O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Zeromax”нинг шубҳали фаолиятини яширган аудитор судга тортилмоқда

“Zeromax”нинг шубҳали фаолиятини яширган аудитор судга тортилмоқда
296 views
27 September 2021 - 13:07

Дунёдаги энг йирик “Ernst & Young“ (EY) аудиторлик компанияси Швейцария тарихидаги иккинчи йирик банкротликдан кейин жиддий текширилмоқда.

EY аудиторлари миллионлаб долларлик заргарлик буюмлари харидлари борасида тегишли тартибда хабар бермаган ва Швейцариядаги энг йирик корпорациялардан бирининг инқирози олдидан шаффоф бўлмаган оффшор компанияларга катта тўловларни тасдиқлаган.

Швейцариянинг Цуг кантонида рўйхатдан ўтган “Zeromax” конгломерати Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасидан тортиб табиий газ қазиб олишгача бўлган бизнес империясига эгалик қилган ва қиймати ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизигача тўғри келадиган энг йирик компанияга айланган эди.

У 2010 йилда Тошкентда ҳокимият учун сиёсий кураш асносида инқирозга юз тутди. Яқинда маълум бўлишича, унинг 5,6 миллиард швейцария франкидан (6,1 миллиард доллар) ортиқ миқдорда қарздорлиги мавжуд. Бу 2001 йилдаги “Swissair”дан кейин Швейцариядаги иккинчи йирик банкротлик эди. Кредиторларнинг сўзларига кўра, унинг камида 2,5 миллиард швейцария франк миқдоридаги активлари йўқолган.

Швейцариянинг ноаниқ ҳуқуқий тизими ва корпоратив маълумотларни ошкор қилиш режими туфайли гуруҳнинг мураккаб тузилиши ва оффшор холдинг компанияларининг мураккаб тармоғи тафсилотлари умидсизликка тушган кредиторлар йўқолган активларни қайтариб олиш учун курашаётган бир пайтда пайдо бўла бошлади.

“Financial Times” томонидан кўриб чиқилган ўнлаб ҳужжатлар, шу жумладан, полиция ҳисоботлари, корпоратив банк ҳужжатлари, ички электрон почта хабарлари ва квитанциялар ҳамда давом этаётган суд жараёнларида кўтарилган даъволар “Zeromax” компаниясига 2005, 2006 ва 2007 йиллар учун молиявий ҳисоботни тоза сақлаш имконини берган EY фаолияти ҳақида алоҳида саволлар туғдиради.

Компания инқирозга юз тутгунига қадар фирма яна уч йил “Zeromax” аудитори сифатида ишлашни давом эттирди, лекин йиллик ҳисоб-китоблар бўйича қўшимча аудиторлик ҳисоботларини эълон қилмади.

EY ҳозир Цугда АҚШнинг “Lion Point Capital” хэж жамғармаси томонидан 1 миллиард доллар миқдорида етказилган зарар учун судга тортилмоқда. 2019 йилда “Lion Point” банкротлик мулкидан “Zeromax” тўламаган қарзнинг бир қисмини сотиб олди, дея хабар беради адвокатлар Financial Timesга. “Lion Point” изоҳ беришдан бош тортди.

Айни пайтда “Zeromax”нинг Европадаги юзлаб кредиторлардан, шу жумладан, Германия ва Марказий Европадаги кўплаб корхоналардан ҳали ҳам миллиардлаб қарздорлиги мавжуд.

EY ўзининг “Zeromax” ҳисобларини текширишдаги роли ҳақидаги “Financial Times”нинг саволларига жавоб беришдан бош тортди.

“2010 йилда Ўзбекистонда суд қарорлари қабул қилиниши “Zeromax” активларининг ҳақиқий экспроприация қилинишига ва унинг банкротлигига олиб келди. Бу масала давом этаётган суд муҳокамаси мавзусидир ва EY мунозарали даъволар бўйича ўз позициясини қатъий ҳимоя қилади. Бошқа изоҳ бера олмаймиз”, деди EY. Вакиллари.

Сейфдаги заргарлик буюмлари

Бир вақтлар “Zeromax” Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан яқин алоқада бўлган. Ўша пайтлар “Ўзбекистон маликаси” дея ном чиқарган юқори мартабали амалдор бўлган Каримова компания билан алоқалари борлигини рад этмоқда. У янги ўзбек режими билан келиша олмагач, 2015 йилдан буён Тошкентда қамоқда сақланмоқда.

“Zeromax” 1999 йилда Делавэр штатида ташкил этилиб, 2005 йилда инвестицияларни Ўзбекистон саноатининг турли соҳаларига йўналтириш мақсадида Швейцарияга кўчирилган.

Инвесторлар Швейцарияда жойлашган компаниянинг кўмагидан фойдаланган ва у дунёдаги энг йирик бухгалтерия фирмаларидан бири томонидан текширилган.

Бироқ ҳисоботлар кўрсатадики, унинг инқирозидан тўрт йил олдин компания орқали ўтган маблағларнинг кўпи шаффоф бўлмаган оффшор тузилмалар тармоғига йўналтирилган. Бу пулларнинг катта қисми Ўзбекистонга жўнатилган, лекин яна кўп қисми эса йўқ.

Баъзи операцияларни бизнес харажатлари сифатида тушунтириш жуда қийин.

Масалан, 2006 ва 2007 йилларда “Zeromax” ҳашаматли заргарлик буюмларига 13 миллион доллардан зиёд, жумладан, Женевадаги “Christian Dior” дўконида 2 миллион доллар маблағ сарфлаган. Кейинги икки йил ичида у заргарлик буюмларига яна 25 миллион доллар, жумладан, Британиянинг “Graff Diamonds” заргарлик компаниясига 6 миллион доллар тўлаган.

Сотиб олинган заргарлик буюмларининг камида бир қисмини Каримова ишлатган. 2016 йилда Швейцария федерал полицияси Женевадаги “Lombard Odier” компаниясидан ижарага олинган сейфларни қидириш учун рухсатнома олди. Ичкаридан улар ҳашаматли заргарлик буюмларини, жумладан, пули “Zeromax” томонидан тўланган 2,5 миллион долларлик олмос узукни топди. “Financial Times” томонидан ошкор қилинган ҳужжатларга кўра, Женевадаги заргарлик дўкони эгаси полицияга Каримова заргарлик буюмларини шахсан сотиб олгани ва пул “Zeromax” назоратидаги банк ҳисоб рақамидан компания ҳисобига ўтказилганини айтган.

EY, шунингдек, пул шаффоф бўлмаган оффшор компанияларга ўтказилганда баъзида юзаки кўринадиган тижорат баҳоналари билан, масалан, “консалтинг хизматлари” учун умумий шартномалар тузилган бўлса-да, тегишли органларга бу ҳақда хабар бермаган. 2004-2007 йиллар мобайнида компания оффшор компанияларга камида 288 миллион доллар миқдорида пул ўтказган.

Энг камида битта ҳолат миллионлаб пулларни жўнатиш билан боғлиқ бўлиб, улар жиноий фаолиятда гумон қилинган ташкилотга юборилган. 2006-2007 йил ўрталарида “Zeromax” 180 миллион долларни Британиянинг Виржиния оролларида жойлашган “Galat Enterprises” компаниясининг тўлиқ эгалигидаги шўба корхонасига ўтказди.

“Galat”, ўз навбатида, Каримова назоратида бўлган, Гибралтарда жойлашган “Такилант” компаниясига камида 5 миллион доллар ўтказган. АҚШ ва Швециядаги жиноий ишлар бўйича суд қарорларида телекоммуникация компаниялари Ўзбекистон ҳукуматининг фойдали шартномалари эвазига Каримовага пора беришда фойдаланилган катта коррупция схемасининг марказий корпоратив канали “Такилант” экани асосланган.

“Zeromax”, шунингдек, “Mercony” ва “Belphil Capital” оффшор компанияларига камида 2 миллион доллар ўтказган, улар орасида “Такилант”га 33 миллион доллар юборганлиги Швеция суди ҳужжатларида қайд этилади.

Камида битта ҳолатда бўлса-да, EY “Zeromax” оффшор ўтказмаларининг ноқоқунийлиги тўғрисида хабардор бўлган.

EYнинг юқори лавозимли амалдори томонидан 2008 йилда “Zeromax” раҳбариятига юборилган электрон почта хабарида “Zeromax” томонидан “Ystral” номли компанияга юборилган 5,5 миллион долларлик ҳужжатларнинг йўқлиги қайд этилган. Электрон почтада Швейцария солиқ органларида шубҳа уйғотмаслик мақсадида пул ўтказмаси учун “бизнес сабаби” зарурлиги таъкидланган.

“Биламизки, айрим саволларимиз нозик масалаларга бориб тақалади. Агар сиз биз билан (шахсан ёки телефон орқали) юқоридаги муаммоларни муҳокама қилмоқчи бўлсангиз, хабар беринг, биз учрашув/қўнғироқ ташкиллаштирамиз”, деб ёзган EY ижрочи директори.

“Zeromax” раҳбарияти бизнес сабабини “ўз-ўзидан тушунарли”, деб жавоб берди.

Футбол учун пул сарфлаш

Агар EY бошқа тартибсиз операцияларни шубҳа остига қўйган ва натижада уларни бекор қилган бўлса, улар компаниянинг фаолияти ёки раҳбарларининг ишончлилиги ҳақида кенгроқ саволларга сабаб бўлмаган.

2007 йилда бош директорнинг рафиқаси Монтрёдаги “Clinique La Prairie” ултра-эксклюзив санаторийсида 250 минг доллар сарфлагани маълум бўлгач, бош директор “Zeromax”га пулни қайтариб беришни ваъда қилганидан кейин EY бу иш бўйича бошқа суриштирув ўтказмади.

2008 йилда ҳануз “Zeromax”нинг аудитори бўлишига қарамай, EY унинг аудиторлик ҳисоботини бермагач, молиявий қонунбузарликлар кўпайган.

Масалан, компания Гонконгда офис майдони сифатида ишлатилган пентхаусга 29 миллион доллар сарфлаган. Тўрт ой ўтгач, у мулкни Каримованинг ўша пайтдаги севгилиси Рустам Мадумаровга 14 миллион долларга сотди.

Шунингдек, 2008 ва 2009 йилларда футболга 27 миллион доллар сарфлаб, Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клубига машҳур футболчи ва мураббийларни олиб келган. Хусусан, Луис Фелипе Сколари билан тузилган 18 ойга 15 миллион долларлик шартнома тузилган ва натижада у дунёнинг энг кўп маош оладиган мураббийсига айланган. Шунингдек, “Zeromax” бразилиялик футболчи Ривальдо учун 12 миллион доллар тўлаган.

Унинг инқирози оқибатида кредиторлар активларни қайтариш ва “Zeromax” тузилмасини тушуниш жуда қийин кечди. Каримованинг оғир молиявий ва сиёсий аҳволи жиддий тўсиқ бўлди.

Каримованинг Женевадаги адвокати Грегуар Манжа “Financial Times”га унинг мижози “ҳар доим “Zeromax” билан алоқаси борлигини қатъий рад этиб келгани”ни айтди ва Швейцария прокуратураси 2017 йилда Каримовани улар билан боғлашга уринган ишни рад этганини таъкидлади.

АҚШнинг ҳеч бўлмаганда битта расмийси бошқача фикрда турибди. “WikiLeaks” мақоласи доирасида оммага ошкор қилинган ёзишмаларга кўра, Давлат департаменти дипломатлари Каримовани “қароқчи барон” деб ҳисоблашган. АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Ричард Норланднинг 2010 йил январь ойида, “Zeromax” инқирозидан бир неча ой олдин Вашингтонга юборган телеграммасида компания Каримованинг “шахсий ташкилоти” сифатида тасвирланган.

“Элчихона “Zeromax” ёки унинг филиаллари билан бизнес алоқалари ўрнатишни таклиф қилганлар билан боғланмоқда, – деб ёзади у, – пухта текширув ўтказиш керак”.

Манба: Eltuz