Жорий йилнинг май ойида Самарқанд вилоятида, жумладан Самарқанд туманида ҳам, ҳар бир хонадонга уч минг сўм эвазига «ОИЛА ПАСПОРТИ» тарқатилди.
Паспортдаги ёзувларга кўра, тиббиёт ходими хонадонларга ташриф буюриши, касалликлар, уй-жойларнинг санитария ҳолати борасида суриштирув ишларини олиб бориши, зарурий тавсиялар бериши, суҳбатлар ўтказиши ва ўз хулосасини унда қайд этиб бориши керак.
Аммо энг ажабланарли томони, паспортда яна бир бўлим бўлиб, унда касалликлар ҳамда уй-жойларнинг санитария ҳолатига гарчи алоқаси бўлмаса-да, оила аъзоларидан кимлар, нима мақсадда чет элга кетганлиги тўғрисида маълумот киритиш талаби ҳам қўйилган.
Хонадонларга ташриф буюрган тиббиёт ходимлари хонадон соҳиблари билан ўтказилаётган учрашувда оила аъзоларининг соғлиги, уй-жойларнинг санитария ҳолатига номигагина қизиқиб, асосий эътиборни эса айнан чет элга чиқиб кетган оила аъзоларига қаратишмоқда. Улар томонидан оила аъзоларига, ҳаттоки, паспортда кўрсатилмаган қўшимча саволлар ҳам берилмоқда. Айтайлик, чет элга чиқиб кетган киши у томонларда нима иш билан машғул (!) , қанча пул ишлаб топмоқда, пулни кимнинг номига юбораяпти ва қанча миқдорда? У ортга қачон қайтади? Агарда чет элга кетган оила аъзолардан бирортаси у ёқларда узоқроқ қолиб кетган бўлса, нега у чет элда узоқ вақт қолиб кетди ва нима сабабдан? Унинг у томонлардан учинчи бир давлатларга ўтиб кетиш нияти йўқми ва ҳоказо саволлар. Шундай учрашувларнинг бирида иштирок этган мухбирингиз, ёшгина ҳамшира қизга, “Қизим, нега «Оила паспорти»да кўрсатилмаган маълумотларни сўраяпсиз?”, деган саволимга «Мен қаердан билай, амаки, бизларга юқоридан шундай кўрсатма келган», деди у гапни ҳаяжон билан қисқа қилиб. Ва топшириқ берган юқори ташкилот номини ҳам очиқлашни истамади.
Оила паспортининг кишини сергаклантирадиган яна бир жиҳати унда қайси қонун, ёинки ҳукумат қарори асосида жорий этилганлиги тўғрисидаги ёзувнинг йўқлигидир. Демак, мазкур паспорт қонуний эмас.
Юқорида баён қилинганлардан хулоса шуки, тиббиёт ходимлари ички ишлар идорасими, МХХ томониданми ёинки ҳукуматнинг бошқа идоралари томониданми хонадонлардан чет элга кетган оила аъзолари тўғрисида маълумот тўплашга, ўзлари билмаган ҳолда, жалб қилинишган.
Якуний хулоса эса, тиббиёт ходимлари – потенциал айғоқчилар.
ЎХҲнинг Самарқанддаги мухбири.
2013 йил, июль