O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

UzWebiston: Хоразм вилояти газдан кўмирга мослаштирилмоқда

UzWebiston: Хоразм вилояти газдан кўмирга мослаштирилмоқда
222 views
23 July 2013 - 16:16

Ўзбекистон ҳукумати Хоразм вилоятида кўмир ва суюлтирилган газдан фойдаланишда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, қарор қабул қилди.

15 июлда қабул қилинган ҳужжатга кўра, республиканинг шимолий минтақасидаги аҳоли шу йилнинг охирига бориб табиий газ ўрнига кўмир ва газ баллонлардан фойдаланишга ўтади.

Ҳукумат қарори кўплаб оммавий ахборот воситаларида мамлакатда газ қазиб олиш қисқарганига қарамасдан, Марказий Осиё давлатлари Хитойга газ экспортини ошираётганлари ҳақидаги хабарлар чиққанидан сўнг қабул қилинган.

Экспорт ҳажмининг тўхтовсиз оширилиши ва қазиб олинаётган газ миқдорининг камайиши қиш мавсумида аҳоли учун жиддий газ танқислигини англатади.

Газ танқислиги ҳақидаги хабарлар манзарасида, Ўзбекистонда кўмир ва энергия олишнинг бошқа муқобил манбаларидан фойдаланиш кўпаяётгани кузатилади.

2012 йилнинг августида Ўзбекистон Марказий Осиё-Хитой қувури орқали йилига 30 млрд кубометр газ экспорт қилишни бошлади. Марказий Осиё-Хитой газқувурининг қурилиш кетаётган учинчи ўзбек линиясида экспорт ҳажмини сезиларли ошириш кўзда тутилади.

Uznews.net сайти 2012 йил 13 сентябрда берган хабарга кўра, Ўзбекистон Хитойга йилига узатадиган газ миқдори 10 млрд кубометрни ташкил қилган.

12news.uz сайти маълумотларига биноан, мамлакат 2012 йил август ойида аллақачон 700 минг долларлик табиий газ экспорт қилишга улгурган.

Ўрта Осиё газини асосан Оврўпога экспорт қиладиган Россиядан фарқли ўлароқ Хитой Ўзбек газини ўз маҳаллий истеъмолчилари учун ишлатади.

Мустақил Uzmetronom.com сайтига кўра, Хоразм минтақасини кўмир ишлатишга ўтказиш қарори Ўзбекистон ҳудудида табиий газ танқислиги билан боғлиқ. “Энергия ресурслари таъминотидаги деградация бутун Фарғона вилояти, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкентнинг маълум бир қисмига таъсир қилди, деб ёзади веб саҳифа.

Узметрономга кўра, ўзбек халқи ўз гази Хитойга экспорт қилиниши боис, энди куни тезакка қолади.”Ҳукумат буни ўз ички иқтисодий манфаатлари ҳисобига”амалга оширмоқда, деб ёзилади унда.

Uzmetronom шунингдек ўзбек оммавий ахборот воситаларини Хоразм вилоятидаги 2011-2012 йиллардаги ҳақиқий аҳвол ҳақида сукут сақлаганликда айблайди. Ҳаво ҳарорати -22 бўлган пайтда “Одамлар қандай қилиб уйлари иссиқ бўлмаса, бу совуқ ҳавога чидашлари мумкин?,- деб савол қўяди Узметроном муҳаррири.

Ўзбекнефтегаз ширкати бошқаруви раиси Шокир Файзуллаев ички бозорда газ билан таъминлашда узилишлар вужудга келгани ҳақида гапирар экан, ўтмишда газ қувурлари техник имкониятлар ва газ таъминоти миқдорини чамаламасдан қурилганини таъкидлайди.

Жаноб Файзуллаев муаммони ечиш учун газ тақсимлаш тизими ва газ таъминотига масъул ширкатларнинг фаолиятини модернизациялаш кераклигини айтади. Истеъмолчилар фойдаланилган газ ҳақини ҳам ўз вақтида тўлашлари лозим, дейди у.

Айни пайтда Ўзбекистонда энергиянинг бошқа манбалари- қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқилаётгани айтилади.

Маълумотларга биноан, Ўзбекистон халқаро ва хорижий ташкилотлардан энергетика иншоотларини замонавийлаштириш ва янгиларини қуриш учун кредитлар олишда давом этмоқда.

12uz.com сайтига кўра, 2013 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбеккўмир Хитойнинг Эксимбанки томонидан берилган 89,5 миллион доллар қарз ёрдамида Сурхондарё вилоятида кўмир ишлаб чиқаришни кўпайтириш хабар қилинади.

Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолиси эса уйини иситиш ва овқат пишириш учун ўтин ва тезакдан фойдаланаётганига анча йиллар бўлиб қолган.

Шу ўринда таниқли шоирнинг “ўз газини четга сотиб таппи ёққан ўзбегим” сатрлари беихтиёр хаёлга келади.

Ўзбегим чидайди асосийси четдагилар совқотмасин.

bbc.co.uk