Америка Москвани Украинада фитна чиқарувчи ҳаракатлари учун жазоламоқчи.
АҚШ ва Россия ўртасида ҳатто Совуқ уруш йилларидан бери мавжуд бўлган халқаро космик станциялардан фойдаланиш масалалари билан боғлиқ ҳамкорликнинг мазмуни йўқолди.
Бу ҳақда Жеймс Винсентнинг The Independent газетасида чоп қилинган “АҚШ ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик Халқаро космик станциясига кўчди” номли мақоласида сўз боради.
Таҳлилчининг фикрича, низо апрель ойининг бошларида, “Россиянинг Украина суверенитети ва яхлитлигини бузаётгани учун” НАСА агентлиги Россия билан тузилган барча шартномаларни тўхтатмоқчи деган маълумот сизиб чиқиши ортидан бошланди.
Аслида АҚШ ҳукуматининг иштироки унчалик сезиларли бўлмаса ҳам кўпчилик бундай қарор қабул қилинишига Оқ уй ва Давлат департаменти таъсир кўрсатди деб ҳисоблайди.
Кейинчалик экспортга, хусусан, “мудофаа соҳасидаги юқори технологияларга (товарлар ва хизматлар экспортига) қўйилган чеклов” АҚШ россия иқтисодиётининг муаммоли космик соҳасини жазолаш ниятида эканлигига яна бир далил сифатида баҳоланди.
Айни пайтда, Роскосмос россия космос агентлиги етакчилик мавқеига эга бўлган яна бир соҳа – космосга юк ташиш ҳисобланади.
2011 йилдан кейин АҚШ ўзининг ташувчи космик аппаратлари – шаттлларидан фойдаланишни тўхтатганди. Шундан кейин у янада эскироқ бўлган россия ракеталарига, хусусан, 1975 йилдаги миссия вақтида ўз астронавтларини космик станцияларга олиб чиқиш ва қайтариш учун фойдаланилган “Союз” ракеталарига қарам бўлиб қолганди.
Ўтган ҳафтада Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин Москванинг “Қўшма Штатлар каби ишончли бўлмаган ҳамкор билан юқори технологияли лойиҳаларни ривожлантиришни давом эттириш ёки эттирмаслик масаласи”дан ҳавотирда эканлигини билдирди ва Россия 2020 йил эксплуатация муддати тугаганидан сўнг АҚШнинг космик станциялардан фойдаланиш борасидаги таклифини рад қилишини таъкидлади.
Мазкур инцидент америка аэрокосмик дастурларининг Россияга қанчалик қарам эканлигини кўрсатиб берди.
НАСА собиқ муҳандиси Жеймс Оберг ўзининг “Бахтсиз юлдуз остидаги орбита” китобида икки давлатнинг космосдаги умумий тарихи ҳақида ёзади. Унга кўра иккала томоннинг охирги баёноти уларнинг “ўзаро бир-бирига боғлиқликка асосланган ҳамкорлиги”га якун ясайди ва косманавтика соҳасида янги эрани бошлаб беради.
“Рогозин ўз баёноти билан НАСАнинг янада кучайишига сабаб бўлади, натижада эса у мавжуд дастурлар ва лойиҳаларни янада тезлаштиради ва тўлиқ автономияга эришади. Бу ҳодиса содир бўлганда эса – узоқни кўра олувчи баъзи россияликларнинг эътироф этишича, яқин уч-беш йил ичида ҳозирда Россия муҳим роль ўйнаётган космик саноат унинг учун бутунлай ёпилади. Унинг технологияси ва воситалари кераксиз бўлиб қолади”, – дея қайд этади Оберг.
Маълумки, 2020 йил Россия Халқаро космик станция лойиҳасидан чиқади ва НАСА билан ҳамкорликни қисқартиради.
ЎХҲ ахборот бўлими