ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(29)
СЕНТИМЕНТАЛ ХАЛҚЧИЛЛИК
Саксон саккизнинг бошида Ўзбекистон Компартиясининг Биринчи секретари қилиб Рафиқ Нишонов тайинланди. Бу одам узоқ йиллар дипломатик вазифа билан чет элларда хизмат қилган, тажрибали кадр эди. Унинг бир пайтлар Рашидов билан келиша олмай, Марказга кетиб қолгани тўғрисида миш-мишлар юрарди.
Ҳақиқатан ҳам, Нишонов ҳокимиятга келганидан кейин Рашидовга қарши танқид кескин кучайди. Аммо бу яна ўша – коммунистик танқид эди. Бу танқид бизнинг, миллиятчи қарашдаги одамларнинг танқиди эмасди. Бу «Москвага Рашидовдан кўра, биз содиқроқмиз», қабилидаги дошномлардан иборат бир нарса эди. Ҳар ҳолда, «рашидовщина» (рашидовчилик) ибораси 1988 йил бошларида демагогларнинг жуда севиб истеъмол қиладиган иборасига айланди. Лекин Ўзбекистоннинг рашидовчиликдан муҳимроқ проблемалари бор эди.
1988 йил февралда Самарқанд вилоятининг Жумабозор қишлоғида деҳқонлар бош кўтарди. Бу ўзбек деҳқонларининг совет даврида, эҳтимол, биринчи исёни эди. Сабаби: ер. Улар – бир жамоа иккинчиси билан ер талашган эдилар. Уларни ажратишга борган милицияга қарши ҳам ҳужум қилишганди. Милиция исённи бостира олмади, ички қўшинлар ташланди. Жанжал борган сари каттаяркан, Министрлар Совети Раиси шахсан у ерга боришга мажбур бўлди. Саксон еттинчи йили пахта монокултураси ва деҳқонлар аҳволи ҳақида ёзган материалларим ҳукуматнинг ғашига қаттиқ текканди. Раҳбарлар мени шоир сифатида унча билмасди, аммо мақолаларим туфайли уларга отнинг қашқасидай маълум эдим.
Жумабозор воқеасидан сўнг мени Министрлар Совети раиси Ғайрат Қодиров чақирди. У ҳукумат биносининг кенг деразасидан бўм-бўш Ленин майдонига қараб турарди. Мени қаршиларкан, табассум қилишга интилди, аммо зўраки чиқди: унинг юзи тимдаланган эди. Жумабозор халқи ўз ҳукуматига муносабатини шундай ифода қилганди. Мен самимий ачиндим ва қаттиқ уялдим. Худди буни менинг одамларим қилгандай ҳис этдим ўзимни.
– Мана бу суратларга қаранг, – деди Қодиров стол устига бир даста расмларни ёйиб ташларкан, – бу одамлар бизнинг шоирларимиз талаб қилаётгандек, пахта майдонларини қисқартиришни истаб исён қилаётганлари йўқ. Булар ерни янада кўпайтиришни талаб қилиб бизнинг ёқамиздан олишаяпти. Сиз буни бир ватанпарвар сифатида билишингиз лозим. Монокултура ҳақидаги фикрингизга қўшиламан, аммо буни халқнинг ўзи ҳам
исташи керак…
Министрлар Совети Раисининг нима демоқчилигини билиб турардим. Халқнинг савияси зиёлилар талаб қилаётган ўзгаришларни қамраб олишга етмайди, демак, матбуотдаги бақириқ-чақириқларни меёрида қилиш лозим, демоқчи эди. Мен Қодиров билан тортишиб ўтирмадим, унга ҳамдардлик билдирдим. Жумабозор бугун Ўзбекистоннинг тимсоли бўлмаслигини, юмшоқлик билан тушунтирган бўлдим. Яна у ёқ бу ёқдан бир оз гаплашиб, хайрлашдик.
Қодировнинг айтганлари гўё бу қулоғимдан кириб, у қулоғимдан чиққанди. Бу номенклатурачининг ўз креслосидан бошқа ҳеч бир дарди йўқ ва халқни мен қадар билмайди, билишни ҳам истамайди деб ўйлардим. Балки, бу тўғри тахмин эди, аммо у кўрсатган суратлар менинг тасаввуримдаги халқ образига зимдан қаттиқ зарба берганини ҳам сезиб турардим. Буни ўзимдан яширолмасдим. Ҳукумат бошлиғи кўрсатган суратлардаги инсонлар – уст-бошидаги кийимлар бўлмаса, – объективга худди ўрта асрлардан қараб турганга ўхшардилар. Эҳтимол, Қодиров тўғри гапиргандир. Эҳтимол, бизнинг халқимиз ҳали жоҳиллик босқичидан чиқмагандир ва ҳакозо скепсис ҳиди анқиб турган фикрлар кела бошлади бошимга. Мен ўзимни дароов тўхтатдим.
Чунки, бу таҳликали эди. Бутун онгли ҳаётнинг энг гўзал идеалини миллатнинг озодлиги ўлароқ билган бир хаёлпараст учун бундай фикрлар таҳликали эди. Бу хаёлларнинг сўнгги балки биз учун демократия ҳозирча зарарлидир, деган хулосага, зеҳният ўлароқ бунга тайёр эмасмиз деган фикрга, шунинг учун Россия таркибида яшаганимиз яхши бўлади, мана, фикр ҳурриятига ҳам ўрганаяпмиз ва шундай кетса, яна эллик йилдан сўнгра бир тараққиётга эришган бир миллат бўлармидик, деган хулосага олиб келарди.
Бу келинган хулоса бизнинг коммунистик раҳбарлар мантиғи билан чиқарилган хулосанинг айниси бўларди. Бу, бизнинг озодлигимиз душманларининг хулосаси бўларди. Мен халқ ҳақидаги йиллар бўйи собитлашган тасаввуримни ўзгартиришни истамасдим. Бу хусусда ҳеч бир шаклда пушаймон бўлишни, ҳеч бир нарсадан ҳафсалам пир бўлишини хоҳламасдим. Министрлар раиси Қодиров кўрсатган суратлардаги қиёфалар бор-йўғи оғир ҳаётдан чарчаган деҳқоннинг кўриниши, деб ўзимга далда берардим…
Бадиий ёлғон
Бугун ҳам шоирлар гулни булбулга
Қофия қилсалар, ишонманг: ёлғон.
Чунки, бу элатда булбуллар ўлган,
Чунки, қуриб қолган гул аллақачон!
Агарда бугун ҳам шоир бемалол
Тўртта гўзал, деса, тўртта фаслни,
Ишонманг: фасллар юзидаги ол
Гулгунлик ҳусн эмас, тамғаси силнинг.
Пахтани «олтин» деб кимдир бўлса ҳақ,
Унга ҳам ишонманг қалқинг оёққа –
Чунки ҳақиқат ҳам ёлғондир мутлақ,
Агар қарши бўлса ҳақиқат халққа!
1987 («Орзу фуқароси», 1990)
Бу шеър ўша қайта қуриш йилларидаги каминанинг халқ ҳақидаги муросасиз қараши. Агар ҳақиқат халққа қарши бўлса, уни ҳам ёлғон санаш керак, деган радикал бир қараш. Менда бугун, шу сатрларни ёзиб ўтирган вақтда бундай бир қараш йўқ.
Халқ, биз уни қанчалик севмайлик, ҳақиқатдан устун бўлолмасди. Худди махлуқ уни Яратгандан устун бўлолмагани каби. Биз шеър ёзишни дунёнинг энг муҳим иши деб билиб, адабиётни фетишга айлантирган одамлар, сиёсатга ўтгандан кейин сиёсатни дунёда энг муҳим иш деб, халқни фетишга айлантира бошлагандик. Уни доим мусбат бир борлиқ сифатида, ҳеч қачон янглишмайдиган, ҳеч қачон гуноҳ қилмайдиган ва ҳамиша, ҳар ерда ҳақли чиқадиган ҳилқат ўлароқ кўришни хоҳлардик. Ва бу хоҳишга ҳеч кимнинг ҳалақит беришини истамасдик. Ҳатто ўз идрокимизнинг ҳам, ҳатто иймонимизнинг (астағфируллоҳ) ҳам.
Бу фанатизм, балки, ўша даврда қисқа бир муддат миллий ҳаракатнинг ташкилотланишида ижобий туртки бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Аммо принципиал ўлароқ, унинг бу ҳаракатни бир ғоя сифатида улғайтирганига ишонмайман. Бу фанатизм бизнинг қалбларнинг норасидалик белгиси эди. Бу фанатизм етарли даражада изтироб чекмаган қалбларнинг бир тажрибаси эди. Таъбир жоиз бўлса, биз қурбонлик сўйишга ҳозир эдик, аммо «бисмиллоҳ» дейишни билмасдик. Лекин 1988 йил халқ энди оғиз очиб гапиришни ўрганаётган пайтда, энди ғафлатдан уйғониш учун бир масъум гўдак мисол кўзларини уқалаб тараркан, бу манзара жозибасига таслим бўлишдан бошқа чорамиз қолмаганди. Бизнинг жангари миллиятчилигимиз тамалида аслида беозор, инсоний сентиментализм ётарди. Халқни муқаддаслаштириш ҳам ўша сентиментал миллиятчиликдан озиқланар эди. Балки, айнан шу сентиментализм модерн ўзбек миллиятчилигини зарарли популизмдан асраб қолгандир. Яъни, миллиятчиликнинг суистеъмолидан, унинг аксилинсоний бир ҳаракатга айланиш таҳликасининг олдини олган бўлса ажаб эмас.
1988 йил ўзбек миллиятчилари 70-80 йилларда назарий ўлароқ тортишган масалаларининг амалий зуҳурини кўришга шошилаётган эдилар. Бунинг қандай шамойилда пайдо бўлиши улар учун гўё иккинчи масала эди. Аслида, бу биринчи масала бўлиши лозим эди. Шунга қарамай, ўзбек зиёлисининг соғлом идроки миллий уйғониш энергиясини тўғри йўналтириб, ундан демократия маърифати учун фойдалана билди. Бу энергияни уйларга ўт қўйиш учун, ўзингдан бўлмаган миллатларни қатлиом қилиш учун ҳам фойдаланиш мумкин эди. Бунга уринганлар бўлди.
Рафиқ Нишоновни Ўзбекистон Компартияси раҳбарлигидан кетишга мажбур қилган Фарғона месхет-турк воқеалари қайта қуриш сиёсатини тўхтатиш учун мафия-КГБ ҳамкорлигида уюштирилган фитна эди. Ўзгандаги ўзбекларнинг қирғизлар тарафидан тўп-тўп ўлдирилиши ҳам ўша маҳаллий мафия ва КГБнинг «ижоди» эди. Бу ҳар икки қалтис вазиятда ҳам ўзбек зиёлиси ўзини жуда вазмин тутди, маданиятини намойиш қилди ва кенг миқёсда оловланишга тайёр ғавғонинг олдини олди.