Душанба оқшомида АҚШ шарқий соҳилларига ëпирилган Sandy довули оқибатида¸ камида 16 одам нобуд бўлди¸ 13 штатдаги 6¸5 миллиондан ошиқ аҳоли электрсиз қолди. Бу офатнинг ҳали буткул ўтиб кетмагани айтилмоқда.
Супердовул ëпирилган дақиқаларда Атлантика океани АҚШ шарқий қирғоқларини ўз домига тортгандек кўринди ва қатор шаҳарлар сув ичида қолди.
Пойтахт Вашингтон баробарида Атлантика океани шарқий соҳилида жойлашган 13 штат довул келиши билан қоронғуликка чўкди.
Электрсиз қолган касалхоналар сунъий нафас олиш машиналарига уланган беморлар ҳаëтини қўлбола усуллар билан сақлаб туришга¸ минглаб мижозларни эвакуация қилишга мажбур қолди.
Об-ҳаво мутахассислари¸ Sandy довулининг шарқий соҳилдан бутунлай ўтиб кетмаганидан огоҳлантирмоқдалар.
Шимолий Жоржиадан Канада томон кучли бўрон сақланиб қолаëтгани¸ АҚШ ўрта-ғарбий штатларига кучли ëмғир келгани¸ ғарбий Виржиния тоғларига айни соатларда қалин қор ëғаëтгани айтилмоқда.
Табиий офат оқибатида шарқий соҳил штатларининг ўнлаб аэропортларидан учиб-қўниши режаланган минглаб рейслар бекор қилинди. Федерал ҳукумат идоралари¸ мактаб ва бошқа муассасалар ëпиқлигича қолмоқда.
Ню Йорк шаҳар метросини сувдан тозалаб¸ қайта ишга тушириш учун тўрт кун вақт кераклиги айтилмоқда. Бу эса¸ миллионлаб одамнинг кундалик ҳаëт тарзига қайтиши яна бир неча кун имконсизлигича қолади¸ деганидир.
“Ню Йорк шаҳар метроси 108 йиллик¸ аммо у ўз тарихида ўтган тундаги каби фалокатни кўрмаган”¸ дея баëнот берди довулдан сўнг шаҳар метрополитени раиси Жозеф Лҳота.
Супердовул келтирган вайронгарчилик кўламининг шарқий соҳилда тонг отгач аниқ маълум бўлиши кутилмоқда. Аммо ҳукуматнинг дастлабки ҳисоб-китобига кўра¸ Sandyдан етган иқтисодий зарар камида 7 миллиард долларни ташкил этади.
АҚШ президентлик сайловига саноқли кунлар қолганда ëпирилган довул муносабати билан президентликка даъвогарлар Барак Обама ва Митт Ромней ўз сайловолди кампанияларини тўхтатишга мажбур бўлди.