Чин ижод вақтдан ташқари ҳаёт. Вақт билан ҳисоблашмайди. Ер сайёрасида энг қисқа вақтнинг кўчиши ёруғлик тезлиги ҳисобланса, ижод ўша вақтни ушлаб қолган оний лаҳзалардир. Вақт таъсир қилмайдиган сайёралар кўп, вақтсиз сайёралар. Чин ижодкор ижод қилаётган дам ўша вақтсиз оламда сайр этади. Замон ва маконга юқоридан назар ташлаётган бўлади. Шундай ижодкорлардан бири бу Леким Иброҳимов! Асарларида вақтни ушлаб қола олган, вақтни сайқаллаб бера олган. Ўз замони ҳақида келажакка ранг орқали гапира олган рассом.
Мен расмга кўп тушунмайман. Аммо ҳар бир картинани бир шеър биламан. Картина шеърдек сўзлайди, ранглар сўзлайди, тасвирлар, ташбеҳлар, муболағалар, қалб изҳорлари… буларнинг бари картиналарда бўлади.
Шоир йиллар давомида ёзган шеър-ғазалларини йиғиб девон тартиб беради. Қўлингизда Машраб девони бордир балки… Машрабдан кейин девон тартиб берган яна бир ижодкор Леким Иброҳимов. Бу муболаға эмас. Худди шундай. “Бир картинада минг пари” ё “Бир картина ва минг пари” кўргазмасидаги суратларни экран орқали кўрарканман, бир гўзал “Девон” тартиб берилганлигига амин бўлдим. Кўргазма номини эшитганимда хаёлимга “Алиф лайло ва лайло” келганди. Сўзловчи Шаҳризода бўлса, ҳар бир картина битта эртакдир. Мингта картинадан иборат битта достон. Картиналарни кўра бошлагач эса хаёлимга Самарқанд келди. Бу Афросиёб деворий суратларидек тикланган тасвирлар йиғиндиси. Бу Шарқ рассомининг дунё узра ўз сўзини айтиши эди. Ранглар жилосида Шарқ уфуриб турибди. Бунинг илдизи эҳтимол қоятошлардаги тасвирлардир, Зараутсой расмларидир, Турфон тоғларидаги қадим аждодлар чизмаларидир… Ўлиб ётган Шарқ рассомчилиги уйғонгандай, эҳтимол…
“Ренесанс” деб шунга айтилади.
Наполеонни бир гапи бор “туркларни ўлдириш мумкин, аммо уларни енгиб бўлмайди,” деган…
Леким Иброҳимов қайта маёқ тутди… Турк қонидаги саънатга ошуфталик тўлқини кўпирди. Шарқ рассомлик мактабига янги нафас олиб келди.
Ҳар қандай суратга тўлқинланиш қийин, тўлқинландим…
Леким Иброҳимовнинг ўз мактаби бор, ўзи асос солган мактаб бу. Келажакда эса бу йўналишда, бу мактабда Шарқ рассомлари ўз сўзини айтади. Тангри ёр бўлади. Эҳтимол Тангрини расмини чиза оладиган рассомлар туғилар…
Леким Иброҳимов суратларини кўрарканман замонавий шакллар ичра қадимий турк маданияти ва анъаналарини мужассамлаштирганига гувоҳ бўлдим. Қадимги турклар руҳи сақланиб қолган ҳар бир асарида.
Леким Иброҳимов Қозоғистонда, Тян-шан тоғлари этагидаги қишлоқда туғилган. Эҳтимол , рассомликка ўша улуғвор тоғлар ҳайрати бошлаган. Ўсмирлиги, иштиёқи катта шаҳарга етаклади. Самарқанд миниатураси илҳомини тарбиялаган бўлса, Тошкент улғайтирди. Тошкентда яшаб ижод қилди ва Флоренцияда бутун дунёга ўз сўзини айтди. Чин ижодкор учун ҳеч қандай шаҳар ё давлат ё Ватан чегараси йўқ. Аммо, миллат ва ижод руҳи бўлади. Леким Иброҳимовда туркийлар қони оқаркан, истайсизми йўқми унга ўша қон, ўша руҳ ижод чегарасини белгилайди. Леким Иброҳимов Флоренцияда Шарқ рассомчилиги, айнан турк рассомчилигини кўрсата олди. Флоренция бейнналесида олтин медални қўлга киритган биринчи Ўзбекистонлик рассом сифатида тарихга муҳрланди. Флоренция эса Микеланжелони берган юрт, бу юртда олтин медални олиш эса…
Бу Ўзбекистон учун фахр, бутун туркий мамлакатлар учун шарафдир! Расмлар олтин медални олган бўлса, 528 кв.м лик, баландлиги 8, узунлиги 66 м. бўлган полотно ўз катталиги билан гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Спортда йиллар давомида машқ қилиб баланд сакраб гиннеснинг рекордлар китобига кириш мумкин, нафси очлар катта дошқозон осиб кириши мумкин… Бироқ саънатда гиннеснинг рекордлар китобига кириш… ?!
Биринчи ўринни олган спортчига спорт қўмиталари, ҳокимлар қўшша-қўшша уйи мошин берганда… Бировни уриб ағдарганга унвонлар берганда… Ҳар кун телевизорда шов-шув бўлганда. Бир тўппичи чет элда тўп тепган пайт оломон қийқириб иштонига сийганда, Леким Иброҳимов ўз чўнтагидан Флоренция бейнналесига бориб бориб қатнашди.
Ўзбекистон Бадиий академияси жим!?
Олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон Бадиий академияси яна жим.
Дунё нашрлари Леким Иброҳимов ҳақида ёза бошлади. Ўзи борди, ўзи келди. Самалитдан кутиб олиниш лаҳзаларини мен ахборотдан ҳам кўрмадим. Ўзбекистонда саънатга эътибор шу! Уят!
Леким Иброҳимов 1970 йиллар эътироф этилиб, 1978 йил навқирон пайти СССР Рассомлар уюшмасига аъзо бўлган. Ундан кейин ўзимиздаги Бадиий академия ноилож ўзига аъзо қилган. У пайти Рассомлар уюшмаси деб аталган. Доим шунақа, биринчи рақамли рассомлардан ҳайиқади. Уларни зўрлигини ҳукумат билиб қолса… Иккинчи рақамлиларга нон қолмайдигандек…
Леким Иброҳимов картиналарини ўқисангиз анъанавий европа рассомчилик мактабини тан олмаслигини, ундан воз кечганлигини ҳис қиласиз. Шарқ, турклар ўзлигини сақлаб қолиши учун асарлари қайғуриётгандай туюлади. Аммо, саънат учун қайғураётган ҳукумат фақат Европадами? Қарсаквозлар “учинчи ренессанс” деб ёлғонга чапак чалаяптими? Пойдевор деб ҳисобланса, учинчи ренесансга Леким Иброҳимов пойдевор қўйди. Оломон эса пул ортидан орини сотиб югуряпти, амалдорлар эса ҳукуматни кўзини шамғалат қилиб югуряпти….
Аслида Шарқ рассомлар учун дўкон! Сюрреализм, кубизм, реализм, модернизм бўладими, ғарб рассомлари Шарқ дўконидан унумли фойдаланган. Фойдаланади. Бизнинг анъаналарга, нақшларларга, буюмларга, заргарлигимизга, кулолчилигимзга,символларимизга, каштачилигу атлас ларимизгача ўрганади, эътибор беради. Шарқ катта дўкон. Леким Иброҳимов эса шу дўконнинг ҳам эгаси, ҳам олувчиси. Бу дўконда қадимдан парилар тасвири бўлган, илҳом парилари бўлган, илоҳий фаришталар бўлган, Эзгулик фаришталари бўлган.
Бу фаришталар қандай фаришталар? Пегас минган илҳом фаришталари, жаннатдаги етмиш икки ҳур, авестода эзгулик учун жаннатда сизни кутиб оладиган ҳур, шаманизм фаришталари, тангричилик фаришталари, мусовийлик фаришталари, христианлик фаришталари, елкангиздаги қўриқчи фаришталар… Турк эли барча динлар аро бор.
Бу фаришталар саънат ичра эзгуликка чорловчи фаришталар. Хаёлий фаришталар. Агар жаннат бўлмаганда инсон, жаннатни ўйлаб топарди. Агар фаришталар бўлмаганда, Леким Иброҳимовдай инсонлар фаришталарни ўйлаб топарди. Бу эса ижоддир, инсоннинг вақтдан ташқари яшаш онларидир.
Бу фаришталар ҳаёт ва ўлим орасида инсонни эзгуликка чорлаб учиб юрган фаришталардир. Балки бу фаришталар ўзбек, қозоқ, уйғур, қирғиз, умум турк қизларининг қалбдаги инъокасидир. Тарихни ҳам, Шарқ рассомчилик тарихини ҳам шу фаришталар орқали кўришингиз мумкин.
Ижодкор ҳам оддий одамдай яшайди: ейди, ичади, ўлади. Одам оловга ёқилади, ерга кўмилади, чирийди. Чин ижодкор ўз асарлари қанотида яшай бошлайди. Леким Иброҳимов ҳам ўзи яратган фаришталари қанотида олисларга учади. Бу фаришталар шу қадар табиий, шарқона бўй кўрсатганки, уларни бегона дейолмайсиз. Бу ўзимизни фаришталар дейсиз.
Саънат доим бозорга солинади Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам, айниқса рассомчилик картиналарида бу яққол намоён бўлади. Гоҳ атай ким ошди савдолари уюштирилади. Аммо, саънатни бозордан устунглигини кўрсата оладиган “Бир картинада минг пари” каби асарлар ҳам бор. Яратилган, яратилади.
Фаришталар умумжамоавий бир картина, бир достон яратган бўлса-да, ҳар бир картинада бўрттирилган қайсидир бўёқ орқали битта ундов қўйилгандек. Ўша ундовда бироз тин олиб сўнг кейинги картинага ўтасиз. Шарқнинг нозик саънати борлигидан қайта ҳайратланасиз. Гўзалликдан ҳайратланасиз. Расмлар чизилмагандек, бир мукаммал ҳаттот ёзгандек, девон кўчиргандек туюлади. Бу асарга қаралган бутун вақт давомида шундай давом этиб туради.
Мен на Леким Иброҳимов мухлисиман, на шахсан танийман, на саънатшуносман… Бир томошобин сифатида ёзаяпман. Шарқ рассомининг картинасига бўлган қарашларим ва менинг ватанимда рассомга бўлган ҳурматга эътибор қаратдим.
Ўзбекистон халқ рассоми, академик, “Халқаро Ўрхун-Энасой” мукофоти совриндори аэропортда Флоренциядаги бейнналесига ўзи яратган фаришталар кузатди, ўзи яратган фаришталар кутиб олди. Рененсанс, уйғониш деб жар солинади… Ахир, уйғонишни саънат бошлаб бермайдими? Бир саҳнага чиқиб унутилувчилар эмас, саҳнага чиққач доим ўша саҳнада яшовчилар бошлаб беради “учинчи ренессанс”ни.
Ҳукуматга тўп тепган, халққа патинка кўтарган азиз бўлиб саънат бир четда бўлса, “ренесанс” деган сўз ҳайф.
Леким Иброҳимов эса ўз саънати орқали булардан баланд яшаб қолаверади.
27.01.2025