Azizlar, bundan 104 yil avval ayni shu kunlar Ho’qandi Latif butun Turkiston mintaqasidan kelgan Vatan va istiqlol orzusidagi Turkiston farzandlari bilan to’lgan, shaharning barcha ko’cha kuylari bayram shukuhi ostida edi. Buyuk mutafakkirimiz Fitrat Muxtoriyat e’lon qilingan 27-noyabr tunini “Milliy laylatulqadrimiz” deb atadi. Shu munosabat Sizning e’tiboringizga ikkita manbani taqdim etaman (ilk bor e’lon qilinmoqda!). Birinchi maqola Toshkentda chop etilgan “Ishchilar dunyosi” jurnalining 2-sonida bosilgan Kastroma shahridagi turk asirlarining turkistonlik qardoshlarini Muxtoriyat bayrami bilan qutlab bitgan otashin maktubi, ikkinchisi 1927 yil “Yer yuzi” jurnalida Muxtoriyatning 10 yilligi munosabati bilan yozilgan Rauf Yaqubiyning maqolasi. Bu maqolada ko’pgina bolshevikcha bo’htonlar ham uchrasada o’zida Sizu bizga qiziq bo’lgan ko’pgina haqiqatlarni ham qamragan. Shahid bobolarimizning ruhlari shod bo’lsin.
MUXTORIYAT BAYRAMIN TABRIKLAB
(asir turk qardoshlarimizdan)
Asrlar bo’yi ruslarning qo’l ostida har qanday istibdodga sabr qilishib, Rus chorlarining jabru sitamlariga chidab, iskanja va xo’rliklarda ingragan turk-tatarlar intiqomni qalbidan hech unutmaslar. Ajdodlarning ruhini shod qilish uchun Rus chorlaridan bu kun turk-tatar avlodlari, musulmon o’g’il qizlari o’ch olajaklar. Ey, turk va tatar o’g’li! Shu ochganing ko’k bayroq ostida butun Islom-Turk ellari senga “Bayraming qutlug’ bo’lsin” deb faryod etishmoqda. Sening ajdodlaring muqaddas dinning, qiz qardoshlaring muqaddas nomuslarini toptagan u zolim ruslardan intiqom olmoq uchun e’lon etganing shu Muxtoriyat bayraming muborak bo’lsin deya butun turk dunyosi, islomiyat dunyosi tabriklaydi.
Rus chorizmi ostida qolgan masjidlaring cherkovga aylanish arafasida edi, istiqbol quyoshi kutarkan qora bulutlar atrofni qoplamoqda edi. O’z holingda sarhush holatda, unutilib bo’linmoqda eding. Pokiza qismating bo’lgan shifokoring hangu mang, milliy g’oyangga esa chiziq tortishmoqda edilar. Endi sen qayg’uli toleyingni ko’z oldingga keltirib o’tkazadigan bayramingdagi muxtoriyat majlisida intiqom hislarini unutma! Seni butun Islom olami tabriklaydi. Senga butun Turk dunyosi “intiqomni unutma” deya moziyni eslatadi!
Ey, shavkatli islom ansori!
Bu kun dining yo’lida, oqdig’ing qoning, bergan qurbonliklaring mukofotini shu ochdig’ing majlisingda beradigan qarordan kutib qol!
Sen moziydagi o’lim hollaringni, ortdagi porloq kunlaringni xotirlab xayrli ishlar boshla! Ajdodlaring bo’lgan “O’tamishlaring”, “Yodgor”laring dinlaridan jabr bilan qaytarilganini unutdingmi?
Ivanlarning, Vasiliylarning jabru jafosini unutdingmi?
Yo’q!Yo’q!
Islomiyat dushmani, turkiylik qarshiligi bo’lgan Nikolaylarning, Ivanlarning, Vasiliylarning xoinliklarini sen unutmading!
Otalaringga qilingan haqoratlari senga qilingan zulmlari, diningga berilgan zarbalarni sen unutmading. Bu kun ochganing hurriyat majlisida, muxtoriyat qurultoyida, islomiyat ijtimoida, unutmaganing jabru sitamlardan intiqom olish uchun ahd etasan, ont ichasan?
Din dushmanlaringdan o’chingni, millat dushmanlaridan intiqomingni oladigan qurultoyingni, din qardoshing, qon qardoshing bo’lgan biz turklar tabriklar etadilar!
Ey, turkiylik ziyonlari ko’riladigan bu katta ahdda senga kerak bo’lsa tinmay va erinmay xizmat qilmoq, sen bilan majlisda birga bo’lmoq istaymiz. Faqat asoratimiz endi sen bilan boshqalarni birlik qurishiga qarshi bo’ldi. Lekin uzoq bo’lsada dastak berib senga hech ayrilmay, sen bilan qo’lni qo’lga berib ishlashga, din, til, qon qardoshing, asir qardoshlaring so’z berdi. Biz shu ishda muvaffaqiyat qozonishni Allohdan tilaymiz.
Ko’rilgan ishda muvaffaqiyat, otilgan har qadamda muzaffariyat dusoini qilib, ochajaging majlis va e’lon etganing Muxtoriyatni qutlab qolamiz.
Istiqboling porloq bo’lsin, istiqloling yaqin bo’lsin!
Қастирумодан асир турк зобитлари. 24 ташрин сана 1917.
“Ишчилар дунёси”. 1918 йил 17 январь. №2. 25-26 бетлар.
***
ҚЎҚОН МУХТОРИЯТИ ВА ЭРГАШ
(ХОТИРА)
1917 йил декабрь ойининг охирғи кунлари. Қўқон эски шаҳар кўчаларида жомеъсида, бозор ва майдонларида тўп-тўп оломон. Ҳамма катта бир воқеа бўлишини кутади. Лекин нима бўлишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Санаб қарасангиз, ҳукуматдан кўпи йўқ. Мухторият ҳукумати, Шўрои Ислом, Эргаш қўрбоши… ҳақиқатда ким бош, ким хўжайин эканини халқ яна биламайди.
8-лар 4-ларни уриб ўлдириб қўйибдир, ҳукумат 8-чиларини…
Замон замон Шўройи Исломники. Замон замон Эргаш қўрбошиники…
Оломон ниманидир кутади. Лекин нима кутганини ўзи ҳам била олмайди. Ёшу қари томошо қилади. Ёки ички бир сезгининг таъсири ортиши билан йиғилиб, кўзини Шўрои Ислом томониға эгиб туроди.
Жоме ичида ҳам халқ тўла. Камол қози халққа қараб, большевиклардан нолийди: – Большевиклар динимизни хор қилади. Болшевиклар ундой қилади, бундай қилоди, ким ёмон? Большевик ёмон. Мухториятимизни большевикларга эздирмаймиз ва ҳакозо…
Бу томонда Камол қози ва унга ўхшағонлар халқ кўнглида большевикларга душманлик ўрнатар эдилар.
Уламо халқни шунчалик маҳкам тутган эдики, хатто мажлис муассисониға бўлғон сайловда ишчиларнинг спискасини (4-номер) бузиб, ишчилар фойдасиға ташвиқот қилғон 3-4 кишини оломонға урдириб юборғон эди.
Халқ кўр қуролға айланғон. Уламонинг бир сўзи тўполон бошлаш учун кифоя эди. Лекин бу ҳукуматнинг мақсадини ишчи деҳқон оммаси билмас эди.
– Ҳа, нима гап?
– Билмасам, болшевиклар ҳаммани бетинч қилмоқчи эмиш. Зўрлиқ қилор эмиш…
Петроградда октябрь инқилоби бўлиб, Тошкентдаги ҳукумат ҳам шўролар қўлиға ўтгач, Туркистон буржуазияси ва уларнинг иттифоқчиси бўлғон руҳонийлар Фарғонаға тўлғон эди. Ҳаш паш дегунча булар Туркистон Мухторияти жумҳуриятини эълон қилдилар. Мухторият ҳукуматига кўпроқ қозоқлардан, руслар, тоторлар, ўзбеклардан ва бошқалардан аъзолар сайланди. Министрлар шўроси бошида Мустафо Чўқоюф, унинг саркотиби Чайковский турар эди. Министрлар бўлса, Исмирнуф, Убайдулла Хўжаев, Шоҳи Аҳмадуф ва бошқалардан иборат эди.
Мухторият ҳукумати ўрта ва майда буржуазияга, шуларнигн қуроли бўлғон эшон, қози ва имомларға, миллий либерал зиёлиларға тоёнар эди. Мухторият ҳукумати пул топиш мақсади билан биринчи бошлаб 30 милён сўмлиқ зоюм чиқорди. Албатта, буржуазия ўз ҳукуматидан пулни аямади, заюмини сотуб олди. Ҳукумат Қўқон эски шаҳаридан нориға ҳукми ўтмасада болшевиклар билан бўлғуси урушни кўзда тутиб миллий қўшун тузмакка бошлади. Ҳар маҳалладан 5 кишидан йиғиб, миллий қўшуннинг сонини бир мингдан оширди. Лекин қурол йўқ. Қуролсиз аскарнинг қўлидан нима келади. Қишлоққа босмачиларға қарши чиқомиз деб баҳона билан крепустдан 120 милтиқ қарз олуб аскарлариға тарқатди. Аскарларига навбатма навбат ўша қурол билан ҳарбий таълим берди.
Шу тартибда аскарларнинг ҳаммасига бирма бир қурол топиб бериб, Туркистоннинг бошқа шаҳарларини ўзига қаратиш, бу нарса мумкин бўлғон тақдирда Бутун Туркистон ишчи-деҳқонларини кишанлаб, бойларға қул қилиб бериш – Мухторият ҳукуматининг мақсади ва вазифаси эди.
Буржуазия ўзининг боласи бўлғон Мухторият ҳукуматига қўлидан келганича ёрдам қилар; ўз заводларини, ўз ерларини большевиклар қўлиға бермаслик учун Мухторият ҳукуматининг яшамоғини, кучаймагини чиндан тилар эди.
Лекин буржуазия ва руҳонийларнинг хаёли юзага чиқмади. Тошкент пролетариати ҳукуматни ўз қўлиға олиши билан Қўқон йўқсуллари ҳам ҳаракат қилиб, Янги шаҳардаги ҳукуматни урушсиз қонсиз ўз қўллариға олдилар. Крепуст қизил ғувордиялилар ва қуролли фирқалилар томонидан сақлана бошлади.
“Ўтган кеча Мухторият ҳукуматининг аскарлари крепустга сездирмай кириб, қанча бетартибчиликларни қилғонлар. Неча киши ўлган. Шунингдек, бир неча маротаба қилғон талабимизға мувофиқ крепустдан муваққат олғон 120 милтиқ қайтарилмади. Агарда эртага соат 3 гача Мухторият ҳукумати олғон милтиқларни қайтариб бермаса ва мухторият ҳукумати тинчиб туролмаса муваққат инқилобий қўмита ҳарбий ҳаракат бошлашқа мажбур бўлади…”
Ультиматум!
Шундан бир кун илгари, ярим кечада Мухторият ҳукуматининг бир тўп аскари ўша вақтда бош бўлиб юрган бир неча ёш пропуршиклар билан биргаликда, крепуст дарвозаси олдидағи қоровулни ўлдириб крепустга кирган эди. Бироқ, қизил ғвордиялилар уларга қорши ўт очти. Крепуст ичида ётқон шўро раиси ўртоқ Бобушкин (бу йил вафот бўлди) ҳаммани тўплаб олиб, мухториятчиларга ҳужум қилди.
Мухториятчилар натижасиз чиқиб кетдилар. Эртаси бутун крепуст ҳарбий ҳолатга ўтди. Тўплар, пулимўтлар Эски шаҳарга, Шўрои Ислом биносиға қоротиб қўйилди. Крепуст деворида қизил ғвордиялилар доим ихтиёт бўлиб кутиб қолдилар. Шу кун мухториятчиларни узул-кесил тугатиш учун қарор бўлиб, боёғи ултуматум берилган эди.
***
Бугун Шўрои Исломия ултиматумга жавоб беради. (Шу кундан эътиборан муваққат мухторият ҳукумати йўқ ҳисобланғон, фақат бир шакл бўлиб турар эди).
Катта пахтачи бой Потуляхуфнинг контура биноси, бино ичи ҳар хил миллий аъламлар, ёзувлар билан безалган. Ҳар кимнинг юзида ташвиш белгиси, ҳамма букун масъаланинг ҳал бўлишини кутмакда. Шўрои Исломия мажлисида эшон, қози, имом ва пахтачи бойлардан тортиб, “касаба бошлиқлари”ғача бор эдилар.
Масъала ўртоға қўйилди…
Музокараларнинг боришидан мухториятчиларнинг асло ён бермаслиги билинар эди. Музокарага чиққан ҳар бир кишининг оғзидан бир хилда сўз чиқор эди:
– 200 та келар келмас болшевикларга қараб уларнинг айтганини айтамиз, деганини деймиз ёки қил деганини қиламизми? Бу хоинлар бонкалардаги пулларни қоплаб олдилар. Энди бизга зўрлиқ қилодиларми? 120 та милтиқни олғон эканмиз, у ҳақиқатда ўз мулкимиз, уни бермаймиз… билганини қилсин…
Шу онда касабалардан “вакил” бўлиб келган киши ҳам чиқиб айтади:
200 та большевикка кучимиз етмайдими? Шаҳар халқининг ҳаммасини чоқирамиз. Қишлоқлардоғи халқ ҳам қўлиға болта, теша, тош, пичоқ олиб келаберсин. Болшевикларнинг оёғини осмондан келтирамиз. Яна бойларимиз пулларини аёмай Мухторият йўлиға берсалар, албатта, ғолиб келишимизда шубҳа бўлмайди…
Мухторият ҳукуматининг Адлия министири Шоҳи Аҳмадуф гўё ҳукумат бор, дегандай киноя билан нутқ ирод қилади:
– Биз кичкина бир ўтти қаладиқ, энди бунинг ривожланиши сизга ва сизни сайлаб қўйғон Туркистон халқига боғлиқдир. Миллий қўшунимиз у қадар кучга эга бўлмаса – да, бу ишларнинг зафар топишиға умидимиз катта. Албатта, биз ҳам сизнинг ёрдамингизга мунтазирмиз.
Музокаралар битти. Бунда қандай қарор чиқарилиши, сўзнинг боришидан маълум эди.
Ултиматум ўз ишини қилса керак эди.
***
Қўқон Мухторияти эълон қилиниши билан шаҳар, қишлоқларда босмачилар кучайиб кетди. Ҳукумат бу ўғриларни бостиришдан ожиз бўлди. Ўғрини ўғри билади дегандай қўрбошиларнинг ичида ном чиқорғони Эргашни чоқириб келиб шаҳарга қўрбоши (полиса мистер) қилиб қўйди.
Эргашнинг таклифи билан крепустдан 120 та милтиқ қарз олиниб, қишлоққа чиқилди. Кўпчилик бўлиб босмачиларни қўзғотиб, шу баҳона билан меҳнаткаш деҳқонларнинг рўзғорини талаб, қанча “ғанимат”га эга бўлиб қайтдилар.
Эргашнинг бир эътибори икки бўлди. Халқ наздида 8-, Шўрои Ислом, Мухторият деган сўзларни Эргашнинг шакли қоплади.
Эргаш инқилобдан анча илгари Қўқон атрофини босиб, ҳаммани безор қилғонидан сўнг Чор ҳукумати томонидан ушланиб 8 йил муддат билан Сибирга которга хизматига юборилғон эди.
Инқилоб бўлиб, ҳамма маҳбуслар бўшоб чиққонидан кейин, бошқалар билан бирликда у ҳам ўз юрти Қўқонға қойтти. Қойтқони ҳамон эски бош кесар ёр – оғойниларини топиб олиб, яна босмачилиқ қила бошлағон эди.
Эргаш бир қўли чўлоқ, ўрта бўйлиқ, ҳийлакор бир жиноятчи одам эди. Қишлоқ халқи “Эргаш” дегандан қўрқиб, чўчиб тушадурғон бўлғон эди.
Энди шаҳарга кириб, маҳкам ўрношиб олғонидан сўнг ўзини гўё хон деб фараз қилди. Халқ ҳақиқатан Шўрои Исломия ва Мухторият ҳукуматидан қўрқмаса ҳам, Эргашдан қўрқар эди. Эргаш ўз вазифасини адо қила бошлади. Ҳар кун битта иккита одамни аравага маҳкам боғлаб олиб бозорлардан ўткувчилар Эргашнинг одамлари эди. Буларнинг ҳеч қайсиси Эргашнинг уйидан омон чиқмас эдилар. Булар Эргашга қарши шайкаларнинг одами. Эргаш буларни бирин бирин тутиб ўлдириб, ўғрилиқни ёлғиз ўзи қилмоқчи эди.
Ўзига қарши ўғрилардан Маззанг ўғри деганини бир кун ушлаб келдилар. Бу одам катта ва кучлиқ бўлғонлиғидан Эргашнинг бир икки ўқи билан йиқилмади. Ниҳоят бунинг устига етти марта отқонда Маззанг ўғри ерга гурсиллаб йиқилди.
Эргаш душманларидан шундай ўч олар эди.
Хатто, Мухторият ҳукуматининг ҳақиқий таянчи бўлғон Камол қозилар ҳам кечалари сомонхонадан жой ахтарар эди. Замон замон Эргашники бўлди. Большевикларга “адаб” беришни Эргашдан сўрадилар.
Бу ишга Эргашни кўндириш учун уламо ва буржуазия Эргаш олдида тиз буккан эди. Эргаш “хўп!” деди.
***
Белгиланган соатгача Мухторият ҳукумати жавоб бермади. Крепустдаги икки тўп (3 дюмалик) Шўройи Ислом устига ота бошлади. Эски шаҳардан Эргашнинг одамлари крипустга яқин жойларни эгаллаб крепустга ўқ уза бошладилар. Мухторият ҳукумати томонидан ёлланғон лезгин ва эрони отрядлари оломонни орқасидан суриб, крепустга ҳайдади. Қизил ғувардиялилар қон тўкишни истамасалар ҳам Эргаш одамларининг тўхтовсиз ўқ ёғдиришини қизил ғвордиялилардан қўрғошимлик жавоб талаб қилди. Улар ўқ отишқа мажбур бьўлдилар. Уруш бошланди.
***
Уруш бир кун, икки кун, 3-4 кун чўзилиб кетди. Шаҳар устида ўқ ёмғирдай ёғилиб турсада кўчаларда одам кўплигидан юриб бўлмас эди. Бунигн устига қишлоқлардан арава арава таёқ билан қуролланган оломон шаҳар ичига сувдай ёғилар эди.
Ҳамманинг кўзини қон бости.
Бир чекаданқирғин бошланди. Эски шаҳарда армани қирғини кетди. (Бунга аччиғланғон арманилар Мухторият ҳукумати ҳайдалгач, аламларини эронилардан олдилар). Ҳамманинг қўлида биттадан йўғон шашвор. Ҳамма келаман ғанимат олиб деб уйидан чиқади. Нечаси кўчаларда ўқ еб йиқилиб қолади. Лекин бунға эътибор қилғон одам йўқ. Ҳамма ғанимат умиди билан маст бўлғон.
***
Крепустда ўқ бита бошлади. Крепуст ичи овруполилар ва уларнинг оилалари билан тўлғон. Бу хабар ҳамманинг рангини ўчирди. Тошкентдан мадад кутар эдилар…
Ўлган одамнинг оғзиға сув томизғондай Тошкентдан Перфилуф отрадининг келиб етиши ҳаммага жон киргизди. Перфилоф поезддан тушгани ҳамоно, Эски шаҳарнинг таслим бўлишини талаб қилди. Лекин унга жавоб берадурғон одам йўқ. Мухторият ҳукумати, Шўройи Ислом аъзолари, бутун руҳонийлар, буржуазия ҳаммаси тум тарақай, ўзидан ўзи қўрқуб қочиб кетган. Эски шаҳарда ёлғиз Эргаш хўжойинлиқ қилади. У на Перфулифни билади, на болшевикларни. У қип қизил босмачи, фақат таламакни, ўлдирмакни билади.
Перфилуф Эргаш устига тўп отишқа мажбур бўлди. Болшевикларга мадад келишидан хабар олғон Эргаш ҳамма хеш ақраболари, мол-мулкини аравага ортиб, қишлоққа Ҳазрат шо деган жойға жўнатти. Ўзи искаладлардаги кирасинни олиб чиқортириб, бозорни ҳамма жойиға носус билан сепдириб ўт қўйди. Ҳамма жойни аланга бости. Болшевиклар шу кечаси Эски шаҳарни ишғол қилдилар.
***
Эргашнинг крепустга кириб хон бўлишини кутган буржуазия учун бу кутилмаган воқеа эди. Ҳамма чарчаб нима қилишини билмай қолди. Бировнинг таклифи билан бир неча кишилар оқ байроқ кўтарган эканлар. Қолғон халқ буни эшитуб ҳаммаси ўз дарвозасига оқ байроқ тикди. Ҳамма қўлиға оқ байроқча тутиб юрийдурғон бўлди.
***
Уруш битди. Ҳамма тинчиди. Фақат қизил ғувардия ичига оралаб қолғон бузуқ унсурлар маҳалла маҳаллада тинч халқға ғазаб беруб юрар эдилар. Бозор харобазорга айланган. Ҳар жой ҳар жойида тошуб олинмай қолғон ўлуклар ётади. Қайсисининг ярмини ит еб кетган. Қайсиси куйиб кўмир бўлуб қолғон…
Рауф Яқубуф.
“Ер юзи” журнали. 1927 йил 7 ноябрь № 30. Б. 2-4.
Баҳром Ирзаев