Шундай шахслар борки, уларнинг нафақат ютуғи, хатолари ҳам, адашишлари ҳам ўзгача. Ҳеч кимникига ўхшамайди. Улар ўзларидаги шу ўзгачаликни билади, қадрлайди, гоҳида кибрга кетади. Эсимда, тўқсонинчи йилларнинг бошларида битта рукн остида чиққан уч китобни кетма-кет ўқиганман. “Абадият фарзанди”, “Шоиру шеъру шуур” ва “Кўзи тийран дард”…
Ҳозир “Кўзи тийран дард” китобини дадамнинг кутубхонасидан топиш қийин. Чунки титилиб-титилиб кетган. Кўп ўқилганидан! Бу китобдаги мақолалар публицистик пафосга эмас, фикрга қурилгани билан кашфиёт эди, мен учун. Эрнест Хемингуэйни илк бор ўшанда таниганман. Тан олай, ўзбек забонида Хемингуэй ҳақида ўша юксакликда ёзилган бошқа бирорта фикрни учратмадим! Климанжаро чўққисида музлаб қолган қоплонга кўксимдан иссиқ жой бергандим. Бир умрга. Шу кунларда якрангликни хоҳлаётган, уни қадрият дея улуғлаётган, миллий қаҳрамонлик деб шарафлаётган, миллатнинг ғуруру фазилатини биргина бош кийимида кўраётган жамиятда солиҳона инкорга, солиҳона кескинликка эҳтиёж бордек…
Умид қиламанки, Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” асаридаги қуйидаги битикни ўқиган фикр одами бир шоирнинг иккинчи шоирга ҳасади ёки ҳурматсизлиги дея майдалашмас, “дўппига қарши экан” деб жўнлашмас…
****
“Шоир Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» деган шеъри 1970 йилда ёзилган бўлса ҳам, 80-йиллар бошигача долзарб шеърлардан бўлиб қолди. Бу бир оз жўн шаклда, ҳамма тушунадиган ўзбекчиликни тарғиб қилган долзарб асар эди. «Бошда дўппим, ғоз юраман гердайиб», дер экан, шоир ундан кейин нима қилишини айтмасди. Чунки, ундан кейини муҳим эмасди. Бошга дўппи кийишнинг ўзи бир исён эди. Гердайишнинг ўзи бир инқилоб эди. Фақат тожиклар ҳам дўппи кийишарди. Улар кийган дўппи Воҳидов кийган дўппидан ҳеч фарқ қилмасди. Лекин тожиклар ўзбеклардан «фарқ қилиш»га мажбур эдилар. Бу мажбурият «тожик» этнонимининг «тож» сўзидан келиб чиққанлиги ҳақидаги афсонани яратди. Яъни, сизнинг фахрингиз чит дўппи бўлса, бизники тождир, дейишди биродарларимиз. Аслида, дўппи ҳам, тож ҳам оригинал образ эмасди.
Совет гуржилари «черкеска»сини, туркманлар чўгирмасини, украинлар ёқаси ҳошияли кўйлагини кийиб, худди Эркин Воҳидов каби ундан ҳам ғозроқ, ундан ҳам гердайиброқ юравердилар. Ва ҳаммаси буни миллий ғурур деб билишарди. Ғурурсиз ҳеч ким йўқ эди. Ҳатто Узоқ Шарқ музликларида истиқомат қиладиган қабилалар ҳам ўз пўстинлари билан ғурурланиш учун бир йилда бир марта Москвага келиб-кетишарди. Москва совет халқининг миллий ранг-баранглигини сақлаган ҳолда ҳамжиҳат яшаётганини дунёга шу услубда намойиш қиларди”…
Иқбол Қўшшаева