O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МУҲАММАД СОЛИҲ АДАШМАГАН ЭДИ….

МУҲАММАД СОЛИҲ АДАШМАГАН ЭДИ….
19,520 views
25 December 2022 - 15:00

(Таваллуд топган куни муносабати билан)
1971 йилда Қўқонбоев домламиз КПСС тарихидан дарс ўта туриб, талабалардан икки кишига “Искра” газетасининг ташкил этилишига оид маъруза тайёрлаб келишликни айтди. “Бирингиз асосий маърузачи бўласиз, иккинчингиз қўшимча маърузага таёрланасиз, бизлар эса сизларни тинглаймиз, маъқулми?,”-деб хайрлашди.
Талабаларда сал ўзини кўрсатиб қўйишга мойиллик бўлади. Иззатталабликми,ҳовлиқмаликми,мақтанчоғликми ёки ёшларга хос билиб-билмай сакраверишми, ҳар қалай менда анойи эмаслигимни билдириб қўйиш истаги пайдо бўлганди.Кутубхонага бориб, қўшимча маълумотлар йиққан бўлдим, то марказий газеталаргача мавзуга оид нимаики чиққан бўлса, ўргандим ва ниҳоят семинар куни ярим соатлик маърузани ҳамкурсларга ҳавола этдим.
Кечалари билан тайёрланиб, кўчириб ёзиб олганларимни булбулдек сайраб ўқиб беряпман, Қўқонбоев домла у ёқ-бу ёққа оҳиста қадам ташлаганича, “жуда яхши… жуда яхши…” деб ҳар замонда маъқуллаб турибди. Лекин аудиторияда ҳеч ким диққат билан эшитмаётганидан қизишиб кетдим,шекилли, “Эй, халойиқ… одаммисизлар ўзи?! Мен бу маърузага бир ҳафта тайёрланганман, гаплашмай эшитиб ўтирсаларинг бўлмайдими?!” деб юбордим.
Бу кимга ёқарди, ҳамманинг хаёли паришон, бири шеър ёзаётган, бири бадиий китоб ўқиётган, бири қиққирлаб кулиб турган эди. Худди шу маъруза домла билан менгагина керакдек эди.
Бундай қўпол танбеҳ дарсни бошқараётган устоздан эмас, мендан чиқиб кетганлиги, аввалига ҳаммани таажжубга солгандек бўлди. Ва бирдан кулги кўтарилиб, ола-ғовур бўлиб кетди.
– Вой, бечора-ей… сизга қийин бўлибди-да,- деди курсдош қизларимиздан бири.
– Жуда ўхшатасиз-да, дўстим… Фан номзоди бўлиб кетинг-эй,- деб қичқирди қашқадарёлик Шоди Рашидов.
Домла “парво қилманг, давом эттираверинг…” деди. Бироқ давом эттириш қийин ҳолатга тушиб қолгандим. Шунга қарамай, беозор домламиз “Сизга 5 баҳо!” деб мақтаб ҳам қўйди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди.
Маҳмадона нотиқларни карикатурасига ўхшаш расм қоғози қўлимга етиб келди-ю, ўзимни боса олмай қолдим… Кекса домламизнинг ҳам кайфияти тушиб кетди. У пайтларда КПСС тарихи фанини ёки Илмий коммунизм фанларини менсимай, рад қилиш худди бир тўсатдан кучли зилзила юз берганга ўхшаш воқеа ҳисобланарди. Нимагадир карикатура муаллифигва захарханда қилиб, “ мени 5 олганим ёқмади-а…” дедим.
– Албатта, ёқмайди,-деди бояги баҳсталаб курсдошимиз. – Сизда мустақил фикрлаш йўқ, нимани гапираётганингизни билмайсиз… Ким нимани ёзиб берса, шуни шариллатиб ўқийверасизми? Китобларда, газеталарда ўзи тўғри ёзилганми, деб ўйлаб ҳам кўрганингиз йўқ… Фаҳмингизни ишга солинг ва китоб тилида эмас, ўз тилингизда гапириб беринг… Домлалар ҳам қирқ йиллик лекцияни тинмай такрорлайверишади, ўзи бу фанлар керакми бизга?! Агар сиз ҳам ўзингизнинг мустақил фикрингизга, мустақил қарашингизга эга бўлмасангиз, кейинчалик ўзгаларнинг ҳукмида юрувчи, ўз қобиғидан чиқа олмайдиган қулларнинг ўзига айланиб қоласиз… Оқни қора десалар қора дейсиз, қорани оқ десалар, оқ деяверасиз… Миллат фожиаси мана шулардан келиб чиққан, ёшулли укажон!
Мен анча вақтгача бу курсдошимдан хафа бўлиб юрдим. Кейинроқ юқори курсларга ўтиб,тамомлаб, Андижон вилоят газетасида иш бошлаганимда бу танбеҳ мен учун ниҳоятда фойдали бўлганлигини тушуниб етдим. Мустақил фикрлаш учун кўп ўқиш ва кузатиш керак эканлигини англадим, ҳар нарсага бошқа – бошқа томондан қараб, баҳолаб, сўнгра хулоса қилишликни аста-аста одат қила бошладим.Бировларнинг ёзиб берганларини тўтиқушдек сайраб ўқиб беришлик нафақат уят, балки жамият таназулига сабаб бўлишини англаб етгандек бўлдим. Бу бошқалар қатори менга ҳам асл ҳаёт йўлини тушунишимга ёрдам берган ўша машхур инсон – Муҳаммад Солиҳ эди!
Унинг буюк шоир , буюк ижодкорлиги нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда эътироф этилганига оид мисоллар жуда кўп. Шоирлар мукофот учун эмас, сарой аҳли учун эмас, балки Ҳақ йўлида қандай туриши керак бўлса, у ҳам шундай матонат билан яшаб келмоқда.

Унинг сиёсий қарашларини ўрганиш ҳам катта мактаб! У жафокаш халқи, юрти учун кўп қайғурди, Инсон эрки, озодлиги нимада эканлигини англашларини истади…
Шу ўринда унинг бир эсдаликларини тилга олайлик: “Совет даврида ўзбек коммунистлари мени “миллатчилик” ва “пантуркист”ликда айблаган эдилар,. “Солиҳ Ўзбекистонни рус оғамиздан ажратиб, жарга олиб бораяпти!” деб нутқ отарди бир коммунист лидер. Бу коммунист лидер бугун Ўзбекистоннинг президенти (Энди ўлди. М.С.) Яъни ўн йил илгари бу одам Ўзбекистон мустақиллигининг очиқча душмани эди, бугун Ўзбекистоннинг “миллий қаҳрамони” эмиш. Ўн йил бурун бу зот мени “пантуркист”деган бўлса, бугун “миллатчи”, шариятчи” деб айбамоқда. Чунки замон ўзгарди.Бугун ўзлари “пантуркист” бўлдилар,бизга “шариатчи”ликни бердилар.Чунки “шариатчи” бўлиш бугун хавфли. Аммо пайт келади, “шариатчилик”ни ҳам ўзлари оладилар, сиёсий конъюктура ўзгариб,шариатчи бўлиш обрўли бўлса бас….”
Бугун Муҳаммад Солиҳни безовта қилаётган ички ва ташқи воқеаларни олдиндан кўра билишлигига тан беришимиз керак, албатта. Россия теле каналларидаги миллатчилик, одам ўрнида кўрмаслик, шовинистик тарғибот ҳали-бери тугамайдиган кўринади… афсус…Ёки бўлмаса, сиёсий-маънавий инқироздан қутула олмаётганимиз-у, ўғирлик, порахўрлик, коррупция ва ночорлик ҳолатимизнинг давом этаётганлиги… Баландпарвоз ислоҳотлардаги “жиндаккина” қадам ташлашлар… Фикр юритишдаги ялқовлик, қўрқув… мен сенга тегмайин, сен менга…
У асос солган “ЭРК” демократик партияси атрофига мингларча, миллионларча элдошларимиз ишонч ва кўтаринки кайфият билан аъзо бўлган эдилар. 90 йилларда кенг халқ оммаси унинг ортидан эргашганлигига оид минглаб кузатувлар ва илиқ хотиралар бор. Улардан қанчаси Каримов зулмининг оловига ташланди… Қанча – қанча эзгулик ниятидаги элдошларимиз хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Илк Президентлик сайловида Ўзбекистоннинг ҳурфикрли қатламига катта умид билдирилди, “ЭРК” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ сайловда ғолиб чиққанлигига оид ишончли кузатувлар пайдо бўлди… Аммо бу Каримов тизимининг шафқатсиз ва айёрона сиёсати сабабли бекор қилинди ва бундан юрт жафо кўрди. Ўттиз йилдан кўп даврда халқ бунинг жабрини чекди. Ва бугун ҳам бунинг жабри-жафоси давом этаётганига оид юзлаб аламли мисоллар бор…
Ижтимоий тармоқларда бот-бот бу инсонни бежиз тилга олмайдилар. “Биз нега Муҳаммад Солиҳни улуғлаймиз? Чунки биз хаммамиз Муҳаммад Солихни Ҳақ ва Халқ олдида улуғ айлаган бир ғоя кишиларимиз. Бизнинг назаримизда : Дунёдаги улуғ ғоя йўлида жасорат кўрсатган ҳар бир инсон улуғланишга ҳақлидир.!”
Ҳа, Муҳаммад Солиҳ ҳеч қачон ўз юртига, ўз халқига ёмонлик истаган эмас ва ҳамон ҳозирда ҳам муҳожиратда бўлса-да, Ватаним, халқим деб яшаб келади. Аллоҳ, бу замондош миллатдошимизга кўп-кўп умрлар берсин!
Маҳмуд ИБОЕВ.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
20.12.2022.