Собиқ Совет давлатининг синиши ортидан унинг ҳудудларида энг кўп гапириладиган мавзу – бу демократия бўлиб қолди. Кўпчилик яхши хотирлайди Горбачев даври демократиясини. Масалан, Михаил Горбачев СССР Олий Совети минбаридан ошкоролик ҳақида гапириб, фуқароларга эркинлик берилганлигини айтганида на депутатлар ва на халқ нима дейишини ҳам билмай қолганди. Совет халқлари ҳаттоки Сталин даврида ҳам эркин эди ахир(?). Албатта расман. Худди шундай Брежнев даврида ҳам. Аммо бу Горбачев келтирган эркинлик ер юзидаги энг катта мамлакатни парчалаб ташлади ва унинг ўрнида кам деганда 25 та мустақил мамлакатлар пайдо бўлди.
Бундан халқ нима ютди? Ҳеч нарса! Эътибор қаратадиган бўлсак, мустақилликга эришган бу мамлакатларнинг ҳар бирида турли даражадаги ечиб бўлмас муаммолар бор. Қай бирида шунчаки иқтисодий, бошқасида эса сиёсий. Ва қай бирларида ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий. Совет давлатининг парчаланиши ортидан энг оғир қисмат Ўзбекистон халқи бошига тушди. Бунда диктатор Каримов ҳукмронлиги ўрнатилинди ва мамлакат катта бир қамоқхонага айланди.
Ҳозирда Ўзбекистон турмаларида ўтирганларни озод этиш талаблари ҳам илгари сурилади гоҳида, лекин Ўзбекистоннинг озод фуқароси ҳам Европанинг ити даражасида бўлсин – ҳуқуқларга эга эмаслигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Демак, кишининг турмадан озод бўлиши – бу мутлоқ озод бўлиш дегани ҳам эмас экан.
Оддий қарол даражасидаги фуқаролар демократияни юқоридан келишини исташади. Ҳукуматдан(?). Қизиқ, қайси бир ҳукумат борки, ўз халқи озод бўлишини истаса? Бундай мамлакат ер юзида йўқ десак ҳам бўлади! Ҳар бир ҳукмдор мамлакат фуқароларини бошқаришни, уларнинг тақдирини ўзи ҳал қилишни истайди. Фақат демократик ўзгаришлар қуйидан бошланганидагина, уларнинг бошқа имкони қолмайди. Халқ шуни истаса ва халқ айни мақсадда бошини бириктира олсагина мамлакат раҳбариятида ҳам ўзгариш содир бўла бошлайди. Аммо бизнинг “мустақил” ватанимизда халқ оммаси ҳукуматдан қўрқиб яшашга одатланган ва ҳукумат олдида улар ўзларининг ҳақ талабларини қўйишга ҳам қодир эмаслар!
1990 – 91 йилларда Ўзбекистонда ҳукумат аввалига ўзбек тилига давлат тили мақомини беришни, кейинчалик мустақилликни ёқлаб чиқганини эсга олайлик. Ислом Каримов ўзбек тилида мутлоқ гапира олмасди, у бу тилни ўрганди ва мустақиллик тарафдори бўлишга ҳам мажбур бўлди. Албатта ГКЧП тўнтарилганидан кейингина у мустақиллик қўшиғини куйлай бошлаганди. Ҳокимиятни ўз қўлига олган И.Каримов биринчи навбатда сиёсий мухолифатни йўқ қилишга киришди. Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил президенти учун сиёсий мухолифат вакиллари сиёсий экстримистлар “бўлди” ва мамлакатда биринчи бўлиб қатағонга учраганлар мухолиф қарашдаги сиёсатчилар эди. Кимлар қамоққа ташланди, кимлардир тарки ватан қилди.
Нега энди ўзбек ўзининг Ўзбекистонида яшамасин? Чунки унда яшаш имкони ҳам қолмади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ватанимизда эркин яшаш имконига саноқлик одамларгина эга. Ҳозирда Ўзбекистон МХХ си ва милициясида ишлаб, режимга бел боғлаб хизмат қилаётганлар ҳам аслида режимга шу кунларда керак холос. Кези келганда улар ҳам турмаларга ташланади, қатағон қилинади, ёки хорижга чиқариб юборилади.
Оддий одамлар орасида ҳам ғарбга ишқибозлик жуда баланд, худди бу ерда пишириб қўйганиларидек, улар ғарбга томон интилишади. Бу ерда озодлик, бу ерда инсон ўзини инсондек ҳис қила олади ва мана шунинг учун ҳам кўпчилик Европани орзу қилади. Мухофлифат сафига кираётганлар орасида “агар мухолиф бўлсам чет элга чиқиб кета оламанми?” – деб савол қўяётганлар учраб турибди. Гўёки ҳукуматга мухолиф бўлмоқлик – муҳожирликка кетишнинг старт нуқтаси!
Қизиқ, нега биз хорижни орзу қиламизу, аммо ўз ватанимизда озодлик, ҳурлик бўлиши учун кураша олмаймиз? Нега биз бу даражада лоқайд ва қўрқоқмиз? Нега бизнинг ҳаққимизни Америкадан туриб кимдир олиб бериши керак, ўзимиз ололмаймиз, ҳаттоки ҳаққимни бер дея талаб ҳам қила олмаймиз?
Демократия эса азизлар – пастдан бошланади! Агар бизга демократия керак бўлса, демак пора кўтариб чопмаслигимиз лозим ва қонунларни ҳурмат қилиш, бошқалардан ҳам қонунларга амал қилишни талаб этиш зарур. Албатта Ўзбекистонда мавжуд бўлган билакс қонунлар Ўзбекистон Конституциясига, Ўзбекистон ратификация қилган халқаро қонунларга ҳам зид келади, бироқ уларни бартараф этиш талабини эса айнан мана шу халқнинг ўзи кўтариши шарт!
Совет даврини ёд олайлик. Унинг қонунларига кўра, Совет Иттифоқида матбуот эркин эканлиги кўрсатилинганди, лекин фақат Компартиянинг мақсад ва режаларига зид бўлмасагина эркин эди у. Айнан мана шу кўринишдаги матбуот эркинлигини том маънодаги эркинлик дея аташ мумкин эмас. Бугунги мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси Оммавий Ахборот Воситаларининг эркинлигини таъминласада, сўз ва матбуот эркини кафолатловчи бешта қонун мавжуд бўлсада, бироқ матбуотимиз эркин эмас. Негадир журналистларимиз ўз эрклари учун бирор саъй-ҳаракат ҳам қилишмайди. Фақат буюртма асосида қандайдир танқидий материаллар ёритишлари мумкин, аммо объективлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас!
Совет даврида бутун мамлакат интелегенцияси, ишчи ва деҳқонлари Коммунизм қуриш фронтига сафарбар этилган бўлса, бугуни мустақил Ўзбекистонмизда ҳамма нарса ва ҳар бир одам биргина каримовлар оиласининг манфаати учун сафарбар этилган. Бу даъволарни келтриш билан биз янгитдан Американи кашф қилаётганимиз йўқ, буни ҳамма билади. Ўша Ўзбекистон ичкарисидагилар ҳам, ҳаттоки ҳукумат аппаратида ўтирган текинхўрлар ҳам – ҳамма, ҳаммаси билади, лекин ҳамма баробар лунжига сув тўлдириб олганлиги ҳам кузатилинади. Бу аҳволда диктатурадан озод бўлиш имконлари нолга тенг! Бизга кимдир ғарбдан келиб озодликни ҳадя этмайди, бунинг учун ўзимиз курашимиз керак ва шу мақсадда диктатордан қўрқмаслик лозим. Аслида аксинча, унинг ўзи биздан қўрқади!
Диктаторимиз ҳам анойи эмас. АҚШ ва Европанинг бир неча мамлакатларининг ҳукуматлари унинг хизматига ҳозиру нозир. Ўзбекистоннинг ноқонуний президентини ғарбнинг мана шу ҳимояси ҳар балою қазолардан ҳам асраб келмоқда. Юртбошимиз эса Ўзбекистонда диний радикалларнинг, террорчиларнинг хавфи мавжуд дея, унга қарши “кураш” олиб боради ва ўз халқини оёқ ости қилиб ғарбнинг марҳаматига сазовор бўлиб келаяпди. Ғарбнинг кўзи кўр, улар билмайди деб ўйласангиз қаттиқ янгилишасиз! Улар ҳаммасини билишади, билиб ўзларини гўлликка солишади. Биз учун эса икки йўл бор: бири қул бўлиб қолиш, иккинчиси ўз ҳурлигимиз учун курашмоқлик? Афсуски бизда аксар кўпчилик қул бўлмоқлик йўлини танлайди.
Кўп ҳолларда кузатганимиз, демократик эркинликлар ҳақида гап кетганида диндор фуқаролар қаршилик кўрсатишади. Нима эмиш, демократия бўлса ўзбеклар ҳам бир жинслик никоҳларга киришиб кетишади(?). Бундай хавф Ўзбекистонда йўқ, буни ҳамма билади, лекин лоқайдликни хаспўшлаш учун қандайдир бир баҳона керак-ку! Ўзбекларнинг миллий минталитети бу каби қонунларнинг қабул қилинишига ҳам йўл бермайди, бордию шундай қонун бўлганида ҳам у бизда ишламайди. Ҳозир ҳам матбуот эркини таъминлайдиган бешта қонун бўлсада, улар ишламаяпти-ку, худди шунга ўхшаб бир жинслик никоҳлар ҳақидаги қонун ҳам бизнинг Ватанда ишламайди! Чунки унинг ишлаши учун зарур бўлган талабнинг ўзи йўқ, аммо демократия душманлари учун қандай бўлсада, бирор баҳона зарурдек.
Қизиқ, айни мана шу диндор фуқарларимиз ва ҳаттоки уламоларимиз бир жинслик никоҳларга рухсат берилган Европа мамлакатларида яшашга жон-жон деб рози бўлишади, аммо негадир Ўзбекистонда эркинлик бўлишини ҳам исташмайди. Антиқа пародакс! Шундай эмасми?
Қани, айтингчи, ғарбдаги қайси ўзбек бошқа биров билан бир жинслик никоҳдан ўтди? Бунақаси йўқ ва бунинг учун яратганга шукроналар қиламиз! Ғарбда демократия бор деганимизда ҳам, бундаги баъзи нохушликлар кишининг таъбини хира қилади албатта. Айнан мана шу бир жинслик никоҳларнинг ўз мамлакатларида жорий этилишини истамайдиганлар кўпчилик, лекин бу каби инсон маънавиятига зид қонунлар барибир қабул қилинмоқда.
2013 йилнинг 25 март кунида Франция пойтахти Париж кўчаларини бир жинслик никоҳга норозилар тўлқини тутиб кетди. Бу мамлакат парламентида айни мавзудаги қонун қабул қилиниши арафасида турибди. “Евронюс” ахборот агентлиги Париж кўчаларидан олиб берган репортажида полиция кучлари норозиларни кўздан ёш оқизувчи газлар билан ҳайдаганлигини намоиш этди. Кўриб турганимиздек, демократик қадриятлар ҳурмат қилинадиган Францияда ҳукумат мамлакат аҳолисининг кўпчилиги талабини қондирмади ( ru.euronews.com).
Совет даврини эслайлик. Совет юртида кўпчиликнинг талаби қондириларди. Бу кўпчилик озчилик устидан ўз ҳукмини ўрнатишининг белгиси эди. Диктатура ва тоталитар режимларда кўпчиликнинг ҳуқуқини озчиликдан, яъни ҳукуматда уя қуриб олганлардан ҳимоя қилиш лозим бўлса, демократияда аксинча, озчиликнинг ҳуқуқи кўпчиликдан ҳимоя қилинади. Шунинг учун ҳам бир жинслик никоҳлар ҳақида қонунлар қабул қилиб борилмоқда.
Кейин бу каби нотабиий никоҳлар сабаб, ер юзида аҳоли ўсишининг камайишига ҳам эришиш мумкин бўларди. Бироқ бу каби никоҳ мусулмонларга ёқмаяпти (нега энди ёқсин?). Ким билсин, ғарб дунёси мусулмонларга қарши компания бошлаши сабабларидан бири ҳам шу бўлса-чи? Аммо ишонч билан шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда қандай ҳукумат бўлишидан қатъий назар, бир жинслик никоҳлар ҳеч қачон бўлмайди!
Камина тез – тез ўзбекларимиз қалбини қамраб олган ижтимоий бир қўрқув оммавий тус олгани ҳақида ёзиб қоламан. Ҳалигача биров “биз қўрқоқлар эмасмиз” деб овозини кўтаргани ҳам йўқ. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, бизнинг бу сўзларимиз зоҳиран бўлмасада, ботинан тан олинаяпти!
Демократияни истамайдиганларга аслида демократик дунёда яшаш ҳуқуқини бермаслик керак эди. Улар Хитойда, Шимолий Корея ёки Саудия Арабистони каби инсон ҳақлари топталадиган юртларда яшасинлар. Қолаверса, ўзимизнинг Ўзбекистон ҳам диктатура тарафдорлари учун “жаннатдек” диёр ахир!
2015 йилда Ўзбекистонда президент сайловлари ўтказилинса, унда Гулнора Каримова ҳокимиятга келади ва шу билан Ўзбекистондаги диктатуранинг умри кам деганда яна 50 йилга чўзилади. Шу режим бизга керакми ўзи? Албатта йўқ, фақат уни кимдир ағдариб берсин, кейин биз мазза қилиб яшаймиз! Мана бу биз ишонган ва умид қилаётган “ақида”.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ўз фаолиятини бошлаган биринчи кунларданоқ уни “террорчи экстримистлар” деб чўқинтирган “сиёсатдонларимиз” ҳам бўлди. Бармоқ билан санарлик аъзоларга эга “Бирлик” партияси, “Бирдамлик” халқ ҳаракати, яна Америкадаги Демократик конгресс, шунингдек турлик сайтлар…. Ҳаммаси, жумладан Ўзбекистондаги Каримов диктатураси ҳам ЎХҲ “диний радикаллар”, “экстримистлар”, “террорчилар” деб оғиз кўпиртиришга ўтишди. Аммо бу даъволарни келтириш учун уларда бирор асоснинг ўзи йўқ. Умуман олганда, 2001 йилнинг 11 сентябрида АҚШда содир бўлган террористик ҳужумни ЎХҲ чилар амалга оширишганди деб ёза қолсалар ҳам бўларди. Негадир шуни қилишмаяпти. Ваҳоланки, ЎХҲ Ватанга эркинлик шамолини олиб киришни истаяпти, шундай бўлсада бу эркинликни истайдиган тарафдорлар сони ниҳоятда оз! Йўқ, нотўғи бўлди бу гап. Оз эмас, фақат мана шу озодлик учун курашадиганлар ниҳоятда оз!
Ўзини “Замондош” халқаро фонди деб атайдиган бир гуруҳ ёлғончилар ЎХҲ Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) махсус лойиҳаси эканлигини илгари суришади. Ола! Балки Муҳаммад Солиҳ МХХ нинг жосусидир?
Бу келтирилаётган даъволарнинг ҳаммаси шундоқ ҳам оммавий қўрқув остида бўлган халқни янада қўрқитиш учунгина холос. Буни ЎХҲ аъзолари яхши билишади, лекин Ўзбекистонда ҳамма ҳам билавермаса керак. Кимлардир диктаторларнинг режимини сақлаб қолиш учун курашга чиқар экан, улар ўзлари мансуб бўлган халқнинг қўрқув исканжасида яшашига ҳам кўмакчи бўладилар. Буни эса халққа қарши жиноят деб атасак ҳам бўларди, бироқ бирор мамлакат йўқки, унда халққа қарши содир этилган бу кўринишдаги жиноятлар учун жазо тайинланган бўлса. Бунақа хоинлар жазодан холи қолишади одатда, лекин таърих саҳифаларига уларнинг номи лаънат билан ёзиб қолдирилади.
Демократия қуйидан бошланади деб таъкидладик. Уни ҳукумат эмас, биз – ўша оёқ ости бўлиб келаётган Ўзбекистоннинг фуқаролари тамсил эта оламиз холос. На АҚШ, на Буюк Британия ва на Европа бизга уни қуриб бермайди. Ахир айтадиларку: “ҳақ олинур, берилмайди”! Осмондан чалпак ёғишини кутсак, унда яна бир неча аср диктатура зулми остида қолиб кетамиз. Бизку ўлиб қутилармиз, лекин болаларимизга, набираларимизга ва улардан кейинги авлодларга ҳам мана шу қулдорлик тузимини мерос қилиб қолдирган бўламиз. Келинг азизлар, яхшиси уларга ҳурликни мерос қилиб қолдирайлик!
Тўлқин Қораев
Швеция