O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдар оламдан ўтди

Таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдар оламдан ўтди
95 views
12 May 2026 - 10:20

Тошкентда таниқли ўзбек рассоми Исфандиёр Ҳайдар 77 ёшида вафот этди.

1948 йилнинг 21 октябрида Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган Исфандиёр Ҳайдар Бахмалдаги ўрта мактабни битирганидан кейин П. П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида (ҳозирги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби) ўқиди. Кейин эса таҳсилини Тошкент театр ва рассомчилик институтида давом эттирди.

Йигирма ёшларида катта санъатга қадам қўйган Исфандиёр Ҳайдар ўз пейзажлари билан нафақат собиқ совет ўлкаларида, балки дунёнинг турли бурчакларида ҳам ўз мухлисларига эга бўлган мўйқалам соҳибларидан бири эди. Айни пайтда унинг асарларида миллийлик яққол кўзга ташланиб турар, бундан рассомнинг ўз юрти ва маданиятини нақадар севгани англашиларди. Дунёдаги турли санъат марказларида кўргазмалари ўтказилган рассомнинг бир қанча асари Париждаги Лувр музейи дохил турли музейларда сақланмоқда.

Тошкентдаги дўстларнинг хабар беришларича, Исфандиёр Ҳайдарнинг сўнгги қўнимгоҳи пойтахтдаги “Ғойиб ота” қабристони бўлади.

Таҳририятимиз марҳум рассомимизга Аллоҳдан раҳмат, яқинларига сабр тилайди.

Қуйида Исфандиёр Ҳайдарнинг дўсти, шоир, ҳайкалтарош ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг рассом ҳақидаги айрим  хотираларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Дўстим, ажойиб рассом Исфандиёр Ҳайдар вафот этди. Сўнгги бор Истанбулда 1996 йилда кўришган эдик. Сургун йилларимнинг энг оғир босқичи эди. Туркияда сохта паспорт билан яшаётган пайтларим эди. Исфандиёр аёли Дилбар хоним билан Истанбулнинг “Саҳрои жадид” самтида киралаганимиз уйда меҳмонимиз бўлганди. Ўша пайтларда Исфандиёр қўшиқчи Barış Manço портрети устида ишлаётганди…

Шундан сўнг ҳеч кўришмадик. Мана, Аллоҳга қовушибди. Унинг руҳига дуо қилаяпман. Аллоҳ гуноҳларини кечирсин, маконини жаннат айласин, амин!

Исфандиёр ҳақида ўйларканман, шулар ёдимга тушди:

“Етмишинчи йиллар бошида бизнинг тўпланадиган жойимиз кандакор Омон Азизнинг Чилонзордаги ертўласи эди. Бу устахонада Омон Азиз билан Собиржон деган ҳайкалтарош йигит ишларди. Давра унча кенг эмасди, гурунгларда доим рассом Исфандиёр, доим раҳматли Шуҳрат Абдурашид, доим олим Бегжон Тошмуҳаммад, албатта Рауф Парфи, баъзан бошқалар ҳозир эдилар. Бир куни фожеа юз берди ва Собиржон ертўлада ўзини осиб қўйди, Оллоҳ раҳмат қилсин. Бу воқеадан сўнг Омон Азиз Руставели кўчасидан бошқа ертўла топди ва мажлисимиз ўша ерга кўчди…

Омон Азизнинг ертўласида жуда кўп шароб ичиларди. У ерга келган, албатта, бир шиша кўтариб келарди, бу бир ёзилмаган қоида эди. Шароб интеллектуал суҳбатнинг хамиртируши эди.

Суҳбат, асосан, адабиёт ва санъат ҳақида, яъни, бизнинг ҳаётимиз атрофида қуриларди. Бу ерда ҳар ким ўзини ҳоҳлаган буюкликда кўриши, хоҳлаган юксакликда тасаввур қилиши мумкин эди. Масалан, рассом Исфандиёр Ҳайдар жунбушга келиб, «мен доҳий бўлиб туғилган бўлсам, нима қилай, менинг айбим нима?» деб атрофга қараганда, ҳеч ким унга эътироз қилолмасди.

ОРЗУ

Айвон оддий бўлса – бўлмаса, тўри,
Ундан ҳам оддийроқ бўлса дўстларинг.
Оёқ уйқаштирган кимнидир кўриб,
Киноя қилмаса, зийрак кўзларинг.

Тепангда чайқалиб турса бир фонус,
Хоҳламаган қуйиб, хоҳлаган ичса.
Суҳбатлар туғилса ўзидан-ўзи,
Улар ўсимликка ўхшаб ўсишса.

На енгилтак бўлсак, на-да такаббур,
Бир текис жимирлаб турсайди этлар.
Осмонга тикилиб, одамлар каби
Ёзиб ўтирсайдик ойдин сонетлар…
1977 («Оқ кўйлаклар», 1980)

Исфандиёр ҳақиқатдан ҳам ажойиб рассом эди. Хусусан, табиат тасвирлари, хусусан, унинг дарахтлари, ҳар бири бир одам каби ўз характерига эга бўларди”…

Суратда (чапдан ўнгга): Шоҳсанам Қилич, Исфандиёр Ҳайдар, Муҳаммад Солиҳ, Ойдин Солиҳ, Дилбар Ҳайдар ва Teмур Солиҳ, Истанбул, 1996 йил