O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

The Diplomat: Ўзбекистондаги сайлов ислоҳотга умид йўқолганини кўрсатди

The Diplomat: Ўзбекистондаги сайлов ислоҳотга умид йўқолганини кўрсатди
54,909 views
12 July 2023 - 9:56
Мирзиёев раҳбарлигида инсон ҳуқуқлари соҳасида муайян олдинга силжишлар бўлди, аммо мамлакатнинг халқаро ҳамкорлари бу ютуқлар аллақачон тўхтагани ва ҳатто орқага кета бошлаганини билишлари керак, деб ёзди The Diplomat нашри.

Президент Мирзиёев эълон қилган “Янги Ўзбекистон” борган сари аксар ўзбеклар ортда қолгани рост бўлсин деб умид қилган эски Ўзбекистонга ўхшаб бормоқда, дейди мақола муаллифи.

Мирзиёев ҳамон ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга интилмоқда ва чиндан ҳам мамлакатнинг 35 миллион аҳолисининг ўзгаришларга бўлган истагини акс эттиради. Аммо якшанба кунги сайлов Мирзиёевга боғланган умидлар терсига айланаётгани кўрсатгичи бўлди.

Унинг 2021 йили эълон қилинган “Янги Ўзбекистон”ни қуриш стратегияси қисман “фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”ни назарда тутар эди. Аммо у қаттиққўл салафи Ислом Каримовдан 2016 йили мерос олган авторитар бошқарув тизимини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари ислоҳотларга, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотларга ундашда давом этиши ва айни пайтда Ўзбекистон ўзининг ислоҳот йўлидан қайтса, ҳамкорликни камайтиришга тайёр туриши керак, деб ёзади нашр муаллифи.

Сайловлар бу йилги ҳокимиятни мустаҳкамлаш режасининг иккинчи босқичидир. Биринчи қадам апрель ойида янги конституция бўйича референдум ўтказилганда, Мирзиёевнинг президентлик муддатини ноллаштириб, унга яна икки етти йиллик муддатга сайланиш имконини берувчи референдумда қўйилди. Якшанба кунги овоз бериш унинг ҳокимиятда, эҳтимол, 2037 йилгача қолиши учун йўл очиб беради.

Буларнинг барчаси аввалги хотираларни ёдга солади, чунки 2002 йилда Каримов президентлик муддатини узайтириш бўйича худди шундай референдум ўтказган эди.

Мустақил кузатувчилар эркин ва адолатли деб ҳисоблаган сайловлар Ўзбекистонда ҳеч қачон ўтказилмаган. 26 июнь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) сайловларни кузатиш бўйича энг нуфузли минтақавий органи президентлик сайловларига тайёргарлик бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди. Унда таъкидланишича, Тошкент ЕХҲТ томонидан қайта-қайта кўтарилган ва бошқа халқаро ҳамкорлар ҳам таъкидлаган энг оддий инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги хавотирларга эътибор бермаяпти.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Мирзиёевга қарши на мухолифат, на мустақил номзодлар иштирокига йўл қўйилгани Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари ҳуқуқларини кенгайтириш даъвосига зид эканини хавотир билан қайд этади. 2021 йилги президентлик сайловлари олдидан ҳам худди шундай хавотирлар билдирилган эди. Бу сафар ЕХҲТ мухолиф партиялардан бири рўйхатдан ўтишга урингани, бироқ унга тўсиқ қўйилганини таъкидламоқда. “Партия вакиллари ўзларига таҳдидлар бўлгани ҳақида хабар беришди ва етакчиси эса ушлаб турилган”, дейилади ЕХҲТ баёнотида.

2021 йилда бўлгани каби, ЕХҲТ сайлов кузатувчилари яна “йиғилишлар, уюшмалар тузиш ва сўз эркинлиги ҳамда суд ҳокимияти мустақиллиги йўқлиги юзасидан хавотирлар”ни қайд этган.

ОАВ соҳасида “ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган, баъзи журналистлар ва блогерлар таҳририят мустақиллигига аралашувлар, таҳдидлар ва ҳибсга олишларга дуч келишаётганини айтмоқда”.

2021 йилги президентлик сайлови олдидан Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари Мирзиёев янги муддатда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини яхшилашга интилади, деб умид қилган эди. Бунинг акси юз берди ва баъзи соҳаларда вазият ёмонлашди.

Сўнгги маълумотлар бу хавотирларни тасдиқлайди. 5 июнь куни суд Қорақалпоғистон автоном республикасидан блогер ва ҳуқуқшунос Даулет Тажимуратовнинг 2022 йилда камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, 16 йилга қамалганига қарши апелляциясини рад этди. Бироқ Human Rights Watch ташкилоти Тажимуратов ўз фикрини тинч йўл билан ифодалаш ҳуқуқидан фойдаланишдан бошқа иш қилганига оид далил топмаган.

Тажимуратовнинг тергов изоляторидаги ўзига нисбатан шафқатсиз муомалада бўлганликлари ва қийноқлар ҳақидаги иддаолари суд жараёнида текширилмаган. Бундан ташқари, норозилик намойишлари пайтида одамлар қандай қилиб ўлгани юзасидан мустақил текширув ҳам, хавфсизлик кучларининг қайси вакили бу ишларда жавобгар эканлиги ҳам аниқланмаган.

Шунингдек, июнь ойида “Ўзбек форуми” ноҳукумат гуруҳи ўз янги ҳисоботида Мирзиёевнинг матбуот эркинлиги амалда нимани англатишини кўрсатди. Унда таҳдид, таъқиб ва таъқибга учраган 10 нафар блогер, журналист ва ижтимоий тармоқ фаолларининг иши ҳужжатлаштирилган. Баъзилар фақат ўз ишларини бажаргани ва сўз эркинлигидан фойдалангани учун ҳибсда қолмоқда.

Мирзиёев даврида инсон ҳуқуқлари бўйича баъзи соҳаларда яхшиланиш кузатилди, бироқ мамлакатнинг халқаро ҳамкорлари ҳукумат ҳозирда ўз ислоҳотлар дастуридан тўхтаб қолганини ёки орқага чекинаётганини тан олиши керак.

Аммо ҳозирги вақт ҳам ноқулай, чунки Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги уруши ва Афғонистон масаласида муҳим минтақавий ўйинчи ҳисобланади.

Бироқ Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар учун инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган Ўзбекистон халқини ҳимоя қилиш Тошкент билан муносабатларнинг устуни бўлиши керак. Демократик ислоҳотлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан бир йил аввал имзоланган кенгайтирилган шериклик шартномасининг асосий йўналиши ҳисобланади. Улар, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги имтиёзли савдо шартномаси бўйича мажбурият ҳам ҳисобланади.

Бу ҳукуматлар инсон ҳуқуқлари бўйича ўзларининг кутилмаларини аниқ баён этишлари ва уларни амалга оширишда ёрдам беришлари керак. Аммо улар бу умидлар амалга ошмаса, Ўзбекистон билан ҳамкорликни чеклашга тайёр бўлишлари ҳам керак. Мамлакатнинг амалдаги ва янги президенти “Янги Ўзбекистон” сўзда эмас, амалда бўлиши кераклигини тушуниши муҳим, деб ёзади The Diplomat.

Манба: Ozodlik Radiosi