O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Oxus Gold компанияси Ўзбекистон ҳукуматини судга берди

Британиянинг Oxus Gold олтин ишлаб чиқариш компанияси Халқаро арбитраж маҳкамасига “Амантайтау Голдфилдс” қўшма корхонаси ва Ҳандиза конлари учун қўйилган инвестициялари борасида Ўзбекистон ҳукуматини маҳкамага тортган.

Oxus Gold компанияси Ўзбекистон ҳукуматини судга берди
25 views
24 September 2012 - 12:01

Британиянинг Oxus Gold олтин ишлаб чиқариш компанияси Халқаро арбитраж маҳкамасига “Амантайтау Голдфилдс” қўшма корхонаси ва Ҳандиза конлари учун қўйилган инвестициялари борасида Ўзбекистон ҳукуматини маҳкамага тортган.

Ўзбекистон ҳукумати билан Амантайтау Голдфилдс қўшма корхонаси ташкил этган Британ ширкати бу борада баёнот эълон қилган, бу баёнотда қўшма корхона юзасидан келиб чиққан можарони ўзбекистонлик шериклари билан тинч йўлда ҳал этиш уринишлари муваффақиятсизликка учрагани боис ушбу чорага қўл уришга қарор қилинган.

Ширкат мурожаатида айтилишича, ариза билан бир қаторда 24 ноябр 1993 йил тузилган икки томонлама шартнома қонунларининг Ўзбекистон томонидан бузилиши оқибатида Oxusга етказилган зарар миқдори тўғрисида ҳисобот ва экспертлар хулосаси ҳам тақдим этилган.

Oxus ва Ўзбек ҳукумати ўртасидаги келишмовчилик компанияда ўтказилган текширишлар чоғида Британия ширкати иқтисодий қонунбузарликда айблангач пайдо бўлган эди.

Oxus Goldнинг Ўзбекистон ҳукуматига муаммони ҳал қилишни сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолгач, ширкат ўз фаолиятини тўхтатган ва текширув натижалари тўғрисида шикоят қилишини маълум қилган.

Ширкатга кўра, Ўзбекистон томонидан етказилган зарар қариийб 400 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Дунёда энг катта олтин заҳиралари жойлашган Қизилқум чўлларида иш олиб борган Британиянинг ширкати бир неча бор ўзига етказилган зарарни қоплашни сўраб илгари ҳам маҳкамага мурожаат этган эди.

Oxus Gold га кўра, Ўзбек ҳукумати ўзларига ҳамда ширкат тасарруфидагиларга адолатсиз, нотенг ва таҳқирловчи муомала қилган, Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги битимни бузган ҳолатда ширкатга тўла ҳимоя ва хавфсизлик таъминламаган.

Oxus Gold маълум қилишича, 2011 йил 21 июл куни Англия Олий маҳкамасига Ўзбекистон Молия вазирлигидан даъво аризаси келиб тушган, бунда Ўзбекистон тарафи Oxus ширкатидан 10 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Ширкат бу билан Ўзбек томони маҳкамани компания манфаатлари ёқланишидан чалғитиш эканини айтган.

Шунга қарамасдан, ширкат ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этишини билдирган.

http://tiny.cc/ib24kw