(Сиёсий ҳанда)
Бозорларда тижоратчиларга жойларни давлат сотибди. Озроқ вақт ўтгач, ҳаммадан жойларни тортиб олиб, бир оз таъмирлаб, яна сотибди. Халқ индамай қайтадан сотиб олибди.
Вақт ўтиб, яна тортиб олиб, дўкончалар қуриб, янгидан сотишни эълон қилибди. Баъзилар “сотиб олмайлик ўзимизни жойлар эди, талаб қилсак қайтариб беради”, дебди. Лекин бошқалари бўлса “савдо қилишга қулайроқ жойни тезроқ олиб олиш керак” деб, ҳеч кимга билдирмай, тезда қайтадан пул тўлашни бошлабди. Бу ҳақда миш-мишлар эшитила бошлагач, “пул тўламайлик қайтадан” деганлар ҳам сотиб олишни бошлабди. Шундай қилиб, дўконлар тўлиб савдо бошланибди. Бозорларни бошқарганларни эса ҳовли-жойлари замонавий бўлиб қад кўтарибди.
Сўнг яна кўпроқ халқдан пул шилиш учун, бозорга киришда пул тўлаб кирадиган қилишни жорий қилибди. Эшик олдига соқчи қўйилиб, кирувчилардан пул ундира бошлабди.
Бош бўлганлар халқни норози бўлишидан ҳадиксираб, эшик олдидаги соқчидан: “Нима гаплар, халқ нималар деяпти, норозиликлар борми?” деб сўрашибди.
Соқчилар, “Йўқ, ҳаммаси жойида, ҳеч ким шикоят қилмаяпти. Миқ этмай тўлашяпти” дебди.
Шунда бошқарувчи, “Унда бозорга киришда ҳам, бозордан чиқишда ҳам пуллик қилиб қўямиз” дебди.
Янги қарор эълон қилиб, дарвоза олдига осиб қўйилибди. Халқ яна жим…
Бозорга киришда алоҳида, чиқишда алоҳида тўловларни тўлаб, савдосини қилаверибди. Халқ сукутда ва сабрда…
Шунда бошлиқ яна бозор соқчисини чақириб, “ҳаммаси жойидами, ҳеч ким норози эмасми?” деб сўрабди.
Соқчи “ҳаммаси жойида, халқ индамай киришга ҳам, чиқишга ҳам алоҳида-алоҳида пул тўлашяпти” дебди.
Қориндор бошлиқ қотиб кулибди ва “Энди янги қарор, дарвозадан чиқаётганда сотувчиларни орқасига бир тепки тепилади” деб, янги қарор чиқарибди. Янги “тепки ҳақидаги” қарор эълон қилиниб, амал қилиш бошланибди. Бозордан чиқаётган халқни орқасига соқчи бир тепки тепар эмиш, халқ бўлса бозордан чиқаверишда навбат кутиб, тепки еб, пулни тўлаб кейин кўчага чиқиб, уйига кетар экан…
Орадан 5 кун ўтгач, яна бошлиқлар хавотир қилишибди, халқ норози бўлиб кўтарилиб кетмасин. Бир халқни тўплаб, “қийинчиликлар йўқми?” деб сўрайликчи дебди. Халқ тўпланибди. Бошлиқ чиқиб, “Эй аҳоли, эй тижоратчилар! Бозоримизда барча қулайликлар яратилганми? Яна нималар қилиб берайлик? Муаммолар йўқми?” деб сўрабди.
Халқ ЖИМ-ЖИТ, миқ этмай, “ҳаммаси жойида, қулайликлар етарли, савдо қилиб юрибмиз, давлатимизга, Президентимизга ташаккур!” дейишибди. Қоринбой бошлиқ тиржайиб халқ устидан кулиб турган экан, орқароқда бир қўл кўтарган йигитга кўзи тушибди. Юзидаги жилмайиш, қўрқув аралаш ғазабга айланибди. Ва хавотир ва дўқ охангида “хўш, нима саволингиз, нима талабингиз бор?” дебди қориндор бошлиқ.
“Ман, ман талабим йўқ. Таклифим бор эди” дебди титроқ овозда бояги йигит.
Энди дадилроқ овозда “Гапирингчи, бир эшитайлик”, дебди қориндор бошлиқ йигитга ўқрайган кўзларини тўғрилаб.
Шунда йигитча оғиз жуфтлаб “Таклифим, бозордан чиқишда узун навбатда кутиб қолаяпмиз, шунга илтимос, тепки берувчи соқчиларни кўпайтириб қўйсангиз” дебди…
Исахон