АҚШ-Ўзбекистон алоқалари жадаллашар экан, ўзбек мухолифати бу ҳамкорликнинг оқибатларидан норози. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати назарида, умри тугаб бораётган Ислом Каримов диктатураси билан орани мустаҳкамлаётган Ғарб келажакда минтақада ўз манфаатларини ҳимоя қилишда муаммога дуч келиши мумкин.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аъзолари фикрича, Каримов билан ҳамкорлик, бир томонлама ёндошув, Ғарбнинг минтақадаги манфаатларини йўққа чиқариши мумкин.
“Диктатуралар қулаяпти, Каримов режимидан кейин бир фуқаровий жамият ўртага чиқади. Демак АҚШ ҳам, бошқа давлатлар ҳам шуни ҳисобга олиши керак. Фақат Каримов билан бугун апоқ-чапоқ бўлиб, АҚШ қисқа даврдаги манфаатларга асосланмоқда”, – дейди ҳаракат фаолларидан бири Намоз Нормўмин.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Вашингтонни Ўзбекистон билан муносабат юритишда кенг кўламли ҳамкорликка, жумладан мухолифат билан ҳамда инсон ҳуқуқларига оид вазият бўйича мулоқотни йўлга қўйишга чақираяпти.
“АҚШда диктатура режимлари билан ҳамкорликда муайян тажриба бор. Бу тажрибалардан шу нарса кўринадики, режимлар ўзгаргандан кейин ўша халқларда бир манфий таассурот қолади. Биз шундай таассурот қолишини истамаймиз”, – дейди Намоз Нормўмин.
“Бугун Каримов режими билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мажбурияти бор экан, айни пайтда мухолиф ҳаракатлар ҳам, инсон ҳуқуқлари ҳаракатлари ҳам унутилмаслиги, уларга жиддий эътибор берилиши, келажакни назарда тутиб сиёсат юритилиши керак”.[soundcloud id=’57419644′]