O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Вячеслав Ахунов: “ЧЎЛПОН ПОРТРЕТИ” ҲИКОЯСИ

Вячеслав Ахунов: “ЧЎЛПОН ПОРТРЕТИ” ҲИКОЯСИ
17,391 views
28 March 2023 - 20:56
Москва Бадиий Академия Институтида диплом ҳимоя қилиб, Фарғонага поездда отамнинг олдига қайтганимдан сўнг, Фарғона ва Тошкентдаги ҳаётим давомида атрофимни ўраган ўзбек рассомларининг ижодидаги кўнгилсизликлар ва бемаъниликка бой, лекин қизиқарли бир шахсий ҳаёт бошланди.
Мен ўзимни келажакка умидсизликдан ва мафкуравий-клиник жирканишдан керагича ҳимоя қила олмадим. Янги жойда, социалистик реализм рассомларининг “маънавий чироқлари” орасида қандай яшайман деб ўйлаб кўрмагандим. Расм чизиш орқали молиявий аҳволимни яхшилаш учун умид йўқ эди. Чунки бу вақтга келиб, социалистик реализм мен учун ўзига хос архивга айлаганди. Мен уни аллақачон аниқ мақсадларда, “махфий” социалистик модернизмнинг қоидалари бўйича ишлата бошлагандим.
Ўша йиллардаги лойиҳаларда исёнкорлик эмас, балки позициялар аниқлашиб, улар кейинги ижод учун пойдевор бўлди ва ҳатто қисматга айланди. Диплом ҳимояси чоғида бўлиб ўтган суҳбатни эслайман. Диплом комиссияси раиси, академик, икки марта Сталин мукофоти совриндори, машҳур социалистик реалист, “Яна икки баҳоми?” картинасидан яхши таниш Фёдор Павлович Решетников менга яқинлашиб, табриклади ва: “Қаерга кетяпсан?” деб сўради.
Мен унга: “Очилган қўриққа” дедим .
У менга: “Биламан, сенинг профессоринг Дмитрий Константинович “Очилган қўриқ “сериалини яратди ва сен ҳам у ерга кетяпсанми?”
Мочалский кулиб, мен учун жавоб беради: “Йўқ, у “Очилган қўриқ” деб Ўзбекистонни айтаяпти, бу у ерда санъат йўқлигига ишора, у ўша қўриқни очмоқчи”.
Аслида, Ўзбекистонда замонавий санъат йўқ эди. Аммо кейин маълум бўлди, Ўзбекистонда модернист фикрловчи шоирлар бор экан.
Улардан бири билан тез орада танишдим. У Муҳаммад Солиҳ бўлиб чиқди. Муҳаммад Солиҳ янги ўзбек шеъриятининг асосчиси эди. Унинг москвалик дўстлари – Виктор Соснора, Алексей Парщиков каби бюк рус шоирлари Тошкентга келишганди, улар билан кўп суҳбатлашдик, ҳатто менинг уйимда қолишганди.
Солиҳда хам худди мендаги истак – Шарқ маданияти ва Ғарб модернизми ютуқларини уйғунлаштириш, адабиёт ва тасвирий санъат, шунингдек, таълим тизимини ислоҳ қилиш йўлидан бориш ғояси бор эди.
Бу ғояни Муҳаммад Солиҳ шеъриятда амалга оширган бўлса, мен бу ғояни санъатнинг концептуал йўналишида ишладим.
Янгиликка, ислоҳотга, замонавийликка бўлган бу интилишимизга жадидчилик руҳи сингиб кетган эди.
1983 йилда, учрашувларимиздан бирида, Солиҳ мендан 1938-йил 4-октабрда отиб ташланган ёзувчи, шоир-ислоҳотчи Абдул-Ҳамид Сулаймон Чўлпон (1897-1938)нинг портретини чизиб беришинг мумкинми”, деб сўради.
Мен “албатта” деб жавоб бердим. Солиҳ менга Чўлпоннинг кичик фотосини берди ва “фақат шуни билки, бу расмни чизсанг ҳаётингда муаммолар чиқиши мумкин” дея огоҳлантирди.
У пайтларда қатл этилган бу шоирни ҳар қандай шаклда тилга олиш тақиқланганди. Тақиқни бузиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин эди.
Аммо мен портретни чиза бошладим. Дағал холстга қуюқ бўёқ билан илк зарбни урдим…
Портрет битгач, уни Муҳаммад Солиҳга тақдим этдим.
Орадан тўрт йил ўтиб, бу портрет том маънода машҳур бўлди: портрет Ўзбекистонда илк даъфа Ленин портрети ўрнига осилди.
Бу тарихий воқеа эди.
Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ёзувчилар уюшмаси котиби этиб сайланганида, у аввало, кабинетидаги “Илъич” портретини олиб ташлаб, ўрнига Чўлпон портретини осиб қўйди.
Бу катта шов-шувга сабаб бўлди.
Бу ҳаракат Ёзувчилар уюшмасининг бошқа раҳбарларининг қаттиқ эътирозларига қарамай амалга оширилди.
Яъни бу портрет ижодкор зиёлиларнинг миллий ҳаракатида иштирок эта бошлади.
Бу портретнинг кейинги тақдири модерн ўзбек шеъриятининг ислоҳотчиси Муҳаммад Солиҳ тақдири каби машаққатли бўлди. Каримов режими пайтида Солиҳни ҳибсга олишганида бутун нарсаларини кўчага улоқтиришди, бу портрет ҳам ўшанда йўколди.Бу энди бошқа ҳикоянинг мавзуси.
Кўриб турганингиздек, портрет омон қолди ва узоқ қидирувдан кейин топилди.
Манба: Go’zal Begim facebook sahifasi