O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МУРОД КАРИМ: МУСИҚА ТИЛИ

МУРОД КАРИМ: МУСИҚА ТИЛИ
349 views
23 March 2025 - 19:19

Ҳозир ҳамма ёзадиган, ҳамма гапирадиган давр. Ёзмайдиган, гапирмайдиган, лекин маънони эшитадиган, ўқийдиган одамни топиш қийин.

Одамнинг ўлими уни танитишга ҳам хизмат қилади.

Актёр, Хореография академияси домлоси Мухтор Асрор телефонидан симфоник оркестр ижросидаги мусиқани эшиттирди. Бу мусиқада шарқ аниқ-тиниқ намоён эди. Композитор София Губайдуллина асари эди. Асарда шарқ мотивлари сезиларли тарзда акс этган.

Унинг интернетдаги интервьюларини кўрдим. Концертларини эшитдим. Эшитяпман.

У “Мусиқа тили” деб номлаган суҳбатларида санъат сири ҳақида гапирган. Бу эса унинг гениал шахс ва ижодкор эканини англатади.

Мухтор эшиттирган мусиқа одам қалбига чуқур сингган эди. Шундан сўнг интернетда С. Губайдуллина асарларини тингладим. Россиялик ижодкор бундай мусиқани яратиши қийин: чунки рус маданиятида композитор асарларининг моҳиятини ушлаб турадиган фундамент йўқлигини англадим.

Википедияда София Момонинг бобоси мадрасада домулло бўлгани, унинг бобоси эса аввал Бухорода, кейин Ҳиндистонда таҳсил олгани ҳақида ўқиб, бу ҳолатга аниқлик киритдим. Ҳар бир юксак нарсани шарққа боғлама, деб ички овозга қаршилик ҳам қилиб кўрдим.

Лекин интернетда “София Губайдуллина портрети” номли кўрсатув бу баҳсга нуқта қўйди. Кўрсатув 90-йилларда композиторнинг Москвадаги уйида тасвирга олинган.

София Момо шундай дейди: “Ўзимни славян деб ҳисоблайман (онам рус, отам қозон татари), ёшлигимда эса яҳудий ўқитувчилар касбимга катта таъсир қилган. Маънавий-руҳий дунём (Бах, Бетховен, Моцарт, Кант, Хайдеггер, Гегель) немис ижодкорлари билан безанган. Ўзимни универсал одам деб ҳисоблардим. Бир марта Петербург масжидида 20 дақиқача бўлдим. Қуръон оятларини эшитиб, ўша ерда моҳиятим нимадан иборат эканини ҳис қилдим. Универсаллик аслида йўқ экан. Моҳиятимни шарқ ташкил қилар экан”.

С. Губайдуллина асарларида Навоий ғазалларидаги мотивлар яққол кўринади. Фақатгина Навоий эмас…

Навоий ғазаллари “Исо нафас” тўлқинида куйланади. Композитор мусиқалари ҳам шу тўлқинга йўналган. “Исо Масиҳнинг охирги етти сўзи”, “Тавба” асарлари шунга яққол мисол. Бошқа асарлари ҳам шунга оҳангдош.

Композитор яна бир суҳбатда: “Асарларим қалб ҳақида эмас, қалбнинг ўзи”, деган. Бу эса кўп нарсаларни англатади. Одамлар кечирсин, лекин жуда ҳам содда, оддий ва самимий; бундай шахсиятни ҳар кун ёки ҳар йил учратмайсан.

Дунё интернетлашиб, кичрайиб бораётгандек. София Губайдуллина “Мусиқа тили” ҳақида гапирганида, инсон туғилиши ва унинг моҳияти ҳақида сўзлаган. Лекин интернетлашиб кичрайган тўрда нималар туғиляпти? Бuni истиғно денгизининг жунбушга келиши деб умид қиламиз. Масхарабоз ва мунофиқлар эса истиғно денгизи соҳилига улоқтириб ташланаётгандек.

София Губайдуллина шу рўза ойида, 93 ёшида вафот этди. Театршунос Қамариддин Ортиқов бу ҳақда ёзганди. Одам ўлими одамни эслатади. Камдан-кам санъаткорлар санъатнинг сирига етади. София Губайдуллина ана шундай санъаткорлардан бири эди.

Аллоҳ раҳмат қилсин!