O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

УРУШ — ЧАЛҒИТИШ ВОСИТАСИМИ?

УРУШ — ЧАЛҒИТИШ ВОСИТАСИМИ?
476 views
12 February 2026 - 1:28

(Публицистик мулоҳаза)

Мен сиёсатчи эмасман. Дунё саҳнасида кечаётган жараёнларни профессионал геосиёсий таҳлил қилишга даъво ҳам қилмайман. Бироқ оддий кузатувчи сифатида бу воқеаларга бефарқ эмасман. Қўлимдан келганича уларни ўзаро боғлаб, мантиқан тушунишга ҳаракат қиламан.

Менимча,  Трамп Эронга қарши, албатта, ҳужум қилади,  уруш бошлайди!….

Нега бундай хулосага келдим:

Сўнгги пайтларда бир савол мени безовта қилмоқда: Нега айнан ҳозир Эпштейн можароси билан боғлиқ видеодалиллар яна кун тартибига чиқди?

Нега 7–8 йилдан кейин?

Бу тасодифми?

Менимча, йўқ.

Эпштейн можароси — оддий ахлоқий фожиа эмас.

Бу нафақат Трамп учун, балки бутун  жаҳон элитаси учун хавфли портловчи бомба. Президентлар, миллиардерлар, “қудратлилар” ҳақида гап кетяпти.

Қизиғи шундаки, агар ёдингизда бўлса,  Эпштейн мавзуси жамоатчиликка фаол муҳокама сифатида илк бор Трамп билан муносабатлари совуган пайтда Илон Маск томонидан тилга олинди. Кейинроқ Маскнинг Россияга бориши, Кремль атрофида кўриниши ҳам турли саволларни уйғотди.

Бу тасодифларми? Ёки сиёсий ўйиннинг парчаларими?

Аниқ жавоб йўқ. Лекин саволлар бор.

Ва яна ўша элитани қўрқувга солаётган саволга қайтамиз:  агар Эпштейн можороларига оид бу видеолар тўлиқ  очилса, нима бўлади?

Трамп учун бу нега хавфли?

Чунки сиздирилган видеодалиллардан кўриниб турибдики,  Эпштейн олдида кўпроқ ликкиллаган Трамп бўлиб қолмоқда.
Бу маълумотлар  оммага тўлиқ очиқланса, Трампда обрў қоладими?  Сиёсий карьера тугайди, тарих олдида иснод қолади.

Шундай пайтда нима қилиш керак?

Жамоатчилик диққатини бошқа томонга буриш керак.

Энг самарали усул қандай?

Уруш!

Айнан уруш чалғитиш механизми.

Чунки  сиёсат тарихида бундай ҳолатлар кўп бўлган: ички можаролар авж олганда, жамият диққатини бошқа томонга буриш учун ташқи таҳдид яратилган. Урушдан энг таъсирли чалғитиш воситаси сифатида самарали фойдаланилган.

Агар дунё оммавий ахборот воситалари: жанггоҳдан  хабар берса, нуқул қурбонлар ҳақида ёзса,  ракета зарбалари ҳақида баҳс қилса, оналар фарзандлари жасади қошида фарёд чекса…
ким Эпштейннинг “даҳшатлар ороли” ҳақида ўйлайди?

Ким Трампга ва ёки ўзга давлат “Трамплари”га оид шармандали фактларни муҳокама қилади?

Ҳеч ким.

Одамлар қўрқади.

Одамлар сукут қилади.

Одамлар фронтга кетади.

Ҳар куни минглаб оддий одамлар жон беради…

Шунда ўз-ўзидан Эпштейн можоросига оид саволлар йўқолади.

Шунда Трамп учун ҳам “нафас олиш”, шармандали исноддан, қутилиб қолиш, сиёсий карерасини асраб қолиш  имконияти  пайдо бўлади.

Чунки Эпштейн иши Трамп учун  сиёсий муаммогина  эмас, бу — шахсий ҳалокат эҳтимоли, дедик.
Агар видеолар очилса, “демократия қаҳрамони” деган образ қаерда қолади?

Шу ерда мен яна бир  саволга жавоб ахтараман: Бу Эрон-АҚШ урушида  Путин учун  манфаат нимада?

Агар Яқин Шарқда катта уруш бошланса:

— АҚШ диққати бўлинади,
— Европа ресурслари тарқалади,
— Украинага кўмак сусаяди.

Бу кимга фойдали?

Путинга!

Бу уруш, шаксиз,  Россия учун стратегик имконият.

Шу нуқтаи назардан қараганда, глобал кескинлик нафақат АҚШ ички муаммоларини яширади, балки Украина фронтидан ҳам эътиборни чалғитади.

Шунинг маънода бу кескинлик нафақат Вашингтонга, балки Москвага ҳам қулай бўлиши мумкин, деб ўйлайман…

Айтмоқчи,  Эпштейн ороли биргина бузуқлик маскани бўлганми?

Ёки видеокузатув бор жой,  меҳмонлар қайд қилинган жой,  сирлар йиғилган жой бўлганми?

Шундай жойдан: ЦРУ ҳам, ФСБ ҳам, Моссад ҳам бехабар қолган, дейиш мумкинми?

Мен ишонмайман.

Бу ерда, шубҳасиз,  компромат йиғилган —
Шантаж учун.
Босим учун.

Дунё бошлиқларини бошқариш учун.

Бугун эса ўша жиноятчи элита ўз кирдикорларини ҳаспўшлаш учун бир уруш оловини ўчириш ўрнига навбатдаги уруш оловини аланга олдириш пайида,  менимча. Бундан бошқа нарса эмас…

Хўш, бунингдек урушлардан  ким ютади?

Урушдан қурол ишлаб чиқарувчилар ютади,  сиёсий элита ютади,  соя ортидаги бойлар ютади…

Кимлар қурол кўтаради, кимлар ўлади:

— оддий одамлар,  камбағаллар,

— жангга киришга мажбур этилган ёшлар…

Президентнинг боласи окопда эмас.

Миллиардернинг ўғли қон ичида юрмайди.

Ўққа ҳамиша оддий одамлар қалқон қилинади,  ўлим фақат оддий халқнинг ҳаётига чанг солади…

Юқоридагилар менинг фикрим — фақат гипотеза.

Лекин бир нарса аниқ:

Эпштейн можароси элита учун хавфли.

Уруш эса элита учун қутқарувчи парда бўлиши мумкин.

Танлов олдида турган сиёсий гуруҳлар нимани танлайди — тарих олдида шармандаликними ёки  уруш оловини ёқиш ортидан миллионлаган оддий халқнинг ҳаёти эвазига ўз сиёсий карьерасини асраб қолишними?

Бу савол ҳозирча  жавобсиз қолмоқда.

Аммо бир ҳақиқат ўзгармайди:
урушни халқ бошламайди,  халқ урушда ҳалок бўлади, холос…

Малоҳат Эшонқулова