O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ozodlik Sari: Бечора Юсуф Жума…

Одамлар ичида қизиқ бир тоифа бор: улар ёлғоннинг рад этиш қийин бўлган ёки рад этиб бўлмайдиган туридан фойдаланадилар. Айниқса айрим сиёсатчилар! Баъзи содда одамлар агар бирор гапнинг ёлғон эканлигини исботлаб бўлмаса, бундай гапни рост деб гумон қила бошлайдилар ёки рост деб ишона бошлайдилар.

Ozodlik Sari: Бечора Юсуф Жума…
157 views
04 January 2012 - 6:52

Бечора Юсуф Жума…
Агар ҳозир хотирам мени адаштирмаётган бўлса, бир пайтлар Абдулла Ориповнинг мақтовига сазовор бўлган Юсуф Жума…
Дадахон Хасанни мақташ учун, бу ҳофизимизнинг “доҳий”лигини таъкидлаш учун Муҳаммад Солиҳга ташланиш шарт эмаслигига фаросати етмаган Юсуф Жума!
Халқни уйғотиш учун қарғаниш, сўкиниш ШАРТ ЭМАСЛИГИГА, шеър ёки қўшиқ айтиш эса мутлақо ЕТАРЛИ ЭМАСЛИГИГА ақли етмаган Юсуф Жума!

Мақола шундай ёзилганки, Дадахон Хасаннинг 70 ёшини нишонламаган, ҳофизимизни бу муборак ёши билан табрикламаган одам гўёки ҳофизнинг душмани! Дадахон Хасаннинг минглаб, балки ўн минглаб мухлислари бўлиши мумкин, уларнинг ичида қанчаси ҳофизнинг туғилган кунини билар экан-а? Ҳофизнинг қўшиқларини севиб эшитиш учун, унинг туғилган кунини билиш шарт эмас! Дадахон Хасаннинг қўшиқлари Ўзбекистонда азалдан таъқиқланган бўлгани боис, шахсан мен унинг қўшиқларини Озодлик радиосидан эшитганман. Шеъриятнинг, қўшиқчиликнинг сиёсатга алоқадор жойлари бор, албатта. Лекин жуда катта, кескин фарқлари ҳам бор ахир!

Ҳамма хато қилади, ҳеч ким фаришта эмас, лекин кимдир атайин, билиб туриб хато қилади, бундай хатони хиёнат деб аташ тўғрироқдир; бошқа биров эса билмасдан, тажрибасизлик қилиб хато қилади. Дадахон Хасан майдонга сиёсатчи сифатида эмас, балки сиёсий қўшиқчи сифатида келган, кўпроқ рус босқинчилигига қарши қўшиқчи сифатида танилган эди менимча. Агар биз Дадахон Хасанни сиёсатчи деб фараз қилиб кузатадиган бўлсак, у хато қилди – мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Шерали Жўраев каби Каримовга яқинлашди, ўша пайтларда ҳофизимиз бундан қандай мақсадни кўзлаган эди – бу фақат Аллоҳга аён энди. Ҳатто Каримов билан бирга Макка зиёратига ҳам бориб келган эди…

Юсуф Жума мақоласида ушбу сатрлар ҳам бор:
“Хўш Дадахон Ҳасан ким?!
Баҳор кунларининг бирида болаларим билан айвонда Дадахон Ҳасан қўшиқларини тинглай бошладик. Уйимиз атрофи боғ, боғда булбуллар сайрарди. Дадахон Ҳасан озози янгради. “Оллоҳу акбар, эй санам, ҳуснинга ҳайрон ўлмишам”. Булбуллар айвон олдидаги толларга келдилар. Толларда тизилишган булбуллар Дадахон Ҳасанга жўр бўлиб сайрай бошладилар.

Дадахон Ҳасан касcетасини олиб бошқа бир машҳур ҳофизлар қўшиқларини қўйдик.
Бошқа машҳур ҳофизлар куйлаётганда булбуллар тарқалишиб кетдилар. Дадахон Ҳасан қайта куйлай бошлагач булбуллар толларга тизилдилар. Худонинг қудратига ҳайрон қолмай илож йўқ. Дадахон Ҳасан билан булбуллар ўртасида бир илоҳий яқинлик бор.”

Юсуф Жуманинг бу сатрларини қандай тушуниш керак? Бу сатрлар бадиийми ёки бўлган воқеами? Агар бу парча бадиий бўлса, демак, Юсуф Жума жаноблари Дадахон хасанни илоҳийлаштиришга уринмоқда! Борди-ю бўлган воқеа бўлса, биз исбот талаб қилишга ҳақлимиз!

Одамлар ичида қизиқ бир тоифа бор: улар ёлғоннинг рад этиш қийин бўлган ёки рад этиб бўлмайдиган туридан фойдаланадилар. Айниқса айрим сиёсатчилар! Баъзи содда одамлар агар бирор гапнинг ёлғон эканлигини исботлаб бўлмаса, бундай гапни рост деб гумон қила бошлайдилар ёки рост деб ишона бошлайдилар. Юсуф Жуманинг юқоридаги сатрлари ҳам шундай тоифага мансуб сатрлар бўлса керак-да!
Физика деган бир фан бор. Агар бирор олим физикада тажриба йўли билан бирор кашфиёт қилса (яъни унга қадар ҳеч ким кузатмаган табиат ходисасини кўриб қолса ёки аниқласа), буни аввал бошқаларга эълон қилади, бошқалар эса буни дарҳол тан олмайдилар, текшириб кўрадилар, айни шароитларда ўша олимнинг кашфиётини такрор кузатиб, ишонч хосил қилганларидан кейингина эътироф этадилар!

Дадахон Хасан ва булбуллар орасидаги Юсуф Жума келтирган сатрлардаги ходисани ҳам такрор кузатишга ҳаракат қилиб кўриш керак! Ким билсин, балки Юсуф Жума катта бир кашфиёт қилгандир ёки шунчаки вайсаётгандир!

Ozodlik Sari