Тўлқин Қораев
Швеция
Ўзбекистонимиз мустақил бўлибдики, бу мустақилликнинг ҳар йилида ватанимиз турли найранглари сабаб, турли хил шармандаликларга учрайди. Сўкаверсанг бет, ураверсанг эт қотар экан. Шунга ўхшаб, мана энди Ўзбекистонимизнинг бети ҳам, эти ҳам қотиб бўлди. Аниқроғи ҳукмдорларимизнинг. Ҳур фикрлилик таъқиқланган Ўзбекистонимизда фикри салгина бўлсин, ҳурматлик юртбошимизнинг фикрларига тўғри келмай қолган одамнинг ҳолига вой экан. Унинг учун турли туман қийноқ лагерьлари ва қамоқхоналар мунтазир. Бировни қилмаган жинояти учун жазолаш ҳеч нарса бўлмаганлиги камдек, бировларни турли фаразлар, хаёлий фантазилар билан ҳам айблаб юбораверишади.
27 сентябрь кунида қаршилик ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшан Қораевани милиция идорасига чақиришди. Токи шу кунгача нима сабабдан ҳуқуқ – тартибот идоралари уни йўқлаётгани маълум эмасди, аммо шу куни аниқ бўлди. Гулшан 27 август куни эълон қилган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишаркин?” деб сарлавҳаланган мақоласида http://uz.hrsu.org/archives/4102 қўшни аёллар, она-бола Ойдин Ортиқова ва Барно Адамбоеваларни “фоҳиша” деб атаган экан. Шунинг учун у Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139 ва 140 моддаларида кўрсатилинган жиноятни содир этганликда айбланади. Мақолани кўздан кечириб чиқаркансиз, у ерда бирорта бўлсин “фоҳиша” деган жумлани кўрмайсиз. Лекин “қилни қирқ ёрадиган” бизнинг “ҳуқуқ посбонларимиз” буни пайқашибди.
“Мусичаи беозор деган жумлани ишлатгандим. Уни қўштирноқ ичига олганман. Демак бу асли айбдор бўлган одамни айбсиз, яъни мусичадек беозор қилиб кўрсатишмоқда деганим эди. Айни мана шу жумлага тўхталиб бу “фоҳиша” дегани дейишмоқда”, – ойдинлик киритади Гулшан.
Шундай бир ҳажв бор эди.
Чамаси “Муштум” журналида қайсидир бир йили эълон қилинганди. Автобусда бораётган бир йигит ёнидаги гўзал бир қизни кўриб унга гап қотмоқчи бўлибди. “Соатингиз неча бўлди, ойим тилла?”, – сўрабди у. Шунда ҳалиги гўзал қиз ўйловга тушибди. Нима? Ойим тилла! Ойим тилла дегани, тилла дегани. Тилла дегани эса тилла балиқ бўлса, балиқ дегани наҳанг. Наҳанг йиртқич балиқ, унинг тиши бор, демак бу ит дегани. Ит дегани бу…
“Одамлар, мана бу одам мени фоҳиша деяпди”! – дея фарёд кўтарибди гўзал қиз.
Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасининг терговчиси Илҳом Шералиев ҳам худди шу ҳажвдаги гўзал қизга ўхшаб фикр қилади шекиллик, акс ҳолда “мусичаи беозор” дегани “фоҳиша” дегани дея қарор қилмаган бўларди. Ўзбекнинг куни кимларга қолди-а?
Асл воқеъликка эътибор қаратган кишида, воқеликнинг ўзи нимадан иборат эканлиги хусусида бир тасаввур ҳосил бўлади. “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни ўрганишаркин?” – дея савол қўяётган ҳуқуқбоннинг бу луқмаси Тошкентдаги вазирликда анча жанжалга сабаб бўлган кўринади. Ва улар Тошкентдан туриб қўнғироқ қилиб Қарши шаҳар ИИБ сида кимларнингдир “онасини ҳаллоллаб олган”.
Ўзбекистон шароитида бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас ахир. Президентимизнинг ўзи ҳам ҳар бир вазири борми, ўринбосарими, бир сидрама ҳаммасининг онасини “ҳалоллаб олган”. Табиийки, Қарши шаҳар ИИБ ходимлари ўзларидан юқорида турган бошлиқларига жавоб айта олишмайди. Айбдор эса мана шу мақолани эълон қилган ҳуқуқбон ва у жазоланиши керак!
Она-бола Ойдин Ортиқова ва Барно Адамбоевалар милиция билан ҳамкорлик олиб борадиганлардан ва биров уларнинг мушугини “пишт” дея олмайди. Масалан 2009 йилда Қарши шаҳар суди улар томонидан ноқонуний қурилиш қилинганини тан олиб уни бузиб ташлаш ҳақида қарор чиқарганди. Бу ноқонуний қурилиш ҳали ҳам бузилмаган ва уларга Ўзбекистонимизнинг судлари чиқарган қарорлар ҳам уч пул. Лекин уларнинг ўзлари сабаб бўлиб жанжал қилсаларда, биров “мусичаи беозор” деб ҳажв қилса у жазоланиши керак. Қизиқ, Ўзбекистон Конституциясида қонунлар олдида ҳамма баробар эканлиги келтирилади, қани унинг ижроси? Ҳақиқат осмонда, калити ҳаммомда!
Ўзбекистонда суд тизими уч тоифага бўлинади. Жиноят ишлари суди, Фуқаролик ишлдари суди ва Хўжалик ишлари суди. Гарчи, Гулшан Қораева ўз мақоласида Ойдин Ортиқова ва унинг қизи Барно Адамбоеваларни “фоҳиша” деб ҳақорат қилгани рост бўлганида ҳам, бу иш Қарши шаҳар жиноят ишлари судида эмас, балки фуқаролик ишлари судида кўрилиши лозим эди. Сабаб, бу ерда жиноят ҳаракатининг йўқлиги! Буни Илҳом Шералиев тушунмайдими? Бинойидек тушунади! Лекин унинг ҳам, юқорида таъкилаганимиздек бети ва эти қотиб кетган.
Ўзбекистон мустақиллиги Ўзбекистон халқи учун жуда қимматга тушди. Шу кунларгача минглаб одамлар қамоққа ташланди, тепкилар остида, қайнаб турган қозонларда ўлдирилди. Лекин юртимиз гуллаб яшнаб бораяпди. Қизиқ, ҳукумат “қора кучлар” деб атайдиганлар ёлғончилар бўлишса, унда ким ҳақиқатни айтаяпди? “Мусичаи беозор”ни “фоҳиша” дегани деб тушунадиган терговчи Илхом Шералиевнинг ақли шунчалар ғовлаб кетганмикан?
Албатта ақли қандай эканлигини у “кўрсатиб қўя” олади. Жуда оддий ва Ўзбекистонда синалган усулда кўрсата олади. Гулшан Қораевани 15 суткага бўлса қамоққа тиқса бўлди, у ёғида “террочи”, “ваҳобий”, “ҳизбутчи” ва яна алламбалоларни қаторлаштириб унинг умрини қамоқда чиритиши мумкин. Бунинг учун ҳурматли юртбошимиз Ислом Каримов кенг йўл очиб берган.
Мамлакатнинг обрўсини кўтариш учун аввало Илҳом Шералиевга ўхшаш отасининг пули билан диплом сотиб олган “мутахасислардан” кечиш кераклигини президент билармикан? Бундан йигирма бир йил олдин унинг томонидан Ўзбекистон – келажаги буюк давлат дея эътироф этилганди. Ўша келажакга келдикми? Келган бўлсак у буюк эмас, куюк-ку. Эсиз кетган давр, эсиз йўқолган ишонч, эсиз кетган умрлар.
Шундай қилиб “Мусичаи беозор” нима дегани эканлигини Илҳом Шералиевга ким тушунтириб қўя оларкин?