O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен бу ўлимни ўзим учун бахт деб биламан

Мен бу ўлимни ўзим учун бахт деб биламан
25,482 views
19 December 2023 - 12:14

Азизлар, бугун самарқанлик икки йирик уламо, таниқли қози ва мударрисни, сурхондарёлик, жиззахлик, қорақалпоғистонлик шўроларга қарши қўлига қурол тутган 173 нафар қаҳрамонларимизни оқлаб олдик. Бир ошнам ўлиб кетган одамларни оқлаб катта иш қилдим деб ўтирибсанми деб ёзибди. Ўйланиб қолдим, ким ўлиб кетган балки сен аллақачон ўлиб бўлгандирсан. Қаҳрамонлар асло ўлмайди. Инсон тасаввурида қаҳрамонлик деган тушунча ўлмас экан Ватан эрки, озодлиги, миллат шаъни, дини иймони йўлида шаҳид кетган қаҳрамонлар асло ўлмайди. Уларни имконимиз бўлиб туриб оқламаслик, хайрли дуо қилмаслик, унутиш қўрқоқлик, шармандаликдир. Бугунги оқловда иштирок этган барча масъул зотларга, профессор устозларимга, ОАВ журналистларига, сайтларга, у инсонларнинг авлодларига, вилоят музейлари директорларига, бошқа меҳмонларга, оғам, таниқли рассом Эркин Оролга, дўстим Ҳамид Содиққа, фаол ёшларимиздан Худойберди Зоминий, Аслиддин Камолга ҳамма ҳаммаларига алоҳида миннатдорчилик билдираман!

Албатта, оқланган инсонлар ҳақида маълум материалларни ФБ саҳифамда ёйинлаганман. Қуйидаги суратлардаги инсонларнинг кўзларига қаранг. Нақадар улкан дард бор, юзларида виқор бор! Ҳаммалари ўлими олдидан сўнгги соатларида суратга олинган. Аммо қўрқув йўқ! Уларнинг нима деётганини бугун оқланган Туроббек Тўрабековнинг хотини, синглиси ва акасига ёзган васиятномасидан билиб оларсиз. Туроббекни Заки Валидий 60 ёшдан ошганида ёзган “Хотиралари”да Очилдовнинг 10 қўрбошисидан бири сифатида ҳурмат билан эслаган, Муфти Садриддинхон ҳазратни безиён Афғонистонга олиб ўтиб, ундан Машҳадга етказиб ерлаштирган қаҳрамон эди…

***

“Мунглиғ аёлим Бибизилол ва синглим Норгулойларга!

Дунёда энг вафолиғ кўрсатган аёллар бўлса, улар Сизлардирсиз. Бизлар учун кўп жафолар кўрдингиз, вафолар қилдингиз. Жаноби Ҳақ Сизлардан икки дунёда рози бўлсин. Мен Сизлардан розиман. Жавҳарой ва Аноройларга меҳрибон бўларсизлар, тарбия қиларсизлар. Хоҳлаган вафолик қилганларнинг ўғиллари билан белгилаб қўярсизлар. Ҳа, ҳаммаларингизга жуда бахт ва саодатлик кунлар насиб қилсин. ИншааАллоҳ, бу кун бўлмаса тонгла бир биримизни кўрармиз. Асло хафа бўлмайсизлар. Ҳамиша дуоларингиздан умидворман. Мен Сиз ожизаларимни қутқазмоқ учун ўлим тарафига ўйнаб бораман. Ёш кетти демайсизлар. Мен бу ўлимни ўзим учун бахт биламан. Чунки, мардлик билан тўғри йўлға жон бераман! Жавҳарой ва Аноройларни юзларидан ўпарсиз. Ҳаммаларингизни Худога топширдим. Бийтемир отамизга ва Тавбойға бошқа ҳамма сўроғонларға абадий салом. Рози бўлсунлар. Кулиб туриб сизлара эгилиб салом қолдирган Туроббек Тўрабекуф”. Алвидо / имзо

ВАСИЯТНОМА
Дунёда ягона жонкуярим Ҳазратқули Тўрабек ўғлига

Душманлар сеҳр ва жоду билан кўп оёғимни боғладилар. Мен адолат торозусиға ёш гўдак бегуноҳларнинг бошлари билан ўз бошимни тортдим. У ёш гўдакларнинг бошлари оғир келди. Унинг учун инсоният виждоним мазкурлар учун жонимни қурбон қилишга амр ва фармойиш этди. Шу сабабли ҳақ ва адолат қонуниға итоат қилдим. Буюк шавқ ва ҳаваслар билан умид боғладиғим Ватан муқаддасни тарк этиб охиратга сафар қилишга қарор бердим. Бўйнимга юкланган вазифани тўғрилик билан адо қилдим ҳамда мардлик билан жон бераман. Менинг маслакдошларим ташаббусотсиз деб айб қилмасунлар мен муқаддас ғоя йўлинда жон бердим. Мендан кейинги авлодлар менинг жасадимни босиб ўтсинлар, яъни дунёда ҳар бир нарсадан ортиқ суйган Ватаним ва миллатимнинг истиқлоли учун жон берсунлар. Сизга ва ўртоқларимга абадий салом. Мард ва жасур кишига ярашкан қаҳрамонлик билан курашиб ғолиб келмай ёҳуд қўлимдан ҳар бир нарсам кетди ёлғуз номусим қолди деб шонли ва шарафли тариха ниҳоят беринг, йигитнинг вазифасидур. Мен мағлуб бўлсамда номусим қолди. Яшасун келажакдаги Туркистон истиқлоли! Ёш гўдакларни Сизга топшурдим, тарбия қиларсиз. Мендан рози бўлинг. Асло хафа бўлмайсиз. Руҳимни шод қилинг. Алвидо.
Укангиз Туроб Тўрабек ўғли.

***

Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун бўлиб тўзиб кетди тақдирингиз,
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз.
От ўйнатиб юрмадингиз, «босмачилар!..»

Тупроқ тўшак бўлди, болиш эгар бошда,
Жалолиддин каби мудом жаҳонгашта,
Умрингизнинг ярми ўтди тоғу тошда,
Не кунларни кўрмадингиз, «босмачилар»…

Баҳром Ирзаев
Манба: facebook.com