27 ноябрь – ҳақгӯй шоир Асқар Маҳкам туғилган кун. Асқар ака билан бир мактабда, ундан бир синф қуйида ӯқиганман. Мутахассис адабиёт ӯқитувчимиз ҳеч қачон бӯлмаган. Тарихчи, географ домлалар дарс ӯтарди. 9 синфдалигимизда директор Асқар акани адабиёт дарсларига ӯқитувчи сифатида киритарди. Китобга ҳам қарамай бир соат шоир ва ёзувчилар ҳақида гапирар, биз эса маҳлиё бӯлиб қулоқ тутардик.
Мактаб ҳам тугади. Асқар ака Душанбе пединститути инглиз тили факультетига ҳужжат топширди. Сўнгги имтиҳонда домла билан тортишиб қолиб, ӯтказишмади. Қишлоққа қайтди. Бир муддат ун комбинатида “грузчик” бӯлиб ишлади.
Сўнгра колхозда табелчилик қилди. Бир муҳим детал. Асқар ака боласи кӯп, оилавий иқтисоди оғир, куни билан пахта чопадиган чопиқчи аёлларга раҳми келганидан уларга кӯпроқ иш соати ёзар ва бунинг ортидан бригадир билан жанжаллашиб қолар эди.
Бир йилдан сўнг мен ҳам мактабни битириб, Ленинобод пединститути, ӯзбек филологияси факултетига ҳужжат топширгани борсам, не кӯз билан кӯрайки Асқар ака ҳам ӯша ерда. Асқар ака кӯмагида тайёрланиб ӯқишга ҳам кирдик ва тӯрт йил бирга ӯқидик. Студентлик даври энди бошқа мавзу.
Мазлумларга ҳимоячи, золимларга муросасиз бӯлиш, ёлғон ва алдовдан ҳазар қилиш, дӯстликка садоқат – одамгарчилик ва одамийликни Асқар акадан ӯргандик.
Аллоҳ акамиз ва устозимизни раҳмат қилсин, жаннатидан жой берсин!
_____________________________________________________
Асқар Маҳкам
БУВИМГА МАКТУБ
Бувигинам,
бормисан омон?
Омонмисан
намчил тонгларда?
Оёқларинг оғрирми ҳамон
мўрисимон намозшомларда?
Мен уйғоқман,
жон буви, гапир,
киприкларим толиқсин, майли,
кўчаларга термилма, ахир,
кўзларингнинг оқи сарғайди.
Итлар узоқ-узоқ акиллар
далаларнинг
намчил бағрида.
Юлдузларнинг нури чарсиллар
лойсувоқ том сомонларида.
Тушларингда кўрасан кимни,
қизарганда уфқлар лаби?
Ёстиғингга чўккан бошингни
мен севаман шу Ватан каби.
Тиришади шом ажинлари,
милтирайди дарчада чироқ,
иблисона гўзал тунларни
мен севаман шеърдан-да кўпроқ.
Кофарниҳон бир зум тинчимас,
тўлқинлари
соч каби қўнғир.
Кофарниҳон –
бир ўткинчимас,
Кофарниҳон – мунгли куйчидир.
Мен севаман
дарё-ю тунни,
тўлқинланар
ёғдулар тарам.
Орзу эди қисиматга дўнди,
бирозгина шоирлигим ҳам.
Бувигинам
ёнсин чироғинг,
оппок тунлар тўлғоқсиз ва жим,
доғлар аро қотди нигоҳинг,
чекдим,
унинг доғини чекдим.
Биз дунёда шундайин элмиз:
«Жигар» деймиз куямиз, лекин,
болаларим улғаяр менсиз,
танирмикан энди отасин…
Дарё…
Дарё оқаверади
олисларга ташлаб ғулғула,
бироқ ой ҳам оқаверади,
тўлқинларда
сачрайди шуъла.
Ҳураверар
итлар ҳам токи
ёт шарпалар кезаркан тунда,
булар бари қисматдир боқий,
бу қисматбоз кўҳна очунда.
Лек, билмайман,
тун суронлари
ва дарёнинг тўзон тўлқини,
уйғотса-да руҳсиз жонларни,
уйғотолмас мангу уйқуни.
Лек, билмайман,
чарчоқ кўзларинг
кўчаларга сочилган онда,
узоқларга ёлғиз термилиб
топарсанми мендан нишона?..
Йук,
рўёлар васвасаси бу,
бу тун аро униққан унлар.
Кўзларимга ботмоқда уйқу,
хайр, буви,
хайрли тунлар.