O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҚОДИРИЙ ҚИДИРГАН КИТОБ

ҚОДИРИЙ ҚИДИРГАН КИТОБ
13,622 views
18 July 2024 - 22:30

“Олтин Бешик афсонаси”

Набижон Боқийнинг бу асари “TRUST AND SUPPORT” нашриётида 2023 йилда минг нусхада нашр қилинган. Ҳажман катта асар – беш юз саҳифадан кўпроқ. Ниҳоят, уни ўқидим.

Ҳар бир асарнинг қалби бўлади.

Қуръони каримнинг қалби – Ёсин сураси.

“Ўткан кунлар” романининг қалби эса Юсуфбек Ҳожининг ўғли Отабекка айтган қуйидаги аламли сўзлари ҳисобланади:
“Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди.

Биз шу ҳолда кетадирған, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланған биз итлар Яратғувчининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғонлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта Тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болаларни ятим, хоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..” (Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар, “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти, Т., 2007 й., Б. 294.)

Набижон Боқий асаридан олинган қуйидаги парчани ҳам мазкур асар қалби деса арзийди. Бу мулоҳазалар темурийларнинг заволи, шайбонийлар тожу тахт, яъни ҳокимиятни эгаллаши муносабати билан билдирилган:
“Мамлакат катта омборхона бўлса, унга тўқ ўғрилар қоровуллик қиларди, энди оч ўғрилар қоровул бўлиб қолса, нима бўлади?
-Албатта яхши бўлмайди. Аммо анави баттаринлар давридан баттар бўлмас..
-Қутурган итларнинг қон қусмоғи аниқ эди, интиқом муқаррар эди. Фақат бир нарсага ҳайронман: шу нарсани била туриб, мамлакат-мулкни нега жар ёқасига келтирдилар? Ахир ўзларига ҳам, тарафдорларига ҳам омонлик бўлмаслиги кундай равшан эди-ку!
-Ака, бир гап айтаймми?
-Айт.
-Мен чоғирпараст кўп одамларни кўрдим. Улар хурмачасига сиққунча ичса майли, лекин бурнидан чиққунча ичаверади. Охири қайт қилади. Қайт қилганидан кейин ҳам ором топмайди, кейин беш бармоғини оғзига тиқиб, яна қайт қилади; шу денг, қон қусгунча қайт қилаверади. Нима зарур экан дейман, ёқамни ушлайман. Бечораларга раҳмим келади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, яна ичкиликбозлик қилиб ўтирганини кўриб, баттар бўлмайсанми, менга деса, қон қусиб ўлмайсанми деб тескари қараб кетаман. Мамлакатдор, мулкдор муртадлар ҳам чоғирпараст кишиларга ўхшайди: қон қусажагини била туриб нафсини тия олмайдилар, кўзани бўшатмагунча зиёфатни тарк этмайдилар” (ўша асар. Б.450-451.).
Бу парчадаги қуйидаги сўзлар юрагимни шафқатсиз ўртади:
“–Мамлакат катта омборхона бўлса, унга тўқ ўғрилар қоровуллик қиларди, энди оч ўғрилар қоровул бўлиб қолса, нима бўлади?
-Албатта яхши бўлмайди” (ўша асар, Б.450.).
Бу шафқатсиз боқий тарихий ҳақиқатдан шундай изтиробга тушдимки, қуйидаги тўртликларни ёздим:
Амаллаб қутулдик тўқ ўғрилардан,
Ва лекин дуч келдик оч ўғриларга.
Қачон раҳбар бериб мард тўғрилардан,
Қачон эл қиларсан мард тўғриларга ?!

Во дариғ, азалдан то ҳали ҳамон,
Тахтнинг тўрт оёғи – халқ гарданида.
Боз устига ҳамон синар беомон
Салтанат таёғи халқ гарданида.

Набижон Боқийнинг асарини ўзига хос зарбулмасал дейиш ҳам мумкин. Адиб ўз баёнларида ҳам, асар қаҳрамонларининг нутқларида ҳам кўплаб мақол ва маталларни келтиради. Бу аср тилининг халқона ва ширали чиқишини таъминлаган. Қолаверса, шоирона руҳ билан йўғрилган.
Қуйидаги баҳор кайфияти билан омухта кўтаринки сатрлар шундан далолат беради:
“-Сизларга бир қучоқ салом келтирдим! – деди Тўражон лолалар орасидан бошини чиқариб.

Барчин шошиб чорпоядан тушиб, шиппакларга туртиниб оёқларини тиқди.
-Кимдан салом келтирдингиз? – деди Нодира тиззаси билан тикланиб.
-Баҳордан, – деди Тўражон. Лолаларни олиш учун қучоқ очиб истиқболига келган Барчинни четлаб ўтиб, хонтахтага гулларни ёйиб юборди. – Баҳордан салом! (Ўша асар. Б. 455.)”.

Менда шундай таассурот пайдо бўлдики, ёзувчи асарнинг бош қаҳрамонларидан бири – Тўражонни ўзидан андоза олиб яратган. Бинобарин, адиб Тўражонни шундай таърифлайди:
“Аслида, Тўражон доим қадамини ўйлаб босар, ўзига мудом ҳисоб бериб яшар эди. У ёмон замоннинг яхши одамига ўхшарди. Ўзи эса яхши замоннинг ёмон одами бўлишни истарди. Афсуски, замонни яхшилаш қўлидан келмасди.
Умуман, жамиятга таъсир этииш имкониятига эга эмасди, фақат жамиятга хизмат қиларди, сидқидилдан ҳалол хизмат қиларди. Ҳаром-хариш ҳукмрон бўлган жамиятга ҳам ҳалол хизмат қилиш мумкинлигини кўриб, одамлар ёқасини ушларди: Тўражон бўлса, ёқасини ушлаб анграйиб турган одамларни кўриб, мийиғида кулиб индамасдан ёнидан ўтиб кетаверарди. Одамларга индамасди-ю, лекин уйига боргач, тун бўйи ўзи билан ўзи олишиб чиқарди. Эрталаб эса тоза виждон билан юмушга отланарди.
Назарида, тунда ёвузликка қарши курашиб, зўр ишни дўндириб қўйгандек бўларди; дўндирмачоқ ўйини рўё эмас, ҳаёт ҳақиқати деб кун бўйи ўзини ўзи ишонтириб юрарди. Хуллас, ожизу нотавон банда эди бояқиш. Бироқ, ҳартугул, ёмон одамга ўхшамасди. Ўқтин-ўқтин жиғилдони ҳам қайнаб турарди, шу болис юрган йўлида сабзи еб юрарди” (Ўша асар. Б. 454.).

Бу асарни ўқиш асносида муаллиф Лутфий, Навоий, Фузулий каби мумтоз шоирларимизнинг машҳур ғазаларидан байтларни ўринли келтирганидан завқландим. Зотан, наср ва назм уйғунлиги ҳар қандай китобхонни завқлантириши шубҳасиз.

Жумладан, асарда мавлоно Лутфийнинг қуйидаги байтлари келтирилган:
Ҳар нечаки ямонлиқ қилур, яхши кўринур,
Нозук кишидин ҳар не қилур, яхши кўринур.
Гулнинг йиғочи остида ўлтурки, қўпар ел,
Гул бошиға гул сочилур, яхши кўринур.

Бу байтларни ўқир эканман, Мавлоно Лутфий девонини анчадан буён қўлга олмаганимдан афсусландим. Бу нодир девонни бир бошдан яна синчиклаб ўқиб чиқишим кераклиги кўнглимдан ўтди.

Муаллиф ўша давр нуқтаи назаридан темурийлар, жумладан Бобур Мирзо тўғрисида асар қаҳрамонлари тилидан салбий фикрларни билдирганидан қатъий назар уларга алоҳида хайриҳоҳ экани зимдан яққол сезилади. Бироқ замон эртанги кунга, истиқболга умид билан қарашни тақозо қилади. Бинобарин, ўз даврида ўлкамиз халқи эндигина ҳокимиятни эгаллаган шайбоний ҳукмронларга умидворлик билан қарагани асарда алоҳида таъкидланган.

“Қодирий қидирган китоб…” албатта тарихий асар. Муаллиф тарихий воқеаларнинг теран билимдони ва таҳлилчиси экани яққол кўзга ташланади. Айни пайтда, у тарихий воқеаларни жуда ҳам равон ва иштиёқ билан баён қилади:
“…Ҳусайн Бойқарога тақдир аввал Султонбегимни рўпара қилади. У Санжар мирзо Марвийнинг қизи эди. Бойқаро шаҳватпараст бўлгани учун ўша хотини билан жимоъ қилишдан ўзини тия олмайди ва баттол хотин унга Шоҳ Замон (Бадиуззамон – муаллиф) исмли ўғил туғиб беради. Аммо бўшанганидан кейин ҳам эрини ранжитаверади, охири Бойқаро унинг талоғини бериб қутулади. Ҳа, гўё ундан қутулдим деб ўйлайди. Аммо ёмғирдан қочиб, қорга тутилади. Энди Хадичабегимга уйланади. Хадичабегим илгари ғунчачи-қўшмачи бўлган эди, ўз вақтида уни Абусаид Мирзо … ҳатто туғдириб қўяди. Оқбегим отлиғ қиз туғдиради. Хадичабегим қўшмачилик мартабасидан бегимлик мартабасига кўтарилади. Бироқ, бадбин феъл-хўйидан фориғ бўлмайди. Кундошидан бўлган Шоҳ Замонни отасига ёмонлайвериб, охири Шоҳ Замоннинг норасида ўғли Мўмин Мирзони султон амри билан сўйдиради. Темурийлар салтанати ўшанда таназзулга юз тутади”.

Бу парчадаги сўнги гап беихтиёр ҳазрат Навоий башоратини ёдга солиши натижасида кўз олдингизда Навоий тимсоли ҳам гавдаланади.

Набижон Боқийнинг адиблик маҳорати шундаки, у тарих кўзгусида замонни акс эттиради. Ўз қаҳрамонларини жуда кўп замондош адиб ва шоирлар, дўсту қадрдонларининг исмлари билан атайди. Асар қаҳрамонларидан бирининг исми Усмон бўлиб, беихтиёр атоқли шоир Усмон Азимни ёдга солади. Адиб қизларни Моҳларойим, Нодира исмлари билан атайди, бу эса машҳур давлат арбоби ва шоира Нодира бегимни ёдга солади. Набижон Боқий яна бир қаҳрамонини Мурод Дўстмамат деб атайди ва замондош адиб Мурод Муҳаммаддўстни ёдга солади. Бу билан ўзидан катта замондош адибга алоҳида ихлос билан қарашини, унинг ижодини эъзозлашини бавосита эътироф этади.
“Шайбонийнома” достони муаллифи Муҳаммад Солиҳ образи ҳам асарда тасвирланган. Адиб ҳатто мазкур достондан парча келтиради. Айни пайтда Муҳаммад Солиҳ ҳақида сўз юритар экан, кўз олдимизда хоразмлик яна бир таниқли ижодкор, бизга замондош атоқли шоир сиймоси гавдаланади:
“Давримизнинг улуғ шоири Муҳаммад Солиҳ Хоразмдан чиққани учун чўгирмани осмонга отиб, ҳилолнинг ўроққа ўхшаган учига илинтириб қўйса ҳам арзийди. Муҳаммад Солиҳ ҳар куни туғилавермайди. Юз йилда, икки юз йилда, уч юз йилда битта Муҳаммад Солиҳ туғилса, Худога шукур қилиш керак. Агар халқ қиблагоҳини йўқотган бўлса, Муҳаммад Солиҳ қиблагоҳ бўлади; қибласини йўқотган бўлса, у Каъбатуллоҳни кўрсатади; иймонини йўқотган бўлса, у иймонга қайтаради”
(Ўша асар. Б.482-483).

Асарда каминанинг ҳам исми, бобомнинг ҳам исми билан аталадиган қаҳрамонлар борлиги менга ҳам хуш ёқди. Айни пайтда курсдош дўстимиз Рўзимбой исми билан аталадиган хоразмлик қаҳрамон ҳам борки, бу тарихий воқеаларни ғайриоддий равишда замон билан боғлаш учун имконият яратади.

Дарвоқе, асарга ҳазрат Навоийнинг “…бу афсоналарни ясаб бировға боғласалар эшитган киши инона олмағай, балки жаълийдур деб айтқучининг такаллумига қулоқ солмағай” сўзлари эпиграф қилиб келтирилган. Қолаверса, асарнинг номланишида “Олтин Бешик афсонаси” тарзида унинг афсонамонанд эканига ишора қилингани ҳам муаллиф уни яратишда бой ижодий тасаввурига кенг эрк берганидан далолат беради.

Асарнинг қатор жойларида муаллиф тилига ортиқча эрк бериб юборгандек, айрим ҳаётий жиҳатларни ҳаддан ташқари очиқ-ойдин тасвирлагандек таассурот пайдо бўлди.
Бинобарин, ҳаёт – аслида жуда яланғоч. биз одамлар аксарият андиша билан унга турли либослар кийдирамиз. Шу асно адибнинг бундай тасвирларини ҳаётни асил ҳолида ифодалашга уриниш сифатида талқин қилиш мумкин.

Китобда айрим қаҳрамонларга нисбатан бешафқат жазо усуллари қўлланади. Хусусан, хиёнаткор кимсалар ўлимга ҳукм қилинади. Адиб бу билан кўпгина айбу хатоларни кечириш мумкин, бироқ хиёнатни асло кечириб бўлмайди, деб таъкидлагандек таассурот пайдо бўлди.
Набижон Боқий ўз асарига қуйидагича якун ясайди:
“Шундай қилиб, Олтин Бешик афсонаси бошланади.
Мантиқ аралашмаса, идрок аралашмаса, афсона кўкда парвоз этаверади. Тупроққа, заминга, одамлар орасига тушган заҳоти ҳар қандай гўзал афсона булғанади, кўрк-тароватини йўқотади.

Биз Олтин Бешик афсонаси яратилган даврни ўзимизча кўз олдимизга келтириб, “тарихни тирилттириш”га баҳоли қудрат ҳаракат қилдик, холос. Беаёб Парвардигор, дейдилар. Саъй-ҳаракатларимизнинг айбгинаси бўлса, маъзур кўргайлар.

Тақрибан, ўша даврларда Бобур Мирзо умр бўйи авайлаб-асраб юрган кундаликка: “Ҳар кимдан яхши қоида қолғон бўлса, анинг бирла амал қилмоқ керак. Агар ота ямон иш қилғон бўлса, яхши иш била бадал қилмоқ керак” деб қайд этиб қўяди.

Тарихий воқеаларга ҳам, воқеаномаларга ҳам Бобур Мирзодек бағрикенглик билан ёндошмоқ лозим эмасми?

Қолаверса, шоҳона Ёлғондан кўра, фақирона Ҳақиқат минг бора афзал эмасми?

Валлоҳи аълам биссавоб”.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ