Мурод ЧОВУШ
“Уйингда кана тарқагани ҳақида ёзиш энг беадабликдир” деб ёзади Кафка.
Бу матнни тўғридан-тўғри тушуниш керак эмас.
Одатда, ўзбек ўқувчиси буни тўғридан-тўғри қабул қилади, ёмон , нохуш, ёқимсиз нарсалар ҳақида ҳам ёзиш керак эмас деб қабул қилади.
Матнда эстетика ҳақида гап кетмоқда.
Ислом маданиятида эстетика ҳақдаги энг кучли ривоятдан биттаси Жинлар базмидир. Қаҳрамон тунда бир базмга бориб қолади. Дастурхондаги неъматлардан тановул қилади, ухлаб қолади. Тонгда уйғонади. Қараса қўлида, молнинг таппилари, оғзида ҳам.
Инсон руҳий меҳнат қилса, бизга зўр деб туюлган кўп адабий маҳсулотлар “базм”да дастурхонга тортилган “неъмат”лигини кўрамиз.
Билмайман, қайси асрда нимадир дарз кетди-да, биз ҳамма нарсани тўғридан-тўғри қабул қилaбошладик.
Шарқшунослик институтининг бир тадқиқотчиси айтади, ислом судларида тарафлар қозига ривоятлар айтишган. Бу ривоятда бутун фактлар жамланган. Қайси тарафнинг ривояти тош босса, ўша томон ютган.
Агар биз, буни тўғридан-тўғри қабул қилиб, тушунишга ҳаракат қилсак, бу жуда жўн ва инфантил туюлади. Худди “жинлар базми” каби.
Муҳаммад Солиҳ “Императив” китобида француз шоирлари ҳақда мушоҳада қилиб келади-да, орада “Эстетик борлиқ” деган ибора ярқираб чиқиб қолади.
Ўзбек адабиётшунослигида ҳали бу ибора қўлланилмаган. Кўзим тушмаган.
Ёки “борлиқ” ибораси. Адабиётшунослик ҳам иллюзияларни кўпайтириш билан шуғулланади назаримда.
Муҳаммад Солиҳнинг “Қудуқдаги ой”, “Валфажр” китобларида реаллик уни қизиқтиради. Шоирнинг вазифаси ҳар қандай иллюзиялардан холи бўлиб, ҳақиқий ялангликка чиқиш: қонуний борлиққа чиқиш – расио. Ҳақиқатни кўриш. Аввало, шоир ўзи ҳақда ҳақиқатни билишни истайди. Шоирликнинг ҳам вазифаси аслида шу.
Аксинча, иллюзия яратмаслик. Шунинг учун ҳам ўзбек адабиётшунослиги, шоирнинг ғалати шеърларини қабул қилишга қийналади. Нафақат шеърларини ўзини ҳам.
Қабул қилишга қўрқади.
Бу ҳақда кейин.
Муҳаммад Солиҳ ўзбек адабиётига қаҳрамонни қайтарди.
Қаҳрамон 20-асрнинг модернистик адабиётида бўй-бастини кўрсатган гоҳида зимдан кўринган. Жаҳон адабиёти тарихи қаҳрамоннинг саргузашти билан изоҳланади. Қаҳрамонни фақат қаҳрамоннинг ўзи, масалан, 200 йил ёки 1000 минг йилдан кейин ҳам танийди. Шакл жиҳатдан ёки маъно жиҳатдан ўзига ўхшамаса ҳам.
20-аср адабиётида Қаҳрамон атрофида кечаётган ҳаётни кузатди. Бу эса кейинроқ – ижтимоий ҳаётга кўзни қаратишга муккасидан кетиш адабиёт тарихида абсурд мавзусини келтирди.
Муҳаммад Солиҳ “Бугун ҳам камина бу фикрда собитман. Шарқ шеърияти ўзининг энг юксак чўққиларида асоциалдир, ғайриижтимоийдир”, деб ёзади. (“Императив”203-бет)
Шарқ шеъриятининг ғайриижтимоийлиги худди альпинистни тоғ машғул қилгани каби, альпинист учун тоғдан бошқа реаллик йўқ каби эди.
20-асрда абсурд мавзусининг пайдо бўлиши ижтимоийлик қаҳрамонни домига тортиб қўйгани билан изоҳланар эҳтимол.
Нигилизм қаҳрамоннинг душмани. У антиқаҳрамон яратади.
20 ва 21-асрда Ўзбек адабиётида биз севиб ўқийдиган кўп машҳур қаҳрамонлар аслида антиқаҳрамон. У нигилизмнинг илдизидан ўсиб чиққан: сенинг, масалан, бахтсизлигингга бошқалар айбдор ва хоказо.
Аҳмад Яссавий: “Ҳамма буғдой, ман сомон. Ҳамма яхши, ман ёмон” деб ёзганида нигилизмдан қутулиб, Қаҳрамон ҳаракатга келиши учун номаълум бир метафик операцияни амалга оширмоқчи.
Мутлақ ҳурриятга эришиб бўлмайди. Ҳурриятга эришиш мумкин. Мутлақ ҳурриятнинг чеки йўқ. Альпинист бир чўққини забт қилса, кейинги яна бир катта чўққи олдидан чиқади. У бу ердан пастдаги ҳаётни кузатаман деса, кўзи тиниб қулайди. Балки шунинг учун ҳамдир, шарқ шеърияти ғайриижтимоийликни маъқул кўрган.
Китоб муаллифи “Ҳақиқий шоирлар (санъаткорлар) ҳамиша ёлғиздирлар” (“Императив”, 204-бет) деб ёзади. Бу ерда муаллиф одамлардан узоқлаб, бир оролда яшаш ҳақида айтмаяпти. Қаҳрамоннинг сифати шундаки, унинг суянадиган нарсаси йўқ. Худди альпинистнинг суянадиган нарсаси йўқ каби. У фақат улкан тошга ёпишади.
20-аср адабиётшунослари санъаткорнинг олий миссияси мавжуд бўлиш деб ёзишади. Умуман одамнинг миссияси бор бўлиш, уникаллигини кашф этиш: сен фақат бир марта бу дунёда яшайсан, сенга сенгача ва сендан кейин ҳеч ким ўхшамайди.
Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китоби ёш шоирларнинг “Излам” тўплами учун тақриздай туюлади. Шоир ғарб шоирлари По, Бодлер, Малларме, Валери ҳақида ёзар экан, ижод устахонасидаги жараённинг кечишини тасвирлайди. Ана шу жараён “Излам” даги шоирлар учун дарс бўлиши шубҳасиз. Ёки “Императив” ракурсидан “Излам” тўпламидаги шеърларга қаралганда бу шеърлар мавжудсизлик тарғибига ўхшайди.
Масалан, диктатура, авторитар тизимлар мавжудсизликни тарғиб қилади. Улар учун ўтмиш ва келажак бор. Худди ўлимтикдан озиқланган каби ўтмишни ёки келажакни идеаллаштиради. Лекин мутлақо ўзининг ҳолига қарамайди, баҳо бермайди. Хулоса қилмайди.
Шоир “Императив”да ёзганидек, вертикал ҳолат пайдо қилмайди.
Жуда қизиқ, сен сиёсий ёки ижтимоий тизимда кечаётган манзарани “Излам” тўплами орқали ҳам кўрасан.
Адабиётда ҳам айни: авторитар ёки диктатор муаллиф-қаҳрамоннинг юзага чиқишига йўл қўймайди.
Буни энди бутун жамият мисолида кўринг.
(давоми бор)