O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Паҳлавон Содиқ: “БУ ДУНЁГА ҒАРИБ КЕЛГАН ШОИРИМ”

Паҳлавон Содиқ: “БУ ДУНЁГА ҒАРИБ КЕЛГАН ШОИРИМ”
21,311 views
14 December 2022 - 11:53

Зариф дўстимизнинг вафотидан бир ҳафта ўтди. Кўз ёшлар тўхтамаяпти. Яхши суҳбатдош эди. Суҳбатга тўймасди, унинг ҳам суҳбатига тўйилмасди. Талабаликдан дўст ва хонадош бўлсак ҳам узоқ йиллар менда ўз ичига беркинган одамдек таассурот қолдирган. Аммо яқинларда ҳар он содир бўлиши мумкин бўлган машъум хабарни ўйлаганимда Зариф ўзинингмас, бизнинг ичимизга беркинган одам, деган хулосага келгандим. Тириклик ташвишлари билан кўпинча уни кўрмадик, аммо кўрган ва суҳбатидан баҳраманд бўлган онларимизни энди бир умр эслаймиз. Бу хулосамнинг тўғрилигини Зарифнинг ўзи ўрталиқларда йўқ пайти, кўринмай қолган кезларда Фэйсбукда унга талпинган дўстлар, ҳамфикр, ҳаммаслак инсонларнинг камаймагани, кўпайгани ҳам тасдиқлайди. Бу инсонларнинг орасида Зарифни аввал умуман танимаган, билмаган, биздан бир-икки авлод катта ва кичик авлод вакиллари ҳам бор эди.
Бирон марта бирон баҳонада суҳбатни ташлаб кетганини эслолмайман. Шу йил июлида Туркияга боргандим. Зариф Сурхондарёда муолажа олаётган эди. Қайтгандан кейин телефонда ҳол-аҳвол сўрашни ният қилгандим. Суҳбатга мавзу бўлсин деб атайин Кўнёга бордим. Зариф билан бундан 30 йиллар аввал зиёрат қилган Мавлоно Румий мақбарасини зиёрат қилдим ва китоб дўконларини айланиб талабаликдан орзу қилганимиз “Девони кабир” куллиётини сотиб олдим. Келибоқ телефон қилдим. Видео орқали гаплашдик. Суҳбат Румийдан бошланиб Румийда тугади. Зариф ўзининг аҳволидан сўрашга фурсат бергани йўқ. Ваҳоланки, давомли муолажа олаётган, оғриқ ичида ётганини билардим. Суҳбат охирида аввал овозим титради, кейин йиғи келди. Шундан кейин бошқа телефон қилишга юрагим дош бермади, тўғриси. Ундан кейин Ўзбекистонга сафар қисқа бўлди, Сурхонга етиб боролмадим. Укаси Шарифжон билан хабарлашдик. Янги йилгача кўришишни ният қилгандим. Аллоҳнинг қадари.
Ичимизда аралашиб, ҳатто олдинги сафларда юргани билан бу дунёнинг одамига ўхшамасди. Ўта замонавий эди, аммо муомала, одоб ва зеҳнда Румийнинг замонидан келиб қолган одамдек таассурот қолдирарди. Бироз олдинга эгилиб ва бошини қуйи солиб юриши бу таассуротни янада кучайтирарди. Талабаликда ярим тунгача суҳбат қуриб, эрталаб кўзимни очганимда Зариф қандай чордона қуриб, қўлини иягига тираганча китоб ўқиб ўтирган бўлса, тонггача шу алфозда ўтирганини кўп кўрганман. Китобни худди ибодат қилаётгандай ўқирди, назаримда. Қанчалик таъсирланган бўлмасин, то ўқиётган нарсаси ҳақида сўрамагунча ўзи ҳеч қачон биринчи бўлиб сўз очмасди. Кўпчилигимиздан фарқли мумтоз адабиётни аслиятда ўқиган, талабалигидаёқ биз номини ҳам эшитмаган Муҳаммад Иқболнинг “Пайғоми Машриқ” ини ўзбекчага ўгирганди. Ғарб шеъриятидан, Ҳалил Жиброндан нодир таржималари бор эди. Таржималари бутунлай бошқа шеърдай жарангларди, уларга назиралар ёзарди. Пушкиннинг “Қуръонга тақлид”ини таржима қилиб, “Тақлидга тақлид” ёзгани эсимда. Нафақат сўзга, ўзига ва бошқаларга ҳам зариф эди. Умрининг поёнида яхши дўстлар унинг ёзган шеърлари ва таржималарини китоб қилди, дард қанчалик оғир бўлмасин, ўзидан “касаллик тарихи”ни эмас, гўзал шеърлари жамланган китобни қолдирди. Одамнинг фитрати шунақа – ўтганлар ҳақида худди ўзимиз дунёдан тирик чиқадигандай ёзамиз. Аммо албаттаки ундай эмас. “Менинг бу дунёга ғариб келган Шоирим, Йўлинг очиқ бўлсин!” дейди турк шоири Ўрхон Вали. Ўрхон Валидан сал узунроқ умр кўрган дўстим билан видолашиш учун дуонинг ёнида бундан бошқа сўз тополмадим. Дунёда ғариб қолган дўстларингдан рози бўл, Шоирим.

Манба: Facebook.com