O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қуюшқон ва узанги ҳақида

Қуюшқон ва узанги ҳақида
19,195 views
30 June 2024 - 0:05

Бугун Ўзбекистонда журналистлар байрам қилди.
Бу байрам менга ҳам тегишли. 1983 йили Ўзбекистон санъати журналида илк мақолам чоп этилган ва 1994 йилдан то 2021 йилгача электрон ОАВда ишладим.
1999 йили Лондондаги IWPR нашрининг Туркманистондаги мухбири бўлиб ишлаган вақтимда хавфсизлигимни ўйлаб Абдулла Искандар деган тахаллус билан ëза бошладим.
2002 йили Озодлик радиосига ишга келганимда укам Хурмат Бобожон билан адаштиришмасин деб Абдулла Искандар тахаллуси билан эфирга чиқдим.
“Чодирҳаëл” ва “Қурултой” эшиттиришларини кимлардир эсласа керак.
Журналистика маслаги нима ўзи деган саволга жавобни бир хафта олдин Португалиянинг Порте де Мош шахрида от минганимда топгандай бўлдим.
Хабар ва хабарчининг иш тутуми от минганга ўхшайди.
Қуюшқон ва узанги жуда мухим.
Қуюшқон – эгар отнинг боши томонига кетиб қолмасин учун, унинг думи остидан ўтказиб эгарга боғлаб қўйиладиган арқон. Узанги – оёқ қўйиб миниш ва эгарда мувозанат сақлаш мосламаси.
19 йил мобайнида Озодликда ишларканман мувозанатни сақлашни уддалай олдим. Ҳатто қассоблар ҳам 10 йилда касб алмаштиради. Мен 19 йил ишлаб бердим.
2010 йили қирғиз этнофашистлари ўзбекларни ўлдирганини ëритиш қийин бўлди. Шу қадар қийин бўлганидан юрагим ўйнаб касалхонага ҳам тушиб қолдим. Ўшанда мана бу битикни ëзган эканман.
Хабар четидаги битиклар
Хабарчининг вазифаси электр кабелига ўхшаши лозим.
У хабарларни қандай бўлса¸ шундоқ эгасига етказмоғи лозим. Тараф тутмасдан¸ жиддий ва нейтрал бир тарзда.
Бу гапни мен бундан анча йил бурун – 2000 йилнинг 3 майида Тошкентдаги Internews ҳовлисида ўтаëтган матбуот байрамида айтган эдим.
Бугун ҳам шу фикрдаман.
Зўриқиш
Аммо электр кабелига иши тушган одам биладики¸ агар меъëрдан ошиқ қаҳрабо келса¸ ҳар қандай тоза кабел ҳам зўриқади¸ қизийди ва сўнггида эриб оқади.
Сўнгги икки ҳафта ичида Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг шафқатсиз қирилиши ва таҳқирланиши билан боғлиқ хабарлар мендай тобланган хабарчини ҳам зўриқтириб қўйди.
Электр токи ҳаддан ошган пайтда симга зўр келмасин¸ дея счëтчикда предохранител бўлади.
Счëтчик отди¸ ëки счетчик ташаворди¸ дейишади.
Бизнинг ишимизда предохранител вазифасини журналистиканинг умумий тамойили бажаради.
Ким¸ нима¸ қачон¸ қанча¸ қаерда деган саволларга холис жавоб бериш¸ турли тарафлар фикрларига ўрин бериш каби содда бир талабни бажарсак¸ бўлди.
Фил ҳикояси
Атлантадаги журналистика факултети декани билан бундан 10 йил олдин суҳбатлашганимда¸ “Журналистика бу табуретка ясашдай бир гап. Фақат тўрт оëғи ва кет қўядиган жойи бўлса бас” деган эди.
Немис дўстим Якоб Таубе эса¸ турли фикрларга ўрин беришга кўрлар ва фил ҳикоясини келтирган эди.
Масалан¸ мен Прагадаман. Африқо ўрмонида бир неча кўрлар филни ушлаб туришибди.
Айтайлик¸ уларнинг ҳар бирининг қўлида мобил телефон бор. Мен уларга қўнғироқ қилиб бир-бир сўрайман: “Фил нима ўзи?” деб. Филнинг қулоғини ушлаган кўр¸ “Фил дегани бу супрадай бир нарса” деб жавоб беради.
Филнинг хартумини ушлагани эса, “Фил бу шланкасимон экан” дейди.
Филнинг қозиқ тишини ушлаган кўзи ожиз эса, “Фил бу суякдан бўлган эгри қозиқ” дейди. Филнинг оëғини қучоқлаб турган басир эса, “Фил бу бир ғўла” дейди.
Думидан ушлагани эса, “Фил дегани илонга ўхшаш махлуқ” дейди.
Бир журналист ўлароқ мен уларнинг ҳамма гапини эфирга беришим керак¸ чунки улар қисман рост гапиришаяпти.
Чунки мен Прагадаман. Африқодаги филни ўз кўзим билан кўрганим йўқ¸ улар эса “кўрган”.
Бу мисол журналистикадаги мувозанат қоидасига ҳам мос.
Равшан момонинг тарозиси
Мувозанат нима эканлигини ҳали ҳарф танимасдан олдин билган эдим.
Бувим Равшан момо бозорда ўрик сотар эди. Момомнинг икки паллалик мис тарозиси бор эди. Тарозининг икки ўрдакча шаклида ясалган тумшуқлари баробар келиши бу мувозанат эди.
Ўрик энди чиққан тансиқ пайтида бувим тарозининг бир палласига ўрик¸ иккинчи палласига эса қўрғошин тошларни қўяр эди.
Аммо пишиқчилик бўлиб¸ одамлар мураббо қайнатаман деб¸ челак-челак ўрик оладиган пайтда тарози қўйишга тош топилмасди¸ мўл-кўл ўрик ҳам паллага сиғмас эди.

Бунақа пайтда тарози пештахта тагига тушар ва пештахта тагидаги 6 яшар бола¸ яъни менга ўйинчоқ бўлар эди.
Ўриклар эса челаги билан¸ тоғораси билан кўтарасига чам чоқдан сотилаверар эди.
Кейинги 10 кун ичида хабар ëзар эканман тарозининг бу палласига қўйишга тош топа олмаëтганимни сезаман.
Масалан¸ Наримонда қирғиз ҳарбийлари уч ўзбекни ўлдирди. Буни ўша ердаги мухбиримиз кўрди. Қолаверса¸ норвегиялик ва москвалик ҳуқуқбонлар ҳам кўрди. Қирғиз фаоли Азиза Абдурасулова ҳам бу қирғинни кўриб тиззасига уриб йиғлади.
Боз устига яқинлари уриб ўлдирилган ва мол-мулки ҳукумат кучлар тарафидан таланган аëлнинг дийдиëси¸ паспорти таҳқирона ëқилган амакининг дардли ҳикояси ўша ердаги тасвирчимиз Николай тарафидан тасмага тортилди.
Буларнинг ҳаммаси тарозининг бир палласидаги гаплар.
Иккинчи паллага қўядиганимиз эса¸ воқеа жойидан олисда – Бишкекдаги ҳукумат биносида ўтирган мулозим Тўқимбоевнинг гапи. У кишим “бундай воқеа умуман бўлмади” деб расман айтди¸ аммо бу гап тарозини босмади.
Бу гапнинг ëнига вақтли ҳукумат тўраойимининг иддаоларини ҳам қўямиз¸ аммо барибир мувозанат йўқ.
Нега пичирлаб айтамиз баҳодир гапларни¸ ботир гапларни?
Ўтган асрда Германиядаги яҳудийлар поездларга солиниб, Полшадаги геттоларга олиб кетилаëтганини хабар қилган Америкадаги газета ретушчиси хабарга илова қилинган фотосуратни таҳрир қилган эди.
Яна ҳам таъсирли бўлсин¸ деб яҳудийлар кетаëтган поезд деразасига симтўр чизиб қўяди у.
Бу ретушчининг мақсади эзгу эди – яҳудийлар тазйиқ қилинаëтганига америкаликлар эътиборини тортиш.
Биз эса кейинги 10 кун ичида Ўш ва Жалолободдан олаëтган хабарларимиз ҳароратини камайтириб¸ ҳаяжон патларини юлиб тақдим қилаяпмиз ва тўғри қилаяпмиз.
Жаҳл чиқса¸ ақл қочишини билганимиз учун ҳам¸ шундай қиламиз.
Умуман ҳис-ҳаяжон¸ кўз ëши журналистнинг иш қуроли эмас.
Шу маънода бизнинг мурдашўй¸ гўрков ва қассобдан фарқимиз йўқ.
Мурдашўй изтироби
Ўлик юваëтган ғассол жимгина ўз ишини қилади. Ўликни ювиб-тараб кафанлайди.
Ювғичи мурдашўйни йиғлаганини ҳали кўрмадим.
Гўрков ҳам шундай¸ унинг иши ўлик кўмиш. Ҳар куни одам ўлаяпти¸ деб хотинига шикоят қилмайди¸ худди роддомдаги доя ҳар куни чақалоқ туғилди¸ деб шикоят қилмагани каби.
Қассоб ҳам шундай. У қўй¸ қўчқор¸ ҳўкиз¸ ғунажин сўяди.
Қассобнинг иш бўлмаса¸ пиширган емакларимизга свежий гўшт қаердан келади?
Балким гўрков ҳам ҳиссиëтли бир одамдир¸ қассоб раҳмдилдир¸ аммо бу туйғулар уларнинг ишига ҳалал берадиган ҳиссиëтлардир.
Қуюшқон
Озодлик радиосидаги журналистлар кенг айвон саҳнида ëйилиб ўтиришади. Бир мухбиримизнинг жияни ўлдирилди. Яна бир мухбиримиз Ўшда зўрланган аëллар билан суҳбатлашар экан кўзларида ҳалқа-ҳалқа ëш. Яна мухбиримизнинг аëли Ўш гаровида қолган.
Бир мухбиримизнинг Мажримтолдаги уйи куйиб кул бўлган.
Кенг айвон бўлганидан кейин истар-истамас бу суҳбатларни эшитаманда¸ қоғозларим ва қулоқчинимни кўтариб студияга чопаман.
Студия уй ичида уйдай қурилган бир қути. Бу қутига киришдан олдин кийим илгичга ўзбек дўппимни илиб¸ ич варағига ўзбек деб ëзилган паспортимни ўтирган стол тортмасига солиб кираман.
Кўз ëшларимни эса дастрўмолимга ўраб¸ столимда қолдираман.
Йўл-йўлакай матндаги ҳаяжонли жумлаларнинг устига қора чизиқ тортиб бораман.
Студияга кириб онам қўйган исм билан эмас балки нейтрал бир тахаллус билан бодроқ сотувчи бола каби ўктам овозда эшиттириш бошлайман.
Ëнимдаги хабарчи ҳамроҳимга “Қалайсиз Аваз Ўтар¸ бу кунлар ҳам ўтар кетар” деб ҳазиллашиш ҳам кўнглимга сиғади.
Ўш ва Жалолободда вазият қалтислигича қолмоқда¸ аммо муваққат ҳукумат етакчиси Ўтунбаева хоним вазият назоратда эканини айтмоқда¸ дейману¸ овоз ўтмас ойна орқасидаги малласоч мовийкўз техник болага имо қиламан.
У тугмани босади. Мушукнинг думидан тортганда чиққан овозга менгзайдиган мусиқа парчаси янграйди. Мен бош бармоғимни тепага кўтариб “ҳаммаси жойида” дейман.
Эшиттириш деган арава журналистик тамойил деб номланган ўзандан чиқмай ғилдираб кетаëтганига севинаман.
Бу тамойил боис биз Ўтунбаева хоним Бакиевни уйини ëқиб иқтидорга келганида ортиқча севиниб¸ у хонимни алқамадик.

Бу қуюшқон боис Ўтунбаева бошқараëтган вақтли ҳукумат ҳарбийлари ўзбекларни таҳқирлаëтганида ортиқча ҳаяжон ва ғазабга берилмадик.

Яшасин қуюшқон!

23 июн 2010 йил¸ Прагадаги Модрани касалхонаси

Shukhrat Babajan