Уч сарбоз борадир от ўйнатиб…
Уч сўз ва 12 қоралама.
Рауф Парфи Ўзтурк
Ўзбекистон халқ шоири.
Уч шоир ҳақида уч оғиз сўз. Мурод Човуш, Фурқат Мели, Малик Мансур, улар ажралмас дўст. Мард йигитлар. Илоҳим шундай бўлсин. Мен улар билан гўё юз йиллардан буён биргаман. Менинг ёшим катта – тенглашолмайман. Уларга ҳавас қиламан, ёшимни унутаман, эргашаман уларга. Менга алам қилади нималарнидир ёзаётганим. Назаримда улар шеър ёзмайдилар, шеърият билан бирга яшайдилар. Амин бўлдим, шеър ёзишни ўргатиб бўлмайди. Шеъриятни англамакни балки ўргатиш мумкиндир.
Мен сизга қараб интиламан Малик Мансур, Фурқат Мели, Мурод Човуш. Сафарингизда доим ҳам бирга бўлолмасман, шеъриятнинг чексиз осмонида, шеъриятнинг бепоён саҳросида – Машаққат мамлакатида.
Шеърият очиқ ярадир, ярада очилган гуллардир аччиқ. Шеъриятни тушунтириб бўладими? Билмадим.
“Билмадим, қаерга йўл олдим? Атрофимда ғуссали тун, онажон. Темир йўлдан чиқиб кетдим, шовқин олиб бормоқдаман, онажон. Вужудимда ғайрича ҳолат, қайга йўқолди иссиқ кун, онажон. Оёғимда ғайрича ғайрат. Мен ким ўзи билмадим, онажон. Қадимий ҳавоми, ичимдан чиқаётган бу тутун, онажон?”
Бу сўзларни ўқиб ўйланаман, тараддудланаман. Юзимга шеъриятнинг пардалари туширилган, кўзимнинг деворларига жисмимни қўйиб турибман. Қонталаш нуқтанинг портлашини кутмакдаман. Тушунгин, тушунгин-да ахир, дейди шамоллар дарахтларга илашиб. Мен ўзимни бир қуриган ёғочга осиб, жасадимга қизиқиб қарайман. Қизиқ дейман, худди ўзим-ку дейман, тушунгин…
Фақат юрагингиз туморига ёзилган уч сўзни унутманг: Турк. Турон. Туркистон. Уч баҳодир сўз. Уч сарбоз борадир от ўйнатиб. Мен эса фотиҳа сурасини ўқийман…
Сафарингиз бехатар бўлсин…
Мурод ЧОВУШ
1.“Ана туманларга беланди ҳаво”
ана, эриб битди кўкда юлдузлар.
Кўзи хира тортди осмоннинг,
бўйсунар, энтикар хаёл.
Жисмингда уйғонар майин бир титроқ,
Совуқми, бир нарса сездингми?
Сен ҳукм ўқийсан ўзингга ўзинг.
Ҳув, нарида бош чайқар бир дарахт
Сочлари оқариб кетган ёш жийда.
2.Ўлик руҳлар рақси,
Ўликкўз севгимиз, о, гўзаллик завқи,
қани бўл, қабрингни кўрсат қора тун,
кўзи юмиқ кўзим.
Ўлик руҳлар рақси,
Қўрқувлар юракка зарба ургандир,
Ёниб кул бўлган мен ишонган осмон,
Унда умид излаб …оҳим юргандир.
Ўлик руҳлар рақси,
Осмонда ёнаётган,
Шамолнинг қабри.
Вақт бу эсаётган.
3.Хомуш ёғар бу кеч фаромуш ёмғир,
Кўлмакда чўмилар азадор гулим.
Бу замин ўйноқи, бунчалар дилгир,
Гўристон томондан ис олар кўнглим.
Хомуш ёғар ёмғир, кимдан бу алам?
Туннинг сийнасига бош қўй, бардошим.
Менга ўлим энди, ўлим бир қадам,
йиғласин юрагим – адашган тошим.
Кўнгилга тушгайми осмоний титроқ,
Энг сўнгги илинжим бесамар оҳлар.
Осмонда яшину кўзимда ингроқ,
Кўксимда ниш урмиш сап-сариғ доғлар.
Умримни заволга бўлиб бердим мен,
Менсиз жойнамозим паришон ётар.
Ўчган юлдуз инида уя қурдим мен,
Бир шуъла юзимга тарсаки тортар.
4.Кўзларимга сиёҳ нурларин ташлаб,
Дунё узра ўчгай абадий фонус.
Ҳориган юракни ғам ўти ғашлаб,
кўчган дил ўрнида йиғлайди қақнус.
Осмонда чайқалар ясанган ҳилол,
ғам йўқдай ҳавода атроф тип-тиниқ.
Заминнинг дарди йўқ, деб увлар шамол,
Кўзимнинг девори, шишаси синиқ.
Ким чарх тасвирига шодлик этган жо?
Сакрайди шамолда ўйноқи наво.
Сочимни силама, шодлик, ухлайман,
Оҳ, шамол, меҳрингдан кулиб йиғлайман.
5.Ўша оғир, ўша масъул ер.
Ўша шифт – кўринган абадий осмон,
Ўша минг йил олдин ёққан бу ёмғир,
Ўша юрак, ўша бир бошли инсон.
Ўша Ватан, ўша ҳис-туйғу, виждон.
Ўша шамол, бўрон, ҳазин, нафис ел
Ўша банда, ўша қул ва ўша замон.
Фурқат МЕЛИ
ЙЎЛ ЮРИБ
Маҳмуд Зорийга
йиқилдим, кўза ҳам синди – қумга сингиб битди сўнгги томчи сув. Ичимдан сўнгги бор ҳаволар чиқди, юракдан нораста наволар чиқди.
Саҳрода ётибман, суякка қадар қуёш ёмғирлари етиб кирдилар. Энг эзгу аталган тилакка қадар кўкрак қафасимни кенгайтирдилар.
Тилакки, тилимни тилади, бу дам – юрак йўқ, вужуд йўқ, кўз йўқдир.
Навоки, наҳрига олади, бу дам – фалак йўқ, ҳудуд йўқ, сўз йўқдир.
МЕНИНГ кўзимда бир парда бўлсайди,
Қанийди дунёни тоза кўрсайдим.
Бу ўт – хиёнаткор, бу сув –фоҳиша,
айёр қул экан-ку тупроқ ҳамиша,
инсон чаноғига май қуйиб ичсам,
бу ҳаво бўлди-ку менга ҳамшиша.
Бу тўрт етимчанинг отаси қани?
Бу тўрт етимчанинг онаси қани?
Менинг кўзимда бир парда бўлсайди,
Қанийди ҳаммани тоза кўрсайдим.
Дунёга яхшилик – пойдевор, ёмонлик устун.
Ахмоқлар – фуқаро, беномус – подшо.
Аблаҳлик ҳукмрон, билдингми дўстим?
Бир яхши май ичиб, бир ёмон қусдим…
ДУНЁНИ
соатдай тескантир фалак,
малак пора қилсин кўйлакларини.
Ўн етти ёшли қиз билакларини
бир тўмтоқ косовга айлантир фалак.
Дунёни соатдай тескантир фалак,
қузғунга айлантир лайлакларингни,
девона, телбаю тентакларингни
Лайлатулқадрдан сескантир фалак.
Дунёни тескантир, сескантир фалак.
АЙТГАН
сўзим қуруқ сафсата,
йўқ ишонманг барчаси ёлғон.
Бораётган жойим хароба,
бузилган, кимсасиз бир макон.
Йўқ, эргашманг, ортимдан борманг!
Истамайман.
Ахир сиз яхши Одам
шу бўстонда қолинг, гулистонда қолинг!
Сиз ҳақни севасиз, ҳақни айтасиз.
САҲРО
ва хира кун, узун изғирин.
Сўқишлар, сўкишлар, отлар кишнайди.
Рассом нима қилсин? Бечора
рангларга беланиб ишлайди.
Хаёллар – бу кулранг булутлар
кўзларига сизиб киради.
Милён зарралардан иборат олам.
Милён зарраларга тўлгандир бу жом.
Вақт дарёси. Заҳарли илон
вужудида судралади жим.
Ассалому алайкум илон…
ЭЙ ДЎСТ, томошо қил!
Улкан денгиздаги шалағи чиққан кема –
ҳолимни.
Эй дўст, томошо қил!
кул, яйра, фақат йиғлама.
Минглаб йилдан буён кўкка бўй чўзиб,
яна ерга қайтаётган набототни томоша қил!
Эй дўст!
Гулистон, деб аталган бу –
хароботни томоша қил!
БУ КЕЧ далаларга дўл ёғди,
экинларни аёвсиз янчди.
Учиб юрган кушлар йиқилди.
Осмон, нима қилиб қўйдинг?
Бунчалар ғулдирайсан, нима бўлди айт?
Булут юлдузларни нега еб қўйдинг?
Телба бўлиб қолдингми, мендек
севиб қолдингми ё бирор кимсани?
ОСМОН
йироқ, ер қаттиқ, деган сўзларингга инонмадим ҳеч.
Ер ютди-ку қанча дўстимни…
ТИЛИМНИ ютиб юбордим.
Бўғзимдаги гирдоб тортиб кетди уни
ичимдаги қоронғу зиндонга.
ДАРАХТ
ишонмади ҳайқириқларга,
ҳеч бир сўз демади, ичига ютди.
Бу майда одамлар бунча шодланар?
Дарахт чидолмади – кўкариб кетди.
Эшикни очмасдан кириб келди, у
вужудимга қондек қуйилди.
Ақлимни парчалаб ташлади.
Тур, деди. Юр, деди. Йўлга бошлади.
Бу ёлғон қобиғдан чиқиб кетдик биз.
Бу чиркин томуғни босиб ўтдик биз.
Чор атроф тинч эди, ҳеч тўхтамасдик.
Қарама, деди у. Кўзни юм, деди.
Итоат этдим мен – кўзимни юмдим.
Ё, Тангрим! Шу дамда ўзимни кўрдим.
Душманга отилган камон ўқидек
бир гулхан ичига кириб борардим.
Малик МАНСУР
1.Турк. Турон. Туркистон.
Уч баҳодир сўз.
Уч сарбоз борадир от ўйнатиб.
Жасур бир бахт бордир дунёда
Туркни англамак, туркча сўзламак.
Дунёда бир гўзал ўлим бор –
Уч сўз учун ўлмак. Ўлмасдан аввал ўлмак.
2.Мана, ниҳоят Мен ва Тун.
Атрофда ҳеч ким.
Мен ва Тун. Майит – Мен. Тун – тобут.
3.Бўлди. Менда бошқа асос йўқ
Барчаси олдинда, деб ўзимни аврашга.
Судралиб юришга ўша маъшум
Омаднинг йиртиқ пайпоғига суйканиб,
Эртамни кеч қилиб.
Қиёмига етмаган фасл – хотирот
Эккан гулларини тераман йиғлаб.
4.Ўзингни ўзингга қўйиб бер,
зўрланма, номусингга тегма,
тун қанотин ёзаётганда,
оҳиста руҳингни очғил.
Сирғалиб сузсин у шу йўқлик аро.
Шалвираб бўшашган, тентираб ҳолсиз,
Олдингга қайтганда ранжима асло,
Барибир у руҳ-да ақлсиз, кўзсиз.
Ахир сен шу тийрак нигоҳинг билан
Йўқликни ушлаб кўрдинг-ку.
5….ва юракда фожеа юз берди.
Сен кетдинг, қарамадинг ортга,
Сенинг ортингдан кузак ҳам йўл олди
Қаҳратон, маъсума қорлар бағрига.
Мен қолдим,
Алдамчи баҳорда ва сархуш ёзда.
Бойчечак ел билан ўйнашган.
Бу фасл келиндек товланган
фурсатда,
мен қолдим
муваққат гулларнинг ёдида.
6.Мана У ярамас –
лабида тамаки,
қўлида қалам
ва яна май тўла
шиша ушлаган –
Тангри истеҳкомига
отланган жангчи.
7.Чатнаб, чанқаб уйғондим,
Атрофга қарадим саросимада.
Ва илкис қоп-қора дев-ла тўқнашдим.
Кўзимни тун билан алмашган эдим.
Сўз йўқ, луқма йўқ,
Мен унга бақрайдим
У менга. У тарафда ўлим билан
шундай учрашдим.
8.Барчаси таниш, ўша эски ис,
Мўматолоқ қалб,
Вағиллаётган донишманд чол,
Нақадар қўрқинчли бу борлиқ.
Кимга сиғинайин, кимга йиғлайин
Кўчада кучуклар алла айтади.
Бошимдан шароб тўкдим,
Унутма, кетдим.
Қирлардаги янтоқлар оёғимга
Оғриқ оғриқ суқилди. Оғриқ ичимни кемирди.
Энамни соғиндим.
9.Юрак ёрил, марҳамат кутма.
Қулоғинг тутма сибизға сеҳрига,
Нима тарих, ўткинчи қайғу
Йиллар эзаётган сабрни ташла
Қон оқмоқда бўғзимдан
Кўксимга қараб,
Замин ўгрилмоқда кўзгуга.
Юрак ёрил, тош каби ёрил,
Кунлар ўтаётир бетин, бетайин.
Кимдир сиғинмоқда кўкка термулиб:
Ў, Тангрим кечиргин сотқин бандангни,
Кўксини пайпаслаб қидираётган ким?
Бошингга тошларни отаётган ким?
Тошлар гирдобига чўкаётган ким?
Юрак ёрил, тош бўлма бунча.
Кўз. Кўр. Сўз. Сўр.
Олис саҳродаги
ёлғиз бир бўри
тун бўйи увлайдир,
уйқу бермайдир…
10.Кўзларингда ҳис этади ой,
Юлдузлар куйдилар ҳасаддан.
Ойга қарамакдан ҳадикда
Гуллар бош эгдилар таъзимга.
Мен ойни ўпмоқчийдим
Куйиб кул бўлдим.
11.Оҳ, кўзлари паришон, дили ногирон, фаришта
қиёфа мункиллаган, сочлари патила қафасдаги
аламзада, нима деб таскин берай мен сенга,
муштипар бояқиш, саратонда совуқ урган,
худо қарғаган бечорагинам.
12.дарпардани кўтар, эй заъфарон Куз
юрагим рангидан
қўрқмасанг магар.
13.Яйдоқ чўлдан кетаётган
ёлғиз йўловчи
ортингда нима бор, олдингда нима?
Қайга борурсен?
14….увлади, тил билан билмади.
увлади, кўз билан билмади,
увлайверди тинимсиз,
ув-ув-уввв
бечора тил,
бечора дил.
“ЁШЛИК” журнали
1997 йил
…ҲАҚИДА
Ҳозир сиз ўқиганларингиз 1997 йиллардаги эски суҳбатлардан. У вақтлар улуғ шоир суҳбатидан ҳар куни баҳраманд бўлардик. Ҳар тонг “Уйқу бу ўлимдир!” деган овоз бизни уйғотар, очиқ деразадан кираётган тоза ҳаво ва дастурхондаги иссиқ кўк чой бизни кутиб турарди. Албатта Шоирнинг табассуми ҳам. Деярли бола эдик, гўё Рауф акани ўзимизнинг тенгқуримиз санаб, суҳбат вақтида бу одам катта шоир-ку демасдик, аямасдик. Шоир эса бундан роҳатланарди. Сизлар билан ўзимни эркин ҳис қиламан, дерди. Ишга худди ўйинга чиқиб кетаётган боладек отланардик. Қайтганимизда шоирни дўстлар қуршовида кўрардик, гоҳида эса эшикка қистирилган қоғозни ўқирдик. Унда “Я.О. Мен фалон соатда қайтаман. Р.П” деган ёзув бўларди. Эртами, кечми эшик тақилласа, “Яхши одам ким у?” дея эшикни тезроқ очишга шошиларди. Ҳар куни ярим тунгача суҳбат гувиллаб давом этарди. Агар келган меҳмоннинг жағи очилиб қолса ёки суҳбатдан ёмон ис кела бошласа, шоир “бироз толиқдим, ҳозир ўн икки минут” дея бошқа хонага чиқиб кетар. Бу ўн икки минутда ҳалиги меҳмон шоирни буткул унутар, ҳатто ўзини-да унутарди.
Кейин ҳам алғов-далғов соатларда, шодон ва нодон дўстлар даврасида ҳам суҳбатимиз давом этди. Чексиз вақт оралиғида ҳамма ўз йўлига кетди, биз уч томонга, Шоир эса тўртинчи томонга. Ҳар сафар учовлон кўришганимизда устозни ёдга оламиз. Аслида атайин эмас, гап-сўзларимиз ўз-ўзидан Рауф Парфига бориб тақалади. Соғинамиз. Шунда эски суҳбатларнинг баъзиларида Шоирга қаттиқ гапирганимиздан пушаймон бўламиз. Орадан ўн йиллар ўтиб, уч дўст одатдаги чойхўрликда аҳд қилдик. Ҳар бир кўришганимизда бир қоғоз ёки икки қоғоз назмда ёки насрда бирор нимани ўртага ташлаш ҳақида. Қуйидагилар ана шу суҳбатларда тўпланган.
* * *
БИРИНЧИ СУҲБАТ
ШОИРЛАР БАЗМИ. ГИЙОМ АПОЛЛИНЕР.
Нафасингдан узоқда Нафасингдан
Нафасимдан ҳатто яқин яқинда
Телба бўлиб кездим тентак ўйлашди
Юракни тарк этган хаёл ҳаққи хаёл
Тўрт томон қибла. Ҳапқирар ҳу денгиз,
Нега ахир, айт, қалбнинг бозори касод
Қалбаки шоирлар сунъий тинглашар
Бутдан руҳ қуришар, шаҳватдан коса
Йўқ, бўлмайди. Пуфлайдиган сурнай йўқ.
Оғриндим. Букилдим. Ерга тўкилдим
Онам. Ерни тешиб ўтди нигоҳим
Ассалому алайкум, эй, шоирлар.
Ниҳоят. Руҳлар косасига суздим
Подшоҳ тортиқ қилган ишқ шаробини
Ният қилиб ичдик: Инсоф бер, эй, воҳ.
Маст бўлиб маст бўлиб маст бўлиб маст бўлиб
Ўзимни эслолмай бошим айланди
Юмалоқ чексизликда думаладим
Кечмишимни сўйлаб, тумон ортидан
Сўзга сиғмас бир зот мени тинглади.
Афсонага айландим. Битик бўлдим.
Карнай-сурнай чалдилар, оҳ чалдилар
Ўлим бекатида қўрқиб ухладим.
Ерга қайтиб келдим. Шоирлик қурсин.
Яна ҳамма ёқ қават-қават парда
Бу дунё айлана пуч ёнғоқ ахир
Чақилган. Чақилмаган. Билиб-билмай
Зериккан. Зерикмаган. Тавба. Тавба.
Фурқат МЕЛИ
“Сўз мени таъқиб қилар, чирқиратиб ўйиб кўксимни.”
Р. П. Ўзтурк
Наҳот, умр ўтар, бир сўзни айтмай,
абадий жимликка жинлар кузатар.
Майли, агар ҳукми шу бўлса, кетай…
Ҳақ сўз шаробини кимлар узатар?
Эй, дил! Айрилиқдан тушма фироққа,
Ҳақиқат дамига етмас бардошинг.
Гар ўлсанг, жасадинг кетмас тупроққа,
Майга – Туркий Сўзга айланар лошинг.
КИМСАСИЗ бағирга ўзни бағишла.
Кимсасиз сағирга сўзни бағишла.
Фаросат шудгори ичра тушир-да,
тупроқ эт. Илдизга бизни бағишла.
БИР ДЕНГИЗ кўзингда чайқалиб ётар,
Тубида зўр тўлқин айқириб оқар.
Қатралар қуюлиб келар ирмоққа,
Бир томчи отилиб чиқар қирғоққа.
Ёлғиз эди, кучсиз қумга сингиди.
Денгиздан ажралган кимга тенг эди?
Изсиз кетди балки энди йўқ бўлар,
Илдизга етса гар яшил ўқ бўлар.
Кўзингда бир денгиз қуёшни қучар,
Сенга етсам эди оловим ўчар.
Саҳроман. Бир ўзим ёлғиз ёндим ман.
Кўзим. Раҳмат сенга, сувга қондим ман.
СОЗИНГНИ ишонма ҳеч бир бебурдга,
созингни чал, деди, устоз шогирдга.
Шогирд ўйга толди, қалбда ўқ эди –
созни ушламоққа имкон йўқ эди.
Ичини бир нима таталар эди,
бу ҳол тўлғоқ, дея аталар эди.
Баралла куйлади, созга чоғланди –
ўтмиш кунларига ҳаққа боғланди.
Кўргани билгани пора ва пора,
тупроққа етганда бир этар зора.
Сонсиз лаҳзалари бир лаҳза эди.
Янчгани, кечгани овоза эди.
Бир вақтлар шогирднинг болалигида,
аниқ бир ранг эмас олалигида,
хавфсираб қўрққанда чора топганди –
устоз шогирд қўлларини чопганди.
Қўшиқ тўхтамади, дунё сел бўлди.
Етти ёт бегона душман эл бўлди.
Бир бўлди, эр бўлди, йўқ эди тенгги
созни чалар эди бир жонсиз енгги.
Дод деди, тўхтама, чал, деди устоз.
Кечиргин, жонимни ол, деди устоз.
Малик МАНСУР
ТАНГРИ – ИМКОНСИЗЛИКНИНГ СЎНГГИ ЧОРАСИ
Мен у ерда бўлиб кўрдим, биласанми, ўша эзгулик деймизми, яхшиликми, ёвузликми ҳар ҳолда бугун ана шу тиргакларга таяниб яшаётганлигимизни рад этмайсан-ку, хуллас, қайси кунидир, билмайман, кечкатомон. Одатий уйқусизлик бошланган, биласанми, мен аниқ ҳим қилдим, ўша жойга тушдим, даҳшат увиллаган саҳро, қопғқоронғу, ҳаёт асари ҳам йўқ, нега бунчалик интилганимни ўзим ҳам англамадим, худди кўланкалар майдонига ўхшайди. Биласанми, сени эҳтиёж тарк этган, лаззат йўқ.
Қанчалар пушаймон бўлганимни билсанг эди. Тубсизлик, қоронғу тубсизлик. Ҳавода учиб эмас, йиқилиб кетаётганингдаги тубсизлик, ҳозир парчаланишингни, ерга бориб урилишингни, суякларинг тарс-тарс ёрилишини билганинг ҳолда, ерга етгунингча ҳали соғлигинг, бус-бутунлигинг, яшаётганлигинг дақиқаларини англаш даҳшатига ўхшайди у ер. У ўлим эмас, яшаш ҳам эмас, мутлақо бошқа туйғу. Қўрқинчли, завқли. Ўлим завқига ўхшаш қўрқинчли бир нарса. Инсонни ўлим қўрқувидан халос қиладиган бир ҳолат. Биласанми, айнан шундай. Эҳтимол биз қидираётган, излаётган нарса ҳам айнан шудир, айнан ўлим қўрқувидан халос бўлишдир. Қўқувни енгишдан кейинги ҳаёт мазмун касб эта олармикан, дўстим. Мен бу туйғу билан бир неча соат яшадим. Йўқ ҳар доим шундай тасаввуримда ёки унинг таъқибида эмас, айнан у билан юзма-юз, унинг чангалида яшадим. Гўё мангу туйғуларни жонлантиришни англагандек бўлдим. Йўқ, мен яшашни хоҳламайман, ҳаётга қайтишни хоҳламайман. Оддий туйғуларда қанчалик буюк бахт борлигини сезсанг эди.
Шоир ёлғондан, юзаки, сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон истеъдоднинг кушандаси . Қайси бир файласуф деган экан: «Кимки кўнгли ҳақ деб билган маънавий қадриятларга зид иш қилса, руҳий куввати кучсизланиб, истеъдоди сўнади.» Майли, ёлғонга озгина ён берай, жиндай… жиндай… дейдилар-у, аммо жиндайнинг охири вой – руҳларини ўлдириб кўядилар. Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади. Санъат, маҳорат бой берилмайди. Санъат – ўрганиладиган, машк билан ҳосил килинадиган нарса. Лекин руҳ ўлган бўлади. Шоир синади. Буни синган шоирнинг ўзи ҳам билмаслиги, тўхтовсиз қулоч-қулоч шеърлар ёзавериши мумкин. Кейин билади. Ўшанда кеч бўлади.
Рауф Парфи ЎЗТУРК
* * *
ИККИНЧИ СУҲБАТ
Малик МАНСУР
ТУШИМГА КИРАДИ
ёлғиз бир бўри
Тун бўйи туради
тепамда.
Қарашлари мунгли –
кўзлари ҳорғин
сергак қулоқлари
маъюс пуччайган
кўкраклари тўлган
сутга аламга –
боласидан айрилган
Ёлғиз бўри
Мунгли бўри
Она бўри.
Қийналдими, жонинг
сенинг ёввойи жонинг,
Сутга тўлган кўкракларинг
Азоб бердими…
ЯЛАНҒОЧ КАФТИМДА ОЙНИНГ СУВРАТИ
Хаёллар безайди йўлимни
Ўтмишни қўмсайман ўтмишни
Тулпорлар тўпириб елади
Заминниг кўксида дупириб
Вақт билан баҳслашга тиранган
Бу қаҳрда қандай меҳр бор.
Фурқат МЕЛИ
ҚАРАГИН, чўққиларга қор тушди.
Табиат ўзини янгиламоқчи.
Нечун очиқ ишорани кўрмай,
нажот истаб борганимиз ямоқчи.
Япроқларини хотиржам топширди,
дунё супургиси бўлган шамолга.
Дарахт шундай ўзини яширди,
эркак севдим, деганидай аёлга.
ҚЎШИҚ айтилганда ҳамма тўкилди.
Ҳамма кетди суяклар қолди.
Илигини кучуклар шимди.
Устухондан бир сас чиқмади.
МЕНДАН кейин бирам хушбўй,
ажиб ранг олади гуллар.
Мендан кейин бу кунлар тушдай,
унда бўлмас ойлар ва йиллар,
Мендан кейин кезаман мангу
коинотда, қора тупроқда.
Мендан кейин сўзлар жарангги –
ажиб ўйин вазн, туроқда.
Мендан кейин ҳа, мендан кейин
ўзак билан, ўз билан шайман.
Мендан кейин ҳа, мендан кейин
абадий сўз сенда яшайман.
1. ЯНА бошдан бошлади ишқ ғавғосини –
уммонига туширди ўз ғаввосини.
Бир танада сув оловга инжа қилди,
шамол тупроқ улуғликни кенжа қилди.
2. Сўнгсиз саҳролардан келди бир ёвқур,
сонсиз лашкарини тизди ҳар ёнга.
Чексиз мамлакатда бўлди урҳо-ур,
ҳақсиз ҳаҳли бўлди, жон кирди жонга.
3. Қушлар чуғурлайди. Тутлар тўкилар –
узала ётибман узилиб сендан.
Ширали қўлчалар юзимни силар,
наҳотки бу меҳр гўдак қизимдан.
Мурод ЧОВУШ
МАЪРИФАТ
Юракка ўт қадар лаҳза ёрилиб
Сиёҳранг кун чиқди. Нафасим ўлик
Ширин табассум ҳозирдан ҳозирга
Бошдан кечирганда ҳушдан кетилгай
Юлинган товушлар қонга беланиб
Асл моҳиятдан сўзлайди бироқ
Кўз ёши билан ювса ҳам кетмайди.
Шовқин-сурон қилар ўтганлар ёди
Ўзинг тушунмайдиган ёқларга кетсанг эсхонангни қулфлаб тингламасанг қарамасанг кетсанг борни йўқ деган хаёлда фақат йўл тугамаса охири кўринмаса ва бутга айланган севгинг таъқиб этмаса «автобус деразасидан қараб кетсанг» рашкнинг мумтоз шакли бўлиб.
1. Жаҳл оқими. Яксон бўлган шеър.
Борлиқни сув босган осмон йўқ.
Сузишни билмайман Онаҳут
2. Бир қизча денгизга чўкади
Бир-бирига уланган оҳ бор
Тасаввур бор. Суврат йўқ нега?
Мендан мени суруш сурушгин
Спондармаз келар сўзга айланиб
Қўрқувга тўлиб кетар жаҳон
Салом севгим хайр тасаввур.
Ўйлайманки, санъат билан шуғулланадиган одам- ўлимга энг яқин одам. Безовта бўлсанг, жаҳлинг чиқса мозорга бор, дейдилар. Мозорни бир марта айланиб чиққан кимсанинг ичидаги нафс итлари бир муддат ювош тортади. Санъат билан тиллашган кимса худди мозорни айланиб чиққан каби кўнгли маънисиз шовқиндан, кир-чирдан фориғ бўлади. Санъат билан мозорнинг орасида бир ажиб яқинлик кўраман. Ҳар иккаласида хам аждодлар руҳи билан мулоқотга киришилади. Мозор сукунат, жимлик билан руҳни тарбиялайди, санъат эса мунг ёрдамида кўнгилдаги касал туйғуларни даволайди. Санъат ҳам, мозор ҳам мияда босиқ ва илоҳий нурга чулғанган мулоҳазалар пайдо этади. Кўчада бақириб-чақириб, ғийбату ҳасадга булғаниб юрганларнинг бари мозор ва санъатдан анча йироқ каслардир. Мозор. Энг якин кимсаларинг ўша ерда ҳамма нарсани жим тинглаб ётгандек…
Рауф Парфи ЎЗТУРК
* * *
УЧИНЧИ СУҲБАТ
Мурод ЧОВУШ
ИСФАНДИЁРНИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
Шундай картиналар борки, уларни кўриш керак мен эса деворда илиғ турган суратни тинглайман тун, ой, сой, ёнида йўл, дарахтлар. Исфандиёр гапираверади, айтадики, Бахмалдан қайтаётувдим, ялангликдамиз, қарасам қуёш ботяпти, машинани тўхтатдим. Мен уни эшитаману лекин тингламайман, деворга илинган суратга қараб, кўчага чиққим келади, “метрога кирсам ва кетаверсам-кетаверсаму сўнг ер остидан кўчага чиқиб, пулим бўлса, албатта ойнаванд кафега кирсам”. Кейин иш қуролларини олиб, уфқни шартта чизиб ташладим, дейди Исфандиёр, кейин сигарет тутатади, балки чекмовди. Холландлар бу картинани фалон пулга сўрашди. Бермадим. Айтганча, йигитлар, йигирма тийин етмай турибди. Ўзим чиқиб келаман, дўконга, дейди, “бизда тийин ҳам йўқ, фақат метро чиптаси бор”. Жаҳли чиққандай, ўқимаганлар, дейди, ҳеч нарсани билмайсизлар, дейди. Тинглашдан тўхтайман. Ичишга унчалий ҳушим йўқ, нега ичишади, тушунмайман, унга бундай демайман, Исфандиёрни тингламоқчи бўламан, у Фузулий шеърларидан ўқияпти, сувсаган одамга ўхшайди, сув текин-ку, дейман ичимда. “Исфандиёр, сиз кўп гапирдингиз, мен эса ўзимни тинглаётувдим”, дейман ҳар замон. Кўчага чиқсаму танишсам. Эшитяпсизми, десам, мен болалигимда сиз ҳақда кўп ўйлардим, ҳозир у қаерда, нима қиляпти ёки нима ҳақда хаёл суряпти, мен ҳақдамикан, деб сизга хаёлан табассум қилардим, салом, дердим, булутга қараб, у ҳам ҳозир қуёшга қараган бўлса, мени ўйлаб, демак, дердим, қуёш бизни учраштирди, эшитяпсизми, дердим. Йўқ. Исфандиёр, бизни эшитгиси келмайди, болалигимда, дейди, совуқ, қор, кўчага чиқсам, битта оппоқ соқолли бобо. “Мен эса болалигимни эслагим йўқ. У пайтлари қачон мактабни тугатаману ҳозирги кунларга етаман”, дердим ўзимча.
2.
“Мен болалигимни эслагим келмайди”, деб ойнаванд кафе ташқарисига қарайман. Чиройли юзлар ўтиб кетади. Югуриб бориб танишсам, деб ўйлайман, хаёлимни Рауф Турсунқул “шу, шу оддий”, деб бузади, унга қарайман. У костюмининг юқори тугмасини ушлаб, силаб, “бу оддий, оддий”, дейди. У винодан ҳўплаб жилмаяди. Мен ўзимнинг ҳўмрайиб ўтирганимни сезиб қоламан, чунки, дейман ўзимча, қуёш ботди, сал кейинроқ кафе атшқарисидан ким ўтаётгани кўринмай қолади. “Мен ҳам ичсам бўладими”, дейман, “бемалол”, дейди. Ҳўплайман. Эҳ, дейман ичимда, Сиз билмайсиз-да, мен нима қилишни билмасдим, уни кўрсам бўлди, ўзимни йўқотиб қўярдим, юраверардим, юраверардим. Туфлимнинг пошнаси емирилиб кетарди. Таги йиртиларди. Туфлимда кўлмак ҳосил бўлса-да, оёғим барибир совумасди. Ўзимни тўхтатишни ҳеч иложи бўлмаса, поездга ўтириб, қишлоққа жўнаб кетардим. Худди магнитафон ўрнатилгандай ичимда Аҳмад Қоя қўшиқ айтарди. Нима учун қишлоққа келдим, билмасам-да, лекин бу қўшиқлар тугамасди. Қишлоқдан қайтиб бориб, битта сўзни Ойхонга айтсам, хонанда ичимдан чиқиб кетармиди, деб ўйлардим. Эсимга тушади, шундан жилмаяман, лекин гапирмайман, шеригим ҳам жавобан жилмаяди. Нега, демайди. Ёки тушунмадим, демайди. Хўш, гапирингчи, демайди. Фақат сочларини силайди. Кейин иягини. Мен эса бош қичиғини қолдирмоқчидай сочимни қўлим билан тарайман.
ИОСИФ БРОДСКИЙНИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
Энди сочимни майин силайман ва шундан жилмаяман. Офисиант қиз ҳўмраяди. Эътибор бермайман. Бурчакка суянаман. Ҳарҳолда, дейман, танам билан деворнинг қариндошлиги бор. Балки, узоқ – беш минг чақиримлик қўшни бўлгандир, бу икки тупроқ. Қадрдонлиги бор, ҳарҳолда, чунки бадан одамнинг хаёлини тупроқ сув ютгандек шимийди, тўйиб қолса ортганини кафе девори қабул қилиб олса керак. Бу ҳақда, албатта, жиддий ўйламайман. Бор-йўғи ўзимни чалғитмоқчи эдим. Чунки осмондан чақинсиз, ҳеч қийналмай, тўлғоқсиз ёмғир ёққандек, кўзёш думалаб, кўз пардасидан ташқарига чиқмоқчи бўлади. Хаёлимнинг қаршилигига учраса-да, беадаблик қилмоқчи, балки “осмон дарвозалари ланг очиқ”, демоқчими, қўрқиб кетаман. Оёғим қалтирайди ёки аввал бўшашади. Одам кафтича ойнага кўзёшни томдириб, лупа билан уни тадқиқ қилиш керак, дейман. Нима ҳожати бор, кундай ойдин-ку, у космик ракетадан кўринган ер сайёрасига ўхшайди, холос. Бу дунё Венесияга ўхшайди. Юсуф Бродский бундай демаган, албатта. Юсуф кўзёши бу шаҳарга томганидан қийналган, шундоқ ҳам Венесияни ҳамма ёғдан сув босган. Лекин бу Ерда ортиқча эканлигидан афсусланган.
4
Бродскийнинг битта кўзёш томчиси кучидан Венесияни сув босиб кетмайди. Хаёлини сув босиб кетади. Елкамни деворга ишқайман, кейин чайқаламан. Натижада кафедан чиқиб кетаман. Юраверсам, юраверсам, масалан, Бухорога бориб қолсам, ундан Хивага, кейин автобусда ортимга қайтиб, биронта қабристонга кириб, биронта қабрнинг тупроғини силасам, бармоғим билан албатта. Шунга нима дейсиз. Рауф Турсунқул ҳеч нима демайди. Жилмаяди, холос. “Сиз айтардингиз-ку, оҳангига тушиб ўқинг”, деб, мен ўқирдим. Улар шеър эмас фаришталар эди. Жилмаяди. “Мен уларни кўрардим.” Жилмаяди. Яна жилмаяди. “Қўрққанимда эмас, ўзимни тутолмай, соҳилга тушардим. Осмоннинг қалби денгизга ботарди.” Эшитяпсизми?……..
Фурқат МЕЛИ
УРУҒ томир отди. Тошларга ботди.
Қуёш бу дунёни қиздирган кунда
товонимга ёқди. Товон тутоқди –
ажаб ҳолат бўлар қоронғу тунда.
Отган ҳалок бўлар, отилган яшар –
яшил япроқларин туҳфа этиб жим.
Юрагимда совуқ аланга яшар –
исинишни истаб келаётган ким?
Танимадим сени, лекин суяман.
Дўстмисан, душманми яқинроқ келгин.
Ям-яшил кўкариб, ўсиб куяман –
мени ожиз, муҳтож ининг деб билган.
Отди ахир оддий, жуда самимий,
қизни севган каби муҳаббат билан.
Сен ахир тириксан, кўҳна доимий,
дунё топган бўлсанг, воз кеч ва тилан.
Қора рангга қарши оқсан. От энди.
Мен каби эмассан тоза нафассан.
Узун ташлаганинг ипни торт энди,
Одамнинг ўғлисан – Нуҳсан – Ёфассан.
САМОЛЁТ кун билан туннинг ўртасида,
ялавоч Чингизхоннинг ўрдасида.
Машриқ оппоқ, мағриб қорадир.
Тангри ҳукми. Уруш чорадир.
Худди учмаяпти. Пастда денгиз.
Мўғуллар бошида қалби тун Чингиз.
Кўзлар ниқобланган. Осмонда наҳанг.
Ўрмалаб келмоқда ёвуз бир оҳанг.
Тугмача босилди. Ва стюардесса.
Бошим узра дашт шамоли эсса.
Экранда харита, нуқта силжийди.
Қарор йўқ. Ҳукмдор нега алжийди.
Очун сокин, мангу Сукунат ичра.
Абадий куч-қудрат. Ётма! Тур! Сачра…
…самолёт кун билан туннинг ўртасида,
ялавоч Чингизхоннинг ўрдасида.
Малик МАНСУР
Тун майдонда
Ой кўринади хира
Жимлик, қора да қора.
Бўғиқ шамол ва да қўрқув кўнгилда, холос.
Илкис, узоқдан бир йиғи келади
длас ва ўксик – Аёл товуши!
Қўшиқдек туюлади аввал
Юракка киради сўроқсиз,
Қўрқув чекинади тўсатдан –
Эркакдан!
Бироқ, эртакдаги ботирга айланмайди у,
Қилич яланғочлаб, тулпорига минмайди ирғиб,
Отилмайди қутқаргани йиғлаётган аёлни!
Ўғил! Онанг айтган эртакларга ишонма,
Отанг айтган эртакларга ишонма, энди!
Бу қавмнинг қарилари сотилиб бўлган
Ботирлари эртакларда қирилиб ўлган!
Манглайига нелар битган, Тангри билади
Бир қавмнинг тирилиши мингга кетади,
Сабр дема, сабр сари турқинг ияди,
Танлаганинг хотинчалиш бола туғади.
Тун, майдонда. Ой кўринади, хира.
Жимлик, қора да қора…
Кимдир зимдан кулади, писиб…
“Сукунат игнаси кўзимни тешар”,
Қуёш чиқар, кун ботар,
Ким кимнидир экар, ким ташлаб кетар,
Дунё синоатин дарвеш қадрлар,
Лабида табассум манггуга қотган.
Дорнинг оғочига бошин эгади,
Ва салом беради…
Бир юртнинг шоири ўлади, оқсоч,
Хотиржам, оҳиста, қайғули бироқ.
Эй, Рауф! Эй, Парфи! Эй, сен Туркий сўз!
Қабринг нурга тўлсин, руҳинг Кўкларда!
Дунё ҳамон ўша, ўзгаргани йўқ,
Қуёш чиқаётир, кун ботаётир,
Оқсоч бир табассум кўринмас фақат.
Ҳамон тахтнинг пойи абдулла, ориф,
Марҳамат кутади шоирлар, ғарлар.
Бир шоир бор эди, дангал, чўрткесар,
Тахтга тик қараган, тикка сўз айтган,
Қадим Бухоронинг жангари ўғли.
Зиндонбанд қилдилар яқинда уни.
Хуллас, ҳамон ўша, ўзгаргани йўқ,
Қуёш чиқаётир, кун ботаётир,
Оқсоч бир табассум кўринмас фақат.
Бир дарахт. Сокин. Жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпрок тушунадигандек. Вағиллаб юрган, ҳиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. У кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми…
Рауф Парфи ЎЗТУРК
* * *
ТЎРТИНЧИ СУҲБАТ
Мурод ЧОВУШ
Ичимда бир уста темир қиздирар
Ёнида ёрдамчи Хумор қизлари
Кўкрагимда бақириқнинг излари
Темирнинг устидан шароб қуяман
Парлари қизиган юзимни титар
Зулхумор намланган кўзин беркитар
Кўкрагимда бақириқнинг излари
Бир бола югуриб кетмоқда ундан
“Ярим дунё унга керакмас фақат
Бутун коинотни забр этмаги шарт.”
Мен сафарга кетгандим
Анча вақт ўтди. Келсам
Ёримнинг қабрида йиғлаб-йиғлаб
Кул бўлибди дунёнинг энг гўзал шоири
Мен энди ёмғирнинг бир томчисидан
Қуяман.
Унда униб чиққай қасосгул
Денгиз ва осмоннинг туташган жойи
Юрагингнинг лаби чиройли бунча
Мен ўпичман битмас туганмас ўпич
Денгизнинг бағрини қучиб йиғлари
Чунки мен дунёнинг энг маст хаёли
Қуёшнинг нурини ўпмоқчи яна
Яна руҳ пардаси денгиз шамоли
Қақраган лабимга тузин тиғлари
МЕН БОРЯПМАН ОЧИНГ ДЕРАЗАНГИЗНИ
Тун. Китоб ўқияпсиз кўзойнак тақиб.
Бирдан чақин чақар. Шунда нега, а
Ухлаб ётган суратга жилмаясиз
Чарсиллаб ёнмоқдаку хаёлларим
Нега ишонмайсиз. Ҳайрон қарайсиз
Қаҳримни зардобдай сочмайман сизга
Кўзингизни артинг йиғингиз билан
Ойнинг товушида мени эшитинг
Тиним билмай чақин чаққаним учун
Начора, бор-йўғи мени кечиринг.
Фурқат МЕЛИ
АСАБ ТОМИРЛАРИ ҳужайраларда
асов отлар каби депсинар, кишнар.
Осмон жисми каби ёрқин, ловуллаб,
пойимда тириклик тарихи яшнар.
Йўловчи кўп узоқ кетма, қайтасан
овлаган овингни ташлаб беҳуда.
Сени кутиб қолди онанг, қайдасан?
Бебош бир ўғилни соғинган жуда.
Туркнинг шамоллари увиллаб чопар,
тўзонда қолдириб тарихни, ёрни.
Кўзингга ўтмишнинг чангги ёпишар,
қадим тупроқ сенга шунчалар зорми?
Бир гул очилмакни истайдир, эркин.
Истайдир дунёга хушбўй сочмакни.
Ишқнинг шаробидан қуйгил дўст, лекин
имкони бормикан ёрла ичмакни.
Фитналар дунёси сенга бол тутар,
фароғат дунёси аччиқ заҳарни,
насибангни қирқма, бу кунлар ўтар,
уйғоқ кутиб олгин тонгни, саҳарни.
Ҳар бир инсон, миллат гўзал шеър эрур,
илоҳий ҳикматлар яширин унда.
Қайноқ саҳролардан музликларгача,
коинот сири ҳам алиф, лом, мимда.
Йўловчи, қалбингга қулоқ тут, дўстим.
Онанг интиқ сенга мунис, ёлғизинг.
Тўхтагин, дарахтдек бир ерда ўсгин,
ерга чуқур ботсин жисминг – илдизинг.
Малик МАНСУР
Қорабайир бийдек чўл,
Дашти қипчоқ даштликлар юрти,
Қорабайир бийдек чўл –
Саҳро эмас, чўли ироқмас,
Дашти қипчоқ отамнинг юрти,
Қорабайир бийдек чўл.
Қорабайир, Отам ўлди, қуш бўлиб учди Кўкка
Кўкка сиғмас, кўнгил узмас, айланади бошингда.
Қорабайир яйдоқ чўл, Отам қўнган етим чўл.
Айт! Мен не қилайин, қай томонга юрайин?
Қорабайир бийдек чўл,
Ҳоқоонинг кўп, хонинг кўп
Итялоқ бекларинг кўп,
Эл-улуснинг ичида
Бурда нонга ташна кўп.
Қорабайир, эй Тўра, Отам айтган шунқора,
Қонингда ками борми, эски туркда бир борми,
Эговланма, юр энди, тушовланма, Тур энди,
Ҳоқоонингни топмасанг, бу юртлардан кет энди!
Қорабайир яйда йўл, Отам қўнган Эна чўл…