O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

VOA: Пахта болаларсиз терилмайди, ҳукумат кимни лақиллатмоқчи?

VOA: Пахта болаларсиз терилмайди, ҳукумат кимни лақиллатмоқчи?
127 views
18 September 2012 - 8:12

Малик Мансур, “Америка Овози”

amerikaovozi.com

Ўзбекистон пахта теримига ҳозирланмоқда.  Маълумотларга кўра,  ҳукумат бу йили ҳашарчилар ва талабалар иштирокини яна-да кенгайтиради.  Айни пайтда марказдан вилоятларга йўлланган комиссия пахта далаларида улар учун яратилаётган шарт-шароит билан танишмоқда.

Ўқувчилар бу мавсумда ҳам асосий иш кучи бўлиши кутилмоқда.  Лекин Бош вазир Шавкат Мирзиёев халқ таълими бўлимларига болалар меҳнатини таъқиқлаш ҳақида буйруқ бериб,  бу қонунга зид эканини эслатган.  Вазиятни кузатиб турган фаоллар назарида бу шунчаки кўзбўямачилик.

Бир неча йилдирки, пахта терими бошланишидан аввал Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахтага жалб этишни таъқиқловчи қарор қабул қилади.  Бироқ пахта терими бошланишидан бир оз ўтиб,  яна шу ҳукумат  топшириғига кўра,  ўқувчилар оммавий тарзда пахта теримига олиб чиқилади.

Ҳукумат ўқувчилар учун теримнинг кундалик режасини белгилайди.  Мактаб директорларидан ҳар бир теримчи,  яъни ўқувчи юзасидан кескин ҳисобот талаб қилинади.  Раҳбарият пахтага чиқмаган ўқувчилар жазоланиши ҳақида огоҳлантиради.

Ўқувчилар уч ойча пахта даласида ишлайди.  Мактаблар,  боғча ва,  ҳатто,  омборхоналар ётоқхонага айланади.  Масалани ўрганган ташкилотлар ҳисобича,  ҳар йили 2 миллиондан ошиқ ўқувчи теримга жалб қилинади.

Тошкентдан халқ таълими бўлимларига берилган огоҳлантириш,  дейди болалалар меҳнати юзасидан мониторинг ўтказиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячилари,  хўжакўрсинга қилинаётган ҳаракат.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоятидаги фаоли Гулшан Қораева:

“Эҳтимол, ҳукумат пахта бойкотидан қутулмоқчидир,  лекин болаларсиз пахта териб олинишини тасаввур этиш қийин.  Бундан ташқари,  шароит оғир.  Кўплаб оилалар болаларини ўзлари ҳам чиқариши мумкин.  Чиқармаймиз деган билан ҳам,  бусиз иложи йўқ.  Айрим фермерлар биз пахтани ўзимиз термоқчимиз деса,  бунга ҳам рухсат беришмайди.  Лекин айрим пахтакорлар ёрдамчиларсиз ҳосилни териб олиш мумкин эмаслигини айтишади”.

Ўзбекистон учун пахта стратегик хомашё.  Оқ олтин,  давлат буюртмасига кўра,  фермерлар зиммасига мажбуран юкланади.  Мамлакатда 3 миллион тоннага яқин пахта етиштирилади.  Терим машиналари жуда оз.  Ҳосил,  асосан,  ўқувчилар ва давлат бюджетидаги ходимлар томонидан қўлда терилади.

Жанубий вилоят бўлмиш Қашқадарёда 20 августдан пахта терими бошланади.  Маҳаллий манбаларнинг “Америка Овози”га айтишича,  айни пайтда давлат корхоналари ишчилари,  шу жумладан,  ўқитувчиларни сафарбар этиш учун тайёргарлик авжида.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари  жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов фикрича,  ҳукумат турли буйруқларни дунё аҳлини лақиллатиш учун бераяпти,  холос.

“Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияларни имзолаган.  Халқаро ҳамжамият олдида масъулияти бор… Аслида эса ўқувчилар яна пахтага олиб чиқилади.  Бу қарор фақат халқаро жамоатчиликни алдаш учун…  Ҳозир ўқувчиларни пахтага олиб чиқиш учун юз фоиз тайёргарлик кетаяпти.  Буни Мирзиёев ҳам,  бошқалар ҳам айтишмайди.  Бу маълумот ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан олинган фактлар”.

Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши халқаро миқёсда кескин танқидга учраб келади.  АҚШ ва Ёвропа Иттифоқида норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Ватанидан сиёсий босим остида чиқиб кетган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар халқаро жамоатчилик эътиборини Ўзбекистондаги ҳолатга қаратишга уриниб келади.

Бу ташаббуслар Ғарбда пахта маҳсулоти билан ишловчи бир неча йирик ширкатлар томонидан қувватланади.  Кўплаб компаниялар болалар меҳнати эвазига терилаётган ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда етакчи ўринда турса-да,  дейди танқидчилар,  бу маҳсулотдан келаётган даромад фермерлар ва теримчиларга етиб бормайди.