O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдулла Тожибой ўғлининг ЎХХ аъзолари устидан ёзган “донос”ининг таҳлили

Абдулла Тожибой ўғлининг ЎХХ аъзолари устидан ёзган “донос”ининг таҳлили
189 views
08 December 2013 - 11:38

2015 йилда (агар уни яна ўзгартириб қолишмаса) Ўзбекистон Республикаси халқи яна сайлов қутилари олдига келиб, яна мамлакат президентини “сайлашади”. Халқимизнинг “иродаси” доимо Ислом Абдуғанич атрофида гирдкапалак бўлиб келаётганди. Бу сафар эса эски президентни умрбод сенат аъзоси қилиб қолдириб, янги ҳукумдор “сайланадиган”.  У ким бўлади? Гулнора Каримовами, Шавкат Мирзиёевми, Рустам Иноятовми, ёки Рустамжон Азимовми? Ҳозирча айни мана шу “сайланадиган” одамлар “номзадлар” атрофида элнинг боши гангияпти. Лекин билмаймизки, “жонажон” ҳукуматимиз бизга қанақа “сюрприз” қилиб бераркин. Бу ҳамма таниган-ўғри каззоблардан бошқа одам қуриб кетибдими? Афсуски, қуриб кетган.

Мухолифатнинг халқни тамсил қилиши мумкин бўлган лидерлари ёки турмада ёки муҳожиротда. “Мухолиф лидер” мақомида  мамлакатда қолганлари эса масқарбозлардан иборат. Масалан, ўтган галги “сайловларда” иштирок этишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган “мустақил номзад”  Абдулло Тожибой ўғли. Бу зот анча шов-шувлар кўтариш билан 2007 йилги президент сайловида иштирок этишга кўп уринганди. Аммо…

“Аммо”дан аввал бир ҳақиқатни эътироф қилайлик: мавжуд ҳукумат халқнинг шундай жонига теканки, агар Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтказилиб, инсон у ёкда турсин бирор чўпоннинг чўлиғи Ислом Абдуғаниевичга муқобил номзод деб эълон қилинса, у мутлоқ президент бўлиб сайланарди. Ҳа, халқимиз “иқтисодчи” президентдан шу қадар безиган!

Аммо мухолифат муқобил номзод сифатида яна ўша Абдулла Тожибойни чиқарса, сайлов қанча эркин бўлмасин, бу номзод ўтмаслиги муқаррар. Нега?

Биринчидан, бу “зоти муҳтарам” чин маънода ўқиш ёзишни билмайдиган инсон. Саводи бошланғич мактабнинг 3-синфи савиясида. Интернетдан тарқатаётга русча “баёнотларини” Владимир Ҳусаинов деган одам ёзиб беришини ҳамма билади. Ўзбекча баёнот тарқатмайди, чунки уни ёзадиган одам йўқ, “номоздбойнинг” ўзи эса ёзолмайди…

Майли, асосий мавзуимизга келайлик. Яқинда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) таҳририятига ҳаракатимиз фаолларидан бири Фахриддин Тиллаевдан қисқагина мактуб келди. Мактуб мазмунига кўра, ҳукуматимиз Ф.Тиллаевни тағин ҳам айбдор қилиш ҳаракатларини олиб бормоқда экан. Маълумингизким, ЎХҲ нинг фаол аъзоси бўлган сафдошимиз икки маротиба 15 суткадан режим “саноторийсига” йўлланма олган ва ҳар икки ҳолатда ҳам синмай чиқиб келган.

Энди уни тағин нима кутмоқда экан? Гап шундаки, бундан 1,5 йилча олдин мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясига аъзо бўлиб кирган Абдулла Тожибой ўғли  сомсахона очиш учун партиянинг Бош котиби бўлган Отаназар Орпиповдан 2,5 минг доллар қарз олган ва бу бизнесдан келган даромаддан ташкилотга ёрдам уюштираман деб ваъда берган.

Аммо орадан 2 йил ўтганига қарамай, на сомсахонадан ва на пулдан дарак бор. Отаназар ака Орипов беморхонада бўлганлиги боис, бу пулни кайтариб олишни Фахриддин Тилаевга топширган. Аммо Тожибой ўғли бу пулни талаб қилган Фахриддин Тиллаев  ва Нуриддин Жуманиёзовга қарши жабҳа очиб, уруш элон қилган, “мардикорларни сен сотмоқчи бўлгансан” дея шантаж қила бошлаган. Бундан баттари ҳам бор.

2012 йил 23 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Ҳамза тумани “жиноят ишлари бўйича суди” юқорида исмлари зикр қилинган мухолифатчилар Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ва Абдулло Тожибой ўғлини Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик Тўғрисидаги Кодексининг (МЖТК) 202 моддаси 3 қисми билан жавобгар топиб, уларнинг ҳар биридан етти миллион сўмдан ортиқроқ маблағ ундириб олинишига қарор чиқарган эди. Ўшанда ҳеч ким бу 3 та мазлумдан биттаси бир кун келиб, золим тарафига ўтиб, ўзининг кечаги сафдошига туҳмат қилади деб ўйлмаганди!

Ҳа, бугун ўша Абдулла Тожибой ўғли ўша жарима қарорини  “мен сизлар туфайлик жаримага  тортилдим, ҳукумат  менга бериладиган пенсиямни кесиб олмоқда деб ҳар жойда номимизни баъдном қилиб юрибди”, – дейди Фахриддин Тиллоев.

“Яъни ҳукумат жазолагни учун биз айбдор эканмиз!” – дейди аччик киноя билан Ф.Тиллаев. – “Бу одам энди “Эрк” партиясининг маблағини қайтиб бермаслик учун яп-янги найранг ўйлаб топди – биз одам савдогари эканмиз, тасаввур киласизми?”- дея хуноби чиқади унинг.

Гап шундаки, фаолимиз Фахриддин Тиллаев Ўзбекистондаги энг ночор қатлам бўлган мардикорлар ҳуқуқлари билан ҳам машғул бўлиб келади. Шу мақсадда у Ўзбекистонда “Мардикорлар касаба уюшмаси”ни тузиш ҳаракатида ҳам бўлди. Тузди ҳам, аммо у Ўзбекистон Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтган ҳам эмас. Ўтмайдиям! Айни мана шу ночор қатлам муаммолари билан машғул бўлиш Ф.Тиллаевни одам савдосига аралашганлик билан айблашни балки ҳукумат уюштираётган бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Абдулла Тожибой ўғли ҳозирда икки нафар мардикорни ёллаб, уларнинг кўмаклари билан эски сафдошларини  “мардикорларни Қозорғистонга сотганликда” айблаш учун ҳаракат килмоқда. Бундан мақсад, Отаназар Орифдан олган  2,5 минг доллар маблағни қайтиб бермаслик.

Албатта ўзбекнинг  бир-бирига душман бўлиши одатга айланди. Бу одат яқинда пайдо бўлди десак муболаға бўларди. Бир неча ўн йиллардир, ким билсин, балки асрлардир, ўзбеклар орасида бир бирига зимдан ёвузлик қилиб келиши кузатилинадиган ҳол. Гоҳида бу душманчилик ошкора ҳам олиб борилади, қачонки “дўппи тор келиб қолса”. 2500 доллар пулни мухолифат фаолитятини молиялаштириш учун сомсахона очишини баҳаона қилган Абдулла Тожибой ўғлига ҳам ўша дўппи тор келган кўринадики, энди қасд олишга ўтибди. Яқинда почтамизга бу “бўлмай қолган президентдан” бир мактуб келиб тушди. Одатда бу инсон бунақа мактубларни кўпчиликка тарқатади. Луғавий ва имло хатолар билан лиқ тўлган бу мактубни таҳрир қилмасликка қарор қилдик.

Мардикорлар, Фарход Парпиев ва Эркиндан, яъни вақтинча “ Мустақил мардикорлар Касаба уюшмаси” ташкилотининг рахбари Мирсоатов Абдуллох Тожибой ўғли номига, 22 ноябр 2013 йилда ариза тушди. Аризада, Джуманиязов ва Тиллаевларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўришимни ва улар Қозоқистондаги олаолмаётган пулларини олиб беришлигини сўраганлар.  Мардикорлар у ерда хору-зор, хар-ҳил хақоротлару- калтакларни қозоқ иш берувчилардан еганини айтиб ёзганлар.  Мен шу куни телефон орқали Тиллаев билан боғлана олмадим, Джуманиязовга телефон орқали аризада ёзилган сўзлар билан юзлансам у мардикорларни ёмонлаб кетди,  у улар ёмонлаб кетди.

 Мен Джуманиязовга агар улар ёмон экан нега уларни яна қайтиб Ўзбекистонга олиб келмай қозоқлар чангалида қолдирдингиз деган саволимга агар мардикорлар мен билан судлашса мен судлашаман деб жавоб берди. Мардикорларнинг ёзишича, Джуманиязов Нураддин бу мардикорларни ёнлаб, Қозоқстон Чимкент шаҳридаги Хуррам исмли ҳамюртимизга сотган, у эса ўз навбатида қозоқ иш берувчиларга ўтказган.    Мардикорлар, Хуррамдан эшитишича Фахриддин Тиллаев ҳам бир нечта мардикорларни Қозоқистонга олиб бориб Хуррамга топширган.

 Бу “ЭРК” партияси аъзоларининг бу хатти –ҳаракатларидан партия рахбарининг хабари йўқлигига мени гумоним бор. Чунки бу икки шахс айнан рахбарларнинг гапидан келиб чиқиб мени номимни бадном қилиб юрганлигидан айрим кишилардан хабарим бор. Пардаев ва Эркинлар тегишли органларга ариза билан мурожаат этганлар.  Тиллаев ва Джуманиязовлар уюшма аъзоликдан ҳайдалдилар.

 Мурожаат учун тел: Фарход ( +998-93) 542-80-21, эркин (+ 998-93) 519-32-76.

Уюшмани вақтинчалик рахбари Мирсоатов Абдуллох Тожибой ўғли.

 Пресс-центр: “ Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун”

жамоат бирлашмаси.

 

Албатта Абдулла Тожибой ўғли қийин аҳволда. Унга нисбатан ҳам суд турли чораларни қўллаган, ҳаттоки ўз уйи ҳам йўқ. Бироқ бу ҳолат бу “бўлмай қолган президентимизга” ЎХҲ аъзоларига туҳмат қилиш, бўҳтон уюштиришини оқламайдику. Ҳар неки, камина Абдулло Тожибой ўғлининг press.sentr@gmail.com электрон қутисига мактуб йўллаб уни инсофга чақиришга ҳам уриндик. Ахир айтадиларку: “чиқмаган жондан умид!” – деб.

Ассалому алайкум!

Абдуллох ака, соғ-омонмисиз? Нималар билан машгул бўлиб юрибсиз?
Бир қараганда президентликка даъво килаётгандингиз, яна пикетлар билан кўзга кўриндингиз. Энди эса ЎХҲ фаолларини одам савдосида айблаш ҳаракатини бошлаб юборибсиз. Сизни тушуниб бўлмаяпти: мухолифатга ошномисиз ёки ҳукуматгами?

Сизга ЎХХ фақат яхшилик қилганидан хабарим бор. Масалан, Отаназар акадан 2500 доллар олганингизни ҳамма билади. Аммо ЎХҲ га (ЭРКка) , унинг аъзолари Фахриддин билан Нуриддинга тош отишингизнинг тагида  шу пулни, 2500 долларни қайтиб беришни истамаганингиз ётганлигини ҳамма ҳам билмайди. Аммо мен бир бетараф журналист сифатида буни ўргандим. Беришни истамсангиз, “бор-е, бермайман!” деб туриб олсангиз бўлардику. Ёки “имконим йук” десангиз хам бўларди.

Нега энди Фахриддин билдан Нуриддинни одам сотганликда айбдор килаяпсиз? Сохта  гувоҳлар ёллабсиз, уларга ҳам ўша 2.500 доллардан сизларга бераман деб сўз бердингизми?  Ёзишга хам жуда “уста” экансиз.  Хабарларингиздан бирини зўрга тушиниб олдим.

Сиз ўзингизга яхшилик қилган инсонларга нонкўрлик қилмасдан, улардан кечирим сўраб, 2 йил бу пуллардан фойдаланганингиз учун уларга ташаккур айтиб, пулларини тез қайтариб беринг. Сиз шу арзимаган  пул учун инсоний киёфангизни йўқотманг, ўз номингизни баъдном қилманг.  Уялинг. Зотан, сизнинг дасхатингиз  турибди Отаназар акадан 2.500 доллар  олганингиз ҳақида. Сизни маҳкамага берса, маҳкама ундириб беради-ку!  Бу шармадаликдан қўрқамайсизми?  Бу ҳаракатларни тўхтатиб, олган омонатингизни қайтариб беринг, кечирим сўранг Фахриддиндан, Нуриддиндан ва Отанзар акадан. Акс ҳолда,  ўзингиз шарманда бўласизку.

Ҳурмат билан Тўлқин.

 Бироқ “бўлмай қолган президент” жавоб беришни ҳам истамади.

Аммо Тошкентда у кишининг шарофати ила яна нималар бўлаяпти экан? ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллаевнинг бизга билдиришича, машмаша ҳали тугaгaнича йўқ ва ўзини “режим мухолифи” деб билган бу шахс бошқа мухолифларга бўҳтон тошларини отишни, фитна қилишни тўхтатгани ҳам йўқ.

3 декабрь кунида уйимда тинтув ўтказишди, видoтасвирга ҳам туширишди. Қўшниларни ҳам таклиф қилиб далолатнома тузишди, ҳаттоки уйдаги телевизорни ҳам олиб кетишди”,  деб хабар берди Фахриддин Тиллаев.

Унинг сўзларига кўра, тошкентлик “ҳуқуқ посбонлари” Нуриддин Жуманиёзовни ижарада турган уйида ҳам тинтув ўтказилинган, унинг компьютери, принтерини олиб кетишган.

Боз устига Нуриддин Жуманиёзов ўша ижарада яшаб турган уйидан ҳам қувиб юборилибди. Ҳозирда у одам кўчама-кўча юриб яшашга жой бошқа изламоқда экан.

Абдулло Тожибой ўғли ҳукуматга қўшилиб фитна уюштирмоқда, нима эмиш, Нуриддин ака билан мен Қозоғистонга бориб одам савдоси билан шуғулланган эмишмиз”, – деб ёзди Фахриддин Тиллаев. “Бўлмай қолган президентнинг” бу ҳатти-ҳаракатлари албатта ўша зорманда 2500 доллар дардида бўлсада, ҳар неки фаолимиз бошқача гумонни ҳам илгари суради – “Абдулло “Эрк” дан ҳайдалганидан кейин аламини кимдан олишни билмай шу ишни қилмоқда”.

Фахриддин Тиллаевнинг берган маълумотидан билганимизга кўра, Нуриддин Жуманиёзов билан унинг ўзи эндиликда Ўзбекистондан ташқарига чиқа олишмайди. Ҳукумат шундай қарор қабул қилибди.

Бизлар бир уйдирма жиноят билан икки марта судланмоқдамиз. Етти миллион ундириб олиш тўғрисида ўтган йили Ҳамза тумани суди қарор қабул қилганди. Ҳукуматимиз ўша қарорни дастак қилиб олган”,  – дея хабар қилди бизга Фахриддин Тиллаев.

Бир процессуал ҳаракат билан икки марта судланган ЎХҲ фаоллари ҳозирги кунда на яшаш жойлари бор ва иш жойлари. Табиийки, “даромадлари” ҳам шунга яраша. Биринчи бор улар 2012 йил 23 ноябрда 26107/27 сонли иш билан жавобгар қилинишган бўлишса, иккинчи бор худди шу “жиноят” билан  2013 йил 29 ноябрь кунида суд залига келтирилишган. Ҳеч нарсаси йўқ одам суд учун ҳам “ташвиш экан”. На уй-жойи ва на мол-мулки бўлмаган мухолифатчилардан бирор нарса ундириб бўлмаяптими, демак бу қарорнинг ижроси ҳаракатдан ҳам тўхтатилиниши лозим эди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси ПК ва МЖТКсининг тегишли моддаларига кўра, “Суднинг қарори юзасидан маъмурий жаримани  ундиришда, агар  қарор ижроси ўз вақтида ундирилмай қолиб кетса ва   қарздор томонлар  қарзини тўлашга имкониятлари бўлмаса, унда унинг мол мулки мусодара қилинади. Агар бунга ҳам, имконияти етмаса, унда, қарздордан қарзини давлат фойдасига ўндириб бериш қатъян маън этилади” – деб кўрсатилган.

Ҳозирги кунда Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовга қарши яна бир фронт очилган ва бу фронтда Ўзбекистоннинг ўша “бўлмай қолмай президенти” Абдулла Тожибой ўғли қўмондонлик қилмоқда.

Русларда ажойиб бир нақл бор. “Ташаббус унинг ижроси билан жазоланади” дейилади унда. Мардикорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмасини тузишга уринганлар энди айнан ўша мардикорларни хорижга сотганликда айбланишмоқда.

Ҳа, Ватанимизнинг “бўлмай қолган президенти” жуда “жиддий” чиқиб қолди. Ҳам пулни ол, ҳам қайтариб берма, тағин кимларнидир жавобгар қил! Ўндан тўққизини уриб, бирига ҳам қилиб тур!

Ҳа демай, Абдулло Тожибой ўғли  жонажон  ҳукуматимизнинг “азиз инсонига” ҳам айланиб қолса ажаб эмас. Агар аллакачон айланиб улгурмаган бўлса…

 

Тўлқин Қораев