинг кўнглига қаради. Жаласой бир йил аза тутди. Фотиҳали қизлар бир йил фотиҳали турди. Қаллиқлари тунда бормади. Боргани-да, қаллиғини кўрмай қайтди:
− Сулув момо айтиб-айтиб йиғлаб ётибди, учрашувга чиққани бетим борми? Кетинг, айб бўлади.
Жаласойда бир йил ўйин-кулги бўлмади”. Бу тасвирларда ўзбек халқигагина хос одамийлик, дардкашлик, эҳтиром, аёв ўз ифодасини топган. Маълумки, ўзбекда яқин-яқинларгача ҳам бирор қариндоши вафот этган одамнинг тўй қилиши айб саналарди.

Бу ҳикояда ота-онасининг розилиги, афғонда ҳалок бўлган акасидан қолган жигарларнинг келажаги учун ўз истакларидан кеча олган, ҳаётини тубдан ўзгартиришга қурби етган Саид образи муҳаббат билан тасвирланган. Ушбу триптихдаги “Комил” ҳикоясида эса истаклари чегара билмас, нафс бандаси, енгилоёқ Зилола ва акасининг танмаҳрами қўйнига киришдан ўзини сақлай олмаган қўрқоқ ва мунофиқ Комил тимсоллари бутун тубанликлари билан кўрсатилади. Кўпинча ҳаётда бўлгани каби пасткашларнинг хиёнатлари учун эзгу қалбли одамлар ўз ҳаётлари билан бадал тўлаши бор даҳшати-ла тасвир этилади.

Каримберди Тўрамурод асарларига кинояли тасвир усули хос. Ёзувчи вазият тасвиридан кулги туғдиришдан кўра тасвир йўсинидан кулги уйғотишни маъқул кўради. Унинг кулгисида ҳолатга муносабат ҳам акс этади. Қуйидаги тасвир шу жиҳатдан харакетрли: “Тоғдан берироқда “Ургут денгизи” деб ном олган Қоратепа сув омбори барпо қилинди-ю, Жаласойнинг сойлиги ўзининг ҳам эсидан чиқиб кетди. “Денгиз” Жаласойга келадиган сувларни “ичиб қўйди”. Аммо баҳорда ёмғир кўп бўлса, “ўзидан қўрққан” “денгизчи”лар сувнинг бир қисмини қўйиб юборадилар ва Жаласой ҳам бир “томоғини ҳўллаб олади”. Миллий ҳикоячиликнинг “триптих” шакли.

Каримберди Тўрамуроднинг “Қора китоб” асари – ўқирманни лоқайд қолдирмайдиган битик. Китоб тузумнинг айби билан қисмати тундай қора бўлган тақдир эгалари тўғрисида ёзилган. Афғон урушига борганлар қисмати кўпроқ акс этган бу асарда унинг қатнашчилари нафақат жисман, балки руҳан ҳам мажруҳ бўлганларини, ҳатто соғларининг ҳам “руҳи хаста. Уларнинг тушларига уруш киради. Уларнинг тушларида мина портлайди. Улар тушларида ярадор бўлади”,- деб тасвирлайди. Демак, урушга борган одам учун уруш у ўлмагунча тугамайди. Адиб фожиали тақдирлар акс этган асарининг дунёга келиши ҳақида: “…бу китоб сиёҳ билан ёзилмади, у …кўзёшим билан ёзилди”,- дея таъкидлайди. Чиндан ҳам китобдаги деярли ҳар бир ҳикоя ўқирман кўзида ёш пайдо қилади.

Китобда афғон уруши қатнашчиларининг қисмати акс этган ҳар бир ҳикоя олдидан битта шеър берилган. Бу шеърларда афғончиларнинг андуҳи, изтироби, афсуси, қисмати ифода этилган:
Кўнглим сезяпти, бу жанг сўнггиси,
Мен бугун ўламан, бешак, бегумон.
Димоғимга келди ўлимнинг иси,
Лекин тик бораман ажалим томон.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас,
Буйруқ шу: ё ўлим ёки ғалаба!
Ғалабага узоқ, умримиз етмас,
Бизга бугун ўлим шараф, мартаба!
Умри ғалабага етмай хазон бўлишини била туриб, буйруқни бажаришга маҳкум йигитлар фожиаси тасвирланади бу ҳикояларда.

Китобдаги “Афғон эсдаликлари” ҳикояси қаҳрамонининг афғон урушини бемаъни уруш эди деётганларини эшитгандаги ўйлари жуда ишонарли тасвирланган: “Ростдан ҳам бу уруш бемаъни уруш бўлгандир? Битта номсиз тепаликнинг ҳимоясида бир рота солдат қирилиб кетса-ю, командирлар у тепаликни нима учун шунча ҳимоя қилишганини билмаса, ростдан ҳам бу уруш бемаънидир?” Ҳокимият эгаларининг бемаъни истаклари йўлида ёш-ёш йигитларнинг жувонмарг бўлиб кетгани ҳикояда бутун фожиавийлиги билан акс эттирилади. Битикда омадёр Абдулла, унинг шарофати билан неча бор ўлимдан қолган полковник Шапаренко, оиласининг ўлими сабаб афғондан кетишни истамай, шу юртда ҳалок бўлган полковник Чабаидзе образлари ҳаётий ишлангани билан эсда қолади.

“Биринчи муҳаббатим” ҳикоясида машҳур ҳофизнинг шу номдаги қўшиғи ва оти Муҳаммад экани сабаб тирик қолган йигит кўргуликлари бутун мураккаблиги билан тасвирланган. Реал воқейлик асосида битилган асарда муфти Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфнинг жасорати, ҳиммати, қатъияти, қалби гўзалликка шайдо афғонистонлик ўзбек Абдурауфнинг уруш туфайли ўз табиатига терс ишлар билан шуғулланиши, унинг қизи ихтиёрсиз Ойша, Ҳожихон эшон, Нуриддин Омонёр образларининг ҳар бири бетакрор ўзига хосликка эга қилиб тасвирланган. Адиб афғон қишлоғидан қўли ва кўзи боғлиқ ҳолда олиб кетилаётган Муҳаммаднинг руҳиятини буюк ҳофиз Шерали Жўраевнинг қўшиқлари мазмуни билан уйғун ҳолда тасвирлайди. Кўп даражада ҳужжатли-воқеий бу асар жонли тасвир туфайли таъсир даражасига кўра улкан бадиий қудратга эга бўлган. Ўттиз олти нафар жангчини олиб келиш учун Афғонга боришга журъат қилган муфтий образи айрича меҳр билан ишланган. Ҳикоянинг тугашидаги умидбахш романтик кўтаринкилик ҳам ҳаётий асосга эгалиги билан кишини ишонтиради.

Китобдан ўрин олган “Амит Баччан” ҳикоясида ҳинд актёри Амит Баччанга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган гўзал Ҳамидга ошиғу шайдо қизлар, йигит кўнгил қўйган шаддод Маҳлиё образи ғоят ишонарли тасвирланган. Қуролдош ўртоғи Омонгелдининг бола экани учун отмаган афғон бола томонидан отиб ўлдирилиши Ҳамидни руҳий мувозанатдан чиқаргани, ана шу қирғоқсиз ғазаб туфайли қуролсиз эркакни ҳам, бешикка эгилган аёлни ҳам, бешикдаги гўдакни ҳам ўлдириб қўйгани ва бу қилмиши сабаб ақлдан озар даражага келиб, фақат нашадан нажот топгани ўта таъсирли тасвирланган. Маънисиз уруш сабаб ҳар қандай қизнинг юрагига ўт соладиган даражадаги келишган йигит Ҳамид чексиз азоблар исканжасида дунёдан ёлғиз ўтиб кетгани ҳикояда жуда ҳаққоний ифода этилган.

“Жаннатга тушганлар” ҳикоясида Афғонга бориш учун умрида илк бор учоққа чиққан бўз йигит Санжарнинг ўйлари жуда табиий берилган. Уч кунликкина тайёргарлик билан илк савашга кирган йигитларнинг жанг пайтидаги ва ундан кейинги ҳолатлари тасвири даҳшатли ҳаётийлиги билан эсда қолади. Онасига: “Жаннатга тушдим”,- деб хат ёзган Насимнинг дўзахдай шароитда ўлдирилиши, ўртоғи Ҳайдарнинг ёш бола томонидан отилган гранатадан ҳалок бўлиши ва буларнинг Санжар руҳиятидаги излари ҳаққоний акс эттирилган.

Аллоҳ берган табиий туйғуси билан хатарни олдиндан сезадиган хушёр ва синчков Санжар инсоний қиёфадан маҳрум қўмондонларнинг Иттифоққа жўнатадиган “Уч юзинчи юк”и ўлган аскарларнинг ичак-чавоғини олиб ташлаб, ўрнига жойланган афғонлардан таланган бойликлар ёхуд гиёҳванд моддалар эканини кўради. Бу юкларни тобутларга жойлаган аскарларнинг эса хавфсизлик хизмати йигитлари томонидан ўлдирилиши, ўлдирилгач, уларга турли орден-медаллар берилишини билиб олади.

Хушёрлиги сабаб ўзиникилар томонидан ўлдириладиган куни ташқаридаги юк машинаси устига чиқиб ётгани ва кейин қочиб, турли йўллар билан уйига етиб келгани тасвири авантюр романлардагидек ўқирман юрагини ҳаприқтиради. Каримбердининг ушбу ҳикоясидаги ҳаёт ҳақиқати тасвири таъсирчанлиги билан бадиий ҳақиқатдан баландроқ, ундан қимматлироқ чиққан, дейиш мумкин.

“Аскар отаси” ҳикоясида афғон уруши тамомила ўзга ракурсдан туриб тасвирланади. Боғча болалари ҳақини ейишдан тоймайдиган Ҳайбатилланинг: “Менинг бир эмас, икки ўғлим Афғонда, опа, менга бақирманг! Менинг болаларим бировларнинг боласига ўхшаб ота-онасининг бағрида ўйнаб юргани йўқ, улар урушда, билдингизми, урушда улар!” тарзидаги лўлилигида, қисман бўлсада, ҳақиқат кўзга ташланади. Тўғри, ўғилларининг урушда бўлиши отанинг ўғрилигини оқлай олмайди. Аммо шундай одамнинг ҳам бағри куюклиги ва изтироб чекиши ўқирманни бир зум унга хайрихоҳ қилгандай бўлади. Ҳикоя қаҳрамони Нигора Маҳмудовнанинг Ҳайбатиллага: “Сизнинг Афғон уруши қанташчиси бўлган аскарларнинг отаси бўлишга ҳаққингиз йўқ!” тарзидаги ҳайқириғида асл одамларнинг афғончиларга эҳтиромли муносабати акс этган.

Каримберди Тўрамуроднинг “Қора китоби”дан Иккинчи жаҳон уруши фожиалари акс этган саккиз ҳикоя ҳам ўрин олган. Бир қараганда, китобда ҳикоялар нотўғри жойлаштирилгандай кўринади. Негаки, хронология ва қамров даражасига кўра Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги асарлар олдин берилиши керакдай эди. Аммо афғон уруши фожиалари яқинда юз берганди. Унинг яралари ҳали битмаган ва улардан ҳамон қон чакиллаб томиб турибди. Бу урушнинг қатнашчилари бугун ҳам орамизда юришибди. Одам энг олдин ўз чоғдошлари ҳақида билгиси келади ва бу табиий ҳолдир.

“Ургутда бир чинор бор” ҳикоясида Тоғай Муродга хос оҳанг етакчилик қилади. Ҳикояда колхоз раиси ғаллага ўроқ тушиши олдидан тўй бергани, унда одамларнинг хурсандчилиги ва эртаси куни уруш бошлангани ҳамда унга одамлар муносабати қаршилантириб тасвирланган. Битикда ўтбошисида айтгани муҳокама қилинмай бажариладиган Абдураҳимнинг бирин-кетин урушга жўнатилган Абдусаттор, Абдуқаҳҳор, Абдужаббор, Абдуғаффор деган тўрт ўғли ва улардан қора хат олган отанинг ўғиллар ўчини олиш учун ҳарбий комиссарни мажбурлаб фронтга жўнаб ҳалок бўлгани, эри ва ўғилларини кутишга бутун умрини бағишлаган муштипар аёл Момотошнинг қонсиз фожиаси ўта таъсирли акс эттирилган. Ҳикоя қаҳрамонининг оти Момотош экани ҳам муайян даражада рамзий маънога эга. Унда садоқатли ва содда ўзбек аёлларининг тошдай қаттиқ сабру қаноатига ишора қилинган.

Момотошнинг учинчи ўғлини фронтга олинувчилар рўйхатига ёздирмаслик ҳақидаги ёлборувига отанинг: “Отаси урушда юрибди, демасдан Раис бобонинг ўғлини ёздирди-ю. Сенинг Абдужабборингни ёзмайдими?- силтаб ташлади Абдураҳим ака. – Кўпга келган тўй. Индама акаларига ёрдамчи бўлади”,- дейишида ўзбек руҳиятига хос жиҳат яққол кўзга ташланади. Шу тасвирдан кейин берилган ровий изоҳи характерли: “Абдужабборнинг акаларига ёрдами кўп тегмади, шекилли, кўп ўтмай, фашистлар Ленинградни қамал қилгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади” тасвирида киноя, фожиали юмор бор.

Ҳикояда бу ўғлининг ҳам кетишини ўйлаб хаёли қочганидан рўмолини ерга судраб кетаётган хотинига Абдураҳимнинг: “Бошингни ёп!”- дейиши тасвирида ҳам ўзбекнинг феъли яққол кўринади. Аёлига ўта қаттиққўлдай кўринадиган Абдураҳимнинг: “Қара, энаси, туққан ҳамма боланг Ватанни деб бир бўлди. Улар ҳақиқий қаҳрамонлар, уларга Ватан ҳайкал қўяди ҳали. Асли сен қаҳрамонсан, энаси. Ватан учун тўрт ўғил туғиб берган сендай аёл қаҳрамон бўлмай, ким қаҳрамон бўлсин?” йўсинидаги юпатуви замирида эркакнинг ўз қўшоғига улкан меҳри сезилиб туради.

Аёлини кўндириш учун Абдураҳим гўё болаларидан хабар олиш учун фронтга бориши кераклигини, узоғи билан икки-уч ҳафтада қайтишини айтганда содда Момотош: “Икки-уч ҳафтага бўлса, майли,- кўнди Момотош опа. Аммо ундан ортиқ кетсангиз, ҳисобимдан адашаман, отаси”,- дейишида ўзбек аёлининг бутун ички дунёси намоён бўлади.

Абдураҳимнинг баландпарвоз гап-сўзлар айтмасада, йигит киши учун мардлик, юртни ёвдан сақлаш ахлоқ даражасидаги бурч экани, урушга кетган тўрт ўғилдан қора хат олгач, ҳам бир ўзбек сифатида хун талаб бўлиб, ҳам болалари ҳалок бўлганидан хабарсиз Момотошни алдайверишга чидай олмаганидан фронтга кетиши жуда ҳаққоний ва таъсирли тасвирланган.

Момотошнинг ҳар куни эри ва болалари кийимини ювиб, чинорга ёйиб қўйиши тасвирида достонларга хос жиҳат кўзга ташланади. Ҳикоядаги: “Момотош опа кўйлак ювишдан, чинорга тушиб чиқишдан эринмади. Уйига боришдан эринди. Уйининг эшигига битта тошни тираб, бутунлай Юқори чинорга кўчиб келди. Ўша чинорнинг остки қисми чириб тушиб, бир уйдек жойи кавак бўлган эди. Момотош опа ана шу кавакни уй қилди”. Бу асарни миллатнинг сабр, садоқат, матонат ва фидойилигига сўз билан ўрнатилган ҳайкал дейиш мумкин.

“41- буйруқ” ҳикоясида уруш ҳақиқатининг шу вақтга қадар бадиий адабиётда мутлақо тилга олинмаган жиҳати тасвирга тортилган. Тўғри, ижтимоий тармоқлардаги турли чиқишлар, журналист ва тарихчиларнинг битикларида совет аскарлари ортида юриб, жонбозлик кўрсатмаганларни отиб ташлайдиган “особист”лар ҳақида гапирилади. Аммо ўзбек бадиий адабиётида бу ҳолат тасвири йўқ эди. Бу ҳикояда Иккинчи жаҳон урушида кўплаб орден-медаллар олган, аммо бир умр одамлардан ўзини тортиб юрадиган, уруш эсланадиган йиғинларга бормайдиган Иброҳим бобо образи орқали урушнинг урушданда қонлироқ, фожиалироқ томони кўрсатилган. Иброҳим бобо жаҳон уруши даврида Бош қўмондоннинг 41- буйруғи асосида орқада қолган ёки чекинмоқчи бўлаётган ўз аскарларни отиб ташлаш билан шуғулланадиган тузилмада фаолият кўрсатгани тасвирланади. Бобонинг: “…мен Сулаймонни отиб ташладим! Ўз аммаваччамнинг ёлғиз боласини тариллатиб отиб ташладим. Отамнинг дўстининг у ўлгач, чироғини ёқиб ўтириши лозим бўлган ёлғиз ўғлини қонига ботирдим” тарзидаги иқрорида ўзи қилган ишнинг нақадар жирканчлигини англаган иложсиз киши ҳолати акс этган. Иброҳим бобонинг: “Биз қаҳрамон эмасмиз. Биз қотиллармиз! Ўз аскарларимизнинг, ўз қариндошларимизнинг бошига етган қотиллармиз. Бизлар гуноҳкорлармиз!” йўсинидаги гапларини жаҳон урушининг яна бир қонли саҳифасига берилган ҳаққоний баҳо дейиш мумкин.

Ўз-ўзига берилган бундай шафқатсиз баҳонинг ровийга қилган таъсири ҳикояда жуда ишонарли тасвирланган: “Иброҳим бобонинг уйидан қандай чиқдим, уйимга қандай келдим, билмайман. Бир неча кун ўзимга келолмай юрдим. Ўша кунлари хаёлимда аввал ҳикоя ёздим. Кейинроқ ёзганларим қисса бўлди. Фикрларим қиссага сиғмади. Ўйлаганларим роман бўлди. Роман бир неча китобдан иборат бўлди”. Албатта, бу иқрорда ровийнинг олдин ҳикоя, кейин қисса, сўнг роман ва охирида бир неча китобдан иборат туркум ёзгани эмас, балки одамлардан яшириб келинган даҳшатли ҳақиқатнинг кўлами ва унга таъсир даражаси акс этган.

“Қора китоб”га кирган “Мактуб” ҳикоясида уруш туфайли ёлғиз ўғлидан жудо бўлган онанинг ҳолати тасвирланган. Ҳикоядаги: “Зокиржондан хат келгани ҳайит бўлди, байрам бўлди. Улжон момонинг барча қариндошлари кечқурун йиғилиб келди, қўни-қўшни келди. Ҳамма хатни бир мартадан ўқиб кўрди. Улжон момо ўғли урушда қаҳрамон бўлгандай ғўддайиб ўтирди. …Улжон момога ҳавас қилган нечов бўлди…” тасвирида ўғлидан кўнгли тўқ ва у билан фахрланган она руҳияти ҳаққоний кўрсатилган.
Шунингдек, узоқ вақт хат келмаган Зокирдан ўрисча хат келгани ва бутун қишлоқда уни ўқиб берадиган одам топилмагани ҳам ҳаётий тасвирланган. Ниҳоят, урушдан ярадор бўлиб қайтган Жўрабек қора хатни ўқиб бергандан кейин момонинг руҳий ҳолати бутун мураккаблиги билан тасвирланган: “Ўша Жўрабек “пагиб” деганидан кейин биров кўрмади Улжон момонинг кулганини. Ўша хатнинг “қора”лигини билгандан кейин биров эшитмади, Улжон момонинг доира чалганини, шундан кейин биров кўрмади кўкдан бошқа кийим кийганини, момомизнинг. Шундан кейин биров кўрмади, тўй-ҳашамга борганини момомизнинг” тасвиридаги аллитерация, такрир ифодага ўзгача таъсирчанлик бахш этган. Ифоданинг бундай мароми момо изтиробининг даражасини акс эттиришга хизмат қилган.

“Эсон бобо” ҳикоясида аслан мард, жасур ўзбек йигитининг тажрибасизлик сабаб урушга кирган илк кунда довдираб қолгани, кейинчалик қатор қаҳрамонликлар кўрсатиб, кўплаб орден-медаллар олгани, аммо шуларни олганидан йўқотганлари кўплигидан афсусда экани енгил бир юмор билан тасвирланади. Ҳикояда эндигина эр етган Эсон билан йигит кўнглидан жой олган тенгдоши Бувисоранинг суҳбати ғоят ҳаққоний ва таъсирчан чиққан. Унда шўх-шаддод ва ўз қадрини биладиган ўзбек қизининг табиати яққол кўриниб туради. Қизнинг кулиб: “Нима кароматингга сенга тегишим керак?”- дейиши йигитни довдиратгани ва кетиб бораётган қизнинг ортидан “Ҳосил байрамида тўн кийиб, сени бир қойил қиламан! – дедим Бувисоранинг ортидан бақириб. – Эртасига совчиларимни юбораман, бир билиб ол, Бувиш!”,- дегани тасвири жуда табиий ва ишонарли чиққан.

Илк бор урушга кирган Эсон ҳолатининг: “Бир маҳал яқинимга бир бўмба келиб тушиб, тўрт-беш аскар парча-парча бўлиб кетди. Мен ҳам худди бир тўйда Тиркаш полвон айлантириб отиб юборгандек, беш-ўн қадам нарига бориб тушдим. Бошим айланиб, ерга ёпишиб ётувдим, ёнимга яримта одам келиб, тапиллаб тушганини кўриб, юрагим оғзимдан чиқиб кетаёзди” йўсинидаги ифодаси ҳаққоний. Ҳикоя қаҳрамонининг: “Кейинги куни қурол етишмагани учун ёғоч қурол бериб, биз ўртаосиёликларни олдинги сафга қўйишди “Ура” садолари остида жангга кирдик” тарзидаги иқрорида даврнинг машъум манзараси реал акс эттирилган.

Каримбердининг “Сўнгги бек” қиссаси ҳам ҳаётийлиги, бош қаҳрамон руҳиятининг энг яширин қирраларинида очиб беришга қаратилгани ҳамда муаллиф позициясининг аниқлиги билан диққатга лойиқ асардир. Унда шахсий манфаатини эътиқоддан, юрт ишидан, озодлик ва мустақилликдан ортиқ кўрган тубан кимсаларнинг аянчли қисмати ҳам маҳорат билан тасвир этилган.

Хуллас, Каримберди Тўрамурод халқ тарихидаги синовли дамлар қатнашчилари бўлган одамлар образини чизиш орқали замондошлари кўнглида миллий ғурурни жўш урдиришга интилган ижодкордир. У битикларида оғзаки ижод анъаналари ва устоз адиблар тажрибасидан ўринли фойдаланиб тамомила оригинал образлар ярата оладиган ёзувчидир. Каримберди Тўрамурод оригиналликни шаклдан эмас, балки мазмундан топа биладиган ижодкор экани билан ажралиб туради.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ
2024 йил 20 июн-16 июл.