O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рассом Охунов Тошкент марказида Муҳаммад Солиҳ яcаган ҳайкални ўрнатишни таклиф қилди

Рассом Охунов Тошкент марказида Муҳаммад Солиҳ яcаган ҳайкални ўрнатишни таклиф қилди
75 views
08 July 2026 - 22:35

Ўзбекистонлик таниқли концептуалист рассом Вячеслав Охунов мустақиллик даврида ағдариб ташланган «Комиссарлар»га ўрнатилган ҳайкал ўрнидаги постаментга Муҳаммад Солиҳ ясаган «Тираниш» ҳайкалини ўрнатиш ғояси билан чиқди.

Муҳаммад Солиҳ бугунги кунда ҳайкалтарошлик билан ҳам шуғулланаётгани ҳақида илгари ҳам гапирган эдик. Муҳаммад Солиҳнинг рассом тилга олган ушбу ҳайкалтарошлик асарида улкан ботинка ва унга қарши чиқаётган чумолилар рамзи акс этган. Бу ғоя шунчаки ҳайкалтарошлик ечими эмас, балки тарихий мазмунни тиклашдир. Муҳаммад Солиҳнинг ижодидаги «Ботинка ва чумолилар» образи — бу ҳокимият ва инсон, зулм ва эркинлик ўртасидаги абадий тўқнашувнинг кучли метафорасидир.

Илгари, совет даврида, бу ерда Тошкентдаги йўқсуллар қўзғолонини уюштирган коммунистлар ёдгорлиги бор эди. Мамлакат мустақилликка эришгач, декоммунизация жараёнида бу ёдгорлик олиб ташланди ва бу жой узоқ вақт давомида бўш қолди.

Рассом Вячеслав Ахунов — ўзбек санъатида модернизм ва концептуал йўналишнинг ёрқин вакили. Унинг ижоди ҳар доим тарих, мафкура ва инсон эркинлиги ўртасидаги зиддиятларни таҳлил қилишга қаратилган.

Ахунов айнан шу жойда, Шимолий вокзал рўпарасидаги майдонда Муҳаммад Солиҳ ясаган ҳайкалнинг бирга ўн ҳажмдаги нусхасини ўрнатишни таклиф қилмоқда.

Рассом ўз хотираларида Москвада дипломни олиб, Ўзбекистонга қайтган дастлабки йилларини эслайди:

«Аслида, Ўзбекистонда замонавий санъат йўқ эди. Аммо кейин маълум бўлишича, Ўзбекистонда модернист фикрловчи шоирлар бор экан. Улардан бири билан тез орада танишдим. У Муҳаммад Солиҳ бўлиб чиқди. Унда хам худди мендаги истак – Шарқ маданияти ва Ғарб модернизми ютуқларини уйғунлаштириш, адабиёт ва тасвирий санъат, шунингдек, таълим тизимини ислоҳ қилиш йўлидан бориш ғояси бор эди. Бу ғояни Муҳаммад Солиҳ шеъриятда амалга оширган бўлса, мен бу ғояни санъатнинг концептуал йўналишида ишладим. Янгиликка, ислоҳотга, замонавийликка бўлган бу интилишимизга жадидчилик руҳи сингиб кетган эди».

Бу тарихий тандем тасодифий эмас. 1983 йилда Охунов Муҳаммад Солиҳнинг илтимосига кўра, ўша даврда тақиқланган шоир Чўлпон портретини чизган эди. Кейинчалик, 1988 йилда Муҳаммад Солиҳ Ёзувчилар уюшмаси кабинетидаги Ленин портретини олиб ташлаб, ўрнига айнан ўша Чўлпон портретини осгани тарихда катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Вячеслав Ахуновнинг фикрича: «Муҳаммад Солиҳ — нафақат шоир, балки давримизнинг энг ёрқин сиёсий ва фалсафий шахсларидан бири. Биз ўтмишнинг «улкан этиги» остида эзилиб қолишни эмас, балки мустақил фикрлайдиган халқ эканимизни шу ҳайкал орқали кўрсатишимиз керак».

Бу таклиф жамиятни муҳокама қилишга ундайди: биз ўтмишга қандай муносабатда бўламиз ва келажакни қандай бунёд этамиз? Ахуновнинг лойиҳаси — бу шаҳар маконини янги маъно ва мустақил тафаккур билан бойитишга бўлган даъватдир».

Вячеслав Охунов — ўзбекистонлик таниқли рассом, график ва концептуалист. У нафақат тасвирий санъат устаси, балки мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларни санъат воситасида таҳлил қилувчи мутафаккирдир. Охунов ижоди кўпинча постсовет маконидаги идеологиялар, ҳокимият рамзлари ва инсон эркинлиги орасидаги зиддиятларга қаратилган. Унинг асарлари дунёнинг йирик музейлари ва галереяларида намойиш этилган.

Манба