O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

RTдан ваъз: Китоб ўқигани учун шоири қамалган давлат

RTдан ваъз: Китоб ўқигани учун шоири қамалган давлат
123 views
27 September 2019 - 13:47

Шу кунларда хафсалам пирдир – айтганларим нафcиламбирдир. Қаттиқроқ гапирмаслик учун эртак айтсам. Бир бор экан – бир йўқ экан, биттаси баковул қолгани ясовул экан. Хуллас Гурлан деган жойда бир бўғирсоқ яшар экан. Шу мамлакат подшоси шу бўғирсоқни еб қўйсам деб қасд қилган экан.

Ўз қасдини қонунга ҳам
бироз тўғирламоқ бўлиб,
Қичқирибди бўғирсоққа
подшох кўзи қонга тўлиб.
Сен ифлосни биламан ман
уч йил бурун жуда дағал
бир гап қилиб эдинг менга
кўрсатаман энди сенга.

Яъни подшохнинг кети тахтга сварка бўганига 3 йил бўлган экан.
Бўғирсоқ кўрсаки – унга кун йўқ. Хайо хуйт деб йўлга чиқибди.
Бўғирсоқнинг ўзича юриш қилгани подшохга ëқмабди. Ўрмондаги ҳайвонларни унинг йўлини тўсишга буюрибди.

Аввал қуëн бўғирсоқнинг йўлини тўсибди. Бўғирсоқ қуëнга топишмоқ айтибди.

– Чопсанг чопилмайди, отсанг отилмайди – бу нима?
Қуëн жавоб топа олмай карахт бўлиб қолибди.

Энди йўлни бўри тўсибди. “Эй бўғирсоқ нима қиласан юриш қилиб, уйда ўтирсанг бўлмайдими” дебди бўри.

Бўғирсоқ бўрига шеър ўқиб берган экан, бўрининг боши шеър мағзини чақа олмай тормоз бўлиб қолибди.

Бўғирсоқ йўлини тўсиш буюрилган айиқполвоннинг ўзи ўрмонда адашиб кетибди.

Бўғирсоқ ўз йўлида кетавердибди. Подшоҳ бўғирсоқнинг олдига айëр тулкини юборибди.

Тулки бўғирсоққа яхши муомала қилиб, “Менга ҳам шеър ўқиб бер” дебди.

Бўғирсоқ энди шеър ўқий бошлаган экан тулки “қулоғим яхши эшитмади, тумшуғимга чиқиб айт” дебди.

Бўғирсоқ тулкинимг тумшуғига чиқибди. Тулки бўлса “Энди тилимга чиқиб, шеър айт” дебди.

Тулкининг тилига чиқиб шеър айтибди, бўғирсоқ бечора. Айëр тулки бўлса бўғирсоқни еб қўйибди.

Эртакдан хулоса – тулкининг гапига ишонманг.

Эртагимиз шу ерда тугади. Энди ёш болалар бўлса, сийиб келиб ухласин. Қолган гапимиз ақли хуши жойида бўлган катталарга аталган.

Албатта, бу эртак шу кунларда ўз ҳақини талаб қилиб юриш қилгани ортидан 10 кунга қамалган шоир Маҳмуд Ражаб тақдирига йўғон ишорат эканлигини ақли хуши жойида бўлган катталар тушуниб етди. Зотан шоирнинг китобини ўқиган яна бир шоир устидан жиноят иши очган давлат бу мутлақо разил ва жирканч давлатдир.

Махмуд Ражаб исëнидан бир неча сабоқ чиқди: тухумдан чиқибоқ ҳукумат охуридан ем ея бошлаган “блогер”ларнинг сариқ чақалик қиймати йўқлиги яққол кўринди… Қаҳҳоров-маххоров, хушнуд-пушнуд ва печкачилар. Грош вам цена!.

Акредитация олиб қийшанглаган мухбир опаю ва бошқа отину қори тақсирларнинг етиб келган сомонхонаси аниқ бўлди.

Иккинчи сабоқ эса “Ҳақиқат учун юриш мумкин. Ҳеч бўлмаса 50 километр. Бунинг учун отмайдилар, осмайдилар. Максимум Ички Ишлар Бўлимига олиб боришади ва охир оқибат Маҳмуд Ражаб яна қахрамон бўлиб қолаверади.

Учинчи сабоқ эса президент айтган ўзгариш ва очиқлик сиëсати ëлғон ва чўпчак бўлиб чиқди. Мирзиëв сафсатабоз, бир “самозванец” .
Тўртинчи сабоқ “Мирзиëев реформатор” дея ишонишни истаëтган жахон жамоатчилиги вакиллари учундир. Улар энди бу “реформатор”га ишонишмайди. Махмуд Ражаб ҳақида бугуннинг ўзида Варшава, Берлин ва Женевадаги мажлисларда гапирилди. Яна гапирилади.

Китоб ўқигани учун шоирни қамаган давлатга турист ҳам келмайди.
Бешинчи сабоқ эса шу: бу тўда ҳали ҳам миллат бўлиб шаклланмади. Молдай еб, ëтган ерига тезаклайдиган бу қавм бошига не фалокат келса – оз.

Урганч милиса идорасига қамалиб тергалаëтган 12 киши – миллат.
Қолганлар – аҳоли.

Тунингиз хайрли бўлмасин, зотан эртангиз қоронғу. Топган тупканингиз президент куëвлари кўнгил хушлиги учун сарф бўлади.
Чао помпиду – Курва Кокаин.

Гапни қисқаси блогер ва журналистлар учун Махмуд Ражаб воқеаси бир имтихон бўлди. Улар бу имтихонда ўта олишмади.

Мартин Лютер Кинг Атлантадан Вашингтонга қараб йўлга чиққанида ëнида 200 киши бор эди. У манзилга етганида эса сафдошлар сони 200 минг кишига етганди. Шу боис Американинг қора танли аҳолиси елкасига офтоб тегди. Шу боис Америка Қўшма штатлари ҳамма боришга интиладиган магнит мамлалат бўлиб турибди.

Биздачи?

Махмуд Ражаб йўлга чиққанида мамлакатдаги биомасса “қачон қамаркан бу актив амакини” деб пассив кузатиб турди.

Боз устида “бу шоир акамиз анави қонуни бузди, тақиқланган китобни нега ўқийди, юравермайдими бизга ўхшаб қул бўлиб” дейдиган ақллилар урчиди. Яна жахлим чиқиб 33 миллионлик ўсироқ биомассанинг гўрига ғишт қалавормаслик учун эртак айта қолай.

Эртаклар яхшиликка етаклар. Эртак билан бошладим, эртак билан тугатаман.

Хуллас Сусамбил юртида қизлар баковул куëвлар ясовул, қолганлар қақимчи, ДХХ эса чақимчи экан.

Шаҳар ташқарисида бир пропискаси йўқ сайроқи булбул яшаган экан. Сопрано бархат деган овозда куйлар экан.

Булбул ëнғоқ дарахти устида сайраб хонишлар қилибди. У сайрашга шу қадар берилганидан ëнига қарға келиб қўнганини сезмадиям. Қарға қарғаликдан ташқари махсус идорада ишларди.

— Эй, булбул. Менинг олдимда кайғули қўшиқ куйлашга уялмадингми. Бошқа сайрама энди. Ëқмайди овозинг! — қағиллабди қарға.

Булбул бу гапдан карахт бўлибди. Наҳотки дунёда булбул ҳониши ëқмайдиган жонзот бўлса деб жахл қилибди:

— Ер ютсин сени. Одамлар менинг сайрашимдан маст бўлишади. Олтин қафасда сақлаб, энг яхши дон билан боқишади.

— Ўзингни бос! — деди қарға. — Шаҳарга учиб бориб, ақлли бир олимга ижмо қилдирамиз. Олим ким яхши сайрашини, китоб кўриб, айтиб беради. Аммо ютқазганнинг кўзи ўйилади. дебди қарға.

Булбул рози бўлибди.

Улар шаҳарга учиб келиб, ботқоқда ëтган тўнғизни кўришибди. У тўнғиз бўлса ҳам шаҳар пропискасига эга эди ва адабиëтни экспертиза қиладиган комиссия аъзоси эди.

— Бизга ҳакамлик қил тўнғиз. Айт ким яхши сайрайди?
— Албатта қарға яхши сайрайди жавоб берибди тўнғиз. — Қарғанинг овози яхши, савиядаги баритон бас овоздир !

Бахсда ютган қарға булбулнинг кўзини ўйиб олибди.
Булбул бўлса яна қайтиб, ëнғоқ дарахтига қўниб маъюслик ва хузун билан узоқ сайрабди.

Қарға учиб келиб сўрабди:

— Эй , аҳмоқ булбул. Сен ютқазувдингку. Яна нимадан қайғудасан?
— Кўзим ўйилганидан ғамгин эмасман. Мен сен каби мулозим қарғанинг гапига ишониб тўнғизга ҳакамликни топширганимдан маъюсман. Ахир тўнғиз тўнғизлигича қолаверадику. У қўшиқ ва шеърнинг қийматини қаердан билсин.

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз
Манба: Eltuz.com