Венециядаги Палаццо Франкетти саройида 61-халқаро замонавий санъат биенналесининг расмий параллел дастури доирасида ўзбекистонлик концептуалист рассом Вячеслав Ахуновнинг шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазма Тошкентдаги Замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) томонидан Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида тақдим этилди. Лойиҳа рахбари — Тошкентдаги Замонавий санъат маркази ижодий директори доктор Саро Разодир.
Экспозиция тил, хотира, мафкура ва бардошлилик ҳақида кенг ва поэтик мушоҳада юритиш имконини беради. У Ахуновнинг 50 йилдан ортиқ давом этган бадиий фаолиятини қамраб олган.
Марказий Осиёнинг энг муҳим концептуалист рассомларидан бири ҳисобланган Вячеслав Ахуновнинг «Ақл воситалари» (Инструменты разума) деб номланган ушбу кўргазмаси тарихий асарлар ва 1970-йиллардаги эскизлар асосида яратилган янги инсталлацияларни бирлаштирган. Уларнинг аксарияти илк бор кенг оммага намойиш этилмоқда.
«Вячеслав Ахунов — Ўзбекистон замонавий санъатининг кашшофларидан бири ва асосий овозидир. Бироқ у узоқ вақт давомида эътибордан четда қолиб келган эди. Ушбу кўргазма Тошкентдаги Замонавий санъат маркази фаолиятининг биринчи йилини белгилаб беради ва ўзбек санъати ҳақидаги глобал мулоқотни кенгайтириш, унинг ривожланишини белгилаган овозларни кучайтириш миссиясини акс эттиради», — деб таъкидлади Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Кўргазма номи санскрит тилидаги «мантра» сўзининг деконструктив талқинидан келиб чиққан бўлиб, manas (ақл) ва tra (восита) сўзларининг бирикмасидир. Бу тилни онг ва ўзгариш воситаси сифатида талқин қилади.
Кўргазма хронологик тартибда эмас, балки цензура, бюрократик тўсиқлар ва институционал қўллаб-қувватлашнинг йўқлиги туфайли ўнлаб йиллар давомида амалга оширилмай қолган лойиҳалар атрофида қурилган.
Кўпгина асарлар мусаввирнинг 1970-йиллардаги ғоялари асосида айнан бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилди.
Ушбу кўргазма ўзбек санъатининг жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.



МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ
Қирғиз президенти Ўзбек ёзувчиси китобини чиқарди – бунинг ортида қандай сабаблар турибди?
Рассом Охунов Тошкент марказида Муҳаммад Солиҳ яcаган ҳайкални ўрнатишни таклиф қилди
Oʻzbek kitob dizayni imzosi yoʻlidagi 30 yil. Maestro Bahriddin Bozorov bilan suhbat
Нўъмон РАҲИМЖОН: РАУФНИНГ ОХИРГИ КУНИ