O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОР

ОР
12,878 views
20 March 2024 - 12:19

Эркакда ошхона пичоғидан бўлак деворда осиғлиқ пичоқ ҳам бўлади. Жўмард қизларда ҳам бўлади, ҳатто сўмкачасида. Ҳаётда бир марта ишлатилади, бир марта қинидан суғурилади. Шу пичоқни қадрини билганларгина Ватанни, Миллат шаънини ҳимоя қила олади. Бу пичоқни қадрини билмаганларни “кўзи ёлғон гапиради”. “Ёр кўксига урмадим пичоқ, Индамай кетдим…” дейди Есенин бир шеърида. Демак бу бошқа халқларда ҳам бор. Ҳамма нарсани кечирса бўлади хиёнат ва ёлғон кечирилмайди. Ки, буни кечира олган одам Ватанга хиёнат қилинганда ҳам, жим тура олади. Ватан минбаридан туриб ёлғон гапира олади, минбарда ёлғон гапирган одам тупроқни сота олади. Номуссизлик шунга олиб келади. Есенин армияда ватан учун жангга киради, аммо одам отишга қўли бормайди.

Брюс Ли ни бир киносида, ўз номусни ҳимоя қилиш учун қиз шиша бўлагини ўз юрагига санчади, гарчи у хитой қизи. Қайси кино эканлигини эслатиб юборасизлар.
Ёшликда Бухоролик бир пари билан ишқ ўйнардик. Қадрдон дўстим билан капалак қувишганига бехос дуч келдим. Ўлдиришга улгурмадим, ўзимни осишга кейин кеч эди. Наздингизда ёмон одамдирман, ёшлик эди, қизиққонлик эди аммо ўлдира олмаганим учун бутун умр афсусландим. Қиз чиқиб кетди ватан чегарасидан. Дўст фасе.да бор. Аммо бутун умр юз кўрмас бўлдик. Биламан бу нарсага кўз юмиб ишқ ўйинни давом эттиргувчилар бор, афсуски ҳақиқий номуснинг кўриниши севгида бўлади.

Пулга муҳтож, давлатнинг арзимаган чақасига зўрға қорин тўйиб, иғвогарлар кўзига гадой, алфонс бўлиб кўриниб юрган дамларим Тошкентда суқсурдай оқбилак бор эди. Ёлғиз қиз. Ўқиган. Карера қилган. Қирқ сотихли ҳовли. Қаср. Аждар номли ити бор эди. Машина. Зиёли оила. Самарқандда бу ичкуёвлик дейилади, менга тўғри келмайди дедим. Қизнинг отасининг ичидан нимадар чирт узилди. Бир биримизни тушундик. Бу сўзсиз ифода этиладиган жараён. Биламан қизларнинг пули учун уйланадиган ориятсиз йигитлар ҳам кўп, ҳатто қайнотаси мошин совға қилса туғдирган отасини унутадиганлар кўп. Аммо…

Бир қиз бор эди асли Бойсунлик. Ўртада севги бор эди. Бойсун тоғларини аксарият бойсунликлардан яхши биламан. Аммо, ор устида икки инсон ҳаёти чирпирак бўлди. Бошимга минг қўй тиккан бойларни кўрдим. Овчи милтиқ суянч, этигимда пичоқ, тошларда ухладим. У тоғларда севги ўлим. Нафақат қариндош, қишлоқ бўлиб ор талашади. У одамлар ҳануз тирик. Ҳозиргача бирор Сурхонлик кўчамдан ўтса уйимга киритиб бошимга кўтараман. Чин ор талаша оладиган эл эди…бу дегани элат учун жон бера оладиган одамлар дегани. Мана шундай эркаклар Ватаннинг номуси. Биламан, ор нима эканлигини билмай бозорда эмчакхалта сотиб ўтирадиган девсифатлар кўп, ҳеч нимага қарамай соққани орқасидан қувиб ориятини ўлдириб бўлган ўлик эркаклар кўп. Балки мени тўғри тушунмассиз, мен уларни ҳурмат қила олмайман.

Бошлиғимизни гувоҳномасига бош вазир қўл қўядиган ташкилотда ишлардим. Чин дилдан маддоҳлик қилолмадим, девордаги портретларга қараб йиғлолмадим. Аризани ёздим, бўшадим. Ғуруримга тўғри келмади. Орқамдан эса яна ёмонлашди. Бу болани қайдан топдиларингдан бошлаб, ҳар бало. Бўйин эголмадим… Энди оловлик тугаб қолипларга туша олсам керагу аммо ичингдаги шан ё ор…сен билан қабргача боради…

Кеча эшитдим бир ўқитувчидан. Ургут томонларда бир воқеа. Қиз бир йигитни севади, онасига айтади, мени шу йигитга берасилар. “Бокиралик пардаси” йўқ, шундай бўлди деб. Она бечора бу гапни отага оқшом чоғи амаллаб айтади. Ота хотинига ҳам, қизига ҳам ҳеч нима демайди. Тонгда отани жасади оғилда осилган ҳолда бўлади. Бу юк эркакларнинг елкасидаги, уларни эзадиган юк. Бу гапларни ғалча подкастчиларга ва жамиятга етказинглар… Ватан, миллат, тил, тарих, шан, севги, оила, дин, адабиёт, сиёсат каби мавзуларда гапириш…уларнинг тилига ярашмайди. Қошни қандай бўяш, сочни қандай турмаклаш ҳақида гапиргани маъқул…

Талант Бек