Ассалому алайкум. Намоз ака,
раддиянгизни ўқидим.
Сизни хафа қилиш ва энг муҳими Қуръонни масхара қилиш ниятим бўлмаганига Худо шоҳид.
Сизни матбуотдан умуман ва хусусан “Ким қандай ёзар эди” усулидан хабари бор киши, қолаверса, агар кузатиб келаётган бўлса, “Телевизор” рукнининг сатирага иддаоси борлигини билади, деб ўйлаб, хаддим сиққан эди.
Аввал олдингиздан ўтиб қўйсам бўлар экан.
Раддиянгиздан сўнг Сизнинг исмингиз билан боғлиқ парчани олиб ташладим.
Узр.
Раҳмат.
Ўктамбек Каримов (СарварУсмон)
Изох: Ушбу мактуб менинг кеча “Озодлик” радиоси ўзбек бўлимига раддия”мга (http://www.uzerk.org/archives/13590) жавоб сифатида келди. Менинг тушунишимча журналист Сарвар Усмоннинг ушбу дастурда нияти ва амали бир бирига мос келмай қолган. Зеро, унинг бу дастури “фараз” ва энди билишимча “сатира” усулида бўлган. Бу ерда ушбу нуқталарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман.
1.Аллоҳ таолонинг Олий Зоти, ягона Роблиги ва ягона Илоҳлиги, муқаддас исм ва сифатлари, Қуръони Карим, Ислом дини ва пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг шахслари ҳеч бир шаклда (бевосита ёки билвосита) “фараз” ёки “сатира” мавзуси бўла олмайди. Бу қадриятлар мусулмонларнинг бош тожлари, яъни таъриф этилмайдиган даражада олий қадриятлардир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар бу қадриятларга тош отилиши у ёқда турсин, уларга гард қўнишига ҳам асло рози бўла олмайдилар. Бундай шайтоний амалларнинг, хусусан ҳозирги кунда ғарб давлатларида суюкли пайғамбаримиз (сав)ни сўз, видео ва расм чизиш йўли билан “карикатур” қилишнинг оқибатлари нимага олиб келаётганига ҳаммамиз шоҳидмиз
2.Исломий қадриятлар олий бўлиш бирга мусулмонларнинг Ислом динини тушунишлари ва ўз ҳаётларига тадбиқ қилишлари масаласи ҳақида фикр билдириш, илмий далил бўлганда бу тушунча ва амалларни танқид қилиш ҳам мумкин. Зеро, Асри Саодатдан кейин мусулмонлар орасида Исломни тушуниш ва ҳаётга тадбиқ қилиш масаласида турли қарашлар ва ихтилофлар мавжуд бўлиб келган ва ҳозирда ҳам мавжуддир. Аммо бундай танқид ҳам илмий ва амалий далилларга асосланиши, ниятнинг мусулмонларнинг дин тушунчасини ва ҳаёт тарзини яхшилишга қаратилган бўлиши, қисқачаси “фараз” ва “сатира” усулида бўлмаслигиги керак, деб ўйлайман.
3.Шу нуқтаи назардан менинг илмий ва сиёсий фаолиятим тасдиққа бўлгани каби, тандиқга ҳам очиқдир. Далилли ва асосли танқидий фикрлар билдирадиганларга эътироз эмас, ташаккур айтишни ўз вазифам, деб биламан.
Аллоҳ рози бўлсин!
Намоз Нормўмин
29 сентябрь 2012 йил.