O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

НЕГА РОССИЯНИ ЁМОН КЎРАСИЗ?

НЕГА РОССИЯНИ ЁМОН КЎРАСИЗ?
20,585 views
10 June 2024 - 10:32

Бу савол менга тез-тез бериб борилади.

Мен:
– ўрис давлати томонидан олиб борилаётган сиёсат аксарият ҳолларда мунофиқлик тусига эга бўлгани, халқлар ва элатларга азалдан зулм ўтказиб келаётгани, бугунги кунда ҳам суверен давлатларнинг ички ишларига аралашиб, ҳудудларини аннекция қилаётгани;

– Россия президенти Путин томонидан “государствообразуюший народ” дея ном берилган ўрислар табиатан ирқчи, реакцион миллатчи, айирмачи бўлиб, дунёнинг турли миллат ва элатларига ара, азер, бульбаш, пиндос, чурка, узкоглазый, япошка, китаёза, каби жуда хунук лақаблар қўйиб, масхара қилиши, мустақил сиёсатини писанд қилмаслиги, жумладан, менинг юртдошларимни ҳам ўз юртида тинмай таҳқирлаётгани;

– ўрис халқининг оддий вакиллари эмас, айнан Давлат думасида депутат сифатида, сиёсий фракция раҳбари сифатида ёки давлат сиёсатини шакллантирадиган йирик амалдор сифатида фаолият юритаётган кўпдан кўп элементлари ўзининг босқинчилик ниятларини яширмасдан Россия империясининг 1945 йилги чегараларигача тиклаш борасида баёнотлар қилаётгани ва бу билан улар юртимнинг, ўзбек халқининг миллий мустақиллиги, ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётгани ва шу каби кўплаб қабиҳ ишлари учун ёмон кўраман Россияни.

Бундай ёвузлиги учун тараққийпарвар дунё вакиллари Россияга Мордор дея ном беришган. “Узуклар ҳукмдори” асарининг таржимони сифатида мен ҳам Россияни ёвузлик ўлкаси — Мордор деб атайман.

Фейсбукдаги саҳифамда мен ўз постларим билан юртдошларимни огоҳликка чақираман, халқим вакиллари, айниқса, миллатимиз ёшлари Мордорнинг мунофиқ сиёсатига алданиб қолишларини истамайман. Шахсий ҳаётим, шу жумладан, Россияда ўтган беш йиллик ҳарбий хизматим давомида ўрислардан кўп азият чекканман, миллатдошларим, бошқа халқларга мансуб диндошларим ҳам мендек азият чекишини истамайман, индамай ўтиб кетсам виждоним қийналади. Билиб туриб уларга айтмаганим учун охиратда жавоб беришдан қўрқаман.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ўзбекнинг тузини ялаб, тузлуғига тупурган, яъни сиз-у, бизнинг Ватанимизни, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни бадном қилишга уриниб, ҳокимиятлар томонидан йўл қўйилган хатоларни дунёга бўрттириб кўрсатиб, ҳар қадамда ёмонлаб Ўзбекистонни тарк этганча, тарихий юрти — Россиясига кўчиб кетган ўрисларимиз кам бўлмаган. Бироқ бундай ўрисларимиз Мордордаги миллатдошлари кечирадиган носоғлом ҳаёт тарзи, уларнинг пасткашлик тусига эга миллий-маънавий оламига кўника олмаслигини кўргач, кўзи мошдай очилиб, кўчада калтак еб қайтган итдай яна ўзимизга, бир замонлар ота-бобоси босиб олган Ўзбекистонга қайтиб келганлари ҳам оз бўлмаган. Аниқланишича, Мордорнинг ўрислари ўзбекнинг тарбиясини кўрган, ўз қўли билан меҳнат қилишга ўрганган, ўзбекдай покиза рўзғор тутишга одатланган, арақ-винони Мордорнинг орклари-ю, гоблинларидай кўп ича олмайдиган ўрисларимизни ўз даврасига қўшмас, умуман айтганда уларни ўрис сифатида кўрмай, ажратиб қўйишар экан.

Аммо нонкўр, ўзбек тили ва маданиятидан ҳазар қиладиган россияпараст ўрисларимиздан ташқари, Россия манфаатларига жосуслик қилиб яқинда қамалган Колошинга ўхшаш фуқароларимиз ҳам бор. Ундайлар бир қараганда ўзбек халқига вафодор, Ўзбекистонни Ватан билиб, унга содиқ каслардай кўринишга ҳаракат қилишади, ҳатто тилимизни ҳам яхши ўзлаштириб олишади. Аслида эса юртимизнинг мустақиллигини, мустақил сиёсатини, йилдан йилга ошиб бораётган қудратини кўра олмайдиган 5- колонна вакиллари сифатида фаолият юритишади. Бундайлар ҳар қадамда, ҳар қандай қулай фурсатда сиз-у, бизни, миллатимиз ёшларини, айниқса, Россиянинг империалистик сиёсатига ён босишга мойил амалдорларимизни Мордорга онг-ла қарам қилиб қўйишга, охир-пировардида Ўзбекистонни яна Россиянинг мустамлакасига айлантиришга уринишади.

Буларнинг бари юқорида қўйилган саволга қисқагина берилган жавоб бўлди холос.

Эътиборингиз учун раҳмат.

ШОКИР ДОЛИМОВ
Истеъфодаги подполковник