Шубҳасиз, улуғ мутафаккир адиб Юсуф Хос Ҳожиб ўз даврининг энг эътиқодли кишиларидан эди. Аммо “Қутадғу билиг”да адиб бирор марта ҳам “Аллоҳ” исмини қўлламайди (Фирдавсий ҳам “Шаҳнома”да асосан “Яздон” исмини ишлатган). Асар ушбу жумла билан бошланади: “Ҳамду сэпасу миннату өгди Тэңри ъазза ва жаллақа…” (Тангри азза ва жаллага ҳамд, сипос, миннатдорчилик ва мақтов…). Асар давомида “Аллоҳ”, “Худо” маъносида асосан “Байат”, “Тангри” қўлланилган (Маълумки, Исломдан олдин баъзи шарқий туркий қавмлар буддавийликка эътиқод қилган. “Худо” маъносидаги “байат” сўзи ўша даврларда санскритдан турк тилларига ўзлашган деб қаралади). Адиб Аллоҳнинг сифатларини ҳам кўп ўринларда туркча сўзлар билан беришга ҳаракат қилган. Хусусан, асарда “уған” (“қодир”), “улуғлуғ иḋиси” (“улуғлик эгаси”), “эрклиг байат”, “бағырсақ иḋи” (меҳрибон эгам), “төрүтгән” (“яратган”), “игиḋгән” (“парвариш этган”), “иḋим” (“эгам”) каби сифатлар учрайди. Пайғамбар эса асарда баъзан “расул”, кўп ўринларда: “Муҳаммад йалавач” (“Муҳаммад элчи”), “сэвүг савчы” (“суюкли элчи”) каби сифатлар билан аталган. Асарда, шунингдек, “жаннат”, “дўзах” сўзлари ҳам учрамайди, улар ўрнида адиб “учмақ” (“жаннат”), “тамуғ” (“дўзах”) сўзларини қўллайди.
Инсоният Одам Ато ва Мома Ҳавводан тарқаган деган маънода башариятга нисбатан “бани одам”, “одам боласи” деб айтилади. Бу ибора “Қутадғу билиг”да фақат “апа оғланы” шаклида учрайди. Қадимги туркийда “апа” (“аба”) ҳозирги ўзбек тилидаги “опа”ни эмас, балки “ота”, “бобо” ва умуман “одам” маъноларини англатган. Шу каби асарда: “тоат-ибодат” ўрнида – “тапуғ”, “гуноҳ” – “йазуқ”, “ризқ” – “тирилгу”, “банда” – “қул”, “бандалик” – “қуллуқ”, “Аллоҳнинг ҳукми” – “байат йарлығы”, “дунйа” билан бирга “ажун”, “қиёмат куни” – “көнилик куни” каби сўз ва иборалар ишлатилади.
Барча динлар, диний, фалсафий таълимотларда “вужуд” ва “руҳ” тушунчалари муҳим аҳамиятга эга. Бу англамлар Исломдан олдин ҳам ўз дин, инончларига эга бўлган, шунингдек, маълум даврларда монийлик, буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик каби дин ва таълимотлар таъсирида бўлган туркий халқлар учун ҳам бегона эмас эди. Ўрта асрларда монийлик, буддавийликка оид кўпгина манбалар қадимги турк тилига таржима қилинган ва шулар асосида қадимги туркийда ҳам диний-фалсафий атамалар шакллана бошлаган эди. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари ана шу заминда пайдо бўлди ва шу боис адиб учун арабча “вужуд” ёки “руҳ” сўзларини эмас, балки шу англамдаги туркий сўзларни қўллаш табиийроқ эди. “Вужуд” маъносида асарда адиб ҳамма ўринларда – “этөз” атамасини қўллайди. “Эт” ва “өз” (“ўз”) сўзлари қўшиб ясалган бу атама – “тана”, “вужуд”, “жисм” маъноларини билдиради ва у бошқа баъзи қадимги туркий ёдгорликларда ҳам учрайди. Юсуф Хос Ҳожиб “тана”, “жасад” маъноларида баъзан “кэлбат” сўзини ҳам қўллайди. “Руҳ” маъносида эса асарда ҳамма ўринларда – “жан”, “нафс” маъносида – “боғуз” сўзлари келган (форсча “жон” сўзи турк тилларига диний-фалсафий атама сифатида олдинроқ ўзлашган):
“Этөз үлги барча боғуздын кирүр
Бу жан үлги чын сөз қулақдин кирүр”, –
Маъноси: “Вужуднинг ҳиссаси бўғиздан киради, жон (руҳ)нинг ҳиссаси чин сўз бўлиб, қулоқдан киради” (ҚБ. Т.: “Фан”.1971.200-бет).
Шунингдек, “Қутадғу билиг”да Қуръон оятлари маъноси сингдирилган байтлар ҳам бор. Алқисса, Аллоҳ исмини тилга олмасдан, уни Яратган, Тангри деб ўзига яқин ўз она тилида атаб ҳам имон эгаси бўлиш мумкин экан.
Афсуски, ўрта асрларда шакллана бошлаган бу адабий, фалсафий-диний туркий тил кейинги даврларда ривожлантирилмади, чин туркий атамалар ўрнини арабий, форсий истилоҳлар эгаллади ва оқибатда минглаб сўзлар ўлимга маҳкум этилди. Афсуски, бу иллат ҳозир ҳам давом этмоқда.
Абдувоҳид Ҳайит