O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

OzodDayjest: Ўзбекистонлик иқтисодчи халқнинг сабр косаси тўлса, қўзғолон кўтариши мумкинлигидан огоҳлантирди

OzodDayjest: Ўзбекистонлик иқтисодчи халқнинг сабр косаси тўлса, қўзғолон кўтариши мумкинлигидан огоҳлантирди
153 views
27 September 2019 - 11:59

“Озодлик радиоси”нинг хабар беришича, Таниқли иқтисодчи Ўзбекистонда давлат идоралари фақат Artel ширкати манфаатлари учун ишлаётганинига эътибор қаратди. Қамаши туманидаги қишлоқ бир ойдан бери қамалда қолаяпти. Икки чақалоқни ўлдирган аёл шайтон амри билан иш тутганини иддао қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Иқтисодий ривожланиш маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда сўнгги бир йилда қабул қилинган лойиҳалар ва норматив ҳужжатлар ҳақида танқидий фикрларини билдирди (www.sof.uz, 23 сентябрь). Қайд этилишича, қабул қилинаётган лойиҳалар ва норматив ҳужжатларнинг аксари рақобатни синдириш, амалдорлар ҳукмдорлигини кучайтириш ҳамда алоҳида компаниялар учун имтиёзлар яратишга қаратилган.

“Эътиборга сазовор ери шундаки, бу каби норматив актлар узра ҳаммага таниш бўлган улкан компания – Artel ва унинг сателлитларининг “қулоқлари чиқиб турибди”. Гўё бизнинг барча вазирликлар ва маҳкамаларимиз фақат шу компаниянинг манфаатлари учун ишлаётгандек ҳис вужудни эгаллаб олган. Ва бу ишларнинг барини ИСЛОҲОТЛАР деб аташдан уялишмаяпти”, деб ёзади Ю.Юсупов.

Иқтисодий таҳлилчи расмийларни халқнинг сабр косаси тўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради. “Саъй-ҳаракатларингиз билан бир кун келиб одамларнинг сабр косасини тўлдиришингиз ва бунинг натижаси ўлароқ халқ қўзғолон кўтариши мумкинлигини наҳотки тушунмасангиз?” деб ёзади у.

Қашқадарёдаги қишлоқ бир ойдан буён қамалда қолмоқда

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қўшкапа қишлоғи бир ойдан буён қамалда қолмоқда (“Даракчи”, 26 сентябрь). Гап шундаки, қишлоқни қўшни ҳудуд билан боғловчи кўприк зовур суви йўналишини ўзгартиргани сабаб хавфли ҳолатга келиб қолган. Оқибатда аҳоли, хусусан, мактаб ўқувчилари кўприкдан ўта олмаётир. Энг ёмони, тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳам қишлоққа киришга қийналмоқда. Айланма йўлдан келиш учун эса қўшимча 10 километр босиб ўтишга тўғри келади. Авария ҳолатидаги кўприк сабаб ҳомиладор аёлларнинг уйида туғиши ҳолатлари ҳам кузатилган.

Икки чақалоқни деразадан улоқтирган аёл қотилликка қўл ургани сабабини очиқлади

Наманган туманидаги туғруқ мажмуасининг иккинчи қавати деразасидан икки чақалоқни улоқтирган аёл шайтон амри билан шундай иш тутганини маълум қилди (www.daryo.uz, 23 cентябрь). 9 сентябрь куни содир этилган жиноят мамлакатни ларзага солган эди. Бош прокуратура 23 ёшли Д.Х. қиз фарзанди нуқсонли туғилганидан аччиқланиб, уни ҳамда ёнидаги яна бир чақалоқни деразадан улоқтиргани ҳақида хабар берган эди. Туғруқхонанинг олий тоифали неонатологи Муҳаббат Эгамовага кўра эса, чақалоқда кўзга ташланарли оёқ нуқсони бўлмаган.

Repost нашрини ёзишича, айни пайтда ҳибсда бўлган Д.Х. ўз онасига бу ишни шайтоннинг буйруғи билан қилгани, энди эса иблис ўз жонига қасд қилишга ундаётганини айтган.

Маълум бўлишича, қотилликда айбланаётган Д.Х.нинг биринчи ҳомиласи тушиб қолган. Иккинчи фарзандини 37 ҳафталигида операция йўли билан дунёга келтирган, аммо у ногирон туғилган.

Прокуратура ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Д.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) ҳамда туғруқ мажмуаси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-қисми (одамлар ўлимига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатган.

Манба: ozodlik.org