Муаллиф: Шайх Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳуқайл
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Асл сарлавҳа: سَقَطَ طَاغُوتُ تُونِسَ، فَهَلْ يَعْتَبِرُ كُلُّ طَاغُوتٍ؟
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бадбахт тоғут(1) Бурқиба Францияда Ғарб давлатлари томонидан тарбияланиб, Тунисга қайтарилгач, қирол Муҳаммад Амин Бейни тахтдан ағдариб, жумҳурият – республикани эълон қилди-да, 1956 йилда унинг биринчи президенти қилиб тайинланди. У Франция ва ғарбликларнинг қилган бу яхшиликларининг ҳаққини, Исломий шариатга қарши инқилоб қилиш билан ўтади ва кўпхотинлик каби шаръий муҳкам аҳкомларни бекор қилиб, биттадан кўпроқ хотини бўлган одамларни жиноятчи ҳисоблаш, фоҳишабозликка имконият яратиш ва қонунлаштириш каби «Шахсий Ҳолатлар Мажмуъаси» қонунлар тўпламини чиқарди.
1984 йили ҳукумат нон нархини ошириб халқ «Нон қўзғолони»ни қилганида, Бурқиба Туниснинг Варшавадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зайнул Обидийн Бин Алийни чақириб Тунис Ҳавсизлик Қўмитасининг Бош Мудири, кейин эса Ички Ишлар Вазири, 1987 йилда эса Бош Вазир лавозимларига ўтқазди. Бир неча ой ўтгач Бин Али кўрнамаклик қилиб, Бурқибани тахтдан ағдарди!
Мен бу тоғутнинг илк президент бўлган кунларини аниқ эслайман. У, давлат телевидениеси орқали Маккаи Мукаррамадаги азон товушларини кўрсатишга рухсат берган эди. Ўша йиллари бадбахт Бурқибанинг ортидан келгани боис, ҳамма севинган эди. Биз у пайтлари дорулфунун талабалари эдик. Ёши анчагина кексайиб қолган устозимизнинг олдига бордик. У, тоғутларнинг услубларини жуда яхши билгани учун: Унинг бу ишлари билан алданманглар! Бу – французларнинг маҳсулотидир. У ўзининг салафидан фарқ қилмайди. Балки ундан ҳам золимроқ чиқиши мумкин!,– деган эди. Шайхимиз айтганидек бўлди! Аллоҳ шайхимизнинг устидан ажру савоблар ёғдирсин!
Тунис тоғути йигирма уч йил мобайнида Исломга қарши курашиб, ўзининг туғёну истибдодини кучайтирар ва халқининг нафасини бўғар эди. Баногоҳ, бундан беш ҳафтача олдин Муҳаммад Буазизий ҳодисаси бўлиб ўтди. Бу ишсиз йигит кўчаларда ўзи ва оиласининг қорнини тўйдириш учун аравасига солинган сабзавотларни сотиб юрганида, давлат полицияси томонидан араваси ва устидаги сабзавотлари мусодара қилиниб, калтакланди ва у бунинг аламини муҳаррам ойининг ўн биринчи куни омманинг кўзи олдида ўзига ўт қўйиб олди. Куйиш оқибатида ўн саккиз кун ўтгач – 29 муҳаррамдан бу дунёдан кўз юмди.
Йигирманчи муҳаррам куни эса, халқ Туниснинг ҳар жойида исён бошлатди. Тоғут ўз буйруғи билан халқдан интиқом олиш ва унинг қонини тўкиш учун Армияни казармалардан шаҳарларга тўкди. Бироқ, Армия унинг нийятларини пучга чиқариб, халқни тоғутнинг хавфсизлик хизмати ходимларидан ҳимоя қила бошлади. Буни кўрган Қўрқоқ бин Алий шанба куни ватанидан жуфтакни ростлаб қолди. Бош Вазир Муҳаммад Ғаннуший жумҳурият раҳбарлигини муваққат бўлсада қўлга олди ва коммендантлик соатини эълон қилиш билан бирга, оқшом бешдан тонгги еттигача – шу мақолани ёзилаётган пайтгача уч кишидан ортиқ тўпланиш ва кўчаларда юришни таъқиқлаган қарорга имзо қўйди.
Бўлиб ўтган ушбу ҳодисада ибрат олиш мумкин бўлган кўп ишлар бор.
Шу ибратлардан бири: Одамлар таъсирланишлари ва ибрат олишлари учун золим тоғутларнинг тугатилиши такрорланаверади. Чунки инсон нафсининг тубларида дин, аҳлоқ ва тарбия тузатиб, ўзининг тўғри йўлига солиб, зулму туғёндан нафратлантириб турмаса, жунбушга келадиган зулм, бузғунчилик ва зўравонлик истаклари ётади. Одамлар қочоқ тоғутнинг Тунис халқига хорланиб ва хўрланиб, Тунис ойнаи жаҳони орқали инқилоб оловини тўхтатишллари учун ёлбораётгани ва: Мен сизларни энди тушундим! Умрбод президентликдан воз кечдим!,– дея ҳақиқатларга асосланмаган гапларни айтиб, сўз эркинлиги учун янги тонгнинг отишига ваъда берганини томоша қилдилар. Ё, Аллоҳ!! Мутакаббир тоғутлар қандаям қўрқоқ-а?!
Мен унинг халққа қилган ушбу хитобини эшитар эканман, ўзининг ҳар тарафидан огоҳлантириш келсада менсимаган Фиръавн ҳақидаги Қуръон ҳикоясини эсладим:
﴿حَتَّى إِذَا أَدْرَكَهُ الغَرَقُ قَالَ آَمَنْتُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ المُسْلِمِينَ﴾
«Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот — Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман — Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман»» (Юнус: 90).
Тунис тоғути ўз халқини йигирма уч йил мобайнида тушунмабди!! Бўйнидан бўғилганидагина тушуниб етибди!! Бу, Аллоҳ таоло қуйидаги оятида эсатган каззобликдан бош нарса эмас:
﴿بَلْ بَدَا لَهُمْ مَا كَانُوا يُخْفُونَ مِنْ قَبْلُ وَلَوْ رُدُّوا لَعَادُوا لِمَا نُهُوا عَنْهُ وَإِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ﴾
«Йўқ, (иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, ўзлари, манъ қилинган ишларга қайтадилар — албатта улар ёлғончидирлар» (Анъом: 28).
Ибрат олаётган мўъминнинг эътиборидан шу нарса қочмаслиги керакки, зулм ва туғён қилиш инсоннинг ажралмас башарий хусусиятларидан биридир:
﴿إِنَّهُ كَانَ ظَلُومًا جَهُولًا﴾
«Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди» (Аҳзоб: 72). Инсон салтанат ва нуфузга эга бўлганида, зулм қилишга бўлган қудратини кўрсатади. Ҳамма ўз ҳолатига кўра кўрсатади: президентнинг зулми вазирнинг зулмидан кўра ошкора ва таъсирчанроқ бўлади, вазирники эса мудирникидан кўра ошкора бўлади. Ва ҳоказо …
Туғён ва зулм қилиш катта мансаб эгаларигагина хос эмас. Кучсизлар ҳам зулм қилиши мумкин. Улар ўзларининг қарамоғларидаги рафиқалари, фарзандлари ва бошқаларга ўз салтанати билан зулм қилиши мумкин. Ҳар бир инсон ўзини текшириб, ўзидаги зулм жазаваси ва туғён оловини Аллоҳ таолога қуллик, бўйинсуниш, адолат ва яхшилик қилишга буюриб, зулму туғённи таъқиқлаган шариатига эргашиш билан сўндирсин. Кўпинча инсон бу нарсалардан ғафлатда қолади-да, золимларнинг ҳалокатини кўриб, ниҳоясини эшитади ва Аллоҳ таолога уларга берган балоларидан сақлагани учун ҳамду санолар айтади. Ҳолбуки, унинг ўзи ҳам золимлар билан бирга зулму туғёнга қўл урган бўлади. Бироқ унга «тегилмаган», у ўз нуфузи ва қудратига қараб зулм қилган бўлади.
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, золимнинг ўз халқига бўлган кучи ва қудрати нақадар бўлмасин, агар Аллоҳ хоҳлаб қолса, унинг ағдарилиши кутилмаган соатида келади. Бу – Аллоҳ таолонинг золимлар устидан жорий қилган суннати бўлиб, уларни ўзларига энг яқин бўлган одамлар қўли билан хўрлайди ва энг оддий нарсалар билан тахтларидан ағдариб ташлайди:
﴿إِنَّ رَبِّي لَطِيفٌ لِمَا يَشَاءُ إِنَّهُ هُوَ العَلِيمُ الحَكِيمُ﴾
«Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир» (Юсуф: 100);
﴿فَأَتَاهُمُ اللهُ مِنْ حَيْثُ لَمْ يَحْتَسِبُوا﴾
«Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди» (Ҳашр: 2).
Тоғут Бурқиба (ағдарилган) Бин Алийни Варшавадн ўзини ағдариши учун олиб келди. Чаушеску, хотини ва ўғли румин халқини ўйинчоқ қилиб ўйнаб, уларнинг мулкларига тажовуз қилди. У, румин халқи устидан шундай тартиб ўрнатган эдики, ҳеч ким унинг ағдарилишини хаёлига ҳам келтирмас эди! Унинг махфий хизмати ходимлари ҳукуматга қарши ўтказилаётган намойиш иштирокчиларининг бир неча дўстларини ўлдирганликлари баҳонасида, қамоқдаги маҳбусларнинг айримларини қийноқлар билан ўлдирдилар. Бунга қарши айрим одамлар Чаушеску диктатурасини ағдаришни талаб қилиб ҳайқиргач, уларга одамлар тўдаси келиб қўшила бошлади. Норозилик намойишчилари мухолафатга айланди ва диктатура ағдарилди! Армия Чаушеску ва унинг хотинини тикучарда ўз қасридан олиб, маҳкамага тортди ва ўлим жазосини берди. Чаушеску билан бирга туғён қилган хотини унга: «Мана бу ифлос зобитларнинг сенга қарши бундай муомала қилишларига қандай жим турасан!»– деди. Бечора хотин бир оздан кейин бошарига келадиган нарсадан хабарсиз эди. Шунинг учун ҳам Чаушеску: «Бирга ўлишимиз яхши бўлади!»– деди. Ҳокимлар ўлдириш учун учта кўнгилли одамни талаб қилишган бўлса, уч юзта кўнгилли чиқиб, Чаушеску ва рафиқасини отиб ўлдирдилар!!
Тунислик тоғутнинг ҳалокатидан олинадиган ибратлардан бири, салтанат, обрў, молу мулк, буюриш ва таъқиқлашнинг тоти, хатарнинг илк онларида ўз-ўзидан йўқолади, салтанати қўлдан кетганини ўргангани замон тугаб, аччиқ ва аламга айланади-да, раҳбар: Кошки одамларнинг бирон ишига раҳбарлик қилмасам эди!,– деб орзу қилиб қолади. Ҳатто, ўлим тезроқ келишини умид қилади, бироқ уни топа олмайди! Иззат ва зўравонликдан кейинги хорлик ва хўрлик жуда ҳам аламли бўлади!
Ҳар бир раҳбар раҳбарлигини қўлга олгани маҳал мансаб ширинлигини ҳис этар экан, ўша онда уни тортиб олинишининг аламини ҳам ҳис этиб, одамларга зўравонлик қилиб зулм қилмасин ва уларга туғёнини татитмасин! Бу нарсалар жоҳил ва ғофиллар хаёлига қандай ҳам келсин! Улар зулмнинг барча тури жумладан раббоний шариатдан воз кечиш ва унинг устига башарий хоҳишларни афзал кўришдан огоҳлантирган Аллоҳ таолонинг оятларини қандай ҳам эсга олсинлар:
﴿وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ ذُكِّرَ بِآَيَاتِ رَبِّهِ ثُمَّ أَعْرَضَ عَنْهَا إِنَّا مِنَ المُجْرِمِينَ مُنْتَقِمُونَ﴾
«Ўз Парвардигорининг оятлари билан панд-насихат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз» (Сажда: 22)?! Ҳолбуки, бу ояти каримани тақрибан ҳар жума куни қулоқларимиз билан эшитмоқдамиз?
Тоғутлардан улар билан қариндошлик, дўстлик, қуда-андалик ва бошқа алоқалари бўлган барча одам юз ўгиради. Чунки улар ҳам тоғутларга алоқаси борлиги очилгач, ғазабга тўлган халқларнинг нафрати ва нишонига айланадилар. Зеро улар илгари «чўтал»ларга шерик бўлишганидек, жаримага ҳам шерик бўладилар. Араб Давлатлари ва Минтақадаги Катта Давлатлар Уюшмаларининг Тунис халқининг танловиига тоғут Бин Али ағдарилганидан сўнграгина ҳурмат билан қарашларига ҳайратда қолдим! Ҳолбуки, мана шу бечора халққа қарши чорак аср мобайнида террор шаббодаларини эстирган ва бугунги кунда қочоқ мақомига тушган тоғутга ҳурмат ва эҳтиром кўзи билан боқишар эди! Улар нега ўз халқларига Тунис халқининг ғазабидек ғазаб қилиб, тахтларидан ағдаришидан илгари ҳурмат кўзи билан боқмаяптилар?!!
Агар раҳбарларга ўз мансабларидан айрилгани маҳал бу дунёда одамларнинг юз ўгириши билан бурканадиган хорлик ва хўрлик шундай бўлса, охиратдаги хўрликлари, қўрқувлари ва жазонинг қаттиқлиги олдида нима қилар эканлар? Охиратда ўз кўзлари билан мазлумларнинг сафларини ва ўзларига зулм қилган Ер жаллодлари ва султонларидан қасос олиш учун тирбандлигини кўрганларида-чи?! Ё, Аллоҳ!! Уни бу маҳшарга олиб келган Зотнинг ҳузуридаги қўрқувдан тилига калима келмайди, дунё ҳаётидаги «обрўлари» туфайли қанчалар пасткаш бўлгани ҳақида гапира олмайди!!
﴿وَتَرَاهُمْ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا خَاشِعِينَ مِنَ الذُّلِّ يَنْظُرُونَ مِنْ طَرْفٍ خَفِيٍّ وَقَالَ الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّ الخَاسِرِينَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنْفُسَهُمْ وَأَهْلِيهِمْ يَوْمَ القِيَامَةِ أَلَا إِنَّ الظَّالِمِينَ فِي عَذَابٍ مُقِيمٍ﴾
«(Иймон келтирган зотлар): «Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да) Қиёмат Кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар» (Шўро: 45).
Мўъмин иймоннинг заифлиги ва кўп унутиши бўлмаса эди, масъулиятларидан қўрққани учун бирон мансабга ўтирмас эди.
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, тоғутларга узатилган ғарблик ёрдами тоғутлар ўта муҳтож бўлишганидан узатилмайди. Чунки ғарбликлар бу тоғутларни нажасларини тозалаш учун истеъмол қилишадиган юмшоқ қоғозлардек кўрадилар. Тоғут ағдарилгач унинг энг эҳтиёжли пайтида ёрдам қўлини узатмайдилар. Эрон шоҳи Америка ва Буюк Британиянинг қули бўлиб, уларнинг Исломий Шарқдаги либералликлари ва режаларини амалга оширар эди. Ҳатто уларнинг бу минтақадаги ишончли жандармасига, ҳукуматларни назорат қиладиган айғоқчиси ва уларнинг хавфсизлигини таъминловчи омонатдорига айланган эди. Шоҳнинг салоҳияти тугагач, Францияда Хумайний билан шартнома қилдилар ва ўзларининг малайлари бўлган шоҳга қарши бошлаган инқилобида унинг тарафини олдилар. Ўлкасидан қувилган шоҳ тинч ўлиб олиш учун давлатлардан паноҳ сўрай бошлади! Бу ҳақда ўша даврдаги пурмаъно ваъзлари билан машҳур бўлган Шайх Абдулҳамид Кишк (раҳимаҳуллоҳ) хутба қилган ва уни ўн марталаб эшитган ва ҳеч зерикмаган эдим.
Франциянинг француз тилида ёзилган кундалик талабларини ағдарилгунича ижро этган Тунис тоғутини, Франция қабул қилмади! Уни маълум шартлар остида Саудия Қироллигигина қабул қилди. Малай тоғутлар ғарблик хожалари олдида нақадар хорки, улардан роса эҳтиёжманд бўлган пайтларида воз кечадилар!!
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, келжакнинг кафолати Аллоҳ таоло билан муомала қилишдадир. Жон ва фарзандлар кафолатини бошқаларга беришнинг оқибати ёрдамсизлик ва зиёнкорликдир:
﴿فَاللهُ خَيْرٌ حَافِظًا وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ﴾
«Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир» (Юсуф: 64).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Аллоҳни ёд қил, У ҳам сени асрайди! Аллоҳни ёд қил, Уни олдингда топасан!» (Термизий 2516; Имом Аҳмад 2669);
«Аллоҳни фаровонликда тани, У сени қийинчиликда танийди» (Ҳоким 6303).
Тоғут золимларнинг кўпи халқларининг бойликларини талон-тарож қилиб, халқ хўжалигидаги барча жабҳаларни зўравонлик билан қўлга киритиб, халқларига зулм қилиб, уларни ўзлари ва ақраболарига бутунлай бўйинсундирганлари маҳал, қўлларидаги ҳукмронлик тез кунда бировларнинг қўлига ўтишини жуда яхши биладилар. Шунинг учун ҳам раҳбарликни қўлга олишлари биланоқ, ўнг кўзларини давлатнинг хазина ва маъданларига имкони борича кўпроқ талаш учун тиксалар, чап кўзларини тижорий соҳаларда, расмий солиқлардан ташқари, илғор кимсаларга ўз ақраболарини зўравонлик билан шерик қилишга ҳаракат қиладилар. Буни ўз оиласи ва фарзандларининг келажак таъминоти учун зарурат, деб билишади. Бироқ тоғутлар, Аллоҳ таоло уни қўрқитишни хоҳласа омонлик, камбағал бўлишини хоҳласа беҳожатлик йўқ эканини билмайдилар. Саддам Ҳусайннниг ўғиллари унинг кўзлари ўнгида ўлдирилди. Уларнинг жасадларини яшириниб ётган бункерида ойнаи жаҳондангина томоша қила олди!! Қизлари қувғинда қолди, молу мулки мусодара қилинди … Эрон шоҳи ўттиз беш миллиард доллар тўплаган эди!! Ағдарилгач мулкидан айрилди ва Халқаро Банклар унинг барча пулларини музлатиб қўйди!! Шу кунларда унинг ўғли бўлган Али ҳам, Америка Қўшма Штатларида ўз жонига суиқасд қилди!!
Бунинг акси ўлароқ, халифа Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу давлат хазинаси ҳисобланган Байтулмолдан бирон нарсани олишда ўта тақволи эди. У ўлим тўшагида ётганида: Фарзандларингиздан биронтасига васият қилсангиз. Чунки уларнинг мулки йўқ!,– деб айтилганида: Менинг улар учун васийим ва валийим – Китоб (Қуръон)ни ҳақиқат билан нозил қилган Зотдир ва у солиҳ кишиларнинг раҳбаридир!,– деди. Ўн бир ўғил (халифа бўлган) оталаридан ўн дирҳамнигина мерос қилиб олдилар! Ровийлар ва уларнинг оталаридан кейинги ҳаётларини кузатган тарихчиларнинг айтишича, оталарининг айтган гапларидан кейин бу фарзандларнинг биронтаси ҳам камбағал бўлмади. Ҳатто улардан бири бойлиги ва сарвати кўплиги сабабли, юзта жангчини урушга қуроллантирган эди!
Катта ёки кичик мансаб эгаси, мусулмонларнинг моли ҳаққида Аллоҳдан қўрқиши, уни қариндошлари ўртасида бўлиб ташламаслиги, раҳбарлиги остида ўзининг ёки фарзандининг мулкидек харажат қилмаслиги керак. Фарзандларининг келажаги ташвишлантираётган одам унутмасинки, уларга Аллоҳ билангина омонлик бордир. Аллоҳнинг омонлигига эса гуноҳларни қилиш, давлат хазинасини ва халқнинг конларини ўмариш билан эришилмайди. Тахтларидан ағдарилган ёки ўлдирилган қиролларнинг ҳаётига бир назар солинг: Улар тўплаган бойлик қаерда қолди?! Ортларидан қолдирган фарзандлари ва рафиқалари қани?! Ўзлари кетиши билан булар ҳам кетдилар! Уларга ўзларидан кўра кучлироқ одамлар ҳукмрон бўлиб, молу мулкларини музлатдилар ёки бутунлай талон-тарож қилдилар!
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, куфр ва камбағаллик сиёсатини юритилса халқлар ҳукуматларига қарши исён қиладилар. Чунки халқлар гоҳида дунёсини қолдириш бадалига динидан бир қисмини тортиб олинишига, гоҳо эса динини қолдириш билан дунёларини тортиб олинишига рози бўлиши мумкин. Бироқ ҳар иккисини ҳам тортиб олиш олдида сукут сақлаб туриши амри маҳолдир. Европа Ҳуррият инқилоблари асносида ғарблик халқлардан бузилган христиан дини тортиб олар экан, дунё жиҳатидан халқларини боён қилган. Халқлар шунга рози бўлишган ва осудалигини сақлаб қолган. Агар уларнинг эҳтиёжларига чекловлар келса эди, бирон лаҳза кутмай исённи бошлар эдилар. Чунки инсон, бир лаҳзанинг ўзида ҳам дини ва ҳам дунёсидан ажралиб қолишни кўтара олмайди.
Талайгина араб давлатларининг ҳукуматлари халқларининг хазинасини бойликларини талон-тарож қилиш, Араб ва Ислом Оламининг бойликларига ҳукмрон қилмоқчи бўлган ғарблик ширкатларга имтиёзларни қулайлаштириш, уларнинг вакиллари ва малайлари ёрдами билан конларини тортиб олмоқда. Охири халқларни камбағаллаштириб, бечораларнинг ризқ-рўзи, дори-дармони ва ҳатто гўдакларининг сутларини тортиб олишди … Улар бу билан қаноатланмай ғарблаштириш, Ислом Оламида Европанинг юрагида хотин-қизларнинг юзларини ёпиш ва соқолларни ёппа қўйиш каби аломатлари пайдо бўлган Аҳли суннат ва жамоат – Исломий ёйилишга қарши қаттиқ курашни фаоллаштирган либераллашган йўқ қилиш сиёсатини қўллаб, мусулмонлар юрагидаги динларини ҳам тортиб олишмоқчи!!
Елкама-елка турган халқ динини қолдириш бадалига дунёларини олиш ёки камбағалликка чидаши мумкин. Чунки у, дунёдаги роҳатини йўқотса, охиратдаги жаннатни умид қилаверади. Бироқ, дунёвий танглик билан бирга динига ҳам тазйиқ ўтказилар экан, бирон лаҳза ҳам тоғутларнинг қолишига рухсат бермайди! Бунинг натижаси Тунисда бўлиб ўтганидек, шиддатли исён бўлади!
Шунинг учун ҳам, либерал оқимлар мусулмонлар яшаётган мамлакатларда ғарблаштириш лойиҳаларини сиёсий қарорлар ва жандармерия истибдоди билан мажбурлаб жорий қилишга ҳаракат қилар экан, билиб ёки билмасдан халқларни қўзғатиш, ҳукуматларига қарши исён қилиш, бошбошдоқликни ёйиш, ҳукуматларни тезроқ ағдаришга ҳам ҳаракат қиладилар. Ислом Оламининг ғарбида жойлашган давлатларда туғилиб ўсган бўлишларига қарамай Франциянинг французча лойиҳиларига чорлаётган ва хусусий учоқлари билан минтақадаги Франция манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз давлатларинининг ҳукуматларига аҳолисининг қалбидан Исломни бутунлай суғуриб олишни тавсия қилаётган кимсалар, Францияда айшу ишрат билан бандлар. Улар ағдарилган Тунис тоғутига қиё ҳам боқмадилар ва ўзлари хизматини қилишаётган давлатларида сиёсий бошпана ҳам бермадилар. Тунис халқини эса, кутилмаганда келган инқироздан қачон чиқиши билинмайдиган қоронғу зулматда тарк этдилар.
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, Мустабид тоғут ва уларнинг малайларига ҳукмронлик даврларида мамлакатни вайрона қилишлари ва халқларга йиллар давомида зулм этишлари кифоя қилмайди. Улар ўлкаларини тарк этишдан илгари, ўз ҳукмларининг рамақи жонлик пайтида, «Оловли ерлар» сиёсатига таянадилар ва «Менга ҳам, сенга ҳам бўлмасин!» қабилида турли бурчакларда бошбошдоқликни ёядилар. Яна, халқларгина бу ифлос сиёсатнинг ягона қурбони бўладилар. Француз генераллар бир томондан Озодлик жабҳасига овоз берган кишиларни, иккинчи томондан эса қуролли исломий жамоатларни қоралаш учун одамларни ўлдирадиган ёки ўғирлаб кетадиган жиноий гуруҳлар ва хуфяларни тузиб, «Оловли ерлар» сиёсати билан Жазоирда қатлиомлар қилгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки бу режаларни Ҳабиб Сувайдийя «Ифлос уруш» китобида очиб берганидек, жазоирлик зобит ва аскарларнинг гувоҳликлари француз генералларининг расволикларини очиб берган. Тунис ҳодисаларида ҳам полковник Аҳмад Абдулмавло, президент хавфсизлиги гвардиясининг президент қочганидан сўнгра шоҳкўчаларда бошбошдоқлик, талон-тарож ва тажовузларни бошлагани ва ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини айтиб берди.
Президент малайлари томонидан аламга оширилаётган бундай пасткашликларнинг ортида икки нарса бор: ё мамлакат бизнинг қўлимизда қолади, ёки халққа унинг вайронасинигина қолдирамиз!
Тунисда бўлиб ўтган ҳодисалар, бошқа қайсидир бир исломий давлатда ҳам содир бўлиши мумкин. Бундай пайтда бошбошдоқлик бошланмаслиги ва ўлдириш ҳолатлари бўлмаслиги ёки камроқ бўлиши учун, халқ уламолар ва оқил инсонлар атрофида тўпланишлари керак. Исломий жамиятлардаги уламолар ҳам самимий бўлган академиклар ёки сиёсий партия мансублари ёхуд нодавлат ташкилотлари билан муттасил алоқада бўлишлари лозим. Шуни унутмаслигимиз керакки, исломий жамиятларнинг барчасида бўлмаса ҳам, айримларида сиёсат, иқтисод, матбуот ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги мутахассислар билан уламолар ва даъватчилар ўртасида айрилиқ ёки лоқайдлик бор. Бугунги кунда бирон бир жамиятда Тунисда бўлгани каби инқироз вужудга келса, у ердаги сиёсий бўшлиқни тўлдирадиган бирон кимса йўқ ва халқ етакчисиз бошбошдоқлик гирдоби томон қадам қўяди. Ёки давлат бошқа бировларнинг қўлларига ўтиб, инқилобнинг мевасини ағдарилганлардек ёки улардан кўра баттарроқ одамлар қўлга олишади. Бу эса, одамларнинг боягидек сиёсат қурбони бўлишларидан бошқа нарса эмасдир.
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, тарихни кучли ғолиблар ёзишсада, мустабидлар исканжасидан қутила олган кучсиз инсонлар ҳам бу тарихда иштирок этадилар. Менимча, Тунис инқилобига ўз жонига суиқасд қилиш билан учқун бўлган Муҳаммад Буазизий ҳам тарих саҳифаларига ёзилади. Ёзувчилар, ғарблик тарихчилар ва журналистлар унинг оиласи одига келадилар, танишларидан маълумотлар оладилар, унинг ўзига нисбатан қилинган зулмга қарши ҳаётини бергани боис, ватан озодлиги йўлидаги кураш қаҳрамонига айлантирилиши учун китоблар ва ривоятлар ёзиб, тадқиқотлар олиб боришлари мумкин.
Бундай фидоийлик яхши ўрнак бўлиб, унга инсон табиати интилади. Бундай фидоийларга динлари, ирқлари ва тилларидан қатъий назар, одамлар ҳайрон қоладилар. Чунки бу – зулм ва золимлар қаршисида туришдир. Зеро башарият, бундан илгари сўлчи революционер Че Гевара, Америкадаги иқрчилик сиёсатига бош кўтарган Мартин Лютер Кинг, Жанубий Африкада Нельсон Мандела, америкаликларга ва рофиза шиаларга қарши осилгунича қаҳрамонона қаршилик қилган Саддам Ҳусайн, Америкага итоатсизлиги ва танқидлари билан машҳур Чавез ва улардан бошқа ўтмиш ва ҳозирги тарихда яшаган ва яшаётган шахсларга ҳавас билан қарайди.
Бироқ, Аҳли суннат ва жамоатнинг восита ва мақсадларни ўлчайдиган шаръий мезони бор. Зулмга қарши чиқиш ва золимнинг зулмига раддия беришнинг буюк ишлардан бири эканида ҳеч шубҳа йўқ. Ҳатто энг афзал жиҳод, золим султон қаршисида ҳақ сўзни айтишдир. Шаҳидларнинг саййидларидан бири халифага амру маъруф ва наҳий мункар қилгани учун ўлдирилган! Лекин зулм ва золимга қарши чиқиш шаръан рухсатли йўллар билан бўлиши керак. Инсоннинг ўз жонига ўт қўйиб суиқасд қилиши, шариатга зид икки нарсани ўз ичига олади: ўз жонига суиқасд қилиш катта гуноҳларнинг каттароқларидан ҳисобланиб, бундай ишни қилган одам азобланишга лойиқ бўлади. Иккинчиси эса, ўзига ўт қўйиш – ўлдириш учун таъқиқланган йўлдир. Чунки Аллоҳнинг азоби билан қийноққа солинмайди!!
Муҳаммад Буазизнинг зулмни йўқ қилишдаги мақсади қанчалар олий бўлмасин, унинг ўз жонига суиқасд қилиши мумкин эмас эди. Шариатнинг ҳукмига кўра у одам Аллоҳнинг ўзига ҳаволадир: хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди. Бироқ у, ўзининг қилган бу катта гуноҳи билан кофир бўлиб қолмайди. Мен айрим ёзувчи ва журналистларнинг бу ҳодисани қаламга олиб, шариат аҳкомларига мурожаат этмай, Буазизга «шаҳидлик»ни ёпиштирганларини, тасаннолар айтиб, мақтовларга буркаганини кўрдим! Бундай ҳаракат Буазиз қилган нарсани омманинг кўп қатламлари томонидан оқланишига олиб келади. Уламо ва даъватчилар буни тушунтиришлари ва Аллоҳнинг динида бирон кишига имтиёз йўқ эканини айтиб ўтишлари керак.
Тунис тоғутининг бошига келган балолардан олинадиган бошқа бир ибрат шуки, тоғут ва мустабидлар оммавий ахборот воситаларини ўз ҳаракатларини одамлар онгида чиройли қилиб кўрсатишига нақадар мажбурламасинлар, Аллоҳ таоло уларнинг расвосини чиқаради, кирдикорларини очиб ташлайди, сирларини ошкора қилади. Совет Иттифоқи Ленин ва Сталиннинг социализм даврида маданий матбуот маҳсулотлари бўлмиш китоблар, ойномалар ва рўзномаларни барча халқлар тилларида нашр қилиб, дунёдаги шу маҳсулотларнинг чорак қисмини ишлаб чиқарар ва социализм ғалабаси учун бозорларга сурар ҳамда кўп давлатларга кураш бошлаб, халқларнинг ичига социализм мафкурасини олиб кирар эди. Шундай бўлсада, социализмнинг расвоси чиқиб, ўз бешигида қулади. Унинг ортидан малайлари ҳам таназзулга юз тутдилар. Марказий Осиёдаги туркий жумҳуриятлардан ёки Азҳар дорулфунунидан ёхуд Шомдан етишиб чиққан уламоларнинг китобларини ўқир ёки улар билан суҳбатлашар эканман, бу мустабид кучнинг ўз малайларини қандай бўйинсундирганлари ҳақида ҳайрат билан ёқамни ушлайман. Аммо бу куч йўқолиши билан, уларнинг машруъ малайлари ҳам осорлари ҳам йўқ бўлиб кетди ва уларга қарши гувоҳлик бермоқда. Аллоҳим, бизни ҳақиқат узра устувор қил! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!
Тунисдаги зўравон тузумни шу тузум етиштирган муфтийлар ва уламоларнинг қанчаси мақтаб юрди. Бу ишларида узрли бўлмасаларда, улар ҳам шу тузумнинг зўравонлигидан қўрқиб яшадилар. Бироқ тушунарсиз бўлган бир нарса бор: Тунислик бўлмаган ва ҳеч бир талабсиз айрим уламо ва даъватчилар бу тузум ҳақида: «Бундан кўра адолатли ва мўътадил тузум йўқлиги»ни эълон қилиб, тасаннолар айтмоқдалар. Зулмга қарши курашаётган исломий жамоатларни қораламоқдалар! Бундан олган озгина манфаатлари эса – Тунисга бекорга саёҳатга чиқишларидан бршқа нарса эмас эди!! Бундай бадалга сотиладиган ғоя ва асослар нақадар арзон-а!!
Мен бунга, Аллоҳ тарафидан ёрдамсиз ташлаб қўйилишдан бошқа бирон изоҳ топа олмайман. Ҳолбуки Халқаро ва Араб Ҳуқуқбонлик Ташкилотлари президент Зайнул Обидийн даврида Тунис халқи жаҳоннинг энг шафқатсиз ва мустабид тузумини яшаган эканига қарор қилган!
Бу арзимас тасанноларни рад этиш учун халқ қўзғолди. Тасанноларни айтган «даъватчи», Тунис халқидан кечирим сўрармикин?! Мен амалга ошишидан шубҳада бўлсам ҳам, унинг кечирим сўрашини умид қиламан … Ҳатто пусуланинг кеча золимини мақтаган бўлсада, бугун унга қарши қўзғалган халқни мақтаб, унга мадҳиялар айтиш учун бурлишини ҳам назаримдан қочирмайман … Чунки бу – зиддият ҳисобланмайди. Зеро ҳар биримиз кўнгилларнинг ўзгариши, инқилоблар ҳамда шахсий манфаатларга қараб муносабатларнинг ўзгариш даврида яшамоқдамиз! Буларнинг барчаси фазилатли Афлотун маданияти, хаёлий ўйлар, эркинлик ва шаффолик шиорлари остида рўй бермоқда.
Аллоҳим, бизни ва мусулмонларни устувор қил! Тунисдаги мусулмон биродарларимизнинг қонлари, жонлари, молу мулклари ва номусларини асра ва уларнинг ишларини бароридан келтир! Барча ҳамду санолар аввалда-ю охирда Аллоҳгадир.
11 сафар 1432 ҳижрий йил, шанба куни
(1) «тоғут» сўзи арабча бўлиб, зулм билан овозаси чиққан ҳар бир махлуқ учун ишлатилаверилади. Бироқ, исломий атама ўлароқ эса, «Ўзига сиғинилиши учун бор кучини сарф этаётган шахс (инсон, жин ва бошқа махлуқлар)» тушунилади. Шунинг учун ҳам, ўзининг амри ва таъқиқини буйруқ дея ҳисоблаб, уларни сўзсиз ижро этилишини Аллоҳнинг рози ёки норози эканига қарамай талаб қилган ҳар бир раҳбар, «тоғут»дир.
hikmat nuri.com