O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ватанни билмасдик

Ватанни билмасдик
4,510 views
30 June 2024 - 0:01

Капалак қатнашган, қуёш қатнашган,
Ёрилган товонда бўлган тўйимиз.
Ёнган оловлардан бирга ҳатлашган –
Буғдойдан баландроқ эди бўйимиз.

Борин бугун қушлар чўқиди, еди,
Ризқимизни қийиб ушоқ берардик.
Яшашнинг иплари кишандай эди,
Елкада ун халта – бошоқ терардик.

Сочинг майин эди, қаттиқ эди нон,
Мен сени эсладим, эслагин сен ҳам.
Қўрқиб кетган эдинг тожи бор илон,
Буғдойзор ичида ўрмалаган дам.

Жарликда тулкилар ковлаганди ин,
Дўппайган дўнгликлар пурвиқор эди.
Шу тор маҳаллада ўттиз йил олдин,
Даштларга туташган қишлоқ бор эди.

Яхши яшаш учун бағир тилмасдик,
Унда кўрсатмасди итлар тишларин.
Ватанни билмасдик, эркни билмасдик…
Ҳамда Каримовнинг қора ишларин…

Тутнинг тагидаги хирмонимизни,
Ўғирлаб кетганди озғин бир аёл.
Эҳтимол, ўшанда чулғаган бизни,
Ватан ҳақидаги биринчи хаёл.

Ёлғонга ўранган айёр ҳукумат,
Мурғак болаликни айирган бахтдан.
Ёзиб кетмак учун шамолларга хат,
Бугун қайтиб келдим яна пойтахтдан.

Мен сени эсладим, баридан куйдим,
Яна қайтиб келсанг жонни берардим.
Эл боқувчиларга ишонмай қўйдим,
Елкада унхалта – бошоқ терардик.

Talant Tolerant
27.06.2024