O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шуҳрат Бобожон: “Бир рассом яшаган эди…”

Шуҳрат Бобожон: “Бир рассом яшаган эди…”
77 views
17 August 2026 - 11:45

Таниқли қўшиқчи Алла Пугачеванинг “Миллион атиргул” қўшиғи ўзини санъатга бағишлаган гуржи рассоми Нико Пиросмани ҳақида. Пиросмани тириклигида хор зор бўлди. Ўлгандан кейин азиз бўлди.

Урганчда ҳам ўткан асрнинг саксонларида ўзини санъатга фидо қилган рассом яшаган эди. Хотин бола чақа қилмаган бу рассом охирги тийинига бўлса ҳам мойбўëқ ва холст сотиб олиб расм чизарди. Расмларда одам¸ дарахт¸ қушлар севгиси¸ фалсафа ва диалектика акс этар эди. Бу рассомнинг паспортдаги исми Сапо Дўсчонов эди. Рассом Сапo Дўсчон тасвирий санъат бўйича махсус таълим олмаган. Шу боис унинг асарлари совет даврида узоқ вақт профессионал кўргазма ва музейлардан узоқ тутилди.

“Ўқимишли” рассомлар уни камситиб “сен ҳаваскорсан¸ сен фақат проффсоюз линиясида кўргазма қила оласан” дейишди. Бу камситишлар ортидан рассом ўз асарларини ҳаммага ҳам кўрсатмайдиган бўлди.
Хотин бола чақа қилмай ўзини ижодга бағишлаган расссом эл орасида Сапо Орқайин деган ном олди.

Ичида ҳузур ҳаловати бўлган одамни Хоразмда “орқайин” дейишади.

Рассом Урганчдаги драма театрида бутафорчи бўлиб ишларди.

Спектакллардаги ботирлар кўтарган қилич ва хонлар ўтирган тахтларни ясарди. Сапо Орқайин ўз устахонаси эшикларини бегоналарга ëпиб узун кун ижод қиларди. 1985 йили рассом дўстим Давронбек ва журналист укам билан бирга бу рассомнинг эшигини қоқиб хол аҳвол сўрадим. “Сапо оға сизни тириклигингзда қадрлаш учун келдик” дедим. Бу гапимиз самимий эканлигини билган Сапо Орқайин ўз устахонаси эшигини биз учун очди.

Укам Қудрат Бобожон сценарийси асосида Хоразм телевидениясида Сапо Орқайин ижодига бағишланган ярим соатлик кўрсатувни эфирга узатдик. Ўзим студияда ўтириб бошловчилик қилиб Сапо Орқайин асаралрини машхур рассом Пикассонинг мовий периоди билан муқояса қилдим. Бу кўрсатувдан кейин рассомнинг “Ширинликлар сотувчиси” асарини кўтариб Тошкентдаги давлат бадиий экспертизасига олиб бордим. Мақсад бу асарни Урганч музейига сотиб олиш эди.

Мадвазирлик экспертизаси аъзолари “Бу рассом бир ерда ўқиганми” деб савол беришди. Ўша давр тутумига кўра ўқимаган рассоим “хаваскор” даражасида бўлиб музейга асари олинмас эди. Мен уларга бу рассом Ашхободдаги рассомлик билом юртида ўқиб Бяшим Нурали деган устоз рассомдан фотиха олган дедим. Сапо Орқайин туркман рассоми Бяшим Нуралидан олқиш олгани рост бўлса ҳам у Ашхободда ўқимаган эди. Хуллас менинг гапим инобат бўлиб Сапо Орқайин асари Урганч музейига сотиб олинди. Ўшанда мен Сапо оғага ҳазил қилиб “Ван Гог тириклигида расмини сота олмаган¸ Сизнияг асар музей олтин фондида” десам оға севинганди.

Шундан кейин Облкультура рахбари Йўлдош ака Юсупов олдига кириб “Рассом Сапо Орқайиннинг катта ретроспектив кўргазмасини ўтказиш” учун “яшил чироқ ëқтирдим”. (Рахматли Йўлдош ака доим менинг ташаббусларимни қўллаб қувватларди) Рассом дўстим Давронбек билан бирга кўргазма концепциясини ишлаб чиқдик. Кўргазма номини “Қўшиғимсан Хоразм” деб қўйдик.

Рассом ижоди акс этган кичкина буклет чиқармоқчи бўлдик. Букет макетини рассом Давронбек чизиб берди. Буклетни типографияда чоп қилиш учун “Матбуотда давлат сирларини сақлаш СССР давлат қўмитаси”дан рухсат керак дейишди. Рухсат беришмади. Нега десам. Буклет ичида Сапо Орқайиннинг “Ленин Хивада” деган асари бор экан. Цензура бу асарда “Ленин ëт унсур сифатида тасвирланган” деб гап топди. Ўша вақтда Матбуот қўмитасида рахбар бўлиб ишлайдиган хозирда мархум Улуғбек оға Йўлдошев кўмаги билан буклет нашр қилинди. Кўргазма тантанали очилди. Бу тирилигигда сийланган рассомнинг байрами эди.

Сапо Орқайин бу асарларни музейдан қайтариб олмади. “Тураверсин шу ерда. Яхши турибди” деди. Бу асарларнинг бариси хозир республика даражасидаги Заманавий тасвирий санъат музейига айланган Урганчдаги санаът ошиëни олтин ҳазинасида сақланиб турибди.

Ўша вақтда дўстим шоир Асқар Маҳкам Тошкентдаги “Санъат” журналида ишларди. Кўргазмага атай фотосуратчи Владимир Дубровскийни олиб келиб расмлар олдирди. Ўз услубида ҳис хаяжон тўла мақола ҳам ëзди.

Ўша пайтда мақола журналда нашр қилиниши вақт оларди. Ҳали мақола нашр бўлмай рассом Сапо Орқайин ўлди. Ҳеч ким йўқ эди бечоранинг. Хоразмдаги рассомлар уни кўмди. Сапо Орқайин ижоди ҳақидаги мақола унинг ўлимидан кейин нашр бўлди. Урганчда бир рассом яшаган эди. Буюклиги билинмаган улуғ ватандош.

Таниқли ҳайкалтарош Шавкат ака Усмонов рассом Сапо Орқайин ҳайкалини ясади. Бир қаричгина¸ металлдан қуйилган бу ҳайкал расссомнинг коинот қадар буюклигини акс эттиради. Рассом Сапо Орқайинни тирилигида сийладик. Энди у ўлганидан кейин ҳам унутмайлик. Ўша Шавкат ака ясаган хайкал асосида унинг бўйи басти билан турган ҳайкалини Урганч музейи олдидаги ховлига ўрнатиб қўйсак. Ëшлар келиб ҳайкал ëнида селфи тушса. Музейга кириб унинг асарларини томоша қилса.

Хурматли хоразмлик рассомлар. Сизлардан илтимос Сапо Орқайин ҳайкалини ҳашар қилиб яратиб берсангизлаер. Уни метерилага ўтказиш масаласини мен ҳал қилиб берсам. Чунки Сапо Орқайин биздан олдин ижод қилиб ўзини тасвирий санъатга фидо қилган рассом. Бу устозга рахмат айтиш бизларга қарз.

Shuhrat Bobojon